muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 18 Декабрь 2018 00:00

Қиз фарзанд кўрдингизми?

Фарзанд инсоннинг кўз қувончи, қалб суруридир. Инсон оила қурар экан, шириндан шакар фарзандлар кўришни хоҳлайди. Сир эмаски, кўпчилик ўғил фарзанд кўриш истагида бўлиб, кетма-кет қиз фарзанд кўрганлар орасида ножам бўладиган, тушкунликка тушадиганлари ҳам учраб туради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай деган: 

لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثاً وَيَهَبُ لِمَن يَشَاءُ الذُّكُورَ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَاناً وَإِنَاثاً وَيَجْعَلُ مَن يَشَاءُ عَقِيماً إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ

“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир”. (Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини хис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.) (Шуро сураси, 49-50-оятлар).

Уламолар бу оятда қизларнинг ўғил болалардан олдин зикр қилиниши борасида бир қанча фикрларни айтишган.

Баъзилари “Одатда ота-оналар ўғил фарзанд кўришни хоҳлашади. Аллоҳ таоло бандаларининг хоҳишини эмас, Ўз хоҳишини амалга оширувчи Зот эканини англатиб қўйиш, шунга ишора қилиш учун олдин қизларни зикр қилган” дейишади.

Баъзи уламолар “Аллоҳ таоло бу оятда жоҳилият даврида ортга сурилган, одам ўрнида кўрилмаган, тириклайин кўмилган қизларнинг шаънини кўтариб, жоҳилият урф-одатини йўқотиш учун қизларни олдин зикр қилган” дейишган.

Ҳа, жоҳилият даврида одамлар қиз фарзанд кўришни ёқтиришмас, мабодо бирортаси қиз фарзанд кўрса, одамлар орасида бошини кўтариб юролмас, қиз фарзанд кўришни ўзларига ор, уят деб билишар эди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳолат ҳақида шундай деган: 

وَإِذَا بُشِّرَ أَحَدُهُمْ بِالأُنثَى ظَلَّ وَجْهُهُ مُسْوَدّاً وَهُوَ كَظِيمٌ يَتَوَارَى مِنَ الْقَوْمِ مِن سُوءِ مَا بُشِّرَ بِهِ أَيُمْسِكُهُ عَلَى هُونٍ أَمْ يَدُسُّهُ فِي التُّرَابِ أَلاَ سَاء مَا يَحْكُمُونَ

“Қачонки улардан бирига қизнинг хушхабари берилса, ғам-аламга тўлиб, юзи қорайиб кетур. Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан (уялиб) қавмидан беркинадир. У(қиз)ни хорлик-ла олиб қолсамикин ёки тупроққа кўмсамикин? Огоҳ бўлинг! Улар қилган ҳукм нақадар ёмон” (Наҳл сураси, 58-59-оятлар).

Қиз фарзанд тарбияси борасида кўплаб ҳадислар ворид бўлган.

Ойша розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бир куни менинг ҳузуримга иккита қизини етаклаб бир аёл тиланчилик қилиб кириб келди. Менинг ҳузуримда битта хурмодан бошқа нарса йўқ эди. Мен хурмони берсам, аёл уни иккига ажратдида, икки қизига берди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кирганларида бу ҳақда хабар берсам, у зот: “Ким мана шу каби қиз фарзанд билан имтиҳон қилинса, қизларини чиройли парвариш этса, унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади” дедилар. (Мутафақун алайҳ)

Яна бир ҳадисда бундай дейилган:

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи бўлса, уларни сабр билан ўстирса, топганидан уларни кийинтирса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади», дедилар».

Ана кўрдингизми дўстим, иккита қизингиз бор дегани, дўзахдан иккита парда бор деганидир. Яна қиз фарзанд кўрдингизми, пардалар сони яна биттага кўпайибди-да!

Нима, “Қиз узатиш осонмас ҳозирги пайтда” дейсизми?

Нега ундай дейсиз? Динимизда қиз тарбия қилишга, уларни боқишга катта савоблар, мукофотлар ваъда қилиняпти. Қиз узатишнинг қийинлигига келсак, уни ким қийинлаштирди?! Динимизми ёки одамларнинг ўзларими?! Динимиз нима деган? Тўйни қилиб бериш, қизга уй бериш, ўша уйда яшаш учун керакли анжомларни олиб бериш куёв томоннинг вазифаси демаганми?! Одамлар Динга амал қилишдан узоқлашиб, риё, хўжакўрсинлик, манманлик, дабдабабозлик, одамлар кўрсин, мақтасин, қойил қолсин қабилида иш қиладиган бўлгандан кейин, албатта, қиз узатиш қийин бўлади-да, куёв томон ўз вазифасини билмай, билса ҳам бажармай, келин томондан дунё матоларини кутиб юраверади-да!  

“Қизимни боқа олмасамчи?” деб хавотир бўляпсизми? Хавотирга ўрин йўқ! Чунки Раззоқ бор! Раззоқ дегани қимирлаган жонзотнинг ризқини берувчи Зот дегани! Роббимиз сизнинг ҳам, қизингизнинг ҳам, ҳамма жонзотларнинг ҳам ризқини беради!

“Қиз тарбия қилиш осонмас!” дейсизми? Тўғри, осонмас, шунинг учун ҳам юқоридаги ҳадисда “сабр билан” деб айтиб турилибди-ку! Ахир дўзахни беркитадиган парда ўз-ўзидан, осонликча бўлмайди-ку, дўстим!

Қиз кўргани учун хотинини ёмон кўраётган, асаби бузилаётган одам Аллоҳ таолонинг иродасига рози бўлмаётган кимсадир! Аллоҳ таоло сизга қиз фарзанд ато этишни ирода қилди, аммо сиз жоҳиллик қилиб бунга қарши чиқмоқдасиз! Аллоҳдан қўрқинг! Аллоҳ таолонинг берган ризқига, сиз учун қилган тақсимига рози бўлинг!

Унутманг, қиз фарзанд кўришни ёқтирмаслик, қиз кўргани учун аччиғи келиш ва аёлини ёмон кўриш жоҳилиятдаги одамларнинг қилиғидир! Аллоҳ таоло ундай кимсаларни Қуръонда қоралаганини юқорида келтириб ўтдик.

Менимча, энди қиз фарзанд кўрсангиз, хафа бўлмасангиз керак, менимча, “Ҳамма фарзандларим қиз бўлса ҳам розиман” дейдиган кайфиятга ўтсангиз керак!

Сўзимиз охирида бир ривоятни келтириб ўтамиз.

Яъқуб ибн Бахтон айтади: “Мен еттита қиз фарзанд кўрдим. Ҳар сафар қизим туғилганда, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг олдига борардим. У менга: “Эй Абу Юсуф, Пайғамбарлар қизларнинг оталари бўлишган” дер, унинг гапи менинг ножамлигимни кетказар эди”.

Аллоҳ таоло барчамизни берган ризқига, биз учун қилган тақсимига рози бўладиган бандаларидан қилсин!

 

 

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Юсуф алайҳиссалом қиссасини яхши кўраман. У туш билан бошланиб, ўша тушнинг рўёбга чиқиши билан тугайди. Ё Роббим! Одамлар менинг орзуларимнинг амалга ошиши амри маҳол дейишяпти. Мен эса “Албатта, Сен ҳар нарсага қодирсан!” дейман.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Денгизнинг гўзаллиги унинг сувини ичиб кўрганингда кетганидек, қабиҳликлар манфаатлар тугаганда кўринади.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Афсуски, кўчалар одамларнинг гўзал ахлоқидан бўшаб қолди. Аксинча, кўплаб одамларнинг ўзи кўча ахлоқи билан хулқлана бошлади.

 “Ҳикмат дурдоналари”

*****

Дунёнинг ҳамма ёқимли нарсаларини тотиб кўрдим. Офиятдан кўра ёқимлироқ нарса топмадим.

Дунёнинг барча аччиқ нарсаларини тотиб кўрдим. Одамларга ҳожат тутишидан кўра аччиқроқ нарсани кўрмадим.

Харсангтош ва темирни жойидан кўчирдим. Қарздан кўра оғирроқ нарсани кўрмадим. Билгинки, дунё икки кундир. Бир кун сенинг фойдангга бўлса, бир кун сенинг зараринггадир. Агар кун сенинг фойдангга бўлса (соғлик, пулдорлик пайтида), сусткашлик қилмай, фойдаланиб қол. Агар кунинг сенга қарши бўлса (мусибатлар келса), сабр қил.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу

*****

Онадан: “Фарзандларингиздан қайси бири яхши кўрасиз?” деб сўралди. Шунда у: “Тузалгунича касалини, қайтиб келгунича мусофирини, катта бўлгунича кичигини, ўлгунимча ҳаммаларини яхши кўраман” деб жавоб берди.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Кеча қўшним очликдан ўлди. Унинг таъзиясида бр неча қўй сўйдилар.

Али Шариатий

*****

Бош оғриғи, асабий таранглик касалликлари билан оғриш учун ишга борамиз. Ой охирида эса ўша касалликлардан даволанишимиз учун бизга бир чимдим пул беришади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Вторник, 18 Декабрь 2018 00:00

Ризқингиз кенг бўлишини истасангиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин. 

  1. Истихора намозини ўқишга одатланинг. Биринчи ракатда Фотиҳа сурасидан кейин Кафирун, иккинчи ракатда эса Ихлос сураси ўқилади. Сўнгра қуйидаги дуо қилинади:

“Аллоҳумма инний астахийрука биъилмика ва астақдирука биқудротика ва ас’алука мин фазликал ъазийм. Фаиннака тақдиру ва ла ақдиру ва таъламу ва ла аъламу ва анта ъалламул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳазал амро хойрун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи, фақдурҳу лий ва яссирҳу лий, сумма барик лий фийҳи ва ин кунта таъламу анна ҳазал амро шаррун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи фасрифҳу ъанний вақдурлил хойро ҳайсу кана сумма роззиний биҳ” деб, ҳожат айтилади.

“Аллоҳим, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу қилаётган ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт ва осон қил. Сўнг уни менга барокотли қил. Агар мана шу ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози эт”.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳар бир ишда, худди Қуръондан сура ўргатгандек, истихора қилишни ўргатар эдилар”. 

  1. Фақирликдан Аллоҳдан паноҳ сўранг. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақирликдан кутулиш учун ушбу дуони ўқишни таълим берганлар”:

“Аллоҳумма, Роббас самааваатис сабъи ва Роббал аршил аъзийм. Роббанаа ва Робба кулла шайин, мунзилат Таврооти вал Инжийли вал Қуръаани! Фаалиқол ҳабби ван наваа! Аъуузу бика мин шарри кулли шайин анта аахизун бинаа сийатиҳи, анталАввалу фа лайса қоблака шайун. Ва антал Аахиру фа лайса баъдака шайун. Ва антаз-Зоҳиру фа лайса вафқока шайун. Ва антал Баатину фа лайса дуунака шайун! Иқзи ъанни аддайна ва ағнинии минал фақри” (Имом Муслим Имом Термизий ривояти).

“Аллоҳим! Етти осмоннинг Робби ва улуғ Аршнинг Робби! Роббимиз ва барча нарсанинг Робби! Ё Таврот, Инжил ва Қуръонни нозил қилувчи! Ё донни ва данакни ёрувчи! Мен Сендан Ўзинг пешонасидан тутувчи ҳар нарсанинг шарридан паноҳ тилайман. Сен аввалсан! Сендан олдин ҳеч нарса йўқ! Сен охирсан! Сендан кейин ҳеч нарса йўқ! Сен зоҳирсан! Сендан устун ҳеч нарса йўқ! Сен ботинсан! Сенинг ортингда ҳеч нарса йўқ! Мени қарзимдан қутқар! Мени фақирликдан бой қил!”. 

  1. Икки ёки тўрт ракат ҳожат намозини ўқинг. Биринчи ракатда Фотиҳа сураси ва Оятал курсий уч марта ўқилади. Қолган уч ракатнинг ҳар бирида Фотиҳа сурасидан сўнг Ихлос, Фалақ ва Нас суралари бир мартадан ўқилади. Сўнгра ушбу дуо қилинади:

“Лаа илааҳа иллаллоҳул Ҳалиймул Карийм, субҳааналлоҳи Роббил- аршил ъазийм. Алҳамдулиллааҳи Роббил ъааламийн. Асалука мужибаати роҳматик ва ъазааима мағфиротик вал ғониймата мин кулли биррин вас салаамата мин кулли исмин. Лаа тадаъ ланаа занбан илла ғофартаҳ ва лаа ҳамман илла фаррожтаҳ ва лаа ҳаажатан ҳия лака ризон илла қозойтаҳ йаа Арҳамар Роҳимийн”.

Ҳалиму Карим Аллоҳдан ўзга (ибодатга сазовор) илоҳ йўқ. Улуғ Аршнинг Робби Аллоҳ покдир. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни сўрайман, барча яхшиликлардан насиба, барча ёмонликлардан саломат бўлишни сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш қилгин, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай албатта раво қилгин, Ё Раҳмлиларнинг раҳмлиси!”. 

  1. Аллоҳдан осон қилишини сўраб дуо қилинг. “Робби йассир ва ла туъассир. Робби таммим бил хойри”.

“Роббим! Осон қилгин, қийин қилма. Роббим, (ишимни) яхшилик билан тугатгин”. 

  1. Аллоҳдан кенг ризқ сўраб дуо қилинг. “Аллоҳумма инний асалука илман наафиъан, ризқон ваасиъан ва ъамалан мутақоббалан”.

“Аллоҳим, Сендан манфаат берадиган илм, кенг ризқ ва қабул қилинадиган амал сўрайман!”.

  1. Аллоҳ таолонинг тақсимотига рози бўлинг. “Робби инний лима анзалта илаййа мин хойрин фақийрун”.

“Роббим! Мен учун нима яхшилик (ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман” (Қасос сураси, 24-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом: “Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан”, деганлар.

Аллоҳ таоло ризқимизни кенг қилсин, ҳалолидан берсин. Ўзидан ўзгага муҳтож этмасин.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Қувайт давлатининг Ал Аҳмади вилоятида очилиши режалаштирилган “Ал-Риёда” номи билан аталувчи Қуръон маркази 15–19 ёшдаги қизларга мўлжалланган. Бу ҳақда IQNA агентлигининг турк тилидаги нашри хабар берди.

Ислом тадқиқотлари ва Қуръон фанлари бошқармаси мудири Фаҳд ал-Жанфавийнинг айтишича, бундай марказлар асосан қиш мавсумида ўз фаолиятини юритади. Маълум бўлишича, ушбу ташкилот томонидан очилган 100 ортиқ диний марказлар Қувайт Ижтимоий хизматлар идораси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Яқин келажакда ёши улуғлар учун махсус Қуръон марказлари ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top