muslimuz

muslimuz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Бу дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир (Имом Термизий ривояти).

Зикр қилишларича, Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ қози калон мансабида ўтирган вақтларида кунларнинг бирида башанг кийиниб, чиройли ясатилган уловга миниб, ортларидан бир қанча шогирдларни эргаштириб бозор оралаб кетаётсалар, рўпараларидан ёғ босиб кетган кийимда, бадбўй ҳидланиб кетган бир яҳудий ёғфуруш чиқдида шайхнинг йўлини тўсди ва уловининг арқонидан тутиб: Эй шайх, сизларнинг пайғамбарингиз айтмаганмиди: бу дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннати, деб? Қани сенга зиндон бўлганию, қани менга жаннат бўлгани? деди.

Шунда Шайх яҳудийга жавобан: Аллоҳ таолонинг менга охиратда тайёрлаб қўйган неъматларига нисбатан олганда, гўёки мен ҳозир зиндондаман. Аммо, сенга охиратда тайёрлаб қўйган азобу уқубатларига нисбатан олганда, гўёки сен ҳозир жаннатдасан, деди. Олимнинг ушбу жавобини эшитган яҳудий тавба қилиб иймон келтирди.

 Файзул Қодир

 

 

Абдувоҳид домла Аҳмадалиев,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази мутахассиси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Кимки бирор нарсани назр қилса ўшани албатта бажариши лозим. Аммо баъзи инсонлар бошларига мушкул тушганида Аллоҳга ёлвориб “агар шундан қутулиб олсам фалон яхши ишни қиламан” деб қасам ичади ёки ваъда қилади ёҳуд назр қилади. Аммо муаммо ва мушкуллардан қутулганидан кейин, ваъдасини адо қилмайди. Назрни адо этиш эса вожиб саналади. Билмайдики, эртага яна Аллоҳга ёлвориши бор.

Ҳикоя. Ривоят қилишларича, бир чол бозордан қўзичоқ сотиб олибди. Кейин шу қўзи катта бўлса қурбонликка сўяман деб ният қилибди. Иттифоқо қўзи шунчалик тез ривожланибдики, Қурбон ойи келгунча каттагина, кўрган одамнинг суқи кирадиган қўчқор бўлиб етилибди. Буни кўриб кампир чолига айтибди:

Бунинг ўрнига бозордан бошқа қўй олиб сўяйлик.

Йўқ, мени шуни ният қилганман, – дебди чол.

Қўй бўлса бўлди-да, барибир сўямизку, – дебди кампир ва жаврай-жаврай охири чолни кўндирибди.

Чол бозорга борибди. Ўртача катталикдаги қўйни танлаб анча савдолашди. Охири баҳосини келишгандан сўнг пулни санаб бермоқчи бўлиб чўнтагига қарса, пул йўқ! Ўғрилар “шилиб” кетишибди. Жаҳли чиққан чол ўзига-ўзи: “Шу мияси айниган кампирнинг гапига кириб адашибман. Ҳозироқ тўғри уйга бориб кампир билан маслаҳатлашиб ўтирмай ўша қўчқорни сўяман!” деб уйга равона бўлди.

Келиб шошилиб қўйхонага кириб қараса, қўчқор ҳаром ўлиб ётган экан.

Қўшимча. Ўтган йили рамазонда бир маҳалладошим ифторлик қилишни ният қилган, бироқ бир одамга аччиқ қилиб ифторликни бермади. Мен унга юқоридаги ҳикояни айтсам, ўзи иқрор бўлдики, бу киши ҳам ўша куни (ёки эртасига) пулини йўқотиб қўйибди. Бу ҳақиқатан бўлган гап.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

 

Абдувоҳид домла Аҳмадалиев,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази мутахассиси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло илмни ҳар кимга ҳам насиб этавермагай. Кимга илм бахшида қилса бу яхшликни умрининг охирига қадар Холиқ таолодан берилган юксак тухфа сифатида авайлаб асраб, ардоқламоғи ва шунга яраша шукрона ва тақвода бўлишга интилмоғи лозим.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ кимга яхшилик қилишликни ирода қилса уни динда фақиҳ қилиб қўяди” деганларини эшитдим” (Имом Бухорий ривояти)

“Фақиҳ” фиқҳ илмини яхши билгувчи инсон демакдир. “Фиқҳ” эса уламоларнинг таърифларига кўра “фаҳм” яъни ҳар бир аҳкомнинг туб моҳиятларини яхши англамоқликдир. Демак, кимгаки Аллоҳ таоло яхшилик қилишни хоҳласа динда ҳар бир аҳкомнинг моҳиятини яхши билувчи қилиб қўяр экан.

Уламоларимиз шариат илмларини “зоҳирий фиқҳ” деб атайдилар. Ёки оддий қилиб “фиқҳ илми” дейиш билан кифояланадилар. Бинобарин, зоҳирий фиқҳ шаръий амалларнинг ташқи томонига аҳамият беради.

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизларга ҳақиқий фақиҳнинг хабарини берайми? У одамларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмайдиган ва уларга Аллоҳ таоло осий бўладиган ишларга рухсат бермайдиган кишидир. Одамларни Аллоҳнинг макридан бепарво қолдирмайдиган кишидир. Бошқага рағбат қилиб Қуръонни тарк қилмайдиган кишидир”.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: “Фақиҳ дунёда зоҳидлик қилувчи, охиратга рағбат қилувчи, динини яхши билувчи, Роббининг ибодатида бардавом, мусулмонларнинг обрўсини сақловчи, молларида иффатли ва уларга насиҳат қилувчи шахсдир”, деган.

Ривоят қилишларича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Амалларнинг қайси бири афзалроқ?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Илм”, дедилар.

У киши иккинчи, учинчи бор сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга аввалгидек жавоб бердилар. Шунда у киши:

“Ё Аллоҳнинг расули, Сизга саломлар бўлсин, мен амал ҳақида сўраяпман”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ амалларни илмсиз қабул қиладими?” дедилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Кечанинг бир қисмида илм музокараси билан машғул бўлиш менга кечани бутунлай бедор ўтказишдан маҳбуброқдир”.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизга илм ва маърифатни ҳамиша ҳамроҳ айласин.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.

Страница 7 из 259
Top