muslim.uz

muslim.uz

АҚШнинг Огайо штатидаги масжидларда жорий йилнинг 16 декабрь куни "Очиқ масжидлар куни" ташкил этилди. Бу ҳақда International Quran News Agency хабар берди.

Огайодаги Марказий Огайо масжидида ҳам ушбу тадбир кенг миқёсда ташкил этилди. Ушбу тадбир Огайо штатида тарихида илк бор ўтказилаётгани қайд этилган. Лойиҳадан кўзланган мақсад мусулмонларга нисбатан жамоатчиликда шаклланган фикрни ўзгартириш экани таъкидланган. Штат аҳолиси эътиқодлараро ҳамкорлик масаласида қилинган ушбу ғояни қўллаб-қувватлашган.

Ташриф буюрганлар енгил таомлардан истеъмол қилишлари, мусулмонлар ҳаёти билан танишишлари ва Ислом дини ҳақида маълумот олишларига имконият яратилган. CAIR-Columbus ташкилоти ушбу тадбирни ташкил этишда бош-қош бўлиши қайд этилган.

Маълумот учун, CAIR ташкилоти АҚШдаги йирик мусулмонлар фуқаролик ҳуқуқлари учун курашувчи ташкилот бўлиб, Огайонинг Колумбус, Клевленд ва Синсинатти шаҳарларида ўзининг тармоқларига эга.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 17 Декабрь 2018 00:00

Саҳоба ва тобеъинлар намози

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Айтишларича, саҳоба Абдуллоҳ ибн Зубайр саждада жуда узоқ қоларканлар. Шунчалик жим туриб қоларканларки, қушлар келиб, у кишининг орқасига қўнаркан. У баъзан сажда ёки рукуъда туни билан тураркан, ғазот-уруш пайтида у намоз ўқиётган масжид деворини ўқ тешиб вайрон қилган экан. Девордан бир парча тош отилиб, Абдуллоҳнинг соқоли ва томоғи ўртасидан ўтган экан. У шунда ҳам намозини қисқартирмабди ва ғазабланмабди. Бир куни у намоз ўқиётганида ўғли Ҳошим унинг ёнида ухлаётган экан. Илон шипдан тушиб, бола атрофида айланибди. Бола уйғонибди ва қичқирибди, барча уй эгалари боланинг атрофига тўпланишибди. Улар шов-шув ва қичқириқлар билан илонни ўлдиришибди. Ибн Зубайр хотиржам ва осойишта намоз ўқиш билан банд экан. Намозни ўқиб бўлиб, хотинига дебди: «Намоз вақтида шов-шув эшитдим, нима бўлди?» Хотин ҳайқирибди: «Аллоҳ сизга раҳм қилсин! Боланинг ҳаёти хавф остида эди, сиз зиғирча ҳам аҳамият бермабсиз».

Абу Талҳа розияллоҳу анҳу бир куни ўз боғида намоз ўқирди. Унинг эътибори шохма-шох юрган қушга тушди, қуюқ барглар орасидан уни тополмади. Бир неча сония кўзлари билан қушни излади ва намоз ракати миқдори ёдидан чиқди. Бу хатосидан ўзига ғазаби зиёда бўлди. Тўғри Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб шундай деди: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг бу боғим намозимга нуқсон етишига сабаб бўлди, мен уни Аллоҳ йўлида инъом этаман. Ўзингиз қандай раво кўрсангиз, ундан шундай фойдаланаверинг».

Усмон розияллоҳу анҳу замонида бир ансор билан ҳам шундай воқеа юз берган. У ўз боғида намоз ўқирди. Дарахт шохлари пишган ширадор хурмолар мўл-кўллигидан эгилиб қолганди, бу унинг эътиборини ўзига тортди, мамнун бўлди. Аммо бу ракат миқдорини унутишга сабаб бўлди. Жаҳли чиқиб, уни намоздан чалғитган боғдан воз кечишга аҳд қилди. У Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб, боғдан Аллоҳ йўлида фойдаланишини илтимос қилди. Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу боғини эллик минг дирҳамга соттириб, пулни Ислом эҳтиёжига сарфладилар. Бу саҳобаларнинг намозга эътиқоди нақадар юксаклигини кўрсатади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу намозга турганларида (ҳузурнинг ҳайбатидан) тахланган либос каби бўлиб қоларканлар. Намоз чоғи уйдагиларнинг гап-сўзини ҳам эшитмас эканлар. Баъзан уйдагилар: «Жим, овоз чиқарманглар, Абдуллоҳ намоз ўқияпти», дейишса, у киши: «Истаганларингизни гапираверинг, мен намоздалик пайтимда гапларингизни эшитмайман», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу кўз (пардаси) оғришидан изтироб чекарди. Табиб унга шундай деди: «Даволаш мумкин, фақат эҳтиёт чорасини кўришинг керак. Беш кунлаб ерга мукка тушишдан ўзингни тийиб туришинг лозим. Шу боис саждани адо этишда тахта мосламадан фойдаланишинг мумкин». У деди: «Бунақа бўлиши мумкин эмас, бу аҳволда мен бир ракат ҳам намоз ўқий олмайман. Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим: «Бирор кимса билиб туриб хато намоз ўқиса, қиёмат кунида Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дейди: «Бу одамлар савдога муккасидан кетган, аммо улар азонни эшитишлари билан ҳамма нарсани ташлаб, масжид томон шошиладилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам урушдан қайтаётиб, бир жойда тўхтаб тунашга қарор қилдилар. Сўрадиларки: «Бугун тунда бу жойни ким қўриқлайди?» Муҳожир Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва ансор Аббал ибн Бишр ўз хизматларини таклиф этишди. Иккалови қир тепасида душманнинг тасодифий тунги ҳужумига қарши соқчилик қилиб туришди. Аббал Амморга деди: «Кел, навбати билан кузатайлик. Туннинг ярмида сен ухлаганингда мен уйғоқ бўлай, қолган ярмида мен ухлаганимда сен қоровуллик қил». Аммор рози бўлди ва ухлади. Аббал намоз бошлади. Бироқ душман кузатувчиси олисдан қоронғуда белгилаб қўйган экан, унга камон ўқини отди. Уни пайқаб, Аббал қимир этмади, душман унга тегмади, деб ўйлаб, яна ва яна ўқ отди. Аббал ҳар бир ўқни олиб, эгасига қайтариб отаверди, ниҳоят ҳамроҳи уйғониб қолди. Душман улар иккаловини бирга кўргач, у ерда улар кўпчилик бўлишса керак, деб қочиб қолди. Аммор Аббалнинг уч жойидан қон оқаётганини пайқаб қолди ва: «Субҳаналлоҳ! Нега мени эртароқ уйғотмадинг?» деди. Аббал жавоб берди: «Намозда «Каҳф» сурасини ўқий бошлаган эдим. Мен унинг қисқа бўлишини ёқтирмасдим, аммо менга учинчи марта ўқ узилганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хавфсизликларига менинг ўлимимнинг катта алоқаси борлигини билдим. Шунинг учун намозни тамомлаб, сени уйғотдим. Бироқ ана шу ҳайиқиш бўлмаса, мени ўлдириб қўйишганида ҳам сурани тамомламай рукуъга бормаган бўлардим»

Изоҳ: Ҳанафий мазҳабига кўра қон оқиши билан таҳорат бузилади, шофеъий мазҳаби қоидасида биноан бундай эмас, Аббал иккинчи қоидага риоя қилган бўлиши мумкин.

Кимдир Халаф ибн Айюбдан: «Намоз вақтида пашшалар ғашингизга тегмайдими?» деб сўради. У шундай жавоб қилди: «Ҳатто гуноҳкор бандалар ҳукмдорнинг қийноқларига бардош берадилар, уларнинг бу бардошлари, чидамлиликларига тасанно. Нега мен Хожам ҳузурида туриб, арзимас пашшаларнинг хархашасига безовта бўларканман?»

Муслим ибн Йасир намозга турганида ўз оила ­аъзоларига дер экан: «Сизлар суҳбатлашаверинглар, нима гапирганларингни мен билмасам бўлди». Бир куни у Басранинг жомеъ масжидида намоз ўқирди. Масжид деворининг бир бўлаги йиқилиб тушди, ҳамма жонини қутқариш учун қочиб қолди, бироқ у (Ибн Йасир) шовқинни ҳам эшитмади.

Хотами Асом розияллоҳу анҳудан «Намозни қандай ўқийсиз?» деб сўраганларида, у зот бундай жавоб қилган эканлар: «Намоз вақти яқинлашганида яхшилаб таҳорат оламан, намоз ўқийдиган жойимга бориб ўтираман, ақлимни жамлаб, кейин намозга тураман. Каъбани икки қошим ўртасида, Сирот кўпригини оёғим остида, жаннатни ўнг томонимда, жаҳаннамни чап тарафимда, ўлим фариштасини тепамда тасаввур этиб, қўрқув ва умид билан оламлар Рабби ҳузурида тураман. Тафаккур қилиб такбир айтаман, оғир-оғир ва маъносини ўйлаб Қуръон ўқийман, тавозуъ билан рукуъ қиламан, хушуъ билан саждага бораман. Ўнг оёғимни тик қилиб, чап оёғим устига ўтираман, намозимни ихлос ва самимият билан адо этишга ҳаракат қиламан».

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
“Мўминнинг меърожи” китобидан

 

Понедельник, 17 Декабрь 2018 00:00

“Мақомоти Юсуф Ҳамадоний”

Хожа Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари 440 ҳижрий (1048 милодий) йили Ҳамадон шаҳрининг Бузанжирд (ёки Бузинажирд) қишлоғида таваллуд топди. 535 ҳижрий (1141 милодий) йили Афғонистоннинг Бомиён шахрида вафот этиб, у
ерга дафн этилади. Унинг васиятига кўра жасади муридлари томонидан ҳозирги Туркманистоннинг Марв шаҳрига кўчирилиб келтирилади ва у ерга кўмилади.

Юсуф Ҳамадоний қадим Туркистон маънавиятида ўзига хос дунёқараш, тасаввуф тизимини барпо этган, ривожлантирган олим ва ориф бир зот эди. У киши нафақат хожагон­ нақшбандия тариқатини бошловчи ва такомиллаштирувчи фаоллардан, балки моҳир адиб ҳамдир.

Юсуф Ҳамадоний Хуросон, Онадўли ва Мовароуннаҳрдаги тасаввуф тажрибаларини ўзлаштириб, уларни асарларига сингдирди, шахсий ҳаётига татбиқ этиб, барчанинг ҳурматини қозонди.

Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг номи нуфузли тасаввуф китобларида эҳтиром билан тилга олинади. Фаридиддин Аттор “Тазкират ул­ авлиё»да Юсуф Ҳамадонийни машҳур шайхлар қаторида эслаб, унинг Мансур Ҳаллож тарафдорларидан эканини таъкидлайди. Аммо кубравия машойихидан Мажидуддин Бағдодий (ваф. м. 1210 й.) ўзининг “Туҳфат ул­барара» асарида Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг: “Агар Мансур Ҳаллож маърифатни ҳаққи билан билганда, “анал­ҳақ» ўрнига “анат­туроб” (мен тупроқман) деган бўларди» деган сўзларини нақл этади.

Кейинроқ Абдураҳмон Жомий “Нафаҳот ул-унс» тазкирасида Юсуф Ҳамадоний хаёти ҳақида батафсил маълумот берган. Қолган муаллифлар Жомийнинг маълумотларини такрорлаш билан чегараланадилар, холос. Муҳиддин Арабий ва

Нажмиддин Розийлар ҳам Юсуф Ҳамадоний шахсиятидан баҳс юритишган. Алишер Навоий “Насойим ул­муҳаббат”да: “Хожа Юсуф Ҳамадоний қаддас Аллоҳу сирраҳул азиз кунияти Абу Яъқубдур” (имом, олим, орифи раббоний, гўзал ҳоллари, кўп эҳсонлари, юксак каромот ва мақомотлари бор эди) деб сифатлайди ва унинг Бағдодга бориб, Абу Исҳоқ Шерозийдан илм ўргангани, илмий доираларда қатнашгани, Бағдод, Исфаҳон ва Самарқанд шаҳарларида ҳадис эшитгани ва тасаввуф йўлига кириб, Абу Али Формадийга мурид бўлгани ҳақида хабар беради.

Юсуф Ҳамадоний зоҳирий илмларни Мавлоно Абу Исҳоқ Шерозий каби устозлардан ўрганган бўлса, тасаввуф илмини Абу Али Формадий, Абдуллоҳ
Жувайний ва Ҳасан Симноний сингари орифлардан ўзлаштирган. Замонасининг етук шайхлари Абдулқодир Гилоний (Ғавсул ­аъзам), Шайх Ҳамидуддин Мултоний, ҳужжат ул­-ислом Имом Муҳаммад Ғаззолий билан суҳбат­-мулоқотлар
қилган. Эрон, Туркия, Бағдод, Мовароуннаҳр шаҳарларига сафар қилиб, илму ирфон ўрганган ва ўргатган. У ҳам асрдош машойихлар каби илмий­-маърифий йиғинлар, тасаввуфий суҳбатлар уюштирарди. Аммо Юсуф Ҳамадоний ҳампираси
Имом Муҳаммад Ғаззолийдан фарқли ўлароқ илмий-маърифий асарлар ёзишдан кўра, одамлар орасида юриб, уларни иршод қилиш, муридлар таълим­-тарбияси билан шуғулланиш йўлини танлади. Одамлар суҳбати ва такясини истаб ошиқардилар. Шу боис унинг хонақоҳи “Хуросон Каъбаси” деб шарафланган.

Эрон олими доктор Муҳаммад Амин Риёҳийнинг таъкидлашича, Хожа Юсуф Ҳамадоний шахсият сифатида Имом Муҳаммад Ғаззолийга ўхшаб кетади. Иккаласи ҳам Абу Али Формадийнинг муридлари экани тасодифий эмас. Тасаввуфни содда ва безаксиз сўзлар шаклидан мадрасавий тариқат шаклидаги шариатга мувофиқ бир мақомга келтирдилар. Ғаззолий асарларининг кўплиги билан шуҳрат қозонган бўлса, Хожа Юсуф Ҳамадоний кўплаб муридлар етиштиргани билан
тасаввуфий жиҳатдан олдиндадир.

Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг маълумотига кўра, Юсуф Ҳамадоний умри мобайнида кўп мамлакатларга сафар қилган. Ўттиз бор гоҳ пиёда, гоҳ отда Маккаи мукаррама, Мадинаи муаззама зиёратига борган. Қуръони мажидни ёд олиб, минг мартадан ортиқ хатм қилган. Оятлар таҳлили бўйича икки юздан ортиқ шайх билан
суҳбатлашган. Доимо тоат­ибодат қилар, кўпинча рўза тутар эди. Саккиз минг бутпараст унинг даъвати билан мусулмон бўлган. Қанчадан-­қанча одамлар тавба қилиб, унинг этагини тутган, тасаввуф йўлига кирган. Шайх Юсуф Ҳамадоний шогирди ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний тарафидан Хожагон Нақшбандия тариқатига саккиз рашҳанинг киритилишига сезиларли таъсир кўрсатган.

Маълумки, кейинроқ мазкур қоидаларга Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари эса учта қўшиб, нақшбандиянинг яхлит назарий тизим тамойилини шакллантирадилар.
Шайх Ҳамадонийнинг Хожаи жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Пири Туркистон Хожа Аҳмад Яссавийларни тарбиялаб камолга етказгани, шубҳасиз, унинг тасаввуф йўлидаги энг улуғ хизматларидан биридир. Шу маънода, Юсуф Ҳамадоний яссавия ва хожагон тариқатининг етук маънавий пирларидан ҳисобланади. Шунинг учун Абдулхолиқ Ғиждувоний “Мақомоти Хожа Юсуф
Ҳамадоний”да устозини ҳар жиҳатдан комил ва шайхуш­шуюх (шайхлар шайхи) деб таърифлайди. Устозининг насаби, шаклу шамойилидан тортиб, яшаш тарзи, вафоти, муридлар ва одамлар билан муносабати, инсоний фазилатлари ҳақида
батафсил маълумот беради. “Мақомот”дан маълум бўладики, шайх Ҳамадоний ўта покиза, тақводор, ҳалол ва диёнатли бўлиб, бошқалардан ҳам шуни талаб қилган.

Ҳақсизлик, мунофиқлик, риёкорлик билан асло келишолмаган. Масалан, “Мақомот”да айтилади: “...Алар (Юсуф Ҳамадоний) ёлғончи, худбин, порахўр, мақтанчоқ, каззобларни, ноҳақ қон тўкувчиларни, золимларни ниҳоятда ёмон кўрардилар. Ҳаромхўр, порахўр, муттаҳам, фосиқларни, обрў орттириш
учун шариатни ниқоб қилувчиларни ва бошқа хил мунофиқларни олдиларига чорлаб, кечирим сўрашга, тавба қилишга мажбур қилардилар. Улар кўнмасалар, шайхимиз дашном бериб, ҳузурларидан қувиб солар ва уларни ўзларига
душман билардилар. Кўпинча ёвғон хўрок истеъмол қилиб, сув билан нонни кам ер эдилар. Ҳеч кимни сўкмас, ҳеч кимга “чўчқа”, “ит”, “гадой”, “итвачча”, “лаънат сенга” қабилидаги ҳақорат сўзларни ишлатмас ва дуои бад қилмас эдилар...”

Хуллас, “Мақомот”ни ўқир экансиз, улуғ фазилатлар соҳиби бўлган етук бир шайхни тасаввур қиласиз. Айни пайтда мазкур рисола ахлоқий ғояларни илгари суриши билан ҳам китобхонни ўз­ ўзини тафтиш қилишга чорлаб туради...

Авҳадуддин Кирмонийнинг ривоят қилишича, Ҳамадоний ҳазратлари ҳаётининг олтмиш йилини иршод ишига бағишлади ва у зот пойдеворини қўйган бино вафотидан кейин асло шикаст топмади. Халифаларидан тўрт нафари: Хожа
Абдуллоҳ Баррақий Хоразмий, Хожа Ҳасан Андоқий Бухорий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийлар бирин­кетин муридларнинг тарбияси билан машғул бўлдилар.

Шайх Ҳамадонийнинг “Рутбат ул­ҳаёт” асарини нашрга тайёрлаб, муқаддима ёзган доктор Муҳаммад Амин Риёҳий ва шу рисолани туркчага таржима қилган доктор Наждат Тўсунларнинг фикрига кўра, Шайх Юсуф Ҳамадоний қўйидаги рисолалар муаллифидир:
1. «Рутбат ул­ҳаёт»;

  1. “Кашф»;
  2. «Рисола дар одоби тариқат;
  3. “Рисола фи аннал­кавна мусаххарун лил­инсон;
  4. “Рисола дар ахлоқ ва муножот».

Мазкур рисолалардан “Кашф” асари бизгача етиб келмаган. Ҳамадоний рисолаларининг ҳажм жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам салмоқ­лиси “Рутбат ул­ҳаёт»дир. Қолганлари кичик ҳажмли асарлардан иборат.

“Рутбат ул­-ҳаёт» рисоласи инсон ҳаётининг фарқли даражалари тўғрисида савол­жавоб тарзида ёзилган. Шайхдан ўндан ортиқ нозик саволлар сўралган ва шайх уларга жавоб берган.

Муаллиф бу асарида саволларга жавоб беришда Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифдан далил келтиради, адабий ташбеҳлар, шоирона ифодалар, фалсафий хулосалардан кенг фойдаланади. Махлуқот ичида инсоннинг энг улуғ хилқат эканини таъкидлаб, ундаги “ҳайвонийлик» ва “инсонийлик» сифатларига, белги ва хусусиятларига тўхталади. Дастлабки шарт сифатида нафсни жиловлашга, у билан мужоҳада этишга ундайди. Ҳалол ва ҳаром, моддийлик ва руҳият, дунё ва охират, тубанлик ва юксаклик каби тушунчаларни атрофлича таҳлил қилиб, сабаб
ва оқибатларига тўхталади. Инсон ҳаётини уч босқичга: имон билан яшаш, ислом билан яшаш, эҳсон билан яшашга ажратиб, ҳар бир босқичнинг асоси ва даражасини кўрсатиб беради. Эҳсон билан яшаш энг юқори мартаба эканини алоҳида таъкидлайди. Шунингдек, зикр ва фикр, руҳ ва бадан, сир, қалб ва жон атамалари орасидаги фарқлар ва нозик жиҳатлар кенг шарҳланган.
Фарқли саволлар ва ранг­баранг мавзулар бир бутун ҳолда ўқувчининг мушоҳадаси ва маърифатини оширади. Фавқулодда ишқий кечинмалар, завқу холлар сўзга айланиб, китобхоннинг ҳис ва туйғуларига таъсир этади.

Бир сўз билан айтганда, китоб ўзликни англаш, ахлоқни, ботинни тузатиш, қалб имкониятларига йўл очиш, маърифат сирридан воқиф бўлиб, сайру сулукни камолга етказиш каби масалалардан баҳс юритади. Инсонни Ҳақнинг суюкли бандаларидан бўлишга даъват этади...

Юсуф Ҳамадоний форс тилида асар битган илк мутасаввифлардандир. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, “Рутбат ул­-ҳаёт” рисоласи тил, услуб
ва адабий­-бадиий жиҳатдан ҳам ўзига хос ва юксак савияда ёзилган. Бу асарни шакл ва мазмун жиҳатидан тадқиқ этиш ва унга муносиб баҳо бериш алоҳида текширишни тақозо этади.

 Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг «Одоби тариқат» рисоласини форс тилидан, «Инсон

ва коинот ҳақида рисола»сини араб тилидан таржима қилдик. Ҳар иккала рисола тасаввуфнинг муҳим масалаларига бағишланган. «Тариқат одоби»да
сулук йўлига кирган ҳар бир муриднинг қалб поклиги, нафс тарбияси, зикр вазифалари, шайхи билан муносабати ва ҳоказо мавзулар мухтасар
ва асосли баён этилган, «Инсон ва коинот ҳақида рисола»10 да муаллиф инсоннинг мулку борлиққа бўлган муносабати, махлуқот орасида тутган юксак ўрни, ҳар бир инсоннинг коинотдаги зарурий ашёлардан истифода этиши ва унумли фойдаланиш даражалари ҳамда йўлларини кўрсатиб беради. Хуллас, рисолада инсоннинг комилликка интилиш йўлидаги ҳаракатлари билан бирга, онатабиатдан оқилона фойдаланиш ва экологияни тоза тутиш масаллари ҳам ўрин олган.

Муаллифнинг фикрича, ҳар бир инсон коинотга меъёри билан, тўғри муносабатда

бўлса, коинот ҳам инсонга фойдали муносабатда бўлиб, унга хизмат қилади. Биз табиатга: сув, тупроқ, ҳаво қатламларига ва бошқа ҳаётий заруратларга
эҳтиёж юзасидан муомала кўрсатсак, ҳаётимиз, яшашимиз ҳам шунга яраша хотиржамлик ва фаровонликда давом этади. Юсуф Ҳамадонийнинг ушбу рисоласидан шу нарса маълум бўладики, ўз даврида машойихларимиз ҳам, ҳозирги тил билан айтганда, экология масалаларига, табиат ва уни авайлаб-­асрашга катта аҳамият берганлар.

Шуни таъкидлаш керакки, Юсуф Ҳамадонийнинг асар ёзганини ҳамма ҳам билавермайди. Ўзбек китобхонлари ушбу китоб воситасида улуғ
мутасаввифнинг ҳаёт ва ижоди билан чуқурроқ танишишга муяссар бўладилар.
Хожа Юсуф Ҳамадоний асарларини таржима қилишимизда бизга яқиндан ёрдам берган, рисолаларнинг асл матни нусхаларини бизга жўнатган ҳамда ўзи нашр эттирган китобни қиёслаш учун лутфан тақдим этган накшбандияшунос олим, доктор Наждат Тўсунга самимий миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.
Маълумки, бу йил Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудига 915 йил тўлади. Шу боис муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармойиши билан юртимизда бир қатор тадбир ва анжуманлар ўтказилиши режалаштирилган. Биз ҳам бу анжуманга тўёна сифатида Абдулхолиқ Ғиждувонийга устоз бўлган Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг ушбу рисолаларини форсий ва арабийдан таржима қилдик.

Китобхонларимизнинг турли қатламларини ҳисобга олиб ҳамда асарнинг илмий – оммабоплигини ошириш мақсадида, асл нусха – қўлёзмаларни ҳам илова қилдик. Халқимизнинг бу асарлардан маънавий завқ олишларини тилаб қоламиз. Илоҳо, юртимиз обод, улуғларимизнинг руҳи шод бўлсин!


Сайфиддин Сайфуллоҳ,
Нодирхон Ҳасан,
филология фанлари номзодлари

 

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган

Муаллиф: Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний

Таржимонлар: Сайфиддин Сайфуллоҳ, Нодирхон Ҳасан

Нашриёт дўконидаги нархи: 13000 сўм

Жорий йилнинг 11-14 декабрь кунлари Фарғона вилоятида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда отинойилар учун ўқув-семинар ташкил этилди. Семинарни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Халқаро Ислом академияси докторантлари ва Дин ишлари бўйича қўмита ходимларидан иборат мутахассислар таркиби олиб бордилар. Дастур асосида маърузалар, давра суҳбатлари ўтказилди. Ўқув-семинар долзарб мавзуларга бой савол-жавоблар асосида бўлиб ўтди.

Отинойиларимизнинг келгуси фаолиятларида бу ўқишларнинг самараси, албатта, кўринади. Улар кўрсатилаётган эътибордан янаям руҳланиб, муҳтарам юртбошимизга, муфтий ҳазратларига ва барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Келгусида Ватан тараққиёти, жамиятимиз ва диний-маьрифий соҳада ўз куч ва салоҳиятларини аямасликларини таъкидладилар. 

 

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 17 Декабрь 2018 00:00

Аллоҳ билан бўлган савдо

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилиб айтадилар:

“Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалиги даврида бир воқеа содир бўлди. Одамларга қаҳатчилик етди. Вазият оғирлашгач, улар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига бордилар ва:

“Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринбосарлари, осмондан ёмғир ёғмай қўйди, ердан гиёҳ ўсмай қўйди, одамлар ҳалокат ёқасига келиб қолишди, бирор чора кўрасизми?” дейишди. У зот:

“Боринглар, сабр қилинглар, умид қиламанки, шояд Аллоҳ таоло кун кеч бўлмасидан туриб мушкулларингизни осон қилса!” дедилар.

Қуёш ботай деганда Мадинада “Усмон ибн Аффоннинг карвони Шомдан етиб келди” деган хабар тарқалди. Карвон Мадинага кириб келгач, одамлар уни кутиб олдилар. Қарашса, у карвон буғдой, ёғ ва майиз ортилган мингта туядан иборат экан. Туялар Усмон розияллоҳу анҳунинг уйлари олдида чўктирилди. Кейин юклар у кишининг ҳовлиларига олиб кирилди.

Шундан сўнг савдогарлар кела бошлашди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу улардан:

“Нима истайсизлар?” деб сўрадилар. Улар:

“Нима исташимизни биласиз-ку! Олиб келган нарсаларингизни бизга сотинг! Бу ашёларга одамларнинг эҳтиёжи борлигини ўзингиз яхши биласиз” дейишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

“Хўп бўлади, бажонидил. Мен олиб келган нарсаларни қанча фойдасига сотиб олмоқчисизлар?” деб сўрадилар. Улар:

“Ҳар бир маҳсулотни икки дирҳам фойдасига оламиз” дейишди. Усмон розияллоҳу анҳу:

“Менга бундан кўпроқ ҳам берилди” дедилар. Улар:

“Тўрт дирҳам фойдасига оламиз” дейишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

“Бундан ҳам кўпроқ берилди” дедилар. Улар:

“Хўп, беш дирҳам фойдасига оламиз” дейишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу яна:

“Бундан ҳам кўпроқ берилди” дедилар. Савдогарлар ҳайрон бўлиб:

“Мадинада биздан бошқа савдогарлар бўлмаса, биз ҳаммадан олдин уйингизга етиб келган бўлсак, сизга ким биз бергандан кўпроқ берди?” деб сўрашди. Шунда буюк саҳобий:

“Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир дирҳам учун ўн дирҳам берди. Сизлар бундан ҳам кўпроқ бера оласизларми?” дедилар. Улар:

“Йўқ” дейишди. Бу гапни эшитган Усмон розияллоҳу анҳу:

“Мен бу карвондаги ҳамма нарсани Аллоҳнинг розилиги учун мусулмонларнинг мискину фақирларига садақа қилдим” дедилар.

Шундай қилиб Мадинада ўша карвондаги моллардан ўзи ва оиласи учун етарлича нарса олмаган бирорта ҳам фақир қолмади”. 

 

Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва

солиҳалар, зоҳидлар ва зоҳидалар

ҳаётидан минг бир қисса” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Top