muslim.uz

muslim.uz

Индонезиянинг Матарам шаҳридаги маҳаллий масжидда имо-ишора тили таржимонларини тайёрлаш бўйича лойиҳа ташкил этилди. Бундан мақсад сифатида эшитиш ва гапириш билан боғлиқ ногиронлиги бўлган шахсларга Қуръон мусобақасида иштирок этишда кўмак кўрсатиш экани айтилмоқда.

Ушбу лойиҳа бугунги кунда масжидда фаолият юритаётган беш нафар тажрибали сурдо таржимонлар томонидан ўтказилмоқда. Ат Тақва Катта масжиди ходимлари Қуръонни ёд олиш ва тиловат қилишни истовчиларга кўмак бўлиши ҳақида таъкидлаб ўтишган. Бунда мусобақа иштирокчиси қўл ҳаракатлари ёрдамида ёд олган сураларини айтиб беради.

Маълумот учун, дунёда 137 та имо-ишора тиллари бўлиб, улар бир биридан фарқ қилиши айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Кунларнинг бирида Ҳорун ар-Рашид Мадинаи Мунавварага сафар қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига қараб юриб борган эдилар, шогирдларига дарс бериб турган Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ уларни кутиб олдилар.

Ҳорун ар-Рашид Имом Молик ҳазратларига қараб, илм ўргангани олдингизга келсак зарар бериб қўямиз, шунинг учун бизнинг ҳузуримизга келиб дарс бермайсизми? дедилар.

Имом Молик эй Ҳорун илм келмайди, илм учун борилади, дедилар.

Ҳорун тўғри айтдингиз, албатта сиздан илм олгани масжидга келаман, дедилар.

Шунда Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ агар дарсга кеч келсангиз биринчи сафда ўтиришингиз учун сиз учун бир инсонни турғизиб жой қилиб бермайман, дедилар.

Ҳорун тушиндим Имом жаноблари, дедилар.

Аср намозидан сўнг Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ масжидда талабаларга дарс бериб ўтирган эдилар, Ҳорун ар-Рашид атрофида бир неча кишилар билан кириб келдилар. Ҳизматкорлар Ҳорун ар-Рашидни ўтиришлари учун бир курси келтирдилар. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ курсисида ўтирган Ҳорунга қараб, айтаётган ҳадисларини тўхтатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар деб, гапни бурдилар. “Кимки Аллоҳ учун камтарлик қилса, унинг даражасини кўтаради. Кимки такаббурлик қилса, уни хор қилади”, дедилар. Ҳорун ар-Рашид ўша заҳотиёқ Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳни ҳадисни нима мақсадда айтганларини тушиндилар ва хизматкорларига курсини олиб ташлашни буюрдиларда, бошқа талабалар қатори ерга ўтириб олдилар.

Бу ҳолат буюкларнинг олимларга нисбатан ҳурамати ва итоати бўлса, иккинчи томондан уларнинг ўта камтар инсон бўлганликларига ҳам далилдир.

Манбалар асосида Тошкент шаҳаридаги “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби Абдурахманов Яхё

Аввалроқ, қўлёзмалар фондига эга бўлган Туркия давлатидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов хизмат сафари билан ушбу мамлакатга ташриф буюрганлари ҳақида хабар берган эдик.

Жорий йилнинг 21 январь куни Диний идора мутахассислари Топкапи Саройига Истанбул муфтийлиги вакиллари ҳамроҳлигида ташриф буюрдилар. У ерда Топкапи Саройи кутубхонасининг ходими Гоксел Эрдоған ва Топкапи Саройи қўлёзмалар кутубхонаси ходими Рамазан Актемур билан учрашув ўтказилди.

Сарой кутубхона ходими кутубхонадаги қўлёзмалар фонди, китобларнинг сақланиш ҳолати ва баъзи қадимий мусҳафларнинг факсимил нусҳалари билан таништирди. Учрашувда нодир қўлёзмаларни сақлаш, уларга ишлов бериш масалалари юзасидан муҳокама ўтказилди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан Топкапи Саройи кутубхонасига Ҳазрати имом ва ЎМИ фотосуратлари тўплами ҳадя қилинди.

Ташриф тафсилотларини бизнинг порталимизда кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Среда, 23 Январь 2019 00:00

«Албатта, биз Аллоҳникимиз…»

Шаҳар чорраҳаларининг бирида қаттиқ овоз билан берилган тормоз овози барчани сескантириб юборди. Хамма беихтиёр ўша томонга қараб, икки автомобиль тўқнашиб кетганини кўрди. Атрофида турган одамлар яқинлашиб келишига қарамасдан, гўё инсонларни кўрмагандай  иккала хайдовчи ҳам машинадан тушар-тушмас бир бирларига ўшқира кетишди. Бири “Мани йўлим эди” деса,  иккинчиси “Кўзингизга қарасангиз бўмайдими”  каби сўзлар билан бақира бошлашди. Ҳайриятки,  бир қанча вақт тортишувлардан сўнг ЙҲҲ ходимлари келгач воқеа одилона ҳал бўлди.

Бу каби кўнгилсиз ходиса ва ноҳуш холатлар хаётимизда кўплаб учраб туради. Ана шундай мусибатга учраган инсон нима қилиши керак ёки қандай дуоларни айтиши керак?

Келинг, яхшиси бунинг учун Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг хадисларига мурожаат қиламиз.

Истиржоъ – «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун» («Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтувчимиз») дейиш (Бақара сурасининг 156-оятидан). Уни каттаю кичик мусибат етган чоғда айтиш тавсия этилган. Баъзан кутилмаган ҳолатга дуч келганда истиржоъ айтиш одати ҳам бўлган.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминга тикан кирса ва ундан-да каттароқ мусибат етса ҳам, албатта, Аллоҳ ўша туфайли унинг даражасини кўтаради ва гуноҳини ювади», дедилар».
 (Термизий ва Муслим ривоят қилганлар).

«Қайси бир бандага мусибат етганда «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиун» деса ва сўнгра «Аллаҳумма ажирни фи мусийбати вахлуф ли хойром-минҳа» (Эй Аллоҳим, менга мусибатимда ажр ва унинг ўрнига яхшироғини бергин) деса, албатта, Аллоҳ унга ажр беради ва унга бунинг ўрнига яхшироғини беради», деганларини эшитдим. Демак, тикан кириши ҳам мусибат ҳисобланади. Унга сабр қилиш керак. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирортангизнинг кавушининг ипи узилиб кетса ҳам истиржоъ айтсин” деганлар. Истиржоъ “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун” дейишдир.

Бошқа бир ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам уйда чироқ ўчиб қолганда ҳам истиржоъ айтган эканлар. Шунда Оиша розияллоху анҳо онамиз, “Ё Росулуллоҳ чироққа ҳам истиржоъ айтасизми?” деганларида “Мўминга ёмонлик бўлган ҳар бир нарса мусибатдир”, деб жавоб бердилар. Ана шундай пайтда ушбу дуони ўқишимиз керак: “Биз барчамиз Аллоҳникимиз ва У Зот ҳузурига қайтиб борамиз. Эй Аллоҳим, мени мусибат сабабли мукофотла ва менга йўқотганимдан кўра яхшироғини бер”. Аллоҳ томонидан бизларга берилган ҳар бир неъматлар борки, уларни қадрига етмоқлигимиз ғанимат билмоғимиз лозим бўлади.

Уламолар неъматларни уч асосий қисмга тақсимлаганлар:

  1. Дунёвий: соғлик, офият ва ҳалол мол кабилар.
  2. Диний: иймон, Ислом, Аллоҳ таолонинг маърифати, тақво, илм ва амал кабилар.
  3. Ухровий: оз амалга кўп савоб берилиши каби.

Юқорида айтиб ўтган каби ходиса ё шунга ўхшаш мусибатлар етган пайтда сабр қилган мўминнинг даражаси кўтарилиб, хатолари ўчирилар экан. Хаётимиз давомида учрайдиган каттаю кичик мусибат қаршисида ўзимизни йўқотмасдан балки, комил мусулмондек тутмоғимиз лозимдир. Шунинг учун мусибатга учраган банда сабр қилиб, истиржоъ айтса, Аллоҳ уни мукофотлаб, йўқотган нарсасидан кўра яхшироғини ато қилади. Хоҳ катта, хоҳ кичик мусибат бўлсин, доим истиржоъ айтилса, катта ажр-савобларга қозонилади ва қўлдан кетган неъматдан кўра афзалига эришилади.

Аллоҳ таоло хаётимизни тинч, осуда, жондан азиз бўлган Ватанимиз тинчлигини барқарор айласин.

Раҳматилло Мадаминов,
Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби

 

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши раиси Жасур Акрамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамда делегация аъзолари Саудия Арабистонига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.

Кеча,  Туркия, Европа, Америка ва Австралия ҳожилари учун хизмат кўрсатувчи миллий муассаса ҳайъати раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Суҳбат бошида ҳайъат раиси Тариқ бин Муҳаммад Анқави охирги йилларда Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳи билан муассаса ўртасидаги узвий ҳамкорлик алоқалари такомиллашиб бораётгани, бунинг натижасида ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳаж амалларини бажаришларида қулайлик ва енгилликлар яратилаётганини таъкидлаб, ўтган ҳаж мавсумида бошқа давлатлар орасида ўзбекистонлик ҳожиларга юқори баҳо берилди.

Делегация раҳбари томонидан жорий ҳаж мавсумида Ўзбекистон ҳожилари муассаса томонидан кўрсатиладиган хизматлар бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.

Учрашув сўнгида ўзбекистонлик ҳожиларга Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида намунали хизматларни ташкил этиш бўйича икки томонлама шартнома имзоланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top