muslim.uz
Гўзал хулқ эгаси
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ 4
Ва иннака лаъала хулуқин азийм /Қалам, 4/– “Эй, Расулим! Албатта сиз улуғ Хулқ устидадирсиз”, дейилади.
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا 21
Лақад кана лакум фи расулиллоҳи усватун ҳасанатун лиман кана йаржуллаҳа вал явмил охири ва закараллоҳа касиро – “(Эй мўминлар), қасамки, сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (имон-эътиқодида ва хулқи атвори) да гўзал намуна бордир”, каби ояти карималар бор...
لَعَمْرُكَ ... (الحخر: 72)
Лаамрука... – (Эй Муҳаммад), ҳаётингизга қасамки... дея, Аллоҳ Таоло бир оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрига, ҳаётига қасамёд қилиш билан бошлаган. Зеро, Аллоҳ Таоло Қуръони каримда баъзи оятларни қасам билан бошлайди. Масалан:
وَالْعَصْرِ (العصر: 1)
Вал асри “Аср(вақти)га қасамки...”
وَالتِّينِ وَالزَّيْتُونِ وَطُورِ سِينِينَ (سورة التين :1-2)
Ват тийни ваз зайтуни ва тури синина – “1. Анжирга қасам, зайтунга қасам. 2. (Аллоҳ Таоло Мусо пайғамбар билан бевосита сўзлашган) Сино тоғига қасам...”
Худди шундай (Лаамрука), “(Эй Муҳаммад), ҳаётингизга қасамки...” деб мурожаат қилинган. Бу ҳужжатлар Қуръони каримда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ Таолога қанчалик севиклик қул, яъни Ҳабибуллоҳ эканларини кўрсатувчи мисоллардир.
إِنَّا فَتَحْنَا لَكَ فَتْحًا مُّبِينًا 1 لِيَغْفِرَ لَكَ اللَّهُ مَا تَقَدَّمَ مِن ذَنبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ وَيُتِمَّ نِعْمَتَهُ عَلَيْكَ وَيَهْدِيَكَ صِرَاطًا مُّسْتَقِيمًا 2 (سورة الفتح:1-2)
Инна фатаҳна лака фатҳан мубина. Лийағфиралакаллаҳу ма тақоддама мин занбика ва ма тааххара... ”– Эй Муҳаммад, токи Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гуноҳларингиз)ни мағфират қилиши учун ва сизга ўз неъматини комил қилиб бериб, сизни тўғри йўлга ҳидоят қилиш учун ҳамда Аллоҳ сизга қудратли ёрдам бериши учун, дарҳақиқат, Биз сизга очиқ-равшан фатҳ-ғалаба ато этдик”, – деб бошланган ва охирида:
مُّحَمَّدٌ رَّسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاء عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاء بَيْنَهُمْ تَرَاهُمْ رُكَّعًا سُجَّدًا... (سورة الفتح : 29)
Муҳаммадур Расулуллоҳ. Валлазина мааҳу ашиддау алал куффори руҳамоу байнаҳум тароҳум руккаан сужжада... (Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У Билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар) билан эса раҳм-шафқатлидир. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолда кўрасиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) белги-аломатлар бордир...)
Фатҳ сураси мазкур ояти карима билан тугайди. Барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ қилгувчи, мақтагувчи, ҳабибига эргашиб, унга муҳаббат билан боғланган киши, Аллоҳ Таолога боғланишини билдирадиган ояти-карималар...
Шубҳасиз, Қуръони карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир ҳадиси шарифларида бундай деганлар:
انه سبحانه ادبنی باحسن تأديبی
“Иннаҳу субҳанаҳу аддабани фа аҳсана таъдиби”. Ёки:
ادبنی ربی فاحسن تأديبی
“Аддабани рабби фа аҳсана таъдиби” – Яъни ҳар иккала ҳадисда ҳам “Менга Раббим адаб берди, ўзи яхшилаб тарбия қилди”, дейилмоқда. Ҳақиқатан у зотни етиштирган, одоб ўргатган, тарбиялаган Аллоҳ Таолонинг Ўзидир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онадан етим қолдилар. Амакилари Абу Толиб тарбиясига олди. Иймон келтирмади, у киши ҳам вафот қилди. Яна ўзлари қолдилар. Ён-атрофдан, оила аъзоларидан ул зотга тарбия берадиган, ахлоқда намуна бўладиган ҳеч ким йўқ эди... Ҳақиқатан, Жаноби Ҳақнинг ўзи Расулини атрофидаги одамлардан айириб (бунинг ҳам ўзига хос ҳикмати, сабаби бор...) тарбиялади, илоҳий неъматини, эҳсонини унга мукаммал қилиб берди. Шу нарса диққатга лойиқ ва муҳимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам пайғамбар бўлмай туриб, халқ орасида “амин” – энг ишончли киши бўлиб танилди. Ниҳоятда хушхулқ, хуштабиат ва ҳамма ҳурмат билан қарайдиган, эъзозли бир инсон эдилар. Ўзгача феъли хўйлари бор эди...
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Жума – мусулмонлар учун байрам
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: عُرِضَتِ الْجُمُعَةُ عَلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، جَاءَهُ بِهَا جِبْرِيلُ فِي كفِّهِ كَالْمِرْآةِ الْبَيْضَاءِ فِي وَسَطِهَا كَالنُّكْتَةِ السَّوْدَاءِ، فَقَالَ: «مَا هَذَا يَا جِبْرِيلُ؟» قَالَ: هَذِهِ الْجُمُعَةُ يَعْرِضُهَا عَلَيْكَ رَبُّكَ لِتَكُونَ لَكَ عِيْدًا، وَلِقَوْمِكَ مِنْ بَعْدِكَ، وَلَكُمْ فِيْهَا خَيْرٌ، تَكُونُ أَنْتَ الْأَوَّلَ وَتَكُونُ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى مِنْ بَعْدِكَ، وَفِيْهَا سَاعَةٌ لَا يَدْعُو أَحَدٌ رَبَّهُ فِيْهَا بِخَيْرٍ هُوَ لَهُ قَسَمٌ إِلَّا أَعْطَاهُ أَوْ يَتَعَوَّذُ مِنْ شَرٍّ إِلَّا دَفَعَهُ عَنْهُ مَا هُوَ أَعْظَمُ مِنْهُ، وَنَحْنُ نَدْعُوهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَيَوْمَ الْمَزِيدِ... الْحَدِيثَ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жума Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинди. Уни Жаброил алайҳиссалом олиб тушдилар. Ўшанда Жаброил алайҳиссаломнинг қўлларида ўртасида қора нуқтаси бор оппоқ ойна бор эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Жаброил, бу нима?» – деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: «Бу жума, Аллоҳ таоло буни Сизга ва сиздан кейинги умматларингизга байрам қилиб туширди. Унда Сиз ва умматларингиз учун яхшиликлар бор. Сиз ҳафта кунларининг аввалги кунини байрам қиласиз. Яҳудийлар ва насронийлар эса Сиздан кейин байрам қилишади. Унда дуолар ижобат бўладиган бир вақт бор. Банда ўша вақтда дуо қилиб, Роббидан нима яхшилик сўраса, ўша яхшилик унинг насибасида бор бўлса, Аллоҳ таоло у яхшиликни беради. Қандай ёмонликдан паноҳ сўраса, Аллоҳ таоло у ёмонликни ва ундан каттароғини ҳам ундан қайтаради. Бизлар жума кунини «явмул мазид» (савоблари бисёр бериладиган кун) деб атаймиз», – деб жавоб берди».
Табароний ривоят қилган.
Муҳтож кишиларга ёрдам бериш улкан савобли иш
Аллоҳ таоло: «Бас, у довон ошиб ўтмади. Довон нима эканлигини сенга нима билдирди? Қул озод қилишдир. Ёки очарчилик кунида таом беришдир. Қариндош етимга. Ёки тупроққа қорилган мискинга», деган (Балад сураси, 11-16-оятлар).
Шарҳ: «Балад» сурасидаги ушбу оятларда Аллоҳ таоло қул озод қилмаслик ёмон иш эканлигини баён қилмоқда. Бу ҳол эса ўз навбатида, инсон қул озод қилиши керак эканлигини билдиришдир.
Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъмати – инсонга яхши-ёмонни, оқу қорани, савоб-гуноҳни ажратиш хусусиятини бериб қўйгани ҳамда яхшилик йўлини ва у қаёққа олиб боришини, ёмонлик йўлини ва у қаёққа олиб боришини кўрсатиб қўйганидир.
Демак, инсон ёмонлик йўлини тарк этиб, доимо яхшилик йўлида юриб, ҳавои нафсга эрк бермай, тўғри йўлдан қийинчиликларни енгиб бормоғи лозим. Аммо инсонлар ҳар хил бўлади. Баъзилари яхшилик йўлидаги тўсиқларни енгиб ўтишда дангасалик қилиб, яхшиликни қийинчилик деб ўйлайди. Биз ўрганаётган оятларда айнан шундай инсонлар ҳақида сўз бормоқда:
«Бас, у довон ошиб ўтмади».
Ушбу ояти каримада инсоннинг ўз ҳавои нафсига оғир келадиган ишни қилиши истиора йўли билан довон ошишга ўхшатилмоқда. Сўнгра ўша «довон»нинг аҳамиятли, унча-бунча одам идрок қилиб, ета олмайдиган нарса эканлигини изҳор қилиш учун қуйидаги улуғлаш саволи ҳам берилмоқда.
«Довон қандай нарса эканлигини сенга нима билдирди?»
Сўнг Қуръоннинг ўзи «ақаба» – «довон ошиш» нима эканлигини қуйидаги оятларда тушунтиради.
«У қул озод қилишдир».
Маълумки, Қуръони Каримнинг мана шу оятлари нозил бўлаётган вақтда бутун дунёда қулдорлик тузуми авж олган эди. Тарихда биринчи бўлиб Ислом қуллик ва қулдорликка қарши чиқди ва қулларни озод қилишни ибодат даражасига кўтарди.
«Ёки очарчилик кунида таом беришдир.
Қариндош етимга.
Ёки тупроққа қорилиб ётган мискинга».
Ҳавойи нафснинг тўсиқларини енгиш – довон ошиш, Аллоҳ таолога ёқадиган иш қилиш очарчилик пайтларида намоён бўлади. Тўқчилик вақтида одам риёкорлик, манманлик ва кимўзарга уринаверади. Аммо очарчилик бўлиб, ҳар ким ўз қорнини, эртанги кунини ўйлаб, бу шиддатли замон қачон тугашини билмай, ҳайрон бўлиб қолган пайтда муҳтожларга таом бериш ҳақиқий довон ошиш ҳисобланади, ана шу ишни амалга оширганлар Аллоҳнинг розилигини топадилар. Ушбу оятларда мазкур қийинчилик кунларида таомга энг муҳтож тоифалардан иккитаси: қариндош етимлар ва тупроққа қорилиб қолган мискинлар алоҳида зикр қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен билан етимнинг кафили жаннатда мана бундай биргамиз», деб, кўрсатгич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатган эканлар. Кўриниб турибдики, муҳтож кишиларга ёрдам бериш улкан савобли иш. Фурсати борлар бунга амал қилишлари керак.
Ҳақиқий эҳсон оч-яланғоч, муҳтож кишиларга ёрдам бериш билан бўлади. Аммо бундай яхшиликларнинг ҳаммаси доимо иймон билан ҳамроҳ бўлмоғи даркор. Шунинг учун кейинги оятда мана шунга ишора қилинган.
Қуръони Каримда қул озод қилиш ҳақида бошқа оятлар ҳам бор. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингиз эмас. Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши, шунингдек, аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганлардир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар ўзлари тақводорлардир» (177-оят).
Одатда одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшилик деганда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун турувчи жиҳат белгилаши керак.
Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан.
Бир савол сўрасам: 7. Мушук боқиш бефарзандликка сабаб бўлади-ми?
— Уйда мушук боқиш гуноҳми? Агар боқса, фарзанд туғилмас эмиш. Шу рост-ми?
— Мушук боқиш жоиз. Фақат ҳозирги кўп қаватли уйларда қийинроқ. Ҳожати учун жой излайди. Қум идиши бўлса ҳам бироз қийин. Баъзи мушуклар ҳожатга ташқарига чиқиши мумкин. Мушукнинг жунлари уйга, ҳатто ейдиган нарсаларга ҳам тўкилиши мумкин. Ювиб, тозалаш керак. Синчиклаб қараш лозим. Қишлоқ жойларда сичқон бўлгани учун мушук боқилади. Бетон уйларда сичқоннинг бўлиши қийин.
Мушук ифлос эмас. Юрган жойларида намоз ўқиш мумкин. Саҳобадан бир аёл гапириб берган: “Таҳорат олиш учун бир идишга сув қўйгандим. Мушук келиб, бу идишдан сув ичгач, тоғам Абу Қатада яна бироз сув ичиши учун идишни мушукнинг олдига қўйди. Менинг ҳайрат билан қараб турганимни кўриб: “Нимага ҳайрон бўласан. Пайғамбар алайҳиссалом “Мушук атрофингизда айланиб юради, нажас, ифлос эмас”, деб марҳамат қилдилар”, деди” (Имом Термизий ривояти).
Ифлос эмас экан деб, мушук боқиш шарт эмас. Мушуклардан касаллик ҳам юқиши мумкин. Агар қўшнилар безовта бўлса, уйга киритмаган яхши. Баъзи аёллар сичқондан қўрқади. Мушукдан, итдан қўрқадиганлар ҳам бўлади. Қўшнилар безовта бўлмаслиги учун мушукка бўлган севгимиздан воз кечиб, уйда мушук боқмаган яхши бўлади.
Аммо мушук боқса, фарзанд туғилмасмиш, деган гап асоссиздир.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ