Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ رب العالمين وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا ونبينا مُحَمَّدٍ الأمين ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ:

ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР 

Муҳтарам жамоат! Динимизда ҳалол касб қилишга тарғиб қилинган бўлиб, танбаллик ва ишёқмаслик каби кишининг ўзига ва жамиятига зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилган.  Киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрига итоат этади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда касбу кор қилишга амр қилиб шундай деган:

فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ 

яъни: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Жумъа сураси, 10-оят).

Ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъй-ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган бўлиб, ҳатто бу нарса фарз даражасига кўтарилгандир. Бу ҳақда

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"طَلَبُ كَسْبِ الْحَلاَلِ فَرِيْضَةٌ بَعْدَ الْفَرِيْضَةِ"

(رواه الإمام البيهقي عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه)

яъни: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Имом Муҳаммад аш-Шайбоний илм талаб қилиш қандай фарз бўлса, ҳалол касб талаб қилиш ҳам худди шундай фарздир, деганлар.

Мўмин киши ҳалол ризқ топиш ҳаракатида бўлган пайтида, Аллоҳнинг амрига мувофиқ амал қилиши билан биргаликда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига ҳам биноан иш тутаётган шахс ҳисобланади. Зеро, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"مَا أَكَلَ أَحَدٌ طَعَامًا قَطُّ خَيْرًا مِنْ أَنْ يَأْكُلَ مِنْ عَمَلِ يَدِهِ"

 (رواه الإمام ابن ماجه عَنِ الْمِقْدَامِ رَضِي اللَّه عَنْه)

яъни: “Киши ўз қўл меҳнати билан топганидан кўра яхшироқ ва покизароқ таом емайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Муҳтарам азизлар! Уламоларимиз тирикчилик ва касб-кор қилиш орқали мол топишни бир неча даража ва мартабаларга бўлганлар.

Биринчиси – фарз даража бўлиб, бу кишининг ўзи ва оиласининг зарурий эҳтиёжларини қондириш ҳамда қарзларини узишга етадиган миқдорда ишлаб пул топишидир.

Иккинчиси – мустаҳаб даража бўлиб, бу фақир-камбағалларга ҳам ёрдам қўлини чўзиш, дўст-ёр ва яқинларига мурувват кўрсатиш мақсадида мол-дунё орттиришга ҳаракат қилишдир. Ўзгаларга ёрдами тегадиган кишини Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаб бундай деганлар:

"أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ  لِلنَّاس"

(رواه الإمام الطبراني عَن ابْنِ عُمَر رضي الله عنهما)

яъни: “Одамларнинг ичида Аллоҳга энг маҳбуби одамларга кўпроқ манфаати етадиганидир (Имом Тобароний ривоятлари).

Учинчиси – мубоҳ даражадаги касбу кор. Бу фаровон ҳаёт кечириш учун зиёда мол орттирмоқ. Бу ҳам агар ҳалолдан бўлса жоиздир. Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

"مَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلالا اسْتِعْفَافًا عَنِ الْمَسْأَلَةِ  وَسَعْيًا عَلَى الْعِيَالِ وَتَعَطُّفًا عَلَى الْجَارِ  لَقِيَ اللَّهَ تَعَالَى وَوَجْهُهُ كَالْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ"

(رواه الإمام البيهقي عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ  رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ).

яъни: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш  учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи тўлин ой каби порлаган ҳолда Аллоҳга йўлиқади” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Тўртинчиси – макруҳ даража бўлиб, бу манманлик, кеккайиш, кибру ҳаво ва мақтаниш учун гарчи ҳалолдан бўлса ҳам мол-мулк топиш. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

"وَمَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلالا مُفَاخِرًا مُرَائِيًا مُكَاثِرًا لَقِيَ اللَّهَ تَعَالَى وَهُوَ عَلَيْهِ غَضْبَانُ"

(رواه الإمام البيهقي عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ  رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)

яъни: “Ким мол-дунёни мақтаниш, кўз-кўз қилиш ва бошқалардан кўплиги билан фахрланиш учун талаб қилса, Аллоҳ таолога унга ғазаб қилган ҳолида йўлиқади” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Эрта билан ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман, деган эзгу ва покиза ниятларда ишига йўл олган инсонга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Шунинг учун Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

"مَنْ بَاتَ كَالًّا مِنْ طَلَبِ الْحَلالِ بَاتَ مَغْفُورًا لَهُ"

(رواه الإمام ابن عساكر عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُا)

яъни: “Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган ҳолда ўрнига ётса, туни гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтади” (Имом Ибн Асокир ривоятлари).

Банда ҳалол меҳнат қилиб, аҳли-аёлимнинг нафақаси зиммамдаги вожиб амал, деб ихлос билан бозорга қадам қўйиб кириб борар экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган қуйидаги дуони ўқиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бинобарин, бунда дуо қилувчи учун кўплаб фойдалар бор. Умар ибн Хаттоб р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. бундай дедилар:

"مَنْ دَخَلَ السُّوقَ فَقَالَ لاَ إلَهَ إلاَ اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيْكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَ لَهُ الْحَمْدُ يُحْيِيْ وَ يُمِيْتُ وَهُوَ حَيٌّ لَا يَمُوتُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيْرٌ، كَتَبَ اللهُ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ حَسَنَةٍ وَمَحَا عَنْهُ أَلْفَ أَلْفِ سَيِّئَةٍ وَرَفَعَ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ دَرَجَةٍ"

(رواه الإمام الترمذي عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Кимки бозорга кириб, “Ла илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу ла шарика лаҳу,  лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмиту ва ҳува ҳайюл ла ямуту биядиҳил хойру ва ҳува ъала кулли шайъин қодир”, - деса Аллоҳ унга минг-минг яхшиликлар ёзади, минг-минг хатосини ўчиради, уни минг-минг даражага кўтаради” (Имом Термизий ривоятлари).

  Дарҳақиқат, ризқни берувчи Аллоҳ эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ризқни қанча миқдорда бериш Аллоҳ таолога ҳавола, банданинг вазифаси эса ҳаракат қилиш бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ

وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ

 (سورة سباء/39)

 яъни: “Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39- оят).

Биз ниятимизни тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб ҳалол касбу-ҳунар қилсак, берган ризқига шукрона қилсак, иншоаллоҳ, турмушимиз янада фаровон бўлади.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳозирги пайтда ҳукуматимиз томонидан  тадбиркорларимизга жуда кўп имкониятлар яратилмоқда. Мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳалол ризқ талабида бўлсак, юқоридаги барча оят ва ҳадисларнинг кўрсатмаларига мувофиқ иш тутган ҳамда  ўзимиз ва ўзгаларни фаровон ҳаёт кечиришларига сабабчи бўламиз, иншааллоҳ.

Муҳтарам азизлар! Маълумки, жорий йилнинг 20 августидан ҳижрий 1442 йил бошланди. Унинг биринчи ойи Муҳаррам ойи бўлиб, Рамазон ойидан кейин энг ҳурматли ой ҳисобланади. Ашуро куни эса Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Муҳаррам ойи ва унда рўза тутишнинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадис ривоят қилинган. Жумладан: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

"أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ رَمَضَانَ شَهْرُ اللهِ الْمُحَرَّمُ"

(رَوَاهُ الْاِمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)  

яъни: “Рамазондан кейин рўзаларнинг афзали Аллоҳнинг ойи Муҳаррам (рўзаси)дир” (Имом Муслим ривоятлари). Яна бир ҳадисда шундай марҳамат қилинган:

"صِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ"

(رَوَاهُ الْاَمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي قَتَادَةَ)

яъни: Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Имом Термизий ривоятлари).

Бундай улкан имконият Аллоҳ таолонинг биз – бандаларига қилган фазл ва марҳаматидир.  Фиқҳий китобларимизда Ашуро кунининг рўзаси ҳақида қуйидаги масалалар баён қилинган.

Ашуро куни (Муҳаррамнинг 10-куни)нинг рўзасини 9-куни билан қўшиб тутиш суннат амалдир. Фақат Ашуро кунининг ўзида рўза тутиш макруҳдир (“Фатовои Ҳиндия” китоби).

  Ашуро кунидан аввал ҳам, кейин ҳам бир кун рўза тутиш мустаҳаб бўлади (“Фатҳул Қадир” китоби).

Демак, бу йилги Ашуро куни 29 Август шанба кунига тўғри келишини инобатга олиб, Ашуро кунига бир кунни қўшиб, жума ва шанба ёки шанба ва якшанба кунлари рўза тутсак ёки имконияти борлар Ашуро кунига қўшиб бир кун олдин ва бир кун кейин рўза тутсалар юқорида ваъда қилинган барча савобларни қўлга киритадилар, иншааллоҳ.

Шунингдек, Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиш борасида ҳадиси шарифда шундай деганлар:

"مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ فِي سَائِرِ سَنَتِهِ"

(َروَاهُ الْاِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ عَنْ عَبْدِ اللهِ ابْنِ مَسْعُودٍ)

яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким оила аҳлига Ашуро кунида (озиқ-овқат, кийим-кечакда ва бошқа нарсаларда) кенгчилик қилса, йилнинг қолганида Аллоҳ унга кенгчилик қилади” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Имом Суфён ас-Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик,” – деганлар. Суфён ибн Уяйна: “Биз буни 50-60 йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик”, – деганлар.

Демак, Ашуро куни бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракали бўлиши умид қилинади.

Янги ҳижрий йил юртимиз, халқимиз, оиламиз учун тинчлик, хотиржамлик, хайрли-баракали йил бўлишини Аллоҳ таоло насиб айлаб, тадбиркорларимизнинг касбу корларига барака бериб, халқимиз турмушида фаровонликни янада зиёда айласин! Омин!

 

2768 марта ўқилди
Top