muslim.uz
Маъмун ва унинг устози
Ҳорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмун кичкиналигида устози уни таёқ билан сабабсиз урди. Маъмун ундан: “Мени нега урдингиз?” деб сўради. Устози: “Жим!” деди. Маъмун ҳар сафар устозига мазкур саволни берса, устози унга: “Жим!” дерди.
Орадан йигирма йил ўтгандан сўнг Маъмун халифалик мансабини эгаллади. Унинг биринчи қилган иши устозини ўз ҳузурига чорлаш бўлди. Устози келгач, ундан: “Болалигимда мени нега урган эдингиз?” деб сўради. Устози табассум қилди ва: “Ҳалиям унутмадингми?” деб сўради. Маъмун: “Аллоҳга қасамки, унутмадим”, деб жавоб берди.
Шунда устоз Маъмунга: “Мазлум зулмни унутмаслигини билишинг учун шундай қилгандим. Ҳеч кимга зулм қилма! Зулм мазлумнинг қалбидаги олов бўлиб, йиллар ўтса ҳам ўчмайди. Бандаларнинг бандаларга қилган зулмлари эскирмайди, чиримайди. Агар мазлум золимни кечирмаса, Аллоҳ золимга жавоб қайтариш пайтини, муносиб вақтда ва муносиб жойда ҳукм қилишни белгилаб қўяди” деди.
Маъмун устозидан кўп йиллар давомида илм олди. Аммо устози билан кўришган пайтда, ундан олган илмларини эмас, балки бир марта олган тарсакисини эслади.
Ҳа, азизлар, зулм эсдан чиқмайдиган нарса. Шунинг учун одамларга зулм қилишдан, адолатсизлик қилишдан эҳтиёт бўлайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни зулм қилишдан ва зулм кўришдан асрасин!
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Саҳобалар ҳаёти - Умму Ҳабиба (розияллоҳу анҳо)
Германияда Қуръон ва азон мусобақаси ўтказилади
Жорий 2019 йилнинг апрель ойида Германиянинг Гамбург шаҳрида 7-Европа Қуръон ва азон мусобақаси ўтказилади. Бу ҳақда International Quran News Agency хабар берди.
Гамбургдаги Ислом маркази томонидан ташкил этилаётган мусобақа 2019 йилнинг 12-14 апрель кунлари ўтказилиши қайд этилган.
Бу сингари мусобақаларни ўтказишдан мақсад Қуръон таълим ва исломий маданиятни янада чуқурроқ тадқиқ этиш, Мусҳаф ўқувчиларни рағбатлантириш экани айтиб ўтилган. Мусобақа орқали қорилар ва муаззинлар ўзларига тажриба орттиришлари ҳам айтилган.
Ҳифз йўналишида мусобақа фақат эркаклар ўртасида, Тартил бўйича эса фақат аёллар ўртасида мусобақа ташкил этиш айтилган. Азон мусобақасида эркаклар иштирок этади.
Мусобақа икки ёш гуруҳида ўтказилиши маълум қилинган. Бунда 16 ёшгача бўлганлар ва 16 ёшдан катталар гуруҳга ажратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тавбам қабул бўлсин десангиз...
Инсон хатодан холи эмас. Ҳар биримиз турли гуноҳларни содир этганмиз.
Бу гуноҳларимизни Аллоҳ таоло кечириб юбориши учун битта шарти бор – тавба қилиш!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифлардан бирида “Одам боласининг ҳар бири хато қилувчилардир. Хато қилувчиларнинг яхшиси эса кўп тавба қилувчилардир” деганлар.
Банда астойдил тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради.
Хўш, тавба нима?
Тавба – гуноҳлардан қайтиш, Аллоҳ таоло сари юзланишдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحاً عَسَى رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса” (Таҳрим сураси, 8-оят).
Банданинг тавбаси қабул бўлиши учун унинг бир неча шартлари бор.
Уламоларимиз тавба ҳақида гапирганларида, агар гуноҳ Аллоҳнинг ҳаққига тегишли бўлса, 3 та шарти борлигини, агар банданинг ҳаққига тегишли бўлса, 4-шарти ҳам бўлишини айтишган.
- Гуноҳдан узилиш.
Банданинг тавбаси ҳақиқий тавба бўлиши учун у қилаётган гуноҳини тўхтатиб, ундан узилиши керак. Ароқ ичиб туриб, “Ўзинг кечиргин!” деса, бу тавба бўлмайди. Аввал ароқни идиши билан бирга дарҳол ташлаб юборади. Оғзидагини туфлаб ташлайди. Оғзини яхшилаб ювади. Бу ишни тўхтатади. Шу билан 1-шарт бажарилган бўлади.
- Надомат қилиш.
“Роббим, ароқни ҳаром қилган эдинг. Мен бандалигим, лойдан яратилганим ғолиб келиб, нафсимнинг сўзига кириб, шу ишни қилиб қўйдим. Аслида бу қилган хатойимга ўзим ҳам рози эмасман. Ҳаромлигини эътироф этаман. Бу гуноҳни енгил санаб қилаётганим йўқ! Қилган ишимдан афсусдаман! Гуноҳимни кечиргин! Ҳузурингда пушаймонман, хижолатдаман” деб, надомат қилади.
Пулимизни ўғри ўғирлаб кетса, қанчалик сиқиламиз. Дунёимиздан озгина мато кетганига қанчалик афсусланиш бўлади. Каттароқ корхона раҳбарининг иши орқага кетиб, корхонаси банкротга учраса, юборган маҳсулотлари ўтмай қолса, улар қандай аҳволга тушиши ҳаммага маълум.
Гуноҳ эса охиратимизга тегишли нарсадир. Бунинг салбий таъсири дунёда ҳам сезилса-да, асосан охиратда азобга сабаб бўлади.
Демак, гуноҳ қилган одамнинг сиқилиши молидан айрилганникидан кўп ва кучли бўлиши керак. Яъни банда гуноҳ қилганида, унинг қалбида ўша гуноҳдан хурсанд бўлиш ҳолати бўлмаслиги, аксинча, сиқилиш, афсусланиш, пушаймонлик ҳолати бўлиши керак. Шу билан 2-шарт бажарилган бўлади.
- Гуноҳга ҳеч қачон қайтмаслик.
“Аллоҳ таоло бу гуноҳдан, масалан, ароқ ичишдан бандаларини қайтарганми, мен шу гуноҳдан тавба қилдимми, энди унга умуман бошқа қайтмайман! Қайтиб ароқ ичмайман!” дейиш керак.
Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтсак.
Шароит бўлмаганлиги учун гуноҳга қайтмаслик ҳақиқий тавба ҳисобланмайди. Агар пули бўлганда, яна зинога кетадиган, пули йўқлиги учун зинога бормаётган, зино қилмаётган одам зинодан тавба қилган ҳисобланмайди.
Ўғри одам оёғи синиб қолгани учун ўғрилик қилмаётган бўлса, агар оёғи тузалганда яна ўғрилик қилиш кайфияти бўлса, бу одам ҳали ўғрилик гуноҳидан ҳақиқий тавба қилган саналмайди.
Булар ҳар қандай шароитда бўлишларидан қатъи назар, чин кўнгилдан тавба қилиб, олдинги гуноҳларига бошқа қайтмасалар, ўшанда ҳақиқий тавба қилган бўладилар.
Инсон гуноҳ қилишнинг шароитлари бўлса-да, Аллоҳдан қўрқиб, Унинг розилигини кўзлаб, гуноҳга қайта қўл урмаса, мана шу ҳақиқий тавба ҳисобланади.
Ҳа, гуноҳдан тийилиш фақат Аллоҳнинг розилиги учун бўлиши керак. Дунёнинг бирор моли илинжида, кимнингдир ишончига кириш мақсадида, кимдандир мақтов эшитиш умидида қилинган тавба чинакам тавба ҳисобланмайди.
Банданинг ҳаққига тегишли гуноҳда мана бу шарт ҳам қўшилади:
- Ҳақларни эгасига қайтариш ва уни рози қилиш.
Агар бир инсондан қарзга пул олган бўлсангиз, шу пулни эгасига қайтаришингиз шарт.
“Эй Роббим, банданг Аҳмаджондан юз минг сўм қарз олгандим. Ҳали беролмадим. Ўзинг кечир!” десангиз, бу тавба эмас. Балки ўша Аҳмаджоннинг олдига борасиз, “Дўстим, мана бу 100 минг сўм пул. Мендан рози бўлинг” дейсиз. Ёки “Дўстим, сендан олган қарзимни узиш учун пул топа олмадим. Имконинг бўлса, қарзнинг ҳаммасини ёки ярмини кеч! Пул топяпман, аммо тирикчиликдан, рўзғордан ортмаяпти. Сенинг розилигингни олгани келдим” деб, ундан розилик сўрайсиз. Агар Аллоҳ таоло Аҳмаджоннинг дилига солса, қалби юмшаб, “Хўп, дўстим. Қарзингдан кечдим. Сендан розиман” деса, мана шунда 4-шартни ҳам бажарган бўласиз.
Аллоҳ таоло мана шу тарзда тавба қилган бандаларининг гуноҳларини кечиради.
Бу тавбанинг номи “насуҳ тавба” дейилиб, бу ҳақида юқоридаги оятда келди. Аллоҳ таоло ўша оятда мана шундай тавба қилганларнинг гуноҳларини кечириб, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритишини эълон қилди.
Шунинг учун азизлар, биз ҳам ҳаракат қилайлик! Тавба ва истиғфорга машғул бўлайлик! Тилларимиз доим Аллоҳнинг зикри билан, хусусан, истиғфор билан машғул бўлсин!
Аллоҳ таоло тавбаларимиз насуҳ бўлишини, истиғфорларимиз ҳақиқий бўлишини насиб этсин, омин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Нишонга урилган гаплар: “Ҳақиқий дўст – ҳамма сендан узоқлашаётган пайтда сен тарафга қараб юрган кишидир”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Сенинг бировга қизиғинг бўлмаса ҳам, ота-онангга қизиғинг бор.
Барча томошабинлар сендан юз ўгирса ҳам, ота-онанг ёнингда туриб, барчанинг ўрнини босади.
*****
Агар орзуларингни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилмасанг, биров сендан ўзининг орзуларини рўёбга чиқаришда фойдаланади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Тушларинг ҳақиқатга айланишини истасанг, бунинг учун қиладиган биринчи ишинг — уйғонишингдир.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Қоронғудан қўрқадиган ёш болани кечириш мумкин. Аммо нурдан, ёруғликдан қўрқадиган одамларни кечириб бўлмайди.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Ҳақиқий дўст – ҳамма сендан узоқлашаётган пайтда сен тарафга қараб юрган кишидир.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Агар фақирлик ва жоҳилликка қарши курашмасак, куни келиб камбағаллар ва жоҳиллар билан курашишга тўғри келади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Сен ҳар қанча солиҳ шахс бўлсанг ҳам, одамлар сенга ўзларининг характерлари ва ҳожатларидан келиб чиқиб баҳо беришади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов