Мақолалар

Уруш эмас, тинчлик бўлсин

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Душманга дуч келишни орзу қилманглар. Аллоҳдан саломатликни, тинчликни сўранглар. Агар уларга дуч келсангизлар маҳкам туринглар ва Аллоҳни зикр қилишни кўпайтиринглар” деб марҳамат қилдилар.
Албатта тинчлик неъмати бебаҳо, унга ҳамма мухтож. Уни сотиб олиш учун махсус бозори йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадисларида: “Сизларга иймондан кейин Аллоҳ таоло берган неъматлари ичида “офиятчалик” катта неъмат бермади”, дедилар.
Бундан бир неча йил муқаддам уйда ўтирар эканман, ойнаи жаҳон орқали II-жаҳон урушига бағишланган уруш кино эфирга узатилди. Одатда 9 май арафасида II-жаҳон урушига доир кўпгина кинофильмлар кўрсатилади. Кинонинг таъсири дарҳол ўзига ром қилди. Кинони кўраётиб шунчалик киришиб кетганимдан ундаги бош қаҳрамон ўз ватани ҳимояси учун душман томонга шахдам қадамлари, ўткир нигоҳлари билан ўқ отар қуролини кўтариб бораётган жангчи йигитнинг аҳволи, ҳудди ўзимни ҳаётимда рўй бераётгандек, уни ўрнида ўзимдек гўё, у билан қадамма қадам жанг қилардим, гоҳ туртиниб, гоҳ йиқилиб қалбини тирнаётган бир алам “ҳали сенларними, ҳаммангни ер тишлатаман” деган фикрларини ўқий олиб, унга “бу сенинг қўлингдан келади қаҳрамон, олға!” деб, олқишлаб турардим. Бир томондан душман тарафидан отилаётган ўқлар овози, яна бир томондан бомбаларнинг гумбурлаши, сафдошлари бирин кетин ўқ зарбидан ҳалок бўлар, танкларнинг ер сатҳини зириллатиб ўтиши, ярадорларнинг чинқириқ бақириқлари, қулоқни қоматга келтирарди.Тўсатдан ўтирган уйимнинг кўча томонидан кучли портлаш каби гумбурлаган овоз келиб, ўтирган уйим баланд, кўп қаватли, катта кўчага яқин бўлгани учун ҳам ларзага келиб кетди. Дахшатдан бир сакраб тушдим, наҳотки бу овоз кинода эмас ҳақиқат бўлса, наҳотки кинодаги ҳолат ҳаётимда бўлса деган ўй бутун вужудимни қоплади ва қўрқув аралаш ҳаёжон билан сакраб туриб ўзимни деразага урдим. Ташқаридан келаётган овоз яна кетма кет такрорланарди. Шошганимча деразани очиб ойнадан бошимни чиқариб ташқарига қарадим не кўз билан қарайки бу дахшатли овоз ўқ ёки бомбаларнинг овози эмас, бутун зимистон осмонни ёритаётган, тинчлигимиз учун, фаровон ҳаётда яшаётган бахтли одам эканлигимизни намойиш қилгувчи, тинчлик ва хурсандчилик рамзи бўлиб отилаётган мушаклар овозию юлдузли тун осмонида порлаётган унинг ёриғи эди. Осмонга боқар эканман кўзимдан беихтиёр хурсандчилик кўз ёшлари юзимга оқиб тушди. Бундай тинч замонда яшаётган элу халқимизга бу тинчлик давомли бўлишини истаб яратганга дуо қилиш учун қўл кўтардим. Илоҳим, юртимизни ёмонларнинг ёвузлигидан Аллоҳ ўз паноҳингда асрасин. Мамлакатимиз истиқлолини орзу қилиб биз келажак авлодлари тинч омон яшашлари учун ўз жонларини фидо қилган аждодларимиз руҳлари ҳамиша шод бўлсин!

Илҳомжон Мадалиев
Тошкент шаҳар “Занги ота” жоме масжиди имом хатиби

1977 марта ўқилди

Мақолалар

Top