muslim.uz

muslim.uz

 Рамазонда мисвок ишлатиш мумкинми?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазонда ва бошқа кунларда рўзадор бўлинганда мисвок ишлатиш мумкин. Чунки мисвок ишлатиш ҳар бир намоз, балки ҳар бир таҳорат учун суннати муаккададир. Саҳиҳ ҳадисларда келганидек, мисвок оғизни покловчи, Парвардигорни рози қилувчидир. Уни рўза пайтида ҳам, рўзадан бошқа пайтда ҳам ишлатиш даркор. Рўзада ишлатиш рўзани бузмайди. Баъзи Шофиъий мазҳабидаги уламолар уламолар рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Парвардигори олам учун мушки анбардан ҳам яхшироқ эканлиги ҳақидаги ҳадисга асосланиб, пешиндан сўнг мисвок ишлатмагани маъқул, дейишади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам рўза ҳолатларида мисвок ишлатишни асло тарк қилмаганлар. Жумладан, Имом Бухорий, Термизий ва Абу Довуд Омир розияллоҳуу анҳунинг гапларини келтирадилар: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб-саноғига, ҳисоблаб-ҳисобига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман”. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок ишлатишни рўзадорнинг энг афзал хислати, деганлар.

Лекин, мисвок ишлатганда милклар қонаса, ёки оғизга мисвок таъми сезилса, уни ютиб юбориб бўлмайди. Рўза очилиб кетиши мумкин. Бунга диққат қилиш керак.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Рамазон ойи муносабати билан Тошкент туманидаги "Абдуллоҳ ибн Аббос" жоме масжиди имом-хатиби Ғуломиддин домла бошчилигидаги саховатпеша инсонлар тумандаги 400 нафарга яқин эҳтиёжманд оилага жами 370 000 000 сўмлик 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва 70 000 000 сўм нақд пулни хайрия тариқасида тарқатишди.

Бундай хайрия ва саҳоват ишлари Рамазони шарифнинг ҳар кунида бўлмоқда, яхшилар сафи бунданам кўпаяверсин!

Буюк Парвардигорнинг: «Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!» (Мунофиқун сураси, 10-оят), сўзига лаббай деб жавоб бераётган эҳсон соҳибларининг ажрларини кўпайтириб, Ўзи ваъда қилганидек: «Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир» (Ар-Раҳмон сураси, 60-оят), улуғ савоблар берсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими

 

Одамнинг кўнглини кўтарадиган, унинг ҳаётига мазмун бағишлайдиган амаллар кўп. Бу амалларнинг ҳар бирининг ҳикмати ўзгача. Бироқ булар орасида эзгу амаллар алоҳида ўрин тутади. Айниқса, Буюк Парвардигорнинг: «Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!» (Мунофиқун сураси, 10-оят), сўзига лаббай деб жавоб бераётганларнинг даражалари улуғ бўлади.

“Рамазон акцияси” доирасида хайрия тадбирлари давом этаётгани ҳақида хабарлар бериб боряпмиз. Ана шундай эзгу ишладан бири бугун Тошкент туманида давом эттирилди.

Ҳудуддаги “Сарке” ва “Маданият” мҳаллаларида яшовчи 50 та кам таъминланган оиланинг ҳар бирига 620.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Бу ишга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов ҳамда Тошкент туманидаги “Мирхалил ота” жоме масжиди имом-хатиби Улуғбек домла бош қўшиб, саховатпеша ҳомийларни жалб қилди.

Аллоҳ таоло эҳсон соҳибларининг ажрларини кўпайтириб берсин. Уларга Ўзи ваъда қилганидек: «Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир» (Ар-Раҳмон сураси, 60-оят), улуғ савоблар берсин.

ЎМИ матбуот хизмати

Шу йил 3 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов Хоразм вилоятига ташриф буюрдилар. У кишига сафар давомида Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев ҳамроҳлик қилди.

Меҳмон даставвал Урганч туманидаги “Имом Фахриддин ар Розий” ўрта махсус ислом билим юртининг янги биноси ва талабалар ётоқхонасида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Ташриф давомида билим юрти талабалари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Иброҳим домла талаба-ёшларга раҳбарларнинг салом ва Рамазони шариф табрикларини етказдилар, илм олиш, бу борада улуғ алломалар ҳаётидан ибрат олиш кераклиги, жумладан, мазҳаббошимиз Имом Аъзам ва етук олимлар ҳаётидан мисоллар келтирган ҳолда мазмунли ва таъсирли маъруза қилдилар. Кенг имконият ва қулайликларга эга бўлган мадраса ва билимдон устозларни ато этган Ҳақ таолонинг неъматларига шукрона қилиш кераклигини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, диёримизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳот ва бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар, талабалар билан савол-жавоб қилдилар, саволларга яхши жавоб берган талабаларга эсдалик совғалар бердилар.

Куннинг иккинчи ярмида Иброҳимжон домла Иномов Хайрулла домла Абдуллаев ҳамроҳлигида пешин намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга адо этиш учун
Урганч шаҳар “Охун бобо” масжидида бўлдилар. Ибодат асносида Иброҳим домла масжид қавмини Рамазони шариф билан табриклаб, раҳбарларнинг салом ва тилакларини етказдилар. Сўнг “Имом Аъзам мазҳабига эргашиш зарурати”, Рамазон ойининг фазилатлари, тинчлик ва осойишталик неъмати, шукроналик, фарзандларимизни комил инсон этиб тарбиялаш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан сақлаш каби долзарб мавзуларда ҳам маъруза қилдилар.

Суҳбат якунида Ҳақ таолодан ватанимиз равнақ топиши, эл-юрт тинчлиги ва юртимиз ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлиши, турли касалликлар бартараф бўлишини сўраб дуои хайрлар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази (ЎИЦМ) раҳбарияти ва Қатар Миллий кутубхонаси (ҚМБ) нинг онлайн учрашуви ташкил этилди.

Тадбир давомида Қатар томони Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ва унинг янги биноси қуриш лойиҳаси билан танишди. ЎИЦМ яратилишининг ташаббускори Президент Шавкат Мирзиёев эканлиги алоҳида таъкидланди.

Онлайн учрашувда марказнинг асосий мақсади маърифатли исломни ўрганиш, Ўзбекистон олим ва мутафаккирларининг буюк мероси, жумладан, диний-маърифий тадбирлар ва халқаро илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш орқали аҳоли ва халқаро ҳамжамиятнинг хабардорлигини оширишдан иборат экани атрофлича маълум қилинди. Марказ ушбу соҳаларда Қатар томони билан халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр экани таъкидланди.

ҚМБ стратегик режа ва лойиҳалар департаменти директори Лолва Ал-Наимий Қатар Миллий кутубхонасининг ташкил этилиши ва фаолияти тарихи, унинг китоб ва илмий жамғармаси ҳақида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, ҚМБ таълим, фан ва ижтимоий ривожланиш бўйича Қатар жамғармасига асосланган бўлиб, унинг президенти Шайх Моза бинт Носир ал-Миснад ҳисобланади.

Миллий кутубхонада Қатар ва минтақа тарихи билан боғлиқ архив материаллари мавжуд бўлиб, таълим ресурсларини ўз ичига олган университет ва илмий-тадқиқот кутубхонаси ва маҳаллий жамоатчиликка хизмат қилувчи оммавий кутубхона фаолият кўрсатади.

Ташриф буюрувчилар 3D принтерлари ва мусиқа асбоблари каби кўплаб ижодий воситаларнинг кенг спектрини таклиф қилувчи индивидуал ва гуруҳли ўқув жойлари, компьютер лабораториялари, монтаж заллари ва инновация марказларидан фойдаланишлари мумкин. Кутубхона мамлакатнинг ўтмиши ва келажагини рамзий тарзда боғлашга мўлжалланган бўлиб, бу бўлиниш тасодифий эмас.

Қатар Миллий кутубхонасининг Нодир коллекциялар бўлими директори Стефан Иперт турли даврлардаги Куръонлар, илмий қўлёзмалар ва ислом дунёсининг буюк мутафаккирларининг асарлари намойиш этиладиган нодир коллекциялар кўргазмалар зали иши ҳақида маълумот берди. Ушбу кўргазмалар залида Имом Бухорий, Ибн Сино, Хоразмий, Фарғоний ва бошқа ўзбек мутафаккир ва олимларининг асарлари, китоблари алоҳида ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Қатар томони учрашув иштирокчиларини кутубхонада сақланаётган қўлёзмалар ва асарларни каталоглаштириш ва рақамлаштиришнинг йўлга қўйилган самарали тизими билан таништирди.

Учрашув натижасида илмий қўлёзмаларни биргаликда ўрганиш, ўзбек олим ва мутафаккирлари асарларининг рақамли материаллари билан алмашиш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва ўрганиш соҳасида тажриба алмашиш, қўшма илмий анжуман ва семинарлар ташкил этиш, шунингдек, томонлар ўртасида ўзаро англашув Меморандумини имзолаш борасида келишувларга эришилди. Доханинг 2021 йилда Ислом дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилиниши доирасида қўшма тадбирлар, хусусан, Ислом фанлари тарихи бўйича вебинар ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида томонлар делегациялар алмашишга, жумладан, Қатар Миллий кутубхонаси Президенти доктор Ҳамад бин Абдулазиз ал-Куварийнинг яқин келажакда Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top