Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ أَوصَى بِالإِحْسانِ إِلى الأَيْتامِ، وأَمَرَ لَهُمْ بِجَمِيلِ الرِّعايَةِ وحُسْنِ القِيامِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا ونبينا مُحَمَّدٍ رُعاةِ حُقُوقِ المِسكِينِ واليَتِيمِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ

ЕТИМЛАРГА ҒАМХЎРЛИК – УЛКАН САВОБ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, динимизда жамиятнинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор билан қаралади. Катта ёки кичик бўлсин, эркак ёки аёл бўлсин ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир.

Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан гоҳида болалар ёшлигиданоқ ота-онасидан ажраладилар. Улар учун ота-онани ўрнини босувчи кишиларга эҳтиёж туғилади. Етим болалар айнан ёрдам ва эътиборга лойиқ жамият аъзоларидир. Аллоҳ таоло жамиятдаги бошқа шахсларнинг етимларга бўладиган муносабати, уларнинг мол-мулкларига оид ҳукмларни ҳам Қуръони каримда ва Ўз пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари орқали баён қилиб берган.

Мусулмон жамиятининг етимларга кўрсатадиган биринчи эътибори, етимларнинг дилини оғритмаслик, уларнинг ҳаққини емаслик ва улар балоғат ёшига етгандан кейин, уларнинг мол-мулкларини ўзларига қайтариб беришдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 وَابْتَلُوا الْيَتَامَى حَتَّى إِذَا بَلَغُوا النِّكَاحَ فَإِنْ آَنَسْتُمْ مِنْهُمْ رُشْدًا فَادْفَعُوا إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ وَلَا تَأْكُلُوهَا إِسْرَافًا وَبِدَارًا أَنْ يَكْبَرُوا وَمَنْ كَانَ غَنِيًّا فَلْيَسْتَعْفِفْ وَمَنْ كَانَ فَقِيرًا فَلْيَأْكُلْ بِالْمَعْرُوفِ فَإِذَا دَفَعْتُمْ إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ فَأَشْهِدُوا عَلَيْهِمْ وَكَفَى بِاللَّهِ حَسِيبًا

яъни: “Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар  назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақирингиз. Аллоҳ ҳисоб-китобда кифоя қилувчи зотдир” (Нисо сураси, 6-оят).

Фиқҳий қонун-қоидаларга кўра, шариатимизда етим деб балоғатга етмасидан олдин отаси вафот этган болага айтилади. Балоғат ёшига етганидан сўнг етим ҳисобланмайди. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"لَا يُتْمَ بَعْدَ احْتِلَامٍ، وَلَا صُمَاتَ يَوْمٍ إلَى اللَّيْلِ"

(رَوَاهُ الامام أَبُو دَاوُد عَنْ عَلِيِّ رضي الله عنه)

яъни: Эҳтилом (балоғатга етган)дан сўнг етимлик йўқдир. Кундузи то кечгача сукут қилиб, (бошқа диндагиларда бўлгани каби) жим туриш ҳам йўқдир”, (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Демакки, юқоридаги оят ва ушбу ҳадиснинг далолатига кўра етимларнинг вояга етишлари, уларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишлари билан шарт-шароитлар ўзгаради.

Муҳтарам жамоат! Бизнинг диёрларда етим-есирларга алоҳида ғамхўрлик қилиш, уларнинг бошини силаш улкан савоб экани, етимнинг ҳаққини ейиш оғир гуноҳ эканлиги каби тушунчалар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетгандир. Бизнинг ота-боболаримиз олийжаноб ислом динимизнинг таълимотига амал қилиб, етимлар, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлганларга меҳр-мурувват улашиб, керак бўлса уйларидан жой берганлари фахрланса арзигулик ишдир.

Етимни кафолатига олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"أَنَا وَكَافِلُ الْيَتِيمِ فيِ الْجَنَّةِ هَكَذَا" وَأَشَارَ بِالسَّبَّابَةِ وَالْوُسَطَى وَفَرَّجَ بَيْنَهُمَا

(رواه البخاري عن سهل بن سعد رضي الله عنه)

яъни:Етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мен билан мана шундай ёнма-ён турамиз”, - деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар(Имом Бухорий ривоятлари).

Кейинги пайтларда “тирик етимлар” деган иборанинг кўп эшитилишига ҳам асослар бор. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўла туриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва гўдак фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими!?

Етимни кафолатга олишнинг фазилатли бўлиши муқобилида, Қуръони каримда етимга қаҳр қилмаслик, унга мерос қолган молга кўз олайтирмаслик таъкидланади:

فَأَمَّا الْيَتِيمَ فَلا تَقْهَرْ

яъни: “Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!” (Зуҳо сураси, 9-оят).

 Ваҳоланки, етимларга ғамхўрлик қилиш борасида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"خَيْرُ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُحْسَنُ إِلَيْهِ، وَشَرُّ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ

بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُسَاءُ إِلَيْهِ"

(رواه البخاري عن عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни:Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмонлик қилинадиган уйдир, - деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки, бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилари етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.

Шариатимиз етимларнинг таъминотини, агар унга мол мерос қолган бўлса, ўшандан, мол қолмаган бўлса, яқин қариндошларининг маблағидан таъминланиши белгилаб қўйилган. Масалан, етимни бобоси ёки балоғатга етган акаси, ёки амакиси етимни моддий жиҳатдан таъминлаш вожиб бўлади.

Яқин қариндошлардан ташқари етимларни қарамоғига олмоқчи бўлганлар, уларни ўз қариндошлари даврасида (масалан, бобо ва бувилари) қолдириб, ҳомийлик қилсалар яна ҳам яхшироқ бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, пандемия даврида аҳолининг даромади кам бўлган қисми бирмунча қийинчиликка дуч келди. Жумладан, отасини йўқотган етимларнинг ҳам вазияти оғир бўлди, лекин халқимизнинг саховатли фарзандлари айни мана шу машаққатли даврда етимларга ўзларининг хусусий мол-мулклари ёки турли фонд ва жамғармалар орқали ёрдам беришмоқда. Албатта, Аллоҳ таоло улар сарфлаган маблағларнинг ўрнини бир неча баробар қилиб тўлдиради ва ваъда қилган катта ажрларини беради. 

Маълумки, динимиз қоидаларига кўра ҳеч кими бўлмаган етимларнинг ҳомийси давлатдир. Ҳозирги кунда давлатимиз томонидан ҳам етимлар учун “Меҳрибонлик уйлари” ташкил қилиниб, у ерда тарбия топаётган болаларга ғамхўрлик қилиб келинмоқда. Балки, уларга моддий томондан ҳамма шароитлар яратиб берилмоқда. Бироқ, ҳар қанча бўлса-да, ота-онасининг меҳрини ҳеч ким беролмайди. Шунинг учун, фарзандларини тирик етим қилаётган оталар, ўз жигарларидан воз кечиб кетаётган оналар нақадар оғир гуноҳ қилаётганларини англамоқлари лозим.

Пандемия сабабли бир қанча оилалар боқувчисини йўқотди. Улар қаторида етим қолган болалар ҳам бор. Барчамиз атрофимиздагиларга эътиборли бўлиб, қийин аҳволда қолган етимлар ва бева-бечоралардан хабардор бўлиб туришимиз, уларга озми-кўпми қўлимиздан келганча ёрдам бериб туришимиз динимиз тарғиботи ва одамийлик талабидир. Аллоҳ таоло бизни бахилликдан сақлаб, саховатли кишилардан қилсин!

Азизлар! Маърузамизнинг давомида намознинг фарзларидан бўлмиш такбири таҳримага оид баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.

  • Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва такбири таҳрима – “Аллоҳу акбар” лафзини айтиб намозга кирилади.
  • Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони Қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
  • “Аллоҳу акбар”, деб такбир айтганда “Аллоҳ” лафзидаги “а” товушини чўзиб “Аааллоҳ” деса, ёки “Акбар” сўзидаги “а” товушини чўзиб “Ааакбар” деса, ёки “ба” товушини чўзиб “Акбааар” деса, намозга кирган бўлмайди, яъни намози бузилади.
  • Имомга иқтидо қилувчи киши намозга киришда имомдан олдин “Аллоҳу акбар”ни айтиб қўйса, намозга киришган бўлмайди. Шунинг учун имом “Аллоҳу акбар” ни “ро” сига келганда, иқтидо қилувчи киши “Аллоҳу акбар” ни бошлаши керак.
  • Намозга кечикиб келган киши имомни руку қилиб турганини кўрса ва биринчи рукуга кетиб, кейин такбири таҳрима айтса, намозга киришган бўлмайди. Чунки такбири таҳримани тик турган ҳолда айтиш керак (Манба: “Фатовои ҳиндийя” китоби).

Аллоҳ таоло барчамизни муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга тавфиқ берсин ва бунинг эвазига ваъда қилинган улуғ ажру савобларни олишни насиб қилсин! Омин!

 

Ҳурматли имом-домла! Келаси йил учун “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига обуна бўлиш бошланди! “Ҳидоят” 84 000 (саксон тўрт минг сўм), “Мўминалар” 48 000 (қирқ саккиз минг сўм) ва “Ислом нури” 62 400 (отмиш иики минг тўрт юз сўм). Шуни жамоатга эълон қилиб қўйишингизни сўраймиз.

 

3859 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top