muslim.uz

muslim.uz

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарининг қабрларини зиёрат қилдилар ва йиғладилар. Ҳатто атрофидагиларни ҳам йиғлатдилар.

Бурайда розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилаверинглар”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти). Имом Аҳмад ва Имом Термизийларнинг ривоятида: “Бас, уларни зиёрат қилаверинглар. Чунки улар сизларга охиратни эслатади”; Имом Ибн Можанинг Абдуллоҳ Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида эса: “Албатта, у дунёда зуҳд қилдирувчидир”, деган қўшимча сўз бор. 

Ҳадисдаги “Зиёрат қилинглар” буйруғи аксар усул уламолари наздида вожибни ифодалайди. Жумҳур уламолар наздида эса қабр зиёрати суннат ёки мустаҳаб ҳисобланади. Уни мубоҳ деган фақиҳлар ҳам бор. Ҳанафийларнинг мужтаҳид олимларидан Камол ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ бу борада мўътадил гапни айтганлар: “Бу буйруқ аввалги ҳукмга қайтади: аслида қабр зиёрати суннат эди. Шундай экан, ҳукм унга қайтади”. Яъни, аслида қабр зиёрати суннат амал бўлиб, у ман қилинган. Энди қачон ўша амалга амр қилинса, уни ўз ҳолига, яъни суннатлигига қайтариш бўлади. Содда қилиб айтганда, ман қилинган суннат амалдан тақиқ олиб қўйилди ва у суннатлигича қолди. 

Динимизда қабрларни зиёрат қилиш суннат ёки мустаҳаб амаллардан ҳисобланар экан. Чунки бу иш бандага дунёнинг фонийлигини ва охират Зиёрат ҳам ибодатдир нинг ҳақлигини эслатиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам Бақиъ қабристонига тез-тез чиқиб турар эдилар. 

Бу борада бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, бизнинг мазҳабимизда эркагу аёл марҳумлар ҳақига дуо-истиғфор айтишда, ота-онаси, ака-укаси ва яқинларининг қабрларини зиёрат қилишда тенгдир. 

Аёллар нозик хилқат бўлганлари учун қабр устида ҳис-ҳаяжонга берилиб, дод-вой солишдан, оҳ-воҳ қилишдан ўзларини тийишлари керак. Акс ҳолда уларнинг қабр зиёратига чиқишлари мумкин эмас. Аёлларнинг очиқ-сочиқ кийимларда зиёратгоҳларга боришлари шариатга зиддир. 

Қабрларни зиёрат қилишда нафақат тирикларга, балки марҳумларга ҳам манфаат бор: тириклар ундан ўлим ва охиратни эслаш билан фойда олишса, марҳумлар зиёратчиларнинг дуоларидан баҳраманд бўлиш орқали манфаат кўрадилар. Зотан, қабрларни зиёрат қилишдан икки маъно кўзланади: биринчиси – қабрдагиларнинг аҳволини кўриб, ибрат олиш ва охиратни эслаш; иккинчиси – марҳумлар ҳақига дуо-истиғфор айтиб, Аллоҳнинг раҳматини сўраш. 

Қабр зиёратига боришда марҳумлар ҳолидан ибрат олиш ҳамда уларга салом бериб, дуо-истиғфор ва Аллоҳнинг мағфиратини сўрашни ният қилиш керак. Шунингдек, қабристонзиёратгоҳда тавозе билан юриш, овозни баланд кўтармаслик, дунё гапларини кўпайтирмаслик суннатдир. Қабристон-мақбарага киришда қабр аҳлига, ҳадисларда келганидек, салом бериб кирилади: 

“Ассалому алайкум, мўмин-мусулмонлар диёрининг аҳли. Албатта, биз ҳам, иншоаллоҳ, сизларга қўшилувчидирмиз. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият сўраймиз” (Имом Муслим ривояти). 

Зиёратчи Қуръон ўқиши, салавот, истиғфор, тасбеҳ, таҳлил айтиб, савобини марҳумларга бағишлаши мумкин. Дуосида ўзини ҳам қўшиши мандубдир. Юқоридаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўзларига, ҳам марҳумларга офият сўраганлари кўриниб турибди. 

Аҳли сунна вал жамоа уламолари дуо ва садақаларнинг савоби маййитга етиб бориши, ундан манфаат олишига иттифоқ қилишган. Шунингдек, барча асрларда мусулмон уммати Қуръони каримни қироат қилиб, унинг савобини марҳумга бағишлаш жоизлигига ижмо қилишган. Мана бу ҳадислари ҳам ушбу маънони қўллаб-қувватлайди: “Агар инсон вафот этса, унинг барча амаллари тўхтайди. Фақатгина учтасининг савоби етиб тураверади: садақаи жориянинг, манфаат берадиган илмнинг ва ортидан дуо қиладиган солиҳ фарзанднинг” (Имом Муслим ривояти). 

“Ақоидун Насафия”да айтилади: “Тирикларнинг маййитлар ҳақига қилган дуолари ва улар номидан қилган садақалари марҳумлар учун манфаат беради. Зотан, бу борада кўплаб саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Маййитга жаноза ўқишдан мурод ҳам унинг ҳақига дуо қилишдир. Агар дуо-истиғфорнинг марҳумга нафи бўлмаганида, у ҳолда жаноза ўқишдан ҳам маъно бўлмас эди”. 

Манбалар асосида
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2021-йил, 1-сонидан

Мусулмон дунёси лигаси ташкилоти Бош котиби Исломнинг аёлларга бўлган муносабати ҳақида муҳим эслатмалар берди. Унга кўра, замонавий жамиятда аёлларнинг исломдаги мавқеи ҳақидаги хавфли афсоналарга қарши курашиш муҳим аҳамиятга эга.

Islamisemya.com маълумотларига кўра, шайх Муҳаммад бин Абдул Карим Ал-Исса Лос-Анжелесда нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган онлайн семинар чоғида аёллар Ислом пайдо бўлганидан бери жамиятда юксак мавқега эга экани ва уларнинг ҳуқуқлари бузилиши дин аҳкомларига зид эканини тилга олди.

Лига раҳбари интеллектуал воситалар билан Исломга зид ғояларга қарши курашиш зарурлигини таъкидлади. Шайх Ал-Исса фикрича, дунёда зўравонликнинг асосий сабаби жамоалар ўртасида ишончсизлик бўлиб, Исломий инсоф тушунчаси (васатия) муносабатлар қуришнинг калити бўлиши керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Понедельник, 01 Март 2021 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Зоҳиджон домла Исломовнинг акалари ва акасининг ўғиллари вафот этгани муносабати билан у кишининг барча оила аъзоларига ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло, оламдан ўтганларнинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳумларнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

 

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

— Қиёмат куни ҳайвонларнинг ҳоли нима бўлади? Улар ҳам савол жавоб қилинади-ми?

— Ҳадисларда келишича, қиёмат куни ҳамманинг ҳисоб-китоби бўлар экан. Бу дунёда зулм ўтказган ҳайвонлардан мазлум ҳайвонларга ўч олиб берилганидан сўнг, уларнинг барчаси тупроққа айлантирилар экан. Буни кўриб, дўзах азобидан хору зор бўлиб турган дўзахийлар “Кошки эди, ҳайвонларга ўхшаб, тупроқ бўлиб кетсам”, деб орзу қилар эканлар. Лекин бу орзу ҳеч қачон ушалмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилурсиз. Ҳаттоки, шохли қўйдан шохсиз қўйга ўч олиб берилади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Шарҳ: Бу дунёда баъзи бир ёмонлар ўз ёмонлигининг баъзисининг жазосидан қутулиб қолиши мумкин. Аммо қиёмат куни ҳеч бир ҳақ зое бўлмайди. Ҳар бир нарса ўз ўрнини топиши муқаррар. Бунда фақат одамлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқларгина эмас, балки барча махлуқотлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ўз эгасини топадилар. Ҳаттоки, бу дунёда ўзининг шохи борлигидан фойдаланиб, шохсиз қўйни сузган қўйдан ҳам ўч олинади. Бас, шундай экан, одам болалари ҳам ўзларининг “шох”ларини ишга солиб, ўзгаларнинг ҳаққини поймол қилишга урина кўрмасинлар (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Саудия Арабистонининг етакчи нашрларидан бири «Ал-Франчайз» газетаси веб-саҳифасида (franchising.sa) «Тошкент Ислом тараққиёт банки йиғилишини қабул қилади» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда, «Дунё» АА.

Мақолада Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари-инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажжар билан виртуал музокараларининг натижалари ўз ифодасини топган.
Нашрда қайд этилганидек, Тошкент Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар Кенгашининг қирқ олтинчи сессиясини жорий йил июль ойида ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.

ИТБга аъзо 57 давлат ва халқаро молия ташкилотлари ва муассасаларидан таҳминан 3 минг делегат ИТБ бошқарувчилар Кенгашининг навбатдаги сессиясида иштирок этиши кутилмоқда.

«Мазкур сессия ишига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари-инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажжар билан виртуал музокаралар ўтказди. Унда тадбирга тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди ва тегишли «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳни шакллантириш масаласини тезлаштиришга эътибор қаратилди», деб ёзилади мақолада.

Таъкидланишича, онлайн-суҳбат давомида С.Умурзоқов ва Б.Ҳажжар Ўзбекистон ва ИТБ ўртасидаги қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати ва яқин келажакда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Томонлар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида янги ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни тайёрлаш орқали Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банкининг инвестиция пакетини кенгайтириш имкониятларини батафсил кўриб чиқди.

«Мулоқот якунида Хусусий секторни ривожлантириш исломий корпорацияси, Савдони молиялаштириш халқаро исломий корпорацияси, Инвестицияларни кафолатлаш ва экспортни суғурталаш исломий корпорацияси каби Ислом тараққиёт банки органларининг имкониятлари орқали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди», деб ёзади «Ал-Франчайз».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top