Мақолалар

Иймонингиздан айрилиб қолманг

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас” (Жин сураси, 26). 

Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки башоратчи ёки фолбиннинг олдига борса ва у айтган нарсани тасдиқласа, шубҳасиз, у Муҳаммад (алайҳиссалом)га тушган нарсага куфр келтирибди”, деганлар. (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

Аждодларидан Бухорий, Термизий, Замахшарий, Насафий ва бошқа дунё халқларига соф ислом, тўғри эътиқод бўйича дарс бериб мусулмон жамиятлари тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар етишиб чиққан халқ, бугун юқорида Қуръон ва ҳадисда тилга олинган улкан гуноҳнинг асосий иштирокчиларига айланишмоқда. Минг афсус, авваллари хилват, пасқам жойларда “фаолият юритадиган” фолбинлар бугун очиқчасига кўчаларда, бозорларда ва айниқса одамлар гавжум бўладиган хиёбон ва боғларида бемалол “ғайбдан” сўз очиб тижоратларини юритмоқда. Эътиқоди суст, гуноҳ ишлардан хабари йўқ кимсалар, айниқса аёллар ва ёш қизлар фолбинларнинг “тегирмонига сув қуймоқда”.

Ачинарлиси, бугун хусусий оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрлари пул топиш илинжида Аллоҳ таоло ман қилган, халқнинг онгини захарловчи ишлардан ҳам фойдаланмоқда. Мана шундай ишлардан бири “мунажжимлар башорати” саҳифасидир. Қайси-ки сариқ матбуот ва оммавий нашрга кўз ташламанг барчасининг асосий рекламаларидан бири ҳафталик мунажжимлар башоратидир. Мазкур нашрларни реклама қилиш чоғида эса мунажжимлар саҳифасининг ўта “ишончли” эканига катта урғу беришади.

Интернет нашрларга кирсангиз деярли кўпчилиги “мунажжимлик” ва “фолбинлик”ни даво қиладиганлардан. Яқинда телеканалларнинг бирини кузатиб турсам яхши маърифий дастурдан сўнг пастки ёзувда мунажжимлар башоратини беришяпти (эссиз маърифий кўрсатув). Энди эса уяли алоқа операторлари ҳам кунора “Сизни нима кутаётганини билишни истайсизми?”, “Тақдирингизни ўзгартиринг”, “Ўз бахтингизни топинг” каби жимжимадор сарлаваҳалар остида фолбинлик  ва мунажжимлик гуноҳини тарғиб этишни канда қилмаяпти. Хизмат нархи эса яхшигина пул туради. Табиийки кўпчиликни ҳолат юзасидан фикри аниқ: “Нима бўлипти!”, “ёмон ишмаску, гапларининг базиси тўғри чиқадику”, “менга нима” каби бепарво ҳамда лоқайд кайфият.     

Хўш мазкур ишларга шунчаки, оддий ҳол сифатида қараш биз учун қандай оқибатларга олиб келади?

  • Аввало, жамиятда қаллоб ва текинхўр фолбин, мунажжим каби “тижоратчилар” кўпаяди.
  • Гуноҳ ишлар авж олади, кўплаб инсонлар (шу ишни қилган ва унга ишонганлар)нинг иймонида шубҳа пайдо бўлиб, бора-бора ҳеч қандай жиноятдан тап тортмайдиган бўлиб қолади.
  • Одамлар орасида фитна авж олади. Чунки фолбин ва мунажжим кимнидир сизга душман қилиши, ўз яқинингиздан шубҳалантириши аниқ.
  • Аллоҳ таолонинг балосига сабаб бўлувчи ишлар авж олади.

Мунажжимларнинг асл иши фолбинлик. Улар фол очиб, ўзларининг «тахминлари»ни айтадилар. Мунажжимлар башорати ва газета саҳифаларини қўйиб туринг. Бир ташқарига чиқинг, атрофни кузатинг, додлаб юборасиз. Ноёб маҳсулот келганда ҳам мавжуд бўлмайдиган навбат сафи айнан фолбинлар қабулхонасида...

Бундай воқеалар айни пайтда жуда кўпайиб кетган. Бунинг сабабини ўрганиш учун Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таълимотларига юзлансак, тушунамизки, сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган кишини динда бўлмайдилар, демоқдалар. Демак, бу ерда гап иймон-эътиқод ҳақида!

Фолбин ва мунажжимнинг айтаётган сўзлари юз фоиз тўғри чиқиб қолса ҳам, унинг сўзларига мўмин одам ишонмайди, чунки Аллоҳ ва Унинг расули буни қатъий равишда таъқиқлаган. Парвардигор инсонларни синаш учун баъзан фолбин ва мунажжимларнинг сўзларини амалга оширади, худди шайтон бир одамнинг кўзига қўлини тиқиб олиб, фолбиннинг олдидан чиққанида қўйиб юборгани сингари. Ўша одамнинг кўзи тузалиб кетади-да, у буни фолбин амалга оширди, деб ўйлайди. Бу ерда гап иймон, эътиқод, ишонч устида кетмоқда. Бу савдо қаттиқ савдо ҳисобланади.

Ҳозирги кунда мунажжимлар башоратига қараб иш режалаштирадиган, газета нашрларида чоп этилган башоратларга ишониб, келган совчини қайтариб юбораётган юртдошларимизга хитобимиз шуки, Аллоҳга қайтинг, охири абадий дўзах бўладиган йўлни тарк этинг. Пайғамбаримиз Аллоҳ таъоло ҳар бир одамнинг тақдирини яратилишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйганини айтиб кетганлар. Бу тақдирни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Фолбинларга қатнаётган опаларимиз, сингилларимизнинг шу бугунданоқ бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, нима учун фолбинлар ҳамиша хор ва ғарибхоналарда яшашади. Нега улар келажакни айтиб бериш учун ўзларида журъат топишади-ю, оёқлари остида турган конларни топиб, бойиб кетмайдилар. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар албатта хор бўлажак. Шу малъун, ифлос ва жирканч маҳлуқларнинг олдига бориб иймонингизни поймол қилманг, охиратингизни куйдирманг.

Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳайзли аёлга яқинлик қилса ёки аёл кишининг орқасидан яқинлик қилса ёхуд фолбинга борса, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди», дедилар». 

Сўзимиз сўнгида турли газета ходимлари, интернет нашрлари ва шу иш билан шуғулланувчи барчага айтмоқчимизки: “Одамларни алдаб арзимаган дунё матоси учун ўзингизни ҳам, мусулмонларни ҳам оқибати оғир бўлган гуноҳларга ботирманг”

Ақл юритувчи ва ибрат олувчилар учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ҳавола этамиз:

“Унга битилганки, албатта, унга ким дўст бўлса, шубҳасиз, уни адаштиради ва дўзах азобига «ҳидоят» қилади”. (Ҳаж сураси, 4)

“Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир”. (Ҳаж сураси, 2)

 

 

Саидаброр Умаров

3181 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Кичик қурбақа Тавба ҳақида ҳикматлар »

Мақолалар

Top