Қурбақалар ўзаро югуриш бўйича мусобақа ўтказиб, баланд минорага биринчи бўлиб чиққанни ғолиб деб эълон қилишга келишиб олдилар. Уларни қўллаб-қувватлаш ва жараённи томоша қилиш учун каттагина жамоа тўпланди.
Мусобақа бошланди. Йиғилганлар мусобақа иштирокчиларининг баланд чўққига чиқишига ишонишмасди. Барчалари: “Иложи йўқ, эплолмайсизлар!” деб қичқирар эдилар.
Чиндан ҳам минора баланд бўлиб, қурбақаларнинг у ерга чиқиши анчагина машаққатли эди. Чиқишга уринаётган иштирокчилар бирин-кетин пастга қулаб тушарди. Аммо бир кичик қурбақа минорага маҳкам ёпишганча, фаолликни қўлдан бермай, чиқишга астойдил уринарди. Томошабинлар яна: “Барибир эплолмайсан! Бу анча баланд! Чиқиш қийин!” деб бақиришарди. У бўлса бу гапларга парво қилмай, кўтарилишда давом этарди.
Ҳамма қурбақалар ярим йўлдан у ёғига ўтолмас, миноранинг ярмига етганда қулаб тушарди. Аммо ҳикоямиз қаҳрамони кўтарилишда давом этиб, охири чўққига етиб борди. Ерга қайтиб тушгач, енгилган қурбақалар у билан танишишни истаб, унинг муваффақияти сирини билмоқчи бўлишди.
Хўш, унга бундай куч-қувват қаердан келди? Миноранинг устига қандай қилиб етиб борди?
Сўраб-суриштиришлардан кейин маълум бўлдики, ғолиб қурбақа кар бўлиб, қулоғи эшитмас экан. Шу боис у томошабинларнинг “Эплолмайсан” деган ҳайқириқларини, умидни сўндирувчи гапларини эшитмай, марра сари олға интилаверган. Қолган қурбақалар эса бу каби ҳайқириқлар таъсирида тушкунликка тушиб, ўзларига бўлган ишонч сўниб, йўлнинг ярмидан йиқилаверганлар. Томошабинларнинг “Қўлингиздан келмайди!” деган гаплари уларни тушкунликка тушириб, умидларини сўндирган эди.
Ҳа, одамларнинг сўзлари сенинг ишларингга таъсир қилиши мумкин. Рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш инсонга ижобий таъсир қилиб, муваффақиятга эришишга ундаса, “Эплолмайсан”, “Қўлингдан келмайди”, “Бу иш қийин” деган гаплар енгилишга, чекинишга, мақсадга етолмасликка олиб келади.
Одамлар сенга “Эплолмайсан” десалар, қулоқларингни беркитиб ол, умидсизликка туширишларига, орзуларингдан маҳрум қилишларига йўл қўйма! Улар “Қила олмайсан” десалар, сен “Аллоҳ насиб этса, қила оламан!” дегин!
“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси