Мақолалар

Хотира: Олимлар зикр этилганда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Инсонни қадрлаш, ёши улуғларни ҳурмат қилиш, ўтганларни яхши ном билан эслаш динимиз кўрсатмаларидандир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган одамни яхшилик билан эслашга буюриб, бундай деганлар:

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتَاكُمْ وَكُفُّوا عَنْ مَسَاوِيهِمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

"Вафот этганларингизнинг яхшиликларини зикр қилинглар" (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Халқимизнинг ана шу гўзал қадрияти бугун яна бир бор ўзини намоён қилмоқда. Умрини Ислом дини хизматига атаган, халқимизни маърифатли қилиш йўлида тинмай меҳнат қилган таниқли уламо, фазилатли устоз Усмонхон Темирхон ўғли Алимов раҳимаҳуллоҳ вафот этганларидан буён у кишининг ҳаққига тиловат қилиб, дуо қилаётганларнинг кети узилмаяпти.

Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари 2006 йил Ўзбекистон мусулмонлари идорасига раис бўлиб сайланганида, дастлаб халқимизни маърифатли қилиш, кўпроқ илм билан шуғулланиб, элга зиё таратиш зарурлигини таъкидлаган эдилар.

Ҳазратнинг бу гаплари сўзлигича қолиб кетмади. Ўзлари бу борада намуна бўлиб, дастлаб “Сўраган эдингиз...” номли рисолаларни таълиф этдилар. Табиийки, савол-жавоб тарзидаги бу рисолалар халқимизга жуда манзур бўлди. Ҳазратнинг “Сўраган эдингиз...” рисолаларидан савол-жавобларни кўплаб нашрлар кўчириб босди.

Ҳазрат томонларидан таълиф этилган Қуръони карим маънолари таржимаси ва тафсир китоби – “Тафсири Ирфон” бугунги воқелигимизга мослаб, халқчил тилда, айни чоғда, юксак илмий маҳорат билан таржима ва тафсир этилгани билан янада аҳамиятли бўлмоқда.

У кишидан халқимизга “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ёшлар – келажагимиз”, “IX–XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Суннат ва ҳадис”, “Илмнинг фазилати”, “Эҳсоннинг фазилати” каби 30 га яқин асар мерос бўлиб қолди.

Раҳматли муфтий ҳазратлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, деган ҳадисларига мувофиқ (Имом Ау Довуд ва Имом Термизий ривояти) пайғамбарлардан улуғ насибани олиш баробарида уларни халққа, юртимиз мўмин-мусулмонларига етказдилар ҳам.

Усмонхон ибн Темирхон ҳазратлари ҳаётда ўта самимий, доно, тақводор, камтар ва дуогўй эдилар. Оғир, фитнали, мунозарали вазиятларда ҳам босиқлик ва донолик билан иш юритар, адолат билан қарор қабул қилардилар.

Марҳум муфтий ҳазратнинг яна гўзал бир фазилатларидан бири – юртимизнинг қайси ҳудудига борсалар, масжидларда намозхонлар билан учрашиб, дилдан суҳбатлашиб, уларга юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг гўзал натижалари ҳақида хушхабар берар эдилар.

Ҳазрат фақат мамлакатимизда ёки Марказий Осиё давлатларида эмас, балки бутун Ислом оламида таниқли бўлганлар. Хусусан, 2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайландилар.

Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгалладилар. У киши ўтган 11 йил давомида ушбу рўйхатдан мустаҳкам жой олганлар.

Раҳматли муфтий ҳазратлари исломнинг барча илмлари соҳасида тан олинган дунё олимлари қаторидан ўрин олдилар. Ҳазрат Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фахрий доктори унвонига ҳам муносиб бўлдилар. Давлатимиз ва халқимиз олдидаги унутилмас хизматлари, жамиятимизда бағрикенглик ва динлараро тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига қўшган муносиб ҳиссалари учун Давлатимиз Раҳбари томонларидан “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган эдилар. Ислом дини маърифатини тарқатиш ва ўзаро ҳамкорликдаги кенг кўламли ишлар учун Россия Федерациясининг Свердловск вилояти мусулмонлари идораси томонидан “Кумуш ярим ой” медали билан тақдирланганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

إذا مات ابنُ آدمَ انقطع عملُه إلا من ثلاثٍ : صدقةٍ جاريةٍ  وعلمٍ ينتفعُ به  وولدٍ صالحٍ يدعو له.

“Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”, деб айтган ҳадисларига муофиқ ҳаёт тарзини ҳазратимизнинг ҳаёт йўлларида кўришимиз мумкин. Масжид ва мадрасаларнинг ташкил этилиши жорий садақа, шогирд ва асарлар – манфаатли илм ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд – ҳазратимизнинг Қуръони каримни ҳифз қилган, илм соҳиблари бўлмиш мураттаб қори ва эл корига хизматда бўлган фарзандларидир.

Бир сўз билан айтганда, инсон эришиши керак бўлган энг юксак мартаба ва ахлоқ бобида намуна бўлган олийжаноб зиё нури эдилар. Мутафаккир олим, муфассир, муҳаддис, тариқат пешвоси ҳазрат Усмонхон Темирхон ўғлининг самарали ва намунали ҳаёти биз ва келгуси авлод ёдида сақланиб қолади. Ўгит ва сабоқлари, илмий асарлари юртимиз мусулмонлари учун манфаатли бўлади инша Аллоҳ.

Марҳум Усмонхон Алимов ҳазратлари қолдирган илмий меросни муносиб равишда ўрганиш, ёш авлодга етказиш мақсадида марҳум муфтий ҳаётлик чоғларида таълиф этган асарларнинг кенг ўрганиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратларини дини мубинимиз йўлидаги беқиёс хизматлари, илм-маърифат, зиё тарқатиш йўлидаги тинимсиз меҳнатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфирати билан сийласин. Қабрларини жаннат боғларидан қилиб, охиратларини обод қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

1829 марта ўқилди

Мақолалар

Top