muslim.uz
Меҳрга ташна кўнгилларга шодлик улашилди
Эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган кишилар билан диний-маърифий тадбирлар илк бор ўтган йили Диний идора ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бошланган эди. Кейинчалик Жиззах ва Тошкент вилоятларида ҳам шундай тадбирлар давом эттирилди.
Жорий йилнинг 20 январь куни Самарқанд вилоятида “СИЗ БИЗГА КЕРАКСИЗ!” мавзусида диний-маърифий суҳбат ўтказилди ва маърузаларнинг сурдо таржимаси олиб борилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди мутахассислари ва Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари иштирок этди. Самарқанд вилояти «Хўжа Исҳоқи Вали» жоме масжидида ўтказилган тадбирга вилоятда яшовчи 350 нафар эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган шахслар таклиф қилинди.
Тадбирда эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар эътиборга, эҳтиромга ҳақли экани, меҳр-оқибат кўрсатиш, қалбларга илиқлик улашиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканига алоҳида урғу берилди.
Сўзга чиққан вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов томонидан инсон мукаррам зот экани, барча башарият бир ота-онадан тарқалгани ҳамда инсонлар яхшилик, эзгу ишларга буюрилгани ҳақидаги панду насиҳатларни келтирди. Бундан ташқари, нотиқлар томонидан илм-маърифат олишга бошқалар сингари эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларнинг ҳам ҳаққи борлиги, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш ва муаммоларини ечишда ҳар қандай ёрдамни аямасликка алоҳида урғу қаратилди. Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда дин ривожи, халқ манфаатлари, юрт фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Ушбу тадбир ҳам олиб борилаётган хайрли ишларнинг узвий давоми экани эътироф этилди.
Ташриф буюрганлар ичида тўғри йўлдан адашиб, кейин ҳидоят топган кишилар ҳам иштирок этди. Шу нуқтаи назардан, Ислом динининг мазмун-моҳияти, инсонпарварлик ғоялари ва меҳр-мурувватга доим буюриши тўғрисида ҳам сўз юритилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари Зоҳиджон Тўраев томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган хайрия ишлари, саховат тадбирлари ҳақида маълумот берилди ҳамда мана шундай инсонлар доимо Фонднинг кўмагида экани айтиб ўтилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова ушбу йўналишда Диний идора ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил гапириб берди.
Шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган шахсларга совғалар топширилди. Тадбирдан кейин вилоятдаги кўр, кар, соқов бўлган, жисмоний нуқсони бўлган ногирон кишиларнинг уйларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.
Келгусида шундай диний-маърифий тадбирлар Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларида манзилли ўтказилишига келишиб олинди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Бир кунда беш марта таҳорат қиладиган қизнинг макияж (пардоз-андоз)га эҳтиёжи тушмайди”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Аллоҳнинг неъмати
Аллоҳнинг тоатига ва Аллоҳнинг муҳаббатига чорлайдиган эрнинг муслима аёлга насиб этиши Аллоҳ таборака ва таолонинг ўша аёлга ато этган катта неъматидандир.
Муҳаммад ибн Муҳаммад Мухтор Шинқитий
*****
ҚАТТИҚ ИЛТИМОС
Агар қиёмат куни жаннатда орангизда мени топмасангиз, «Эй Роббим, фалон банданг Сени бизга эслатиб турарди» деб Аллоҳдан (гуноҳкор, ожиз банда бўлмиш) мени сўранглар, илтимос!
Аллоҳ таоло барчамизни Жаннатига ҳисобсиз ва азобсиз кирувчилар қаторида қилсин, омин!
*****
Бир кунда беш марта таҳорат қиладиган қизнинг макияж (пардоз-андоз)га эҳтиёжи тушмайди.
Можид Закий
*****
Кўчада кета туриб, қўлимиздаги бўшаган баклашка ва бошқа ахлатларни ерга ташлаётганимизда, уларни отамиз тенги инсонлар тозалашини унутмайлик!
*****
- Бутун оламга нисбатан сиз оддий бир шахссиз.
- Қайсидир шахс учун эса бутун бир оламсиз.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Бой инсонга айланганингдан кейин “яқинларинг” жуда ҳам кўплиги маълум бўлади.
Анис Мансур
*****
Эга бўлган нарсангнинг ҳаммасини кўрсатавермаслигинг ва билган нарсангнинг ҳаммасини гапиравермаслигинг ҳикматдандир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ватанлар урушлар сабабли вайрон бўлиб, ўлмайди. Балки улар ўз фарзандлари, фуқароларининг хиёнати сабабли ўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Ҳар жума куни масжидга элтиб қўйиш текин. Навоийда янги лойиҳа ишга тушди
Зарафшон шаҳри ёшлари томонидан янги — «Текин такси» лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа доирасида шаҳардаги қариялар, ногиронлиги бор шахслар, ёш болали ва ҳомиладор аёлларга кўмак бериш ниятида бозор, касалхона ҳамда жомеъ масжидлари ёнига бепул таксилар ташкил этилган. Бу ҳақда Kun.uz нашри маълум қилди.
«Бир кунда 500 дан ортиқ аҳолига беминнат ёрдам кўрсатилди. Лойиҳа ҳафтанинг ҳар жума куни амалга оширилади», — дейди Саидов.
«Умидли юлдузлар» МЧЖ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳага кўра, ҳар бир таксига бир нафардан Ёшлар иттифоқи фаоли бириктирилади.
«Шу кунларда ҳаво совуқ. Бундай вақтда кўчада пиёда юриш нуронийлар, болали аёлларга, беморларга оғирлик қилади. Бу лойиҳа биз қариялар учун айни муддао. Барака топишсин!», — дейди Рустам ота Салимов.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари
Бизгача етиб келган тарих китоблари ва саҳиҳ ҳадислардан маълумки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз юмушларини доимо ўзлари бажаришга ҳаракат қилганлар. Аммо, саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларига сазовор бўлиш учун ул зотнинг хизматларида бўлишга ошиққанлар. Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Мухаммадий” асарида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бази юмушларини доимий бажарувчи хос ходимлари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Жумладан, ходимлари ичида энг машҳури ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудир. Мадинага ҳижрат қилиб келган йилдан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот бўлгунларича хизматларида бўлди. Унинг ҳаққида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: — Эй бор Худоё, Анаснинг мол-жонига бу дунёда барака бергил, охиратда унга жаннат ато қил, — деб дуо қилдилар. Дуолари қабул бўлиб, мол-жонига барака кириб дунёси кўпайди, ўлганида ёлғиз ўзидан туғилган болалари эрса бир юз олтита бўлган эди. Ўзи бир юз йигирма йил умр кўрди.
Иккинчиси, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эрур. Маккада турганларидан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиб, ҳеч ажрамас эди. Билмаган кишилар шу оиладан деб ўйлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисвокларига, ковушларига эга эди. Таҳорат олишда мисвокларини, турганларида ковушларини тайёрлаб, юрганларида асо кўтариб, олдиларида йўл бошлар эдилар.
Учинчи хизматчилари Муайқиб Давсий розияллоҳу анҳу эрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳр шарифларини сақламоқ учун бу кишига топширмиш эдилар.
Тўртинчилари, Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудур. Бу киши эрса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хачирлари Дулдулни боқиш, кутиш вазифасида эди. Сафарда, ҳазарда уни етаклаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни миндириш, тушириш хизматини бажарур эди.
Бешинчилари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари ҳазрати Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу эрур. Бу эрса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари устидаги сарф, нафақа ишларига ёрдамлашур эди. Ҳижратнинг 8-йили Макка фатҳ бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрлари билан Каъбатуллоҳ ўгизасига (устига) чиқиб, Макка шаҳрида биринчи азони Муҳаммадийни айтган одам шул кишидур. Ҳижратнинг 20- йили олтмиш олти ёшда Шом шаҳрида вафот топди. “Арабнинг афзали мендурман, Ҳабашнинг афзали Билолдур”, деган ҳадис шул киши ҳақида келмишдур.
Яна бир ходимлари Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳу эрур. Бу киши эрса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келгандан кейин тўртинчи бўлиб Исломга кирган, сўфийлик, қаттиқ тарки дунё қилган улуғ саҳобалардан эди. Дунё тўплаган кишиларнинг ҳеч биридан рози бўлмай: “Уч кунлигидан ортиғини муҳтожларга бўлиб бериш керак”, дер эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан илгари бутга топинмаган, ҳақ дин излаган киши эрди. Мунинг мазҳабида ҳар бир мусулмон одамга кундалик овқатига қаноат қилиб, ортиғини муҳтожларга бериш фарздур. Хазина қилиб сақлаб қўйиш ҳаромдур. Шунинг учун Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа вақтида Шом волийси Муовия билан бир масала устида хилоф чиқиб тортишувлар бўлди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ювошлигидан, қариндошчанлигидан фойдаланиб, Муовия бошлиқ Бани Умайя раисларига бу сўз оғир келганликдан Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга шикоят қилдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу тарафидан чақирилиб Мадинага келгач, яна шу ҳақда ўз сўзини қувватлаб бу фикрдан қайтмади. Сўнгра Абу Зар розияллоҳу анҳунинг халққа кўп аралашмаслигини маслаҳат қилиб, Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Мадинадан уч манзил узоқликда бўлган Рабаза деган киши йўқ ерга сургун қилди. Саҳобалар орасида фитна қўзғалди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни шаҳодатларига сабаб бўлган ишларнинг бириси шул эди.
Ҳижратнинг 9-йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом тупроғига яқин Табук ғазотига чиқмиш эдилар. Шунда Абу Зар розияллоҳу анҳунинг минган туяси чарчаб аскар ортида қолди. Юришга ярамаганликдан қуролларини осиниб, юкини елкасига қўйиб йўлга тушди. Унинг келаётганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йироқдан кўриб: — Бечора Абу Зар, ёлғиз юради, ёлғиз ўлади, — дедилар. Шунинг устига Кўфадан келаётган Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бошлиқ бир жамоа киши келиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: — Эй Абу Зар, сенинг жанозангни мўминлардан бир жамоа киши ўқийди, — деган эдилар. Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, Рабазага сургун бўлиб, шу жойда ёлғизликда вафот топади. Яна ул зот айтганларидек, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу имом бўлиб, шул жамоа жанозасини ўқиди. Расулуллоҳ йигирма неча йил илгари Абу Зар розияллоҳу анҳу ҳақида ғайбдан хабар айтган мўъжиза сўзлари деганларидек тўғри чиқди.
Саидаброр Умаров тайёрлади
Саудия Арабистони университетлари талабалари ўртасида Қуръон мусобақаси ўтказилади
Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жорий йилнинг 14-18 январь кунлари бошланган Қуръони Карим мусобақасида мамалакатнинг 21 та университети, давлат ва нодавлат коллежларининг жами 500 нафар талабалари иштирок этмоқда. Бу ҳақда International Quran News Agency нашри хабар берди.
Мусобақада аёллар ва эркаклар Қуръонни ёддан ўқиб бериш бўйича мусобақалашадилар.
Мусобақа бош ташкилотчиси Салоҳ бин Салим Усмоннинг таъкидлашича, иштирокчилар Тажвид, Вақф ва Ибтидо қоидаларини билиши баҳоланади.
Мусобақа иштирокчиларининг чиқишлари 10 та малакали ҳакамлар томонидан баҳоланиб борилади. Мусобақанинг соврин жамғармаси 500 минг саудия риёли миқдорида белгилангани қайд этилган.
Мусобақанинг финал босқичи 2019 йилнинг 23 январь куни ўтказилиши маълум қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати