Жума мавъизалари

بسم هللا الرمحن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсонни яратгач, уни ўз ҳолига ташлаб қўймай, балки, бандаларига Ўзини танитиш, яхшидан ёмонни ажратиш учун пайғамбарларни юборди, китобларини нозил қилди. Худди табибнинг беморнинг ҳолатига қараб турли хилдаги дорилар беришга ўхшайди. Аллоҳ таоло юборган пайғамбарлар ҳам “қалб табиблари” бўлиб, қалбдаги мараз ва иллатларга шифо улашадилар.

Маълумки, ичкиликбозлик инсоннинг қалбини қорайтирадиган, уни ақлдан бегона қиладиган ёмон иллат. Бу иллат ўз вақтида даволанмаса унинг асорати оғир оқибатларга олиб бориши аниқ. Шунинг учун динимизда ичкиликбозликдан қаттиқ қайтарилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ  إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ (سورة المائدة الأية90-91).

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91- оятлар).

Мазкур оятда май – маст қилувчи ичимлик қимор ўйнашга, бут-санамларга ибодат қилишга, ҳар хил воситалар ёрдамида фолбинлик қилишга тенглаштирилмоқда. Айни вақтда буларда шайтоннинг қўли бўлиб, у одамларнинг орасини бузишга, ўртасида уруш-жанжаллар чиқаришга ҳаракат қилиши айтилмоқда. Мўмин-мусулмон киши бундай ишлардан ўзини сақламоғи лозим.

Араб тилида маст қилувчи ичимликни “хамр” деб аталади. “Хамр” луғатда бекитмоқ, тўсмоқ маъноларини билдиради. Чунки, у ақлни тўғри фикрлашдан тўсади, фикр йўлини беркитади.

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ وَكُلُّ خَمْرٍ حَرَامٌ "

(رَوَاهُ الإمَامُ مُسْلِمٌ وَالإِمَامُ النَّسَائِي وَالإِمَامُ ابْنُ مَاجَه).

яъни: Ибн Умар разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ҳар бир маст қилувчи нарса майдир ва ҳар бир май ҳаромдир”(Имом Муслим, имом Насоий ва Имом Ибн Можа ривояти).

Ушбу ҳадиси шариф маст қилувчи воситаларнинг ҳар қандай тури ҳаромлигини англатади. Агар бирон мўмин киши майнинг ёки маст қилувчи нарсаларнинг ҳаромлигига иймон келтириб, аммо ўзини тия билмаса, ожизлик қилса, у катта гуноҳ содир этган бўлади ва Охират куни қаттиқ азоб-уқубатга дучор бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай огоҳлантирдилар:

"مَنْ شَرِبَ الْخَمْرَ أَتَى عَطْشَانَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَلَا فَكُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ وَكُلُّ خَمْرٍ حَرَامٌ وَإِيَّاكُمْ وَالْغُبَيْرَاءَ" (رَوَاهُ الإمَامُ أحْمَدُ).

яъни: “Кимки май ичса, Қиёмат кунида жуда чанқаган ҳолида келади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир маст қилувчи нарса майдир. Сизлар “ғубайро”дан сақланинглар!” (Имом Аҳмад ривояти).

“Ғубайро” ўсимлик тури бўлиб, унга турли хил шарбатлар қўшиб, май тайёрланган. 

Бу ерда май ичувчиларга Қиёмат кунида ўзига хос жазо тури берилиши айтилмоқда. Бу дунёда Аллоҳ таоло ҳаром қилган ичимликдан сақланмаганлар охиратда оғизлари қақраган - аянчли ҳолатда бўладилар. Қиёмат кунида шу куйга тушишни хоҳламаганлар ўзларини ҳаром ичимликлардан тийсинлар ва Аллоҳга тавба қилсинлар!

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ قَالَتْ نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَمُفْتِرٍ (رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ).

яъни: Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштиргувчи нарсадан қайтарганлар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллома Таййибий раҳимаҳуллоҳ: “Ушбу ҳадис барча гиёҳванд моддаларнинг ҳаромлигига далолат қилади, чунки улар танани бўшаштириб, ақлни кетказади”, – деган.

Маст қилувчи ичимлик ичишни ўзига раво кўрган одам бошқа барча ёмонликлардан ҳам тап тортмай қилаверадиган бўлади. Бу ҳақиқатни қуйидаги ривоятдан тўлиқ тушуниб олишимиз мумкин.

Усмон разияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Маст қилувчи ичимликдан четда бўлинглар! Чунки у ифлосликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтганлар ичида бир киши бор эди. Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди. У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради. Эркак у (қиз) билан борди. У қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди. Охири бир гўзал аёлнинг ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир йигит ва бир идишда май турар эди. Аёл: “Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо сени менга яқинлик қилишинг, ёки манави идишдаги майдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави йигитни ўлдиришинг учун чақирдим”, – деди. Эркак: “Менга манави майдан бир қадаҳ ичир”, – деди. Аёл унга ичирди. Эркак: “Менга яна беринглар”, – деди.

Ўша ернинг ўзида аёлга яқинлик ҳам қилди, ҳозир бўлган йигитни ҳам ўлдирди.

Шундай экан, майдан узоқ бўлинглар!

Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган меҳрибонлиги шу қадар юксакки, У бандаларига зарари бўлган ҳар қандай нарсани ҳаром қилган, бу нарсалардан ва уларни истеъмол қилишдан қайтарган. Тиббиёт соҳаси ривожлангани сари майнинг сиҳат-саломатликка ўта зарарли экани маълум бўлмоқда. Ҳозирга қадар маст қилувчи ичимликлар мия ҳужайраларига катта зиён етиб, унинг иш фаолиятини сусайиши, ошқозон ичак, жигар касалликлари келиб чиқиши ҳамда мияга қон қуйилиш хавфи ортиши аниқланган. Нуфузли Ланцет (The Lancet) тиббиёт журналининг ёзишича, ҳар йили дунёда алкогол туфайли 2,8 миллион киши вафот этади. Эркаклар ўлимининг 7 фоизи, аёллар ўлимининг 2 фоизи айнан спиртли ичимликлар истеъмоли билан боғлиқ экан. 15-49 ёшдагиларнинг ўлимига асосий сабаблардан бири алкогол экани аниқланган.

Муҳтарам жамоат! Мўмин - мўмин учун ойнадир. Бугунги кунда жамиятимизда ичкиликбозлик оқибатида ўғрилик, талончилик, бировнинг жонига қасд қилиш каби кўплаб жиноятлар содир этилмоқда. оилаларда нотинчлик ва паркандаликлар юзага келмоқда. биз ўз уйимизда, маҳалламизда бир-бирларимизни яхшиликка даъват этиб, ёмонликлардан огоҳлантириб туришимиз лозим бўлади. Ахир, бир инсонни Аллоҳ таоло қайтарган ишни қилаётганини, жаҳолатга қараб бораётганини билатуриб, уни бундан қайтармаслик мўмин инсонга ярашмайдиган ишдир.

قَالَ النَّبيُّ ﷺ: "والَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَتَأْمُرُنَّ بالْمَعْرُوفِ ولَتَنْهَوُنَّ عَنِ المُنْكَرِ أَوْ لَيُوشِكَنَّ اللَّهُ أَنْ يَبْعَثَ عَلَيْكُمْ عِقَابًا مِنْهُ ثُمَّ تَدْعُونَهُ فَلا يُسْتَجابُ لَكُمْ" (رَوَاهُ الإمَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий солаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз, ёки бўлмаса, Аллоҳ таоло устингизга бир балони юборадики, ундан кейин қанча дуо қилсангиз ҳам дуоингиз қабул бўлмайди”, – деб огоҳлантирганлар (Имом Термизий ривояти).

Демак, халқ орасида яхшиликларни ёйиш, ёмонликларнинг олдини олишга ғайрат қилмоқ лозим бўлар экан. Агар биров билан бировнинг иши бўлмай, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлаверса, Аллоҳ таоло ҳам бандаларидан юз ўгиради, уларнинг талабларига жавоб бермайди. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бундай оқибатлардан Ўзи паноҳида асрасин! Омин!

Ҳурматли жамоат! Қуйида ичкиликбозлик оқибатида  келиб чиқадиган энг оғир жиноятларни санаб ўтамиз.

  1. Қотиллик.

Маст киши руҳиятида рўй берган салбий ўзгаришлар натижасида ўзини бошқаролмай қолади ва ҳатто ўзгаларнинг жонига қасд қилади.
Бир одамнинг жонига қасд қилиш бутун инсониятнинг яшаш ҳуқуқига тажовуздир. Кўп қотилликлар мастлик пайтида рўй беради.

  1. Зино.

Маст бўлиш одамдаги ҳаё сифатини йўқотади. Натижада ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормайди. Ичимлик ва зино одатда доим ёнма-ён туради.

  1. Ўғирлик.

Ўғирлик ҳам динимизда қораланган катта гуноҳлардан биридир. Маст одамда тақво сифати қолмайди. Бундай пайтда у ҳар қандай гуноҳга қўл уриши мумкин. Айниқса наркотик моддалар истеъмол қилувчи кишилар хумори тутганда ҳеч тап тортмасдан ўғирликка қўл уради. 

  1. Ўзаро душманчилик ва адоват.

Динимиз дўст, оға ини бўлиб яшашни, ўзаро иноқ бўлишни буюради. Мастлик пайтидаги ҳар хил ножўя гаплар, силаи-раҳм ва дўстликка путур етказадиган иборалар яқин кишилар ўртасига совуқчилик тушуради.

  1. Ёлғон ва туҳмат.

Маст одам тап тортмай ёлғон гапириши ва туҳмат қилиши мумкин. Шунинг учун ўтган замонларда ичган одамга туҳматчининг жазоси берилган.

  1. Оилаларни бузиш.

Кейинги пайтларда кўп кузатилаётган нохуш воқеалардан бири ичиб олиб талоқ қўйиш, рисоладагидек оилани барбод қилишдир. Оилавий можароларнинг аксариятига маст қилувчи ичимликлар ичиш сабаб бўлмоқда. Оқибатда болалар тирик етим бўлиб, ё отасиз, ё онасиз яшашга мажбур бўлмоқда.

  1. Ногирон болаларни туғилиши.

Оилада ота-она ёки улардан бири маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш оқибатида ногирон фарзандлар дунёга келиши кўпаймоқда. Натижада, ичувчи ота ёки онанинг нотўғри иши сабабли фарзанд бир умр ногиронлик дардига мубтало бўлмоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳаромдан узоқ қилсин, ҳалоли билан сероб қилсин, ичкилик балосига мубтало бўлган азизларимизни бу офатдан тезда қутилишни насиб айласин! Омин!

ИЛОВА: Муҳтарам имом домла! Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитасининг Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қилган мурожаатига биноан, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари  бўйича белгилаган тўлов муддати 15 октябрга қадар оз вақт қолганлигини инобатга олган ҳолда жамоатга солиқларни ўз вақтида тўлаш бўйича эслатма беришингизни сўраймиз.

 

5669 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top