muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 15 Май 2020 00:00

Уруш эмас, тинчлик бўлсин

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Душманга дуч келишни орзу қилманглар. Аллоҳдан саломатликни, тинчликни сўранглар. Агар уларга дуч келсангизлар маҳкам туринглар ва Аллоҳни зикр қилишни кўпайтиринглар” деб марҳамат қилдилар.
Албатта тинчлик неъмати бебаҳо, унга ҳамма мухтож. Уни сотиб олиш учун махсус бозори йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадисларида: “Сизларга иймондан кейин Аллоҳ таоло берган неъматлари ичида “офиятчалик” катта неъмат бермади”, дедилар.
Бундан бир неча йил муқаддам уйда ўтирар эканман, ойнаи жаҳон орқали II-жаҳон урушига бағишланган уруш кино эфирга узатилди. Одатда 9 май арафасида II-жаҳон урушига доир кўпгина кинофильмлар кўрсатилади. Кинонинг таъсири дарҳол ўзига ром қилди. Кинони кўраётиб шунчалик киришиб кетганимдан ундаги бош қаҳрамон ўз ватани ҳимояси учун душман томонга шахдам қадамлари, ўткир нигоҳлари билан ўқ отар қуролини кўтариб бораётган жангчи йигитнинг аҳволи, ҳудди ўзимни ҳаётимда рўй бераётгандек, уни ўрнида ўзимдек гўё, у билан қадамма қадам жанг қилардим, гоҳ туртиниб, гоҳ йиқилиб қалбини тирнаётган бир алам “ҳали сенларними, ҳаммангни ер тишлатаман” деган фикрларини ўқий олиб, унга “бу сенинг қўлингдан келади қаҳрамон, олға!” деб, олқишлаб турардим. Бир томондан душман тарафидан отилаётган ўқлар овози, яна бир томондан бомбаларнинг гумбурлаши, сафдошлари бирин кетин ўқ зарбидан ҳалок бўлар, танкларнинг ер сатҳини зириллатиб ўтиши, ярадорларнинг чинқириқ бақириқлари, қулоқни қоматга келтирарди.Тўсатдан ўтирган уйимнинг кўча томонидан кучли портлаш каби гумбурлаган овоз келиб, ўтирган уйим баланд, кўп қаватли, катта кўчага яқин бўлгани учун ҳам ларзага келиб кетди. Дахшатдан бир сакраб тушдим, наҳотки бу овоз кинода эмас ҳақиқат бўлса, наҳотки кинодаги ҳолат ҳаётимда бўлса деган ўй бутун вужудимни қоплади ва қўрқув аралаш ҳаёжон билан сакраб туриб ўзимни деразага урдим. Ташқаридан келаётган овоз яна кетма кет такрорланарди. Шошганимча деразани очиб ойнадан бошимни чиқариб ташқарига қарадим не кўз билан қарайки бу дахшатли овоз ўқ ёки бомбаларнинг овози эмас, бутун зимистон осмонни ёритаётган, тинчлигимиз учун, фаровон ҳаётда яшаётган бахтли одам эканлигимизни намойиш қилгувчи, тинчлик ва хурсандчилик рамзи бўлиб отилаётган мушаклар овозию юлдузли тун осмонида порлаётган унинг ёриғи эди. Осмонга боқар эканман кўзимдан беихтиёр хурсандчилик кўз ёшлари юзимга оқиб тушди. Бундай тинч замонда яшаётган элу халқимизга бу тинчлик давомли бўлишини истаб яратганга дуо қилиш учун қўл кўтардим. Илоҳим, юртимизни ёмонларнинг ёвузлигидан Аллоҳ ўз паноҳингда асрасин. Мамлакатимиз истиқлолини орзу қилиб биз келажак авлодлари тинч омон яшашлари учун ўз жонларини фидо қилган аждодларимиз руҳлари ҳамиша шод бўлсин!

Илҳомжон Мадалиев
Тошкент шаҳар “Занги ота” жоме масжиди имом хатиби

Дунё синов диёридир. Ҳар куни турли синовлар қуршовида яшаймиз. Фаровонлик ҳам, танглик ҳам барчаси аслида синов учун берилади. 

Тақдир гардиши инсон боши узра қай томонга қараб айланмасин, киши ўзини муносиб тутган ҳолда чин бандалик йўли – шукроналикда мустаҳкам туриши лозим. 

Муқаддас ислом динида шукрга буюк ибодат сифатида қаралади. Бандаларини ҳамиша ва ҳар қачон шукр қилишга буюрган Аллоҳ биринчи навбатда ўзини шукр қилувчи деб атаган: “Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчидир” (“Бақара” сураси, 158 оят). 

Аслида, шукрни банда қилиши лозим. Бу оятда эса, Аллоҳ ўзини шукр қилувчи, деб таърифлаяпти. Бу – банданинг оз қилган амалига ҳам кўп савоб бериш билан уни мукофотлайди, деганидир. 

Ҳаётимиз чек-чегарасиз моддий-маънавий неъматлар билан ўралган. Илм-маърифат, соғлик, мол-давлат, фарзанд, қадр-қиммат сингари инъомлар билан сийланганмизки, буларнинг барчаси тафаккур ва тадаббур қилишга ундайди. Неъмат етганда унинг шукрини унутиш, мусибат етганда эса умидсизликка учраб, туғёнга кетиш заиф ва иродасизлар ишидир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур”. 

Чин мўминга хос бўлган хислат хурсандчиликда шукр қилиб, мусибат етганда сабр қилишдир. Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган ҳар қандай ҳолатни ўзининг фойдасига буриши, ундан дунё ва охирати учун фойда олиш имкониятига эга. Суҳайб розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар: “Мўъминнинг иши ажойиб. Унинг барча иши яхшиликдир. Бу фақат мўмин учунгина хосдир. Агар унга хурсандчилик етса шукр қилади, бунинг учун унга яхшилик бўлади. Агар унга зарар етса сабр қилади, бунинг учун унга яхшилик етади”. 

Ҳаётимиз, турмуш тарзимиз ҳақида мушоҳада юритсак биздан тўсилган неъматларга нисбатан инъом этилганлари жуда кўплигини англаб етамиз. Олаётган ҳар бир нафас, жисмимизнинг соғломлиги ҳеч бир нарса билан қиёслаб бўлмайдиган даражадаги бойликдир. Бироқ танглик етганда неъматларнинг барчасини унутиб, бетоқат бўла бошлаймиз, тақдиримиздан нолиймиз. 

Ривоятларда айтилишича, ҳаётининг танглигидан нолиётган кишига қараб бир донишманд: “Мана шу кўзингни сотсанг юз минг дирҳам бераман”, дебди. Киши унамабди. “Икки қўлинг учун юз минг дирҳам бераман”, деганда киши яна кўнмабди. “Унда икки оёғинг учун юз минг дирҳам бераман”, деб жисмидаги бошқа аъзоларини шу зайил бирма-бир савдолашиб кетибди. Киши барчасига “Йўқ”, деб жавоб қайтараверибди. Сўнгра донишманд “Сенда юз минглаб дирҳамлик бойлик борлигини кўрдим. Сен бўлса муҳтожман деб шикоят қилмоқдасан”, деб дашном берган экан. 

Яхшиликларнинг бардавом бўлиши шукроналигимизга боғлиқдир. Неъматларнинг зиёда бўлишини хоҳлаган киши унинг шукрини адо этиши кераклиги Қуръони каримда қуйидагича изоҳланади. “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси, 7 оят). 

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ҳам шу маънодаги қуйидаги ўгитлар ривоят қилинган: “Неъмат шукрга боғлангандир. Шукр эса зиёда бўлиш билан алоқадор. Ҳар иккиси тенг бириктирилган. Бандадан шукр тўхтамагунча Аллоҳ томонидан зиёда қилиш тўхтамайди”. 

Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади. 

Ҳасан Басрий айтади: “Аллоҳ хоҳлаганича неъмат бериши мумкин. Агар неъматга шукр қилинмаса, уни азобга айлантиради. Шунинг учун шукрни “сақловчи” деб номлашган. Чунки у бор неъматларни муҳофаза қилади. Яна уни “жалб” қилгувчи ҳам дейишган. Чунки у йўқ неъматни жалб қилади”. 

Ўтган солиҳ инсонлар ҳаётини ўргансак, шукроналик борасида юксак намуналарга гувоҳ бўламиз. Уларнинг шукр қилишдаги тушунчалари бизнинг тушунчамиздан анча юқори турган. Улар неъмат етганда эмас, балки қийинчилик етганда шукр қилганлар, яхшилик етганда эса уни бошқаларга илинганлар. Шақиқ Балхий бир солиҳ кишига учраб: “Эй биродар, менга кенгчилик ва тангликдаги ҳолатингизни сифатланг” деб мурожаат қилибди. У киши: “Биз берилсак шукр қиладиган, тўсилсак сабр қиладиган қавммиз”, деб жавоб қайтарибди. Шақиқ эса “Бу Балх итларининг ҳолику”, деганда у киши ажабланиб, “Унда сизларнинг кенгчилик ва тангликдаги ҳолатингиз қандай?” деб сўрабди. Шақиқ бунга “Биз тўсилсак сабр қиладиган, берилсак бошқаларга улашадиган қавммиз”, деб жавоб қайтарган экан. 

Бугунги кунда дунё аҳли бошига турли синовлар келмоқда. Айниқса, коронавирус пандемияси осуда кунларимиз қадри нақадар юксаклигини ҳар дақиқа бизга эслатади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, бу касаллик ҳақида чуқур ўйласак, ундан кўплаб ҳикматларни илғаб оламиз. Аввало, кўплаб қудратли давлатлар пандемия олдида ожиз қолаётган вақтда Ўзбекистонда касаллик жиловланганини кўрдик. Халқимизда бирдамлик, олижаноблик, ўзгалар дарди билан яшаш ҳисси мустаҳкамлигига гувоҳ бўлдик. Буларнинг барчаси учун албатта, шукр қиламиз. 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Самарқанд вилоятидаги вакили,
вилоят бош имом-хатиби

ЎМИ матбуот хизмати

 

ЎМИ матбуот хизмати

Top