muslim.uz

muslim.uz

«Бас, ўз китоби (номаи ­аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Ма­на менинг китобимни ўқинг­лар”» (Ал-Ҳоққа сураси, 19-оят).

Ушбу ояти карима дастлаб Ҳабашистонга, сўнг Ясрибга ҳижрат қилган биринчи му­ҳожир Абу Салама ҳақида нозил бўлган.

Ибн Абу Осим Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда бундай келади: “(Қиёмат куни) номаи аъмолини ўнг томонидан оладиган биринчи киши Абу Салама ибн Абдул Асад розийаллоҳу анҳудир. Номаи аъмолини чап томонидан оладиган би­ринчи киши унинг акаси Су­фён ибн Абдул Асаддир”.

Тўлиқ исми: Абдуллоҳ ибн Абдул Асад Махзумий. Куняси: Абу Салама. Ислом­ни илк қабул қилган ўн са­ҳобадан кейин, Набий алай­ҳиссалом Дорул Арқамга киришларидан олдин имон келтирганлардан. Ота­си: Абдул Асад ибн Ҳилол. Онаси: Расулуллоҳ соллал­­лоҳу алай­ҳи ва салламнинг аммалари Барра бинти Абдул­мутта­либ. Турмуш ўртоғи: Умму Салама розийаллоҳу ан­ҳо. Абу Салама Набий алайҳис­саломнинг ҳам аммаларининг ўғли, ҳам эмикдошла­ридир. Абу Лаҳабнинг чў­ри­си Сувайба розийаллоҳу ан­ҳо иккалаларини эмизган.

Ҳидоят қуёши порлади

Абу Салама атрофида содир бўлаётган, соғлом қалб эгаси кўтара олмайдиган жоҳилият ишларини кўриб, юраги эзилар, оғриқ чекарди. Қанийди, бир тонг отсаки, жоҳилиятнинг бу зулматлари парчаланса... Қуёш нуридан бутун олам ёришса...

Ниҳоят кутилган тонг келди. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилишлари билан ҳидоят қуёши жоҳилият зулматларини ёриб, ўз нурини ёя бошлади. Аввалида бу ҳидоят нуридан баҳраманд бўлганлар камчиликни ташкил этди. Абу Салама улар орасида эди.

Жоҳилият ҳаётидан яхшигина насиба олаётган баъзи мушриклар кўп йиллик обрў-эътибор ва мартабаларидан айрилишни исташмади. Шу боис мусулмонларни Исломдан узоқлаштиришни исташди. Мўминларни бу йўлдан қайтариш учун зулмнинг турли кўринишларини ишга солишди.

Набий алайҳиссалом са­ҳо­баларнинг азобланиш­ларини истамадилар. Мушрикларнинг жабр-зулми­дан сақланиш учуш Ҳабашис­тонга ҳижрат қилишни буюр­дилар. Абу Салама ва унинг оиласи ҳам биринчи муҳожирга айланди...

Интилганга толе ёр

Аллоҳнинг Ҳабибидан узоқда яшаш, соғинч ҳисси бошқа муҳожирлар қатори Абу Саламанинг ҳам қалбини ўртарди. Маккадан келган ҳар бир хабарни интиқлик билан кутди. Кейин эса Маккада вазият юмшагани, мусулмонлар сони кўпаяётгани ҳақидаги гап-сўзларга ишониб, Ҳабашистонда кўп вақт қололмади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суҳбат­ларидан баҳра олиш учун оиласи билан яна Маккага қайтди.

Бироқ вазият у кутганидек эмас эди. Мушриклар, айниқса, ўз қабиласи Бани махзумликлар Абу Салама ва унинг оиласига тинч­лик бермади. Сабаби, Абу Жаҳл ушбу қабиланинг раи­си эди. Бунинг устига Абу Саламанинг ҳимоячиси – тоғаси Абу Толиб ҳам вафот этганди.

Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ деганларидек, Ясрибга ҳижрат бошланди. Абу Салама яна йўлга отланди. Унинг Ясрибга кўчиш ихтиёри Ҳабашистонга қайтиб кетишдан кўра кучлироқ эди. Чунки Ясриб билан Макка ораси Ҳабашистонгача бўл­ган масофадан кўра яқинроқ, у ернинг аҳолиси араблар бўлиб, тили бир, табиати бир-бирига мос эди. Ясриб аҳо­лисининг мусулмон бў­лаётгани, айниқса, у ерга Мусъаб розийаллоҳу анҳу­нинг динни ўргатиш учун юборилгани, ибодатларини хавотирсиз бажаришига, Ис­лом динини янаям кўпроқ ўр­ганишига имкон яратарди.

Ушбу омиллар сабаб Абу Салама оиласи билан Мади­на сари отланди. Би­роқ ҳижрат чоғида катта қийин­чиликларга дучор бўлди. Йўл-йўлакай аёли­нинг қариндошлари Умму Салама розийаллоҳу анҳо­­ни ҳибсга олишди. Қабиладошлари эса ўғли Саламани олиб қолишди. Абу Салама Мадинага ёлғиз ўзи сафар қилишга мажбур бўлди. Фақат бир йилдан сўнгги­на бутун оила Ясрибда жамланди.

Абу Салама аввалига Қу­бода мадиналик ансорий Мубашшир ибн Абдул Мунзир розийаллоҳу анҳу­нинг ­уйига келиб тушди. Кейинчалик Расулуллоҳ алайҳиссалом унга Бани Зуҳра қавмидан маскан ажратиб бердилар. Яна Саъд ибн Хайсама ансорий билан биродар тутинтирдилар.

Мадинада Абу Салама Набий алайҳиссаломнинг ҳар бир ишлари, хулқлари­ни ўрганиб, ўрнак олди, соя каби доимо эргашиб юрди. Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи ва салламга нисбатан муҳаббати кундан-кун зиёдалашиб борди. Натижада у зот учун жонини, мол-дунёсини фидо қиладиган ҳолга етди.

Ҳижратнинг иккинчи йили мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртаси­да Бадр ғазоти бўлиб ўтди. Жангда оз сонли мусулмонлар орасида Абу Салама ҳам иштирок этди. Мусулмон­лар зафар қозонишди. Худ­ди шу йили Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ушайра ға­зотига кетаётиб, Абу Сала­мани Мадинада ўринбо­сар этиб қолдирдилар. Кейин­ги йили Уҳуд жангида Абу Салама қўлидан жароҳат­ланди...

Уҳуддан икки ой ўтар-ўтмас, Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи ва салламга Хувайлиднинг Тулайҳа ва Салама исмли икки ўғли ­мусулмонларга қарши уруш учун қавмидан одам тўплагани хабари келди. Набий алайҳиссалом 150 кишилик жангчи гуруҳ тузиб, Абу Саламани бошлиқ этиб юбордилар. Аскарлар билан душманни енгиб ортга қайтишди. Бу юришда Абу Саламанинг қўлидаги эски жароҳати яна очилиб, қон кета бошлади. Аҳволи оғирлашди.

Ўлим тўшагида ётаркан, бир вақтлар Набий алайҳис­саломнинг: «Сизлардан қай бирингизга мусибат етса: “Албатта, биз Аллоҳники­миз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз. Ё Аллоҳ, ­уш­бу мусибатимга Сен­дан ажр умид қилдим. Бас, менга мусибатим эвазига ажр бер. Унинг ўрнига яхшилик бер”, деб айтган таълимларини эслади ва: “Ё Раббим, мендан сўнг аҳ­лимга мендан кўра яхши­роқ ўринбосар ато этгин», деб дуо қилди.

Оламлар сарвари зиёратга келганларида Абу Салама эндигина жон таслим қил­ган, кўзлари очиқ қолган эди. Набий алайҳиссалом му­борак қўллари билан кўз­ларини юмдирдилар ва: “Руҳ қабз этилса, кўз унга эр­га­шади”, дедилар. Шу вақт унинг оиласидаги кишилар уввос солиб фарёд қи­ла бошлашди. Буни кўр­ган Набий алайҳиссалом: “Ўзингизга фақат яхшилик тиланг. Албатта, фаришталар омин деб туришади”, деб огоҳлантирдилар. Сўнг: “Ё Аллоҳ, Абу Саламани мағ­фират эт, Наъим жан­натларида унинг даражасини юқори қил. Бизни ҳам, уни ҳам мағфират айла, эй оламлар Рабби”, дея дуо қилдилар (Имом Муслим ри­вояти). 

Абу Салама вафот этганда Умму Салама розийаллоҳу анҳо истиржо айтди. Ушбу дуо ижобатидан кейинчалик Набий алайҳиссаломга турмушга чиқиб, мўминлар онаси шарафига эришди.

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

Ҳафиза БАХТИЁР қизи тайёрлади.

«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) ўртасида 25 млн АҚШ долларга тенг молиялаштириш линияси тўғрисида битим имзолади.
Унга кўра, ХСРИК «Ўзсаноатқурилишбанк»га кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) субъектларининг инвестицион лойиҳаларини молиялаштиришнинг ислом усулларидан фойдаланган ҳолда молиялаштиришга кўмаклашади.

Томонлар банк мутахассисларининг янги ноанъанавий банк маҳсулот ва хизматлари ҳақидаги хабардорлиги ва амалий билимларини ошириш мақсадида соҳа мутахассислари учун молиялаштиришнинг ислом усуллари (жумладан, Мурабаха - истеъмол кредити) бўйича ўқув-амалий дастурларни биргаликда ташкил этишга келишиб олди.

Ушбу битимнинг имзоланиши банкда шариат тамойиллари асосида янги молиявий хизмат турларини жорий этиш ва ИТБ гуруҳининг қўшимча молиявий ресурсларини жалб қилиш учун имконият яратади.

Шунингдек, шу йил июнь ойида мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг йиллик мажлиси арафасида бошқа банклар ва молиявий ташкилотлар ҳамда ислом молиялаштириш усуллари билан шуғулланувчи инвестицион фондлар учун ҳам ижобий белги ҳисобланади.

Бу «Ўзсаноатқурилишбанк»га ХСРИК ажратилган учинчи молиялаштириш линиясидир. Бундан аввал корпорация томонидан 2009-2012 йилларда умумий қиймати 18 млн АҚШ долларилик иккита молиялаштириш кредит линияси ажратилган эди.

Маълумот учун: Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) - Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳи аъзоларидан биридир. Корпорациянинг мақсади - иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш ҳамда инвестицияларни тақдим этиш орқали аъзо-мамлакатларда хусусий секторни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат. Корпорация КЎБни тасис этиш, кенгайтириш ва модернизациялашга кўмаклашиш мақсадида ҳукуматлар ва хусусий ташкилотларга консултатив хизматлар кўрсатади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Сўнгги 4 йил — 2016-2020 йилларни ўз ичига олган давр илмий ва эксперт доиралар томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб аталмоқда. Ушбу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишига эришиш, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини яратиш, уларнинг изчиллигига эришиш мақсадида 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди.

Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада республикада амалга оширилаётган ишлар жамиятимиздаги ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамламоқда.

Бугун 34,5 миллионлик Ўзбекистан аҳолисини 130 дан ошиқ турли миллат, 16 та диний конфессия вакиллари ташкил қилади. Уларнинг миллий ўзлигини сақлаш ва ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлашга оид ҳуқуқлари Конституция ва қонунлар асосида қатъий кафолатланган.

Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Биринчидан, 2016 йилнинг 18 октябрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қисқа вақт ичида Миср, Туркия, Малайзия, Буюк Британия, Франция, Германиядаги халқаро ислом марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, биргаликда йирик илмий лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Уч йиллик фаолияти давомида Марказ томонидан буюк алломаларимизнинг 30 га яқин асари таржима қилинди. Хорижнинг етакчи экспертлари, исломшунос олимлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ўрта асрларга оид илмий меросни ўрганишдаги фаолиятини жаҳоннинг нуфузли марказлари даражасида эканини эътироф этдилар.

Яқинда Марказ олимлари томонидан Имом Мотуридийнинг дунёга машҳур “Таъвилот ал-Қуръон” китоби илк марта ўзбек тилига таржима қилинди. Ҳеч муболағасиз, ушбу ноёб асар Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1 100 йилдан сўнг халқимизга ўз она тилида қайтариб берилди.

Ўзининг бебаҳо асарлари билан ислом дини ривожига буюк ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларимиз асарларини ўрганиш, тадқиқ этиш, ўзбек тилида уларнинг таржима ва шарҳларини, танқи-дий матнларини тайёрлаш — бу осон эмас ва ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун чуқур билим ва катта тажриба, сабр ва тоқат керак. Энг муҳими, Аллоҳ берган истеъдод, нозик дид ва фаросат бўлиши зарур.

Игна билан қудуқ қазишдек бундай оғир меҳнатнинг барча заҳмат ва машаққатини бошидан ўтказган одамгина билади, тушунади. Бундан неча асрлар илгари ёзилган, дунёнинг турли мамлакатларида сақлаб келинаётган қадимий китобларни бугунги кун талаби даражасида тайёрлаш — жуда мураккаб жараён. Ўзбекистон Президенти ана шундай савобли амалга кўз нури, ақл-заковати, бутун умрини сарф этаётган олим ва тадқиқотчиларимиз, диний соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат шароити яратиб беришга катта эътибор қаратмоқдалар.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан шундай деди: Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади.

Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Президенти Ислом цивилизацияси маркази биносининг қурилиш майдонига бир неча бор ташриф буюриб, унинг аҳамияти, халқимиз, хусусан, ёшларимизни инсониятнинг эзгу ғоялари руҳида тарбиялашдаги ўрни ҳақида муҳим таклиф ва ташаббусларни билдирдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида “Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида”ги махсус резолюция қабул қилинди. Резолюция Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 100 дан ошиқ давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Учинчидан, бугунги мураккаб ва таҳликали даврда замонавий таҳдидларга қарши тура оладиган, чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга, диний фанларни пухта ўзлаштирган мутахассисларни тайёрлаш вазифаси долзарб аҳамият касб этмоқда. Ана шу мақсадда 2018 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси таъсис этилди.

Буюк аллома аждодларимизнинг ислом илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссасини тадқиқ этиш, ёшларни юксак одоб, маърифат ва бунёдкорлик ғоялари асосида тарбиялаш ушбу таълим масканининг асосий мақсадларидан ҳисобланади.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримийдек буюк аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш мақсадида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди.

Энг замонавий жиҳозлар, педагогик технологиялар билан таъминланган ушбу таълим муассасасига дунёнинг машҳур Ал-Азҳар университетидан профессор-ўқитувчилар жалб этилди. Араб-мусулмон мамлакатларидан 1 000 номда 8 тонна ҳажмдаги энг сўнгги ўқув адабиётлари, илмий манбалар олиб келинди.

Бухоро вилоятидаги машҳур диний таълим муассасасининг мусулмон дунёсидаги ўрни ва нуфузи, диний ходимлар тайёрлашдаги аҳамиятини эътиборга олиб, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Қайд этиш керак-ки, Мир Араб мадрасаси ўз фаолияти давомида нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам диний ва дунёвий билимларни пухта ўзлаштирган кадрларни етиштириб чиқарган. Бугун Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардаги нуфузли уламолар айнан Мир Араб мадрасасининг битирувчилари ҳисобланади.

Шунингдек, табаррук Термиз заминида буюк муҳаддис Имом Термизий номи билан аталадиган халқаро илмий-тадқиқот маркази, диний таълим муассасаси фаолият бошлади. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа термизий алломаларнинг 14 та асари ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди.

Мусулмонлар эътиқодини тўғриловчи, уларни ҳидоят йўлига бошловчи аллома Имом Мотуридий илмий меросининг бугунги кундаги долзарб аҳамиятини эътиборга олиб, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил қилинди.

Ушбу марказлар халқимизга ислом динининг асл таълимотларини етказишга хизмат қилмоқда. Ёшларимизнинг ёт оқимлар таъсирига тушишининг олдини олиш, уларни илм-фанга рағбатлантириш, юксак ахлоқий қадриятлар асосида тарбиялашда “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу ғояси асосида фаолият юритувчи ушбу муассасалар ўта муҳим аҳамиятга эга.

Тўртинчидан, Ўзбекистонда диний соҳа ходимлари, жумладан, имом-хатибларнинг жамиятда аҳиллик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зиёратгоҳлар, масжидлар, диний таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вақф хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан дину диёнатимиз, улуғ алломаларимизга ҳурмат рамзи сифатида Тошкент шаҳрида “Имом Термизий”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Сузук ота” масжид-мажмуалари, Наманганда Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ва етти пир зиёратгоҳлари, Шерободда Имом Термизий зиёратгоҳи, Урганчда “Охун бобо” масжиди, Хивада Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳи, Нукусда “Имом эшон Муҳаммад” масжиди ва яна кўплаб табаррук манзилларда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Қисқа муддатда бу масканлар ғоят гўзал ва улуғвор қиёфа касб этди.

Айниқса, бундан минг йил олдин диний эътиқод масаласида ёзган асарлари билан адашганларга тўғри йўл кўрсатган Абу Муин Насафий бобомизнинг зиёратгоҳи тубдан таъмирланиб, ҳар томонлама обод қилинди. Буюк алломанинг “Табсиратул адилла” номли китоби ўзбек тилида нашр этилди. Бу асар билан танишган одам турли сохта ва зарарли оқимларнинг моҳиятини англаб етади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда имом-хатибларнинг билим ва касбий малакасини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда, Халқаро ислом академиясининг Малака ошириш маркази ва унинг 4 та ҳудудий филиали фаолияти йўлга қўйилди. Унда ҳар йили юзлаб имом-хатиблар бугунги воқелик талабларидан келиб чиқиб, билим ва кўникмаларини оширмоқдалар.

Бешинчидан, Мовароуннаҳр — ҳозирги Ўзбекистон илм-фан ва маданиятининг тарихий маркази ҳисобланади. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби алломалар, буюк мутафаккирлар ўз даврида Мовароуннаҳрда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берган бўлса, Янги Ўзбекистонда ушбу буюк сиймолар номи билан ташкил этилган марказлар, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари Учинчи Ренессансга илмий пойдевор бўлиши ният қилинди.

Ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим мақсади — Ўзбекистоннинг инсоният цивилизациясига қўшган буюк ҳиссасини тарғиб қилиш орқали ёшларни маърифатга рағбатлантириш, инновацион ривожланишнинг бой миллий меросга асосланган янги тараққиётига йўл очиш ҳисобланади.

Олтинчидан, турли ёт оқимлар таъсирига берилиб, қилган ишидан пушаймон бўлган 20 мингдан зиёд фуқаролар реабилитация қилинди, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам берилмоқда.

Қилган хатосини англаб етган ва тузалиш йўлига кирган шахсларнинг оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтишига имконият яратилди.

Ўзбекистон раҳбариятининг кечиримлилик ва юксак инсонпарварлик сиёсатининг амалдаги инъикосини Сурия ва Ироқдан юртимизга қайтарилган фуқароларимиз мисолида ҳам англаб етиш мумкин. “Меҳр”, “Меҳр-2”, “Меҳр-3” операциялари натижасида 317 нафар аёллар ҳамда болалар уруш ўчоқларидан тинчлик ва фаровонлик ўлкаси бўлмиш Ўзбекистонга қайтарилди.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда мусулмон дунёсининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, олдимизда турган муаммоларга ечим топиш ва ислом умматининг бирдамлигини мустаҳкамлашда мусулмон мамлакатларининг имконият ва салоҳиятини сафарбар этиш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу маънода, биз Ўзбекистондаги ислом илмий-тадқиқот марказлари томонидан дунёнинг етакчи исломшунослик марказлари билан ҳамкорликда буюк алломаларимизнинг илмий меросига бағишланган халқаро конференциялар ўтказилмоқда.

Хусусан, 2020 йилнинг 3-4 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция юқори савияда ташкил этилди.

Конференцияда дунёнинг 15 мамлакатидан 55 нафар таниқли уламолар, муфтийлар, мотуридийшунос экспертлар, 100 нафар маҳаллий олим ва тадқиқотчилар қатнашди.

Жумладан, Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Таййиб бошчилигидаги 19 нафар мисрлик нуфузли диний арбобларнинг иштироки конференциянинг халқаро мақомини янада оширди.

Аҳмад Таййиб конференциянинг юқори савияда ташкил қилингани, юксак даражада эътибор кўрсатилгани ҳамда “Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси” мақомига муносиб кўрилгани учун Ўзбекистон Президентига чуқур миннатдорлигини билдирди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сўнгги 4 йилда мамлакатимизда кенг кўлам ва юксак аҳамият касб этган диний-маърифий йўналишдаги ислоҳотлар Ўзбекистоннинг мусулмон дунёсида ислом цивилизацияси маркази сифатида эътироф этилишининг муҳим омили бўлмоқда.

Шаҳзод ИСЛОМОВ,
исломшунос, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 23 февраль, №38 (294)

Moody’s агентлигининг янги ҳисоботида таъкидланишича, ислом молия тизимининг ислом банкчилиги, сукук ва такофул йўналишлари, коронавирус билан боғлиқ пандемия туфайли келиб чиқаётган қийинчиликларга қарамай кўпчилик давлатлар ҳукуматлари томонидан юритилаётган рағбатлантирувчи сиёсат ҳамда ушбу маҳсулотларга бўлган кучли талаб ҳисобига муайян манфаатларга эга бўлади ва ўсиш суръатларини сақлаб қолади.

“Биз ислом молияси 2021 ва ундан кейинги йилларда ҳам анчадан бери давом этиб келаётган ўсиш суръатларини сақлаб қолган ҳолда, барқарор ривожланишига умид қиламиз. Ислом молия тизими, одатда, аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган мамлакатларда етарли даражада ривожланмаган бўлиб, бу вазият соҳанинг кенгайиши учун кенг имкониятлар яратади”, – дейди Moody’s агентлигининг вице президенти ва етакчи таҳлилчиси Ашраф Мадани.

Ислом молияси активлари ўсиш суръатлари ўртача бўлсада, лекин ҳукуматларнинг доимий кўмаги ва қўллаб қувватлашига таянган ҳолда, шунингдек банк мижозлари томонидан ислом молия маҳсулотларига бўлган барқарор талаблар ҳисобига анъанавий молия активларига нисбатан устунликни сақлаб қолади.

Сукук чиқарилиши (эмиссия) авваллари қайд этилмаган даражада ўсган 2020 йил ва умуман сўнгги беш йиллик ўсишдан сўнг бироз барқарорлашиши башорат қилинмоқда. 2020 да жами чиқарилган сукуклар ҳажми 15% га ошди ва 205 млрд. АҚШ долларига етди. Бу, асосан, пандемия ва нефт нархларининг тушиб кетиши оқибатида вужудга келган эҳтиёжларни қоплаш мақсадида ҳукуматлар томонидан амалга оширилган.

“Биз 2021 йилда сукук чиқарилиши (умумий) ҳажми 190-200 млрд. АҚШ доллари атрофида бўлишини тахмин қилмоқдамиз. Бу таҳмин Форс кўрфази араб мамлакатларидаги молиявий маблағларга бўлган эҳтиёжнинг юқорилиги билан боғлиқ, чунки нефт нархи ҳамон паст, бюджет тақчиллиги эса юқори даражада, шу билан бирга ҳукуматларнинг жами қарзлар таркибида сукук улушини оширишга бўлган сай-ҳаракатлари давом этмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Корхона/ташкилотлар томонидан (корпоратив) сукук чиқариш чекланланган ҳолда қолиши мумкин, чунки сармоядорлар учун анъанавий бозорда бошқа турли таклифлар етарли. Лекин сукук чиқарилиши янги корхоналар томонидан давом этади.

Ислом жамғармалари ва ислом суғуртаси (такофул) соҳасида юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолади. Жаҳон ислом молия жамғармалари бошқарувидаги активлар ҳажми 2021 ва 2022 йилларда мос равишда 4 % ва 5% га ўсиши кутилмоқда.

“Шунингдек биз такофул бўйича мукофотларнинг келаси 2-3 йилда ўсишда давом этишини таҳмин қилмоқдамиз, чунки такофулга бўлган талаб, қулай рақамли форматга ўтилиши ва соҳани тартибга солиш тизимининг такомиллашуви каби омиллар мавжуд” , – дейди Ашраф Мадани.

Форс кўрфази араб мамлакатлари ва Малайзия асосий бозор иштирокчилари сифатида ислом молия соҳасининг ўсишида локомотив вазифасини ўтаб бермоқда. Кўрфаз мамлакатларининг ислом молия тизимидаги улуши охирги 10 йилда 32% дан (2009 йил) 45,7 % га (2020 йил сентябр) етди. Бунда Саудия Арабистонинг ҳиссаси катта бўлган бўлса-да, кўрфаздаги бошқа давлатларда ҳам шу каби ҳолат кузатилди.

Саудия Арабистони, Малайзия ва БАА жаҳон миқёсида ислом молияси учун энг йирик бозорлар бўлиб қолмоқда. Саудия Арабистони ислом молияси кўлами жиҳатдан етакчи мамлакат бўлиб, ислом молияси активлари 2019 йил декабрда 323 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган бўлса, 2020 йил сентябрига келиб 361 млрд. АҚШ долларига етди.

islommoliyasi.uz

Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр жанобларига Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фахрий профессори унвони берилди.

Шу муносабат билан ушбу олий таълим муассасасида ташкил этилган тадбирда университет кенгаши қарорига мувофиқ жаноб элчига таълим ва илм-фан ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун фахрий профессор унвони топширилди.  

Меҳмет Сурейя Эр илмий фаолияти давомида АҚШнинг қатор университетларида ўрта асрлар Усмонли турк қўлёзмаларини тадқиқ қилиш борасида катта ютуқларга эришган. Матншунослик бўйича юқори илмий қийматга эга бўлган докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.  

У Туркия ҳамкорлик ва координация агентлиги (ТИКА) Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бошқармаси бошлиғи сифатида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон маданияти, тарихи тадқиқи борасида катта тажрибага эга бўлган. Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланганидан сўнг ўзбек тилини қисқа муддатда мукаммал ўзлаштиргани эса ўзбек халқига бўлган чексиз эҳтироми намунасидир.

Меҳмет Сурейя Эрнинг ташаббускорлиги натижасида университетнинг Туркия олий таълим муассасалари билан алоқалари ривожи янги босқичга кўтарилди, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Туркиянинг Анқара Ҳожи Байрам Вали университети, Истанбул Маданият университети, Мармара университети каби нуфузли таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Бугун ана шу ҳамкорлик натижасида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида илк бор халқаро қўшма магистрлик дастури йўлга қўйилди. Бу Ўзбекистон ва Туркия олий таълим тизимидаги ҳамкорликнинг янги саҳифаси сифатида тарихга кирди.

 
UzA
Top