Мақолалар

Муҳтож кишиларга ёрдам бериш улкан савобли иш

Аллоҳ таоло: «Бас, у довон ошиб ўтмади. Довон нима эканлигини сенга нима билдирди? Қул озод қилишдир. Ёки очарчилик кунида таом беришдир. Қариндош етимга. Ёки тупроққа қорилган мискинга», деган (Балад сураси, 11-16-оятлар).

Шарҳ: «Балад» сурасидаги ушбу оятларда Аллоҳ таоло қул озод қилмаслик ёмон иш эканлигини баён қилмоқда. Бу ҳол эса ўз навбатида, инсон қул озод қилиши керак эканлигини билдиришдир.

Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъмати – инсонга яхши-ёмонни, оқу қорани, савоб-гуноҳни ажратиш хусусиятини бериб қўйгани ҳамда яхшилик йўлини ва у қаёққа олиб боришини, ёмонлик йўлини ва у қаёққа олиб боришини кўрсатиб қўйганидир.

Демак, инсон ёмонлик йўлини тарк этиб, доимо яхшилик йўлида юриб, ҳавои нафсга эрк бермай, тўғри йўлдан қийинчиликларни енгиб бормоғи лозим. Аммо инсонлар ҳар хил бўлади. Баъзилари яхшилик йўлидаги тўсиқларни енгиб ўтишда дангасалик қилиб, яхшиликни қийинчилик деб ўйлайди. Биз ўрганаётган оятларда айнан шундай инсонлар ҳақида сўз бормоқда:

«Бас, у довон ошиб ўтмади».

Ушбу ояти каримада инсоннинг ўз ҳавои нафсига оғир келадиган ишни қилиши истиора йўли билан довон ошишга ўхшатилмоқда. Сўнгра ўша «довон»нинг аҳамиятли, унча-бунча одам идрок қилиб, ета олмайдиган нарса эканлигини изҳор қилиш учун қу­йидаги улуғлаш саволи ҳам берилмоқда.

«Довон қандай нарса эканлигини сенга нима билдирди?»

Сўнг Қуръоннинг ўзи «ақаба» – «довон ошиш» нима эканлигини қуйидаги оятларда тушунтиради.

«У қул озод қилишдир».

Маълумки, Қуръони Каримнинг мана шу оятлари нозил бўлаётган вақтда бутун дунёда қулдорлик тузуми авж олган эди. Тарихда биринчи бўлиб Ислом қуллик ва қулдорликка қарши чиқди ва қулларни озод қилишни ибодат даражасига кўтарди.

«Ёки очарчилик кунида таом беришдир.

Қариндош етимга.

Ёки тупроққа қорилиб ётган мискинга».

Ҳавойи нафснинг тўсиқларини енгиш – довон ошиш, Аллоҳ таолога ёқадиган иш қилиш очарчилик пайтларида намоён бўлади. Тўқчилик вақтида одам риёкорлик, манманлик ва кимўзарга уринаверади. Аммо очарчилик бўлиб, ҳар ким ўз қорнини, эртанги кунини ўйлаб, бу шиддатли замон қачон тугашини билмай, ҳайрон бўлиб қолган пайтда муҳтожларга таом бериш ҳақиқий довон ошиш ҳисобланади, ана шу ишни амалга оширганлар Аллоҳнинг розилигини топадилар. Ушбу оятларда мазкур қийин­чилик кунларида таомга энг муҳтож тоифалардан иккитаси: қариндош етимлар ва тупроққа қорилиб қолган мискинлар алоҳида зикр қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен билан етимнинг кафили жаннатда мана бундай биргамиз», деб, кўрсатгич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатган эканлар. Кўриниб турибдики, муҳтож кишиларга ёрдам бериш улкан савобли иш. Фурсати борлар бунга амал қилишлари керак.

Ҳақиқий эҳсон оч-яланғоч, муҳтож кишиларга ёрдам бериш билан бўлади. Аммо бундай яхшиликларнинг ҳаммаси доимо иймон билан ҳамроҳ бўлмоғи даркор. Шунинг учун кейинги оятда мана шунга ишора қилинган.

Қуръони Каримда қул озод қилиш ҳақида бош­қа оятлар ҳам бор. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингиз эмас. Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши, шунингдек, аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганлардир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар ўзлари тақводорлардир» (177-оят).

Одатда одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшилик деганда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун турувчи жиҳат белгилаши керак.

 

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан.

 

2217 марта ўқилди

Мақолалар

Top