Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Ҳар ишда ҳалоллик лозим

(Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни

қўллаб-қуватлаш йили)

Муҳтарам жамоат! Инсон Аллоҳ таоло тарафидан мукаррам ва азиз  қилиб яратилган зотдир. Одамзотдан бошқа маҳлуқотлар кўплаб яратилган бўлсада, аммо ақлдек жавҳарга фақат инсон мушарраф бўлган. Ҳар бир иш ва юмушни ақл ишлатиб, фикр қилиб кўриш инсоннинг бурчидир. Одам учун фойда ва савобли ишларнинг бири бу луқмани ҳалол қилишдир. Инсоннинг танасини дўзах ўтидан сақловчи бир сабаб – айнан ҳалол луқмадир. Шариъатимиз инсоннинг касб-кори фақат ҳалол бўлиши, ризқ-рўзининг манбаи бирор шубҳа аралашмаган ҳалол маблағдан бўлишига чақиради. Бизнинг динимизда ҳалол луқма талаб қилиш ҳатто фарз даражасига кўтарилган.

Қуръони карим ва суннати набавия ҳукми ила ҳалол ва ҳаром ўртасидаги фарқ очиқ ойдин баён қилинган. Ким ўзини уларга таслим санаса, ҳаромдан ҳазар қилсин, ўзганинг ҳаққига тажовуздан тийилсин. Шундагина Ислом уммати номига муносиб бўламиз. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ

яъни: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”(Бақара сураси, 168-оят).

Ушбу ояти каримада шайтоннинг изларидан эргашиш ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб қўйилмоқда. Бундан мурод – “Шайтоннинг йўлида юрганларни ҳалоллик йўлидан юришга қўймайди", деганидир. Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Нажот уч нарсада – ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Набий алайҳиссаломга эргашишдадир”, деганлар.

Қуръони каримнинг бошқа оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ

яъни: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).

Молни ботил йўллар билан ейишга рибо (яъни судхўрлик), порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий тарзда ошириш, ўғрилик, фирибгарлик ва товламачик каби йўллар ила мол топиш киради.

Ҳалол луқманинг аҳамияти ва ҳаромдан топилган мол-мулкнинг зарари борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

عن أبي هريرة رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:"إنَّ اللهَ طَيِّبٌ لاَ يَقبَلُ إِلاَّ طَيِّبًا، وَ إِنَّ اللهَ أَمَرَ المُؤمِنِينَ بِمَا أَمَرَ بِهِ المُرسَلِينَ، فَقَالَ تَعَالىَ: {يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ}  (سورة المؤمنون/51)، وَ قَالَ تَعَالىَ: {يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ}  (سورة البقرة/172)، ثُمَّ ذَكَرَ صلى الله عليه وسلم الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشعَثَ أَغبَرَ يَمُدُّ يَدَيهِ إِلىَ السَّمَاءِ وَ يَقُولُ يَا رَبِّ ياَ رَبِّ وَ مَطعَمُهُ حَرَامٌ، وَ مَشرَبُهُ حَرَامٌ، وَ مَلبَسُهُ حَرَامٌ، وَ غُذِيَ باِلحَرَامِ! فَأَنىَّ يُستَجَابُ لِذَلِكَ؟"

(رواه الإمام مسلم)

яъни: У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир ва У пок нарсанигина қабул қилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам буюрган. У айтганки: Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз!(Мўминун сураси, 51-оят) ва яна айтдики: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар!” (Бақара сураси, 172-оят). Шундан сўнг, Расулуллоҳ ﷺ  бир киши ҳақида айтдилар: У узоқ (ҳаж) сафарига чиқиб, соч-соқоли тўзғиб, чангга ботган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб, эй, Раббим, эй, Раббим, дейди. Ваҳоланки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озиқланган! Қаердан ҳам дуоси ижобат бўлсин?” (Имом Муслим ривояти).

Демак, мусулмон инсон ҳаромдан, бировнинг ҳаққидан дўзахга тушишдан қўрққан каби қўрқиши зарурдир. Зотан, инсон бировнинг игна қадар ҳаққи сабабидан ҳалокатга учраши мумкин. Бу эса турли касб ва соҳаларда хизмат қилаётганлар иймону ихлос билан ҳалолликни лозим тутишини ифодалайди.

Жумладан: Нонвой эрта-тонгдан унни қориб, касбга киришар экан, ёпадиган нони ҳар бир инсоннинг қўлига ҳалол пок етиб бориши учун ундан покизалик талаб қилинади. Ҳатто пешонасидан томадиган терни ҳам қораётган хамирга томмаслиги чорасини кўриши лозимдир.

Қассоб ҳам сўяётган жонлиқни "Бисмиллоҳ"ни айтиб, ҳалол покиза сўйиши, жамиятга ҳалол гўшт тақдим қилишни ўзининг бурчи деб билиши ҳамда бу борада ўзини  омонатдор ҳис қилиши лозимдир.

Жамоат жойларида хизмат қилаётган ошпазлар, ҳатто идиш-товоқ ювушчилар ҳам покизаликка катта аҳамият қаратиши лозим бўлади.

Ҳайдовчилар ҳам белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилиб, йўловчилар хавфсизлигини  кўзлаб ҳаракат қилиши ва ўзгаларга халақит бермасдан автоуловларни бошқариши лозим бўлади.

Ўқитувчи-муаллимлар ҳам дарс вақтини риоя қилиши ҳамда ўз касбининг омонатдори эканини асло унумасликлари лозимдир. Улар синфхонада 45 минут ёки 80 минут дарс вақтидан ҳар бир дақиқасини унумли фойдаланиши, ўқувчи ёки талабаларга манфаатли билимлари етказишга бор имкониятини сарфлаши, бунинг учун эса аввало дарсга яхши тайёргарлик кўриб, вақтида келиши лозим бўлади.

Ўқувчи талабалар ҳам ўқитувчининг ҳамда синфдошларининг вақтини беҳуда зое қилмаслиги учун уй вазифаларини яхши тайёрлаб келишлари, бу борада уларни ота-оналари қаттиқ назорат қилишлари талаб қилинади.

Шунингдек, халқнинг соғлиғига масъул бўлган соҳа мутахассисларининг хизматлари ҳам алоҳида таҳсинга муносибдир. Шундай бўлса-да, уларга маслаҳатимиз беморларга нисбатан имкон қадар яхши муомала қилиши, уларни даволашда бор имкониятларини ишга солишлари лозим бўлади.

Худди шу каби бошқа барча соҳа вакиллари ҳам ҳалолликка аҳамият қаратиши, ўзлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳамда жамият олдида касбининг омондори деб билишлари лозим бўлади.

минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда ёлғончилик, ваъдага вафосизлик, товламачилик, бировни алдаб пул ва нарсаларини олиш, қарз, омонатга нарса олиб, бермасдан юриш, оддий ҳолатларда ҳам ёлғон гапириш, ўз манфаатини ўзганинг манфаатидан, ҳаққидан устун қўйиш каби разил иллатлар, оғир гуноҳлар борки, баъзи инсонларга касб-корларида оддий ҳолга айланиб бормоқда. Бу иллатлар нафақат инсоннинг умри, ризқи, моли, оиласидан баракани кетказади, балки кишининг охирати учун ҳам аянчли оқибатлари учун ҳам сабаб бўлиб қолади. Шу сабаб бундай иллатлардан огоҳ бўлишимиз даркор. Зеро ҳадиси шарифлардан бирида бундай дейилган:

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ :"وَالَّذِي نَفسُ محمد بِيَدِهِ إِنَّ العَبدَ لَيقَذِفُ بِلُقمَةِ الحَرَامِ فيِ جَوفِهِ فَلَا يَقبَلُ مِنهُ عَمَلُ أَربَعِينَ يَومًا، وَ أَيُّمَا عَبدٍ نَبَت لَحمُهُ مِن السُّحتِ وَ الرِّبَا، فَالنَّارُ أَولَى بِهِ"

(رواه الإمام الطبراني)

яъни: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, банда қорнига битта ҳаром луқмани ташлаши билан қирқ кунлик амали қабул бўлмайди. Қайси банданинг эти ҳаром ва рибо орқасидан ўсган бўлса, у дўзахга лойиқдир” (Имом Табароний ривояти).

бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимики қаердан мол топаётганига эътибор қилмаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига парво қилмайди”, дея, инсонларни ҳалол ризқни талаб қилишга, бировнинг ҳаққидан огоҳ бўлишга қаттиқ ундаганлар.

Ўтган солиҳ ота-боболаримиз тарозидан уриб қолувчилар ҳақида: "Бир дона донни фойда қиламан деб, кенглиги еру осмонларча бўлган жаннатни бой берганларнинг ҳолига вой бўлсин!" – дер эдилар.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг доимо ҳалолликка эътибор беришлиги, шубҳали луқмадан ҳам эҳтиёт бўлиши хақида шундай дейди:

“Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир қули бўлиб, у ишлаб бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча ўша қул таом олиб келди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ундан бир луқма еган вақтида қул у кишига сизга нима бўлди? Ҳар кеча мендан олиб келган нарсаларимни қайси йўл билан топиб келганим ҳақида сўрар эдингиз, бу кеча эса сўрамадингиз, – деди.

–Буни ейишга мени очлик мажбур қилди. Буни қайси йўл билан топиб келдинг? – деди Абу Бакр розияллоҳу анҳу.

–Жоҳилият пайтида бир қавм олдидан ўтаётиб уларга афсун қилган эдим. Бу хизматимга улар менга ҳақ беришни ваъда қилишган эди. Бугун уларнинг олдидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан, ўша ваъда қилган нарсаларини беришди, – деди қул.

–Мени ҳалок қилай дебсан-ку, – деди Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва қўлини оғзига тиқиб қусишга харакат қила бошлади. Еган нарсаси эса чиқмади. У кишига бу нарса фақат сув билан чиқади, дейилди. У киши бир идишда сув олиб келишларини буюрди. Сув келтирилгач, ундан ичиб қусишга уринди. Охири еган нарсасини чиқариб ташлади. Шунда у кишига “Аллоҳ раҳмингизни есин, бир луқмани деб шунчалик қиласизми?” – дейилди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Агар еган нарсам жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганида ҳам, албатта чиқарар эдим. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг  “Ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга дўзах вожибдир”, деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин деб қўрқдим”, – деди.

Айниқса, ҳозирги кунимизда насияга савдо қилиб ёки қарз олиб, ҳатто имконият бор бўлса ҳам ўзгаларнинг ҳаққини ўз вақтида бермай, ҳақдордан яшириб юриш ҳолатлари кўп учрамоқда. Ваҳоланки, бундай ҳолат шариатимизда улкан гуноҳ экани, ҳақдорга нисбатан зулм экани айтиб ўтилган. Қарздор ҳолатда вафот экан инсон Қиёмат кунида оғир аҳволда қолишидан огоҳлантирилган.  

عَنْ أبِى مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ" :أَعْظَمُ الذُّنُوبِ عِنْدَ اللَّهِ ، أَنْ يَلْقَاهُ بِهَا بَعْدَ الْكَبَائِرِ الَّتِي نَهَى اللَّهُ عَنْهَا ، أَنْ يَمُوتَ رجُلُ وعَلَيْهِ دَيْنٌ لا يَدَعُ لَهُ قَضَاءً "

(رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ)

яъни: Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг наздида Аллоҳ қайтарган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, У зотга рўбарў бўлишидир”, дедилар (Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Муҳтарам жамоат! Ҳаром таомдан улғайган бола, албатта, бузуқ ва зулмкор бўлади, унга ҳеч қандай панд-насиҳат, таълим кор килмайди, чунки ҳаромда шайтон бор, ҳаром луқма билан бирга шайтоний табиат ҳам боланинг танасига сингиб боради. Аксинча, ҳалол луқма эса қалбга нур, дилга сурур бахш этади. Инсонда хотиржамлик ва ҳаловат пайдо қилади. Аъзоларни ибодатга моил этиб, амалларни мақбул бўлишига сабаб бўлади.

Ривоят қилинишича, улуғ аждодимиз, буюк муҳаддис олим Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ Марвда бўлган пайтларида бировдан бир қалам олдилар. Орадан вақт ўтиб Абдуллоҳ ибн Муборак Марвдан Шомга бордилар. Шомга боргач, бояги қалам хаёлларига келиб, дарҳол ортларига қайтиб, орадаги масофа узоқ ва сафарнинг қийинчилигига қарамай, қаламни эгасига топширган эканлар.

яна бир буюк аждодимиз Имом Бухорийнинг оталари Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ўлим тўшагида ётган пайтларида олдиларига яқинлари зиёрат учун киришган экан. Шунда у зот: “Молимдан бирор бир дирҳам на ҳаромдан ва на шубҳадан топилганини билмайман”, деган эканлар. Ушбу ривоятни Имом Аҳмад эшитганларида “Оталарнинг солиҳ бўлиши фарзандларга ҳам наф келтиради”, деган эканлар.   

Биз бугун мана шундай буюк аждодларимизга ҳавас қилсак, етук шахсиятларни тарбия қилиб, етиштирмоқчи бўлсак, аввало бировнинг ҳаққидан ҳазар қилайлик. Ўзимизнинг ва оила аъзоларимизнинг ризқини ҳалолдан бўлишига, унга бирор шубҳали луқма аралашмаслигига жиддий эътибор берайлик.  

Яна шуни ҳам қайд этиб ўтишни лозим деб биламизки, айрим кимсалар коммунал хизмат, яъни давлат томонидан таъминлаб туриладиган электр энергия, газ, сув, ер солиғи ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўламасдан мажбурий ижро ходимларини овора қилиб, аҳоли билан жиддий муомала қилишларига мажбур қилаётганлар борлиги ачинарли ҳолдир. Ахир, давлат ҳаққи аслида инсонлар ҳаққи. Уни турли ҳийлалар билан, асоссиз баҳоналар билан ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириб ҳақ тўлашдан қочишга ҳаракат қилиш айни гуноҳи кабира эканини эслатиб қўймоқчимиз. Бунга бепарво бўлиш юқоридаги оят-ҳадисларда огоҳлантирилган жазоларга олиб келишини эсдан чиқармайлик.

Аллоҳ таоло халқимизнинг барча ишларини ҳалолдан бўлишини муваффақ қилсин, ҳалол касб қилаётган юртдошларимизнинг касби-корларига баракалар ато қилсин. Омин!

 

5288 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top