Мақолалар

«Албатта, биз Аллоҳникимиз…»

Шаҳар чорраҳаларининг бирида қаттиқ овоз билан берилган тормоз овози барчани сескантириб юборди. Хамма беихтиёр ўша томонга қараб, икки автомобиль тўқнашиб кетганини кўрди. Атрофида турган одамлар яқинлашиб келишига қарамасдан, гўё инсонларни кўрмагандай  иккала хайдовчи ҳам машинадан тушар-тушмас бир бирларига ўшқира кетишди. Бири “Мани йўлим эди” деса,  иккинчиси “Кўзингизга қарасангиз бўмайдими”  каби сўзлар билан бақира бошлашди. Ҳайриятки,  бир қанча вақт тортишувлардан сўнг ЙҲҲ ходимлари келгач воқеа одилона ҳал бўлди.

Бу каби кўнгилсиз ходиса ва ноҳуш холатлар хаётимизда кўплаб учраб туради. Ана шундай мусибатга учраган инсон нима қилиши керак ёки қандай дуоларни айтиши керак?

Келинг, яхшиси бунинг учун Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг хадисларига мурожаат қиламиз.

Истиржоъ – «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун» («Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтувчимиз») дейиш (Бақара сурасининг 156-оятидан). Уни каттаю кичик мусибат етган чоғда айтиш тавсия этилган. Баъзан кутилмаган ҳолатга дуч келганда истиржоъ айтиш одати ҳам бўлган.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминга тикан кирса ва ундан-да каттароқ мусибат етса ҳам, албатта, Аллоҳ ўша туфайли унинг даражасини кўтаради ва гуноҳини ювади», дедилар».
 (Термизий ва Муслим ривоят қилганлар).

«Қайси бир бандага мусибат етганда «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиун» деса ва сўнгра «Аллаҳумма ажирни фи мусийбати вахлуф ли хойром-минҳа» (Эй Аллоҳим, менга мусибатимда ажр ва унинг ўрнига яхшироғини бергин) деса, албатта, Аллоҳ унга ажр беради ва унга бунинг ўрнига яхшироғини беради», деганларини эшитдим. Демак, тикан кириши ҳам мусибат ҳисобланади. Унга сабр қилиш керак. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирортангизнинг кавушининг ипи узилиб кетса ҳам истиржоъ айтсин” деганлар. Истиржоъ “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун” дейишдир.

Бошқа бир ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам уйда чироқ ўчиб қолганда ҳам истиржоъ айтган эканлар. Шунда Оиша розияллоху анҳо онамиз, “Ё Росулуллоҳ чироққа ҳам истиржоъ айтасизми?” деганларида “Мўминга ёмонлик бўлган ҳар бир нарса мусибатдир”, деб жавоб бердилар. Ана шундай пайтда ушбу дуони ўқишимиз керак: “Биз барчамиз Аллоҳникимиз ва У Зот ҳузурига қайтиб борамиз. Эй Аллоҳим, мени мусибат сабабли мукофотла ва менга йўқотганимдан кўра яхшироғини бер”. Аллоҳ томонидан бизларга берилган ҳар бир неъматлар борки, уларни қадрига етмоқлигимиз ғанимат билмоғимиз лозим бўлади.

Уламолар неъматларни уч асосий қисмга тақсимлаганлар:

  1. Дунёвий: соғлик, офият ва ҳалол мол кабилар.
  2. Диний: иймон, Ислом, Аллоҳ таолонинг маърифати, тақво, илм ва амал кабилар.
  3. Ухровий: оз амалга кўп савоб берилиши каби.

Юқорида айтиб ўтган каби ходиса ё шунга ўхшаш мусибатлар етган пайтда сабр қилган мўминнинг даражаси кўтарилиб, хатолари ўчирилар экан. Хаётимиз давомида учрайдиган каттаю кичик мусибат қаршисида ўзимизни йўқотмасдан балки, комил мусулмондек тутмоғимиз лозимдир. Шунинг учун мусибатга учраган банда сабр қилиб, истиржоъ айтса, Аллоҳ уни мукофотлаб, йўқотган нарсасидан кўра яхшироғини ато қилади. Хоҳ катта, хоҳ кичик мусибат бўлсин, доим истиржоъ айтилса, катта ажр-савобларга қозонилади ва қўлдан кетган неъматдан кўра афзалига эришилади.

Аллоҳ таоло хаётимизни тинч, осуда, жондан азиз бўлган Ватанимиз тинчлигини барқарор айласин.

Раҳматилло Мадаминов,
Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби

 

7328 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Бу – аёл! Солиҳлар ҳаётидан ажиб бир дарс »

Мақолалар

Top