Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلِّهِ الَّذِي وَعَدَ الصَّابِرِيْنَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَاب، وَجَعَلَ لَهُمُ الْعَوَاقِبَ الْجَمِيْلَةَ يَوْمَ الْمَآب، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِ الشَّاكِرِيْنَ وَعَلَى آلِهِ وَاَصْحَابِهِ أَجْمَعِيْن، وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِاِحْسَانٍ اِلَي يَوْمِ الدِّيْن

САБР ВА ШУКРНИНГ ФАЗИЛАТИ

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, бугунги кунда халқимиз бошига тушган қийинчиликдан кейин енгиллик келди. Беш ойдан ортиқ танаффусдан кейин масжидларимизда жамоат ва жума намозлари адо қилиш бошланди.

Бу синовли кунларда бир қанча мутасадди ташкилотларнинг фидокорона хизматини алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, Республика махсус комиссия аъзолари, тиббиёт мутахассислари, ички ишлар ходимлари ва бошқа бир қанча ташкилотлар туну-кун тин олмасдан, юртдошларимизни хизматларида шай турдилар. Аллоҳ таоло бу эзгу ишга ҳисса қўшган барча инсонларни икки дунёларини обод қилиб, кўплаб ажру савоблар билан мукофотласин!

Бугунги мавъизамиз инсоний фазилатларнинг энг гўзали ва инсон камолотининг белгиси бўлмиш сабр ҳақида экан, аввало сабрнинг ўзи нима экани ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонларни сабр қилишга чақирган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз”! (Оли Имрон сураси, 200-оят).

Маълумки, барчамиз бир қанча вақтдан бери бошимизга келган бу касаллик тезроқ кўтарилсаю, яна масжидларимиз очилиб, беш вақт ва жума намозларини жамоат билан адо қилсак деган умидда эдик. Алҳамдулиллоҳ, мана бугун бир қанча орзуларимизга эришиб, жума намозини ҳам адо қилиш бахтига муяссар бўлиб турибмиз. Бу ҳам бўлса, карантин қонун-қоидаларига сабр билан амал қилиб, соҳа мутахассисларининг сўзларига қулоқ солганимизнинг бир натижаси десак муболаға қилмаган бўламиз.

Азизлар! Бу дунёда бандага етган мусибат Аллоҳ таолонинг бандасига яхшиликни раво кўриши ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"إِذَا أَرَادَ اللَّهُ بِعَبْدِهِ الْخَيْرَ عَجَّلَ لَهُ الْعُقُوبَةَ فِي الدُّنْيَا وَإِذَا أَرَادَ اللَّهُ بِعَبْدِهِ الشَّرَّ أَمْسَكَ عَنْهُ بِذَنْبِهِ حَتَّى يُوَافِيَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ"

(رواه الإمام الترمذى عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ الله عَنْهُ)

яъни: “Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо беради. Ёмонликни раво кўрса, тўлиқ жазосини бериш учун гуноҳини қиёматга қолдиради” (Имом Термизий ривоятлари).

Агар биз яна сабр қилиб, жорий карантин қоидаларига амал қилиб борсак, бор имкониятимизга шукр қилсак ва Аллоҳдан сўрашда бардавом бўлсак, ажаб эмас, умра зиёрати ва ҳаж ибодатларига ҳам тезроқ йўллар очилиб қолса. Агар биз шукр қилсак, Аллоҳ таоло неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсак, бу неъматларни давомийлигини кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча оятларида шукр қилувчиларни мадҳ қилган. Жумладан, Бақара сурасида шундай марҳамат қилди:

(يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُوا لِلَّهِ إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрли бандадир – мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Табарий ривоятлари).

Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деганлар:

"إِنَّ النِّعْمَةَ مَوْصُولَةٌ بِالشُّكْرِ، وَالشُّكْرُ مُتَعَلِّقٌ بِالْمَزِيدِ، وَلَنْ يَنْقَطِعَ الْمَزِيدُ مِنَ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ حَتَّى يَنْقَطِعَ الشُّكْرُ مِنَ الْعَبْدِ"

(رواه الإمام البيهقي)

яъни: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Азизлар! Аллоҳ таолонинг ҳар бир ишида ҳикмат борлиги учун ҳам бу сановли кунда барчамизга ибратлар бор. Озми-кўпми камчиликларимизни билдик, хато-нуқсонларимизга тавба қилдик, синовли кунларга сабр қилишни ўргандик ва ҳоказолар.

Юртимиз равнақи ва барчамиз икки дунё саодатига эришишимиз учун бундан кейин ҳам ибодатларда янада мустаҳкам бўлиб, ҳалол-покиза ва тақводорлик билан ҳаёт кечиришимиз, барчамиз ўз касб ва фаолиятимизга масъулият билан ёндашишимиз айни муддао бўлади. Зеро, Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Қаерда бўлсанг ҳам, тақво қилгин, агар бирорта гуноҳ қилсанг албатта, унинг кетидан бирор савобли ишни қилгинки, қилган гуноҳингни ўчириб юборсин, инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилгин” (Имом Термизий ривоятлари).

Аллоҳ таоло барчамизни сабр-бардошли ва борига шукр қилувчи бандалардан қилсин! Ўзи ваъда қилганидай сабримиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин! Омин!

 

3435 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top