muslim.uz
Хато тавба билан тузатилади (видео)
Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ: Аҳли сунна – ҳақ йўл! (инфографика)
Қорақалпоғистонда яна бир янги масжид фаолиятини бошлади
Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган, Нукус шаҳридан 450 км узоқликда жойлашган Қўнғирот туманидаги «Қорақалпоғистон» қишлоқ фуқаролари йиғинида “Бердақ бобо” жоме масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, ўз фаолиятини бошлади.
29 декабрь куни мазкур масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин домла Бауатдинов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи А.Отеўлиев, имом-хатиблар ва маҳалла фуқаролари иштирок этди.
Қишлоқ аҳолисининг интилишлари ва ҳаракатлари натижасида маҳаллий ҳомийлар, аҳолининг яқиндан берган кўмаги билан барча қўлайликларга эга масжид бунёд этилди ва масжидга қорақалпоқ халқининг классик шоири Бердақ шоирнинг номи берилди.
Мазкур ҳудуд аҳолисининг қувончлари чексиз, шундай масжид қурилишига сабабчи бўлганлардан рози. Эслатиб ўтамиз «Бердақ бобо» жоме масжиди Қорақалпоғистондаги 61-масжид, 60-масжид «Рахматуллаҳ мақсым» Чимбой туманида, 59-масжид «Сафар ота» Шўманай туманида очилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Хотира: Олимлар зикр этилганда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Инсонни қадрлаш, ёши улуғларни ҳурмат қилиш, ўтганларни яхши ном билан эслаш динимиз кўрсатмаларидандир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган одамни яхшилик билан эслашга буюриб, бундай деганлар:
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتَاكُمْ وَكُفُّوا عَنْ مَسَاوِيهِمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.
"Вафот этганларингизнинг яхшиликларини зикр қилинглар" (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).
Халқимизнинг ана шу гўзал қадрияти бугун яна бир бор ўзини намоён қилмоқда. Умрини Ислом дини хизматига атаган, халқимизни маърифатли қилиш йўлида тинмай меҳнат қилган таниқли уламо, фазилатли устоз Усмонхон Темирхон ўғли Алимов раҳимаҳуллоҳ вафот этганларидан буён у кишининг ҳаққига тиловат қилиб, дуо қилаётганларнинг кети узилмаяпти.
Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари 2006 йил Ўзбекистон мусулмонлари идорасига раис бўлиб сайланганида, дастлаб халқимизни маърифатли қилиш, кўпроқ илм билан шуғулланиб, элга зиё таратиш зарурлигини таъкидлаган эдилар.
Ҳазратнинг бу гаплари сўзлигича қолиб кетмади. Ўзлари бу борада намуна бўлиб, дастлаб “Сўраган эдингиз...” номли рисолаларни таълиф этдилар. Табиийки, савол-жавоб тарзидаги бу рисолалар халқимизга жуда манзур бўлди. Ҳазратнинг “Сўраган эдингиз...” рисолаларидан савол-жавобларни кўплаб нашрлар кўчириб босди.
Ҳазрат томонларидан таълиф этилган Қуръони карим маънолари таржимаси ва тафсир китоби – “Тафсири Ирфон” бугунги воқелигимизга мослаб, халқчил тилда, айни чоғда, юксак илмий маҳорат билан таржима ва тафсир этилгани билан янада аҳамиятли бўлмоқда.
У кишидан халқимизга “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ёшлар – келажагимиз”, “IX–XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Суннат ва ҳадис”, “Илмнинг фазилати”, “Эҳсоннинг фазилати” каби 30 га яқин асар мерос бўлиб қолди.
Раҳматли муфтий ҳазратлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, деган ҳадисларига мувофиқ (Имом Ау Довуд ва Имом Термизий ривояти) пайғамбарлардан улуғ насибани олиш баробарида уларни халққа, юртимиз мўмин-мусулмонларига етказдилар ҳам.
Усмонхон ибн Темирхон ҳазратлари ҳаётда ўта самимий, доно, тақводор, камтар ва дуогўй эдилар. Оғир, фитнали, мунозарали вазиятларда ҳам босиқлик ва донолик билан иш юритар, адолат билан қарор қабул қилардилар.
Марҳум муфтий ҳазратнинг яна гўзал бир фазилатларидан бири – юртимизнинг қайси ҳудудига борсалар, масжидларда намозхонлар билан учрашиб, дилдан суҳбатлашиб, уларга юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг гўзал натижалари ҳақида хушхабар берар эдилар.
Ҳазрат фақат мамлакатимизда ёки Марказий Осиё давлатларида эмас, балки бутун Ислом оламида таниқли бўлганлар. Хусусан, 2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайландилар.
Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгалладилар. У киши ўтган 11 йил давомида ушбу рўйхатдан мустаҳкам жой олганлар.
Раҳматли муфтий ҳазратлари исломнинг барча илмлари соҳасида тан олинган дунё олимлари қаторидан ўрин олдилар. Ҳазрат Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фахрий доктори унвонига ҳам муносиб бўлдилар. Давлатимиз ва халқимиз олдидаги унутилмас хизматлари, жамиятимизда бағрикенглик ва динлараро тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига қўшган муносиб ҳиссалари учун Давлатимиз Раҳбари томонларидан “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган эдилар. Ислом дини маърифатини тарқатиш ва ўзаро ҳамкорликдаги кенг кўламли ишлар учун Россия Федерациясининг Свердловск вилояти мусулмонлари идораси томонидан “Кумуш ярим ой” медали билан тақдирланганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
إذا مات ابنُ آدمَ انقطع عملُه إلا من ثلاثٍ : صدقةٍ جاريةٍ وعلمٍ ينتفعُ به وولدٍ صالحٍ يدعو له.
“Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”, деб айтган ҳадисларига муофиқ ҳаёт тарзини ҳазратимизнинг ҳаёт йўлларида кўришимиз мумкин. Масжид ва мадрасаларнинг ташкил этилиши жорий садақа, шогирд ва асарлар – манфаатли илм ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд – ҳазратимизнинг Қуръони каримни ҳифз қилган, илм соҳиблари бўлмиш мураттаб қори ва эл корига хизматда бўлган фарзандларидир.
Бир сўз билан айтганда, инсон эришиши керак бўлган энг юксак мартаба ва ахлоқ бобида намуна бўлган олийжаноб зиё нури эдилар. Мутафаккир олим, муфассир, муҳаддис, тариқат пешвоси ҳазрат Усмонхон Темирхон ўғлининг самарали ва намунали ҳаёти биз ва келгуси авлод ёдида сақланиб қолади. Ўгит ва сабоқлари, илмий асарлари юртимиз мусулмонлари учун манфаатли бўлади инша Аллоҳ.
Марҳум Усмонхон Алимов ҳазратлари қолдирган илмий меросни муносиб равишда ўрганиш, ёш авлодга етказиш мақсадида марҳум муфтий ҳаётлик чоғларида таълиф этган асарларнинг кенг ўрганиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратларини дини мубинимиз йўлидаги беқиёс хизматлари, илм-маърифат, зиё тарқатиш йўлидаги тинимсиз меҳнатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфирати билан сийласин. Қабрларини жаннат боғларидан қилиб, охиратларини обод қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳаракатлар стратeгиясидан – тараққиёт стратeгияси сари
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровга берган интервюси
2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи – ХАВФСИЗЛИК, МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ БАҒРИКEНГЛИКНИ ТАъМИНЛАШ ҲАМДА ЧУҚУР ЎЙЛАНГАН, ЎЗАРО МАНФААТЛИ ВА АМАЛИЙ ТАШҚИ СИЁСАТ СОҲАСИДАГИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАР шарҳи
Маърифат ва диний бағрикенглик – тинчлик ва тараққиётимиз асоси
– Бағрикенглик ва диний эркинлик масаласи давлатимиз сиёсатида муҳим ўрин эгаллайди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу борада, айниқса, сўнгги йилларда тарихий аҳамиятга молик ишлар амалга оширилди. Сизнингча, янгиланаётган Ўзбекистонда ушбу йўналишдаги ишлар, яратиб берилаётган шароитлар юртдошларимизнинг ўз диний ибодатларини эмин-эркин адо этиши учун қай даражада қулайлик яратмоқда?
Содиқ ТОШБОЕВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси:
– Улуғ аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Буни Янги Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатидан тортиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамда диний-маърифий соҳалардаги туб ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Президентимиз ташаббуси ва халқимиз бирдамлигида қабул қилинган 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси асосидаги янгиланишлар том маънода халқимиз ҳаётидаги фаровонлик ва мамлакат тараққиётида ўз бўй-бастини кўрсата бошлади.
Сўнгги беш йилда мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш, тинчлик-тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ҳамда пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
Эътиборлиси, 2017-йил 19-сентябрьда БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида 2018-йили БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолютсия қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Ўзбекистон таклиф этган резолютсиянинг асосий мақсади барча учун таълим олиш имкониятини яратиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этишдан иборат. Ҳужжатда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймасликка муҳим аҳамият қаратилган.
Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисидаги резолютсия жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 2 минг 323 та диний ташкилот ва 16 та диний конфессия фаолият юритмоқда. Тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтган ноисломий диний ташкилотларнинг 174 таси христианлик ташкилоти, 8 таси яҳудийлик жамоаси, 6 та баҳоийлик, 1 та кришначилик жамияти ва 1 та буддавийлик ибодатхонаси, шунингдек, конфессиялараро Ўзбекистон Библия жамияти ҳисобланади. 2019-2020-йилларда ноисломий ташкилотларнинг умумий сони 191 тага етгани ҳам Ўзбекистонда бағрикенглик ва диний эркинлик тамойиллари нечоғлиқ устувор аҳамият қаратилаётганидан дарак беради.
Дунё цивилизациясига бешик бўлган юртимизда диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг бой илмий-тарихий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Бу, табиийки, неча асрлардан буён ислом динига эътиқод қилиб келаётган халқимизнинг диний эътиқодини мустаҳкамлаш ва маънавий-маърифий, илмий-интеллектуал салоҳиятини янада юксалтиришда дастуруламал вазифасини бажаради.
Шу боис, энг аввало, мамлакатимизда узлюксиз таълим тизими ислоҳотига устувор аҳамият қаратилди. Бу билан диний ва дунёвий билимлар уйғунлиги асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизими яратилди.
Дастлаб мазкур тизимнинг норматив-ҳуқуқий асосларини яратиш учун 2017-2021-йилларда диний-маърифий соҳа ислоҳотига доир 42 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Президентимизнинг 2018-йил 16-апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа фаолиятини ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Шунга кўра, Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида фаолият юритадиган жамоатчилик-маслаҳат органи ҳисобланмиш Конфессия ишлари бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди.
Юртимиз азалдан маърифат маркази сифатида танилган. Шу боис, Ўзбекистонда илмий-маърифий марказлар ҳам ташкил этилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида кўп асрлик маърифат хазинасини ўзида мужассам этадиган, фундаментал тадқиқотлар олиб бориладиган Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Шунингдек, ўтган уч-тўрт йилда Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий ва Тошкентда Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозир ушбу марказларда аниқ фанлар қаторида ҳадис, калом, ақида, тасаввуф, фиқҳ каби илмлар бўйича чуқур тадқиқот ва изланишлар олиб борилмоқда. Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент ислом институти ва Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби сингари олий ўқув юртларида ҳам етук малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
2018-йилда эса ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон ислом академияси ва Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Академия таркибидаги малака ошириш маркази фаолиятига қўшимча равишда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилгани ҳам диний таълим соҳасида ўзига хос аҳамият касб этмоқда.
Республикамизда 2017-йилга қадар 3 та олий (1 та исломий, 2 та ноисломий) ҳамда 9 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони мос равишда 5 та (3 та исломий ва 2 та ноисломий) ҳамда 10 тага етди.
Мазкур таълим муассасаларида ислом маърифатини тарқатиш, аждодларимиз бой маънавий меросини янада чуқур ўрганиш борасида кенг кўламли илмий тадқиқотчилик фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, сўнгги беш йилда диний-маърифий меросимизни чуқур ўрганишга оид 37 та фалсафа доктори (ПҳД) ва 11 та фан доктори (ДСc) илмий диссертацияси муваффақиятли ҳимоя қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Зеро, ушбу фонднинг асосий вазифаси юртимизнинг барча ҳудудларидаги масжидлар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва шу каби бошқа обектлар реконструкциясини молиялаштириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда соҳа ходимларини моддий қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Ўтган қисқа давр мобайнида мазкур фонд фаолияти билан Ўзбекистонда 64 та янги масжид очилиб, умумий сони 2 минг 104 тага етди. Бундан ташқари, мамлакат миқёсида 2017-2021-йилларда 261 та жоме масжид биноси бутунлай қайтадан бунёд этилган бўлса, шу давр мобайнида яна 500 дан зиёд масжид капитал ва жорий таъмирланди. Умуман олганда, масжидларнинг чиройли ва қулай ҳолатга келтирилиши билан халқимиз ўз ибодатларини хотиржам адо этмоқда. Бу каби хайрли ишлар диний қадриятларимизга бўлган улкан эътиборнинг натижаси, албатта.
Мустақиллик йилларида юртимиздан 305 минг мусулмон Саудия Арабистонига зиёрат учун борган бўлса, улардан 130 минг киши ҳаж, 175 минг киши эса умра амалини бажаришга муваффақ бўлган. 2,5 минг христиан ва яҳудий Исроил, Россия, Туркия, Италия, Грузия ва Юнонистон каби давлатларнинг муқаддас диний қадамжоларига ташриф буюрган.
Яна бир эътиборли жиҳат: 2018-йилдан эътиборан умра зиёратини йил давомида амалга ошириш белгиланди. 2019-йилнинг декабр ойидан Тошкент – Жидда – Тошкент йўналишида ҳар куни 2 тадан рейс йўлга қўйилган бўлса, 2020-йил феврал ойидан Тошкент – Мадина – Тошкент йўналишида ҳам авиапарвозлар ташкил этилди. Шунга кўра, 2017-йилда умра зиёратини 6 минг фуқаромиз адо этган бўлса, 2018-йилда ушбу диний зиёратни 16 минг, 2019-йилда 38 минг ҳамда 2020-йилнинг И чорагида 28 минг юртдошимиз бажаришга муваффақ бўлди.
Ҳаж зиёратини ташкил қилишда ҳам сўнгги тўрт йилда ўзига хос янгиликлар бўлди. Эътиборлиси, 2017-йили Ўзбекистон тарихида биринчи марта Президентимиз ташаббуси билан Иккинчи жаҳон урушининг 150 қатнашчиси ва уларнинг ҳамроҳлари имтиёзли равишда ҳаж зиёратини амалга ошириш имконига эга бўлди. Ҳаж ибодатини бажариш квотаси ҳам мувофиқ равишда 5 мингдан 7 минг 200 га кўпайиши натижасида 2017-2019-йилларда қарийб 21 минг 750 нафар мусулмон юртдошимиз бу буюк зиёратга борди.
– Шу ўринда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоясининг асл моҳиятини англашга интилиш кучайганини ҳам эътироф этиш жоиз. Бу, ўз навбатида, айрим ҳолларда ислом динига бўлган нохолис қарашларнинг ҳам олдини олишга хизмат қилаётгани аён ҳақиқат. Шундай эмасми?
– Тўғри айтасиз. “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси эзгулик тимсоли сифатида бўй кўрсатди. Масалан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувлар концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор аҳоли ўртасида профилактика ва тушунтириш ишларига қаратилди. Ушбу соҳадаги барча саъй-ҳаракатлар ана шу эзгу ғояга асосланган.
Диний экстремистик оқимларга алоқадор шахсларни реабилитация қилишнинг муҳим қадамларидан бири уларга нисбатан афв этиш актларини қўллаш бўлди.
Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида экстремистик гуруҳларга алоқадорлиги учун назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро махсус ҳисоблардан чиқарилди. Шунингдек, 2019-2021-йилларда ташкил этилган “Меҳр” операцияси доирасида Яқин Шарқнинг жанговар ҳаракатлар кечаётган ҳудудларидан аёллар ва болалар Ватанимизга қайтарилди. Уларни жамиятга қайта мослаштириш билан боғлиқ тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шубҳасиз, бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган бу каби инсонпарварликка йўғрилган ишлар дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бош комиссари Зайд ал-Ҳусайн бугунги таҳликали замонда Ўзбекистонда мавжуд динлараро ва миллатлараро тотувлик ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар турли давлатлар учун ўрнак бўлишга лойиқ эканини қайд этди.
Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк ипак йўлининг муҳим қисми бўлиб келган. Муқаддас заминимизда савдо-сотиқ, илм-фан, маданият марказлари ҳамиша тараққий этган. Уларнинг ривожланишида халқимизга хос бағрикенглик, меҳмондўстлик, ўзга маданият вакилларига ҳурмат туйғулари асосий омиллардан бўлгани табиий. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ўлкамизда турли халқлар урф-одат ва анъаналари ўзаро уйғунликда ривожланиб бормоқда.
Шулардан келиб чиқиб, Президентимизнинг диний-маърифат соҳасида юритаётган оқилона сиёсати том маънода дунё мамлакатларида тинчлик, осойишталик ва барқарорликнинг асоси бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2021-йил 30-декабр, 265-сон