muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 18 Январь 2019 00:00

Энг улуғ саҳобага берилган тавсия

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз намозлардан кейин доим айтиб юришлари учун бирор дуо ўргатишларини сўраганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийрон ва лаа яғфируз зунууба илла анта. Фағфирлий мағфиротан мин индика варҳамний. Иннака антал Ғофурур Роҳийм деган дуони ўргатган эканлар.

Дуонинг маъноси: Эй Аллоҳ! Албатта, мен ўз нафсимга кўп зулм қилдим. Гуноҳларни фақатгина Сен мағфират қиласан. Бас, ҳузурингдан бўлган мағфират ила мени мағфират этгин ва менга раҳм қилгин! Албатта, Сен Ғофур, Роҳийм Зотсан.

Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан кейин инсонларнинг афзали бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ушбу дуо ўргатилибдими, демак, бизлар кўзимизни каттароқ очишимиз, тилимиздан ҳам, дилимздан ҳам истиғфорни қўймаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизни ихлос билан кўп истиғфор айтиб, Ўзининг мағфиратига эришадиган бандаларидан қилсин, омин!

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муаттар бўйли инсон эдилар. Агар бирор киши билан қўл бериб сўрашган ёки кимнингдир бошини силаган бўлсалар, кун бўйи ўша одамнинг қўлидан ёки бошидан муаттар ҳид анқиб турар эди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Истиғфор – очилмайди деб ўйланган қулфларнинг очилишига сабаб бўлади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Илмнинг:

Биринчиси: жим туриш;

Иккинчиси: чиройли тинглаш;

Учинчиси: уни ёдлаш;

Тўртинчиси: унга амал қилиш;

Бешинчиси: уни тарқатиш.

Мустафо Манфулутий

Ховатир роқия журнали

*****

Одамларнинг уй қуриш борасидаги турли фикрларини кўп эшитсак ҳам, барибир уйимиз томсиз қолаверади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Инсоннинг ақли пишиб боргани сари атрофидаги одамларнинг сони ҳам озайиб боради. Чунки пишган ақл лаганбардорликларга тоқат қила олмайди.

Жорж Бернард Шоу

*****

Комил фазилат – сенга қилишларини истамаган муомалани сен ҳам бошқаларга қилмаслигингдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳолатингни шарҳлаб, изоҳлаб вақтингни кетказма. Одамлар нимани эшитишни истасалар, ўшанга қулоқ соладилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Сендан ғазаблангандан кейин сен билан гаплашиш учун яна олдингга келган киши сени қаттиқ яхши кўрадиган шахсдир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Бир неча асрлик тарихга эга бўлган муқаддас Мусҳаф Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида намойиш этилади. БАА Маданият ва сайёҳлик бошқармаси томонидан ташкил этилган кўргазма 2019 йилнинг 16 январидан 15 февралига қадар ўтказилиши кўзда тутилган.

Ноёб Қуръони карим ҳам ушбу кўргазма доирасида намойишга қўйилиши қайд этилган. Қирол Фейсал Исломий тадқиқотлар ва изланишлар маркази томонидан вақтинчалик фойдаланишга бериб турилган 50 дан ортиқ Мусҳаф нусҳалари намойиш этилади.

Кўргазмада Марокаш султони Султон Абдулла II томонидан 17-асрда кўчирилган Мусҳаф қисмлари ҳам намойиш этилиши айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Анас ибн Молик ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирганимизда, у зот кулдилар, ҳатто тишлари кўринди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Ё Расулаллоҳ, ота-онам фидойингиз бўлсин, нима сабабдан кулдингиз?”, деб сўради.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Қиёмат куни) умматимдан икки киши Роббул-изза (Аллоҳ) таборак ва таолонинг ҳузурида тиз чўкадилар. Улардан бири: “Роббим, биродаримдан ҳақимни олиб бер”, дейди. Аллоҳ таоло (иккинчи кишига): “Биродарингга ҳақини бер”, дейди. У: “Роббим, биронта ҳам савобим қолмади”, деганида, биринчиси: “Роббим! Унақада, гуноҳларимни олсин”, дейди.
Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар, ҳатто кўзларидан ёш оқди. Сўнг: “Албатта, бу улуғ кундир. Одамлар ўзларининг гуноҳларини бўйнига оладиган кишиларга муҳтож бўладиган кундир”, дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло биринчи кишига: “Бошингни кўтар ва жаннат боғларига қара”, дейди. У бошини кўтариб: “Роббим, кумуш шаҳарларни, марваридга тўла олтин қасрларни кўряпман. Бу қайси пайғамбарники? Ё қайси сиддиқники? Ё қайси шаҳидники?”, деб сўрайди. Аллоҳ таоло: “Бу (ўша жаннатнинг) ҳақини берган кишиники”, дейди. У: “Роббим, бунинг ҳақини ким ҳам бера олади?”, деганида, Аллоҳ таоло: “Сен бера оласан”, дейди. У: “Қандай қилиб, Роббим?”, деса, Аллоҳ таоло: “Биродарингни афв этиб”, дейди. У: “Роббим, мен уни афв этдим”, дейди. Аллоҳ таоло: “(Энди,) биродарингнинг қўлидан ушлаб, уни ҳам жаннатга олиб кир”, деб марҳамат қилади.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ қилинглар! Зеро, Аллоҳ таоло қиёмат куни мўмин бандаларининг ораларини ислоҳ қилади”, деб буюрдилар.

(Имом Байҳақий, “Ал-баъс”; Ибн Асокир, “Муъжамуш-шуюх” (1/324); Ҳофиз Абу Яъло Мувсилий, “Ал-муснад”; Хатиб Бағдодий, “Тарихи Бағдод” (4/245); Ибн Абуд-дунё, “Ҳуснуз-зонни биллаҳ” (116); Хароитий, “Макоримул ахлоқ”; Ироқий, “Ал-муғний”; Забидий, “Итҳофус-содатил-муттақийн” (6/267); Имом Ҳоким “Ал-мустадрак ъалас-саҳиҳайн” (4/576)да ривоят қилиб, “Исноди саҳиҳ”, деган. Абдул Азим Мунзирий “Ат-тарғиб ват-тарҳиб” (3/309)да ва ҳофиз Қасталоний “Ал-мавоҳибул-ладунийя бил-минаҳил-Муҳаммадийя” (3/660)да Ҳокимнинг гапини тасдиқлашган).

Абдул Азим Зиёуддин

Top