muslim.uz
Нишонга урилган гаплар: “Бирор инсонга фойданг тегмаса, ҳеч бўлмаса зараринг ҳам тегмасин”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Технология ҳамма нарсани қора (балчиққа) белашидан олдин болалигимни ўтказганимга хурсандман.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Миянгдан фойдалан! Ахир у текин-ку!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Эски дўстингни тарк этма. Чунки янги дўст у каби бўлмаслиги мумкин.
Сулаймон Ҳаким
*****
Олийжаноблик – бирорта инсон сени кўрмай турган пайтда ишингни пухта, саҳиҳ қилиб бажаришингдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамлар билан бўладиган алоқам дарахт баргларига ўхшайди.
(Дарахт шохи, барги дарахтда қолса, униб-ўсади, дарахтга фойдаси тегади, узилиб ерга тушгани эса ҳеч қачон дарахтга келиб қайтадан ёпишмайди.) Ёнимда қолган инсоннинг фойдаси тегади. Ёнимдан кетгани қайтиб келмайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бошингдан қийин кунларни ўтказаётганингда, “Ишларингга биз эътибор берамиз, ёнингдамиз” деган одамларнинг қандайлигини билиб оласан.
“Сукутдаги садолар”
*****
Баъзи инсонлар кўнглимизда “Келгусида уларга ўхшаганлардан қандай четланишимиз борасида” тажриба қолдирадилар.
“Сукутдаги садолар”
*****
Бирор нарсага нисбатан «Синиб қолмасмикин!» деган қўрқув билан керагидан ортиқ хавотир бўлишинг сенинг синишингга, уни эса бутун қолишига сабаб бўлади.
(Бу хавотир сени ич-ичингдан кемиради. Ўша нарсага ёки инсонга ҳеч нарса бўлмаслиги мумкин, аммо сен ўйлайвериб, хавотирланавериб адо бўласан дейилмоқчи.)
*****
- Бирор инсонга фойданг тегмаса, ҳеч бўлмаса зараринг ҳам тегмасин!
- Бирор инсонни хурсанд қилолмасанг, ҳеч бўлмаса хафа ҳам қилма!
- Бирор инсон ҳақида яхши сўз айтолмасанг, ҳеч бўлмаса ёмон сўз ҳам айтма!
- Бировнинг ютуғидан хурсанд бўлолмасанг, ҳеч бўлмаса ҳасад ҳам қилма!
«Ўзингни тузат» саҳифасидан
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Мўминаларга ибрат мўминалар: Умму Салама (розияллоҳу анҳо)
Мўмина оналаримиз орасида Умму Салама (розияллоҳу анҳо) воқеаларни ғоятда чуқур ўйлаб, жуда тўғри қарорлар берадиган ақлли аёл эди. Мўминлар онаси Умму Салама (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг содир бўлган воқеаларни диққат билан кузатиб борди. Инсонлар, хусусан, уларни идора этувчи халифа ва волийларнинг тўғри йўлдан адашмаслиги учун ҳаракат қилди. Тарихчиларнинг ёзишича, бир куни Умму Салама (розияллоҳу анҳо) халифаликни олган Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) ҳузурига кирди ва ул зотга насиҳат қилиб, шундай деди: “Эй ўғлим, менга нима бўляптики, одамларнинг сендан узоқлашиб, ҳимоянгдан чиқаётганини кўряпман. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севган йўлидан бошқа бир йўлда хайр қидирма. У ўчирган ўтни ёқма. Дўстларинг Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ва Умар (розияллоҳу анҳу) нинг йўлларидан юр. Улар ишни маҳкам ушладилар ва асло зулм қилмадилар. Бир она сифатида насиҳат қиляпман. Бу менинг ҳаққим, вазифам. Сен ҳам итоат этишинг лозим”. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу): “Албатта, сиз айтдингиз, мен тингладим. Сиз тавсия эттингиз, мен ҳам қабул эттим”, дедилар.
Саидаброр Умаров
Сирдарёда имом-хатиб ва отинойилар учун семинар ташкил этилди
Гулистонда Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказида ҳудуддаги шаҳар ва туманлар имом-хатиблари ҳамда отинойилар иштирокида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга вилоятда алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Тадбирнинг биринчи куни 65 нафар имом-хатиб, иккинчи куни 85 нафар отинойи иштирок этди. Давра суҳбати тарзида ўтrказилган маданий-маърифий тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари И.Мўминов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Ҳ.Зокиров, Гулистон давлат университети профессори Р.Маҳмудов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳ.Ортиқбоева, Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё тумани бўлими раҳбари А.Мирзааҳмедов ва бошқалар муқаддас динимиз, Қуръони карим тафсири, шунингдек, турли бидъат ва хурофотларга барҳам бериш, никоҳ ва ёшлар тарбияси билан боғлиқ қизиқарли маърузалар қилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсияси асосида чоп этилган “Тафсири ирфон”, “Имомлик – буюк масъулият” ҳамда “Бидъат ва хурофотларни бартараф этиш учун тавсиялар” китобларининг тақдимоти ўтказилди. Ушбу китоблар иштирокчи имом-хатиблар ва отинойиларга тарқатилди.
– Муқаддас динимиз ҳақида сўзлагувчи, эл олдида маъруза қилувчининг ўзи аввало айтганларига амал қилиши, ҳар соҳада, яъни тарбияда, одоб-ахлоқда, муомалада, кийинишда бошқаларга намуна бўлиши зарур, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Ҳ.Зокиров. – Чиройли сўзлаши, фикрини лўнда тушунтирмоғи лозим. Имом-хатиб ёки отинойилар оддийлиги, самимийлиги, диний ва дунёвий билими кенглиги ва албатта, хушмуомалалиги билан бошқаларнинг меҳрини қозонсин.
Тадбир доирасида иштирокчилар ахборот-кутубхона марказидаги шароитлар, китоблар фонди ва электрон кутубхона фаолияти билан танишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Истамбулда Евроосиё Фатво кенгашининг III-йиғилиши бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 21-22 декабрь кунлари Туркия Республикасининг Истамбул шаҳрида Евросиё Фатво кенгашининг III-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш “Замонавий даврда фатво мавзусида дуч келинаётган муаммолар ҳамда долзарб иқтисодий масалалар” мавзуси остида бўлди.
Мазкур йиғилишда Европа, Россия, Кавказ, Марказий Осиё, Афғонистон каби бир қатор давлатлардан Фатво масалалари бўйича мутасадди уламолар иштирок этишди. Ўзбекистондан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков қатнашди.
Йиғилиш кун тартибидан:
- ҳозирги кунда диний масалаларга жавоб беришда учраётган услубий муаммолар;
- қонуний жиҳатдан тартибга солинган масалаларда фатво бериш сиёсати;
- баъзи замонавий иқтисодий масалалар ва уларнинг шаръий аҳкомлари каби мавзулар ўрин олган эди.
Йиғилишнинг биринчи кунида кун тартибидаги биринчи ва иккинчи масала юзасидан уламолар ўзаро фикр алмашдилар. Жумладан, ҳозирги замонда Фатво бериш масаласида баъзи бир кишилар томонидан бирор-бир мазҳабнинг усулий қоидаларига риоя қилмаган ҳолда, умумий қоидалардан келиб чиқиб фатво бериш мўмин-мусулмонлар орасида зиддиятли ҳолатларни келтириб чиқараётганлигини таъкидлаб ўтдилар.
Хусусан, интернет тармоғи орқали аҳолидан берилаётган саволларга жавоб бераётган кимсалар савол бераётган жиҳатнинг ижтимоий, иқтисодий аҳволини ҳатто диний савиясини ҳам билмай туриб жавоб беришлари тўғри эмаслиги айтиб ўтилди.
Иккинчи куни ҳозирги замонда учраётган баъзи иқтисодий-тижорий масалалар (олтин асосидаги вексель савдоси ва уни ижарага олиш-бериш, форекс, рақамли криптопуллар савдоси, тармоқли савдо ва ҳ.к.з) устида баҳс ва мунозара олиб бордилар ҳамда уларнинг шаръий ҳукмлари бўйича бир тўхтамга келдилар.
Эслатиб ўтамиз, Евроосиё фатво кенгаши 2016 йилнинг октябрь ойида Евроосиё Ислом кенгашининг IX-йиғилишида таъсис этилган. Унинг асосий вазифаси евроосиё ҳудудида истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ҳаётида учраётган диний масалаларни ҳамкорликда ҳал этишдан иборатдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Олмаота марказий масжидида ўқувчи қизларга сертификатлар топширилди
Жорий йилнинг 24 декабрь куни Олмаота шаҳридаги Марказий масжид қошида ташкил этилган ўқув курсларида таълим олган ўқувчи қизлар ва аёллар имтиҳон топширдилар. Имтиҳон натижаларига кўра, 50 нафар ўқувчи аъло баҳоларга топширгани маълум бўлди.
Олмаота шаҳри бош имоми Еркинбек қори Керимбекули курс битирувчиларини тақдирлаш маросимига ташриф буюрган. У аёл-қизларнинг Ислом динидан чуқур билимга эга бўлиши келажакда илмга қизиқувчан фарзандларнинг етишиб чиқишга замин тайёрлашини қайд этган.
Шундан сўнг Тажвид 1,2 босиқич, Қуръон, Имон шартлари ва Сийрат сингари ўқув курларини тугатган ўқувчиларга сертификат топширилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати