muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 17 Декабрь 2018 00:00

Инсонийликнинг баҳоси

Бир киши ошхонада овқатланиб ўтирган эди. Ташқаридан бир болакай билан қизалоқ ошхона деразаси яқинига келиб, ҳалиги одамнинг овқат ейишини томоша қилиб турдилар.

Шунда у одам болажонларни «Ичкарига киринглар», деб имлади. Улар кириб, ўша одамнинг олдига ўтирдилар. Кейин у киши официантга болалар учун ҳам таом, ичимлик олиб келишларини буюрди.

Беғубор меҳмонлар таомларни еб, шарбатларни ичиб, қоринлари тўйиб, хурсанд бўлиб, ташқарига чиқиб кетдилар.

Бояги киши ҳам таомланиб бўлиб, касса олдига келиб, пул тўламоқчи бўлди. Шунда кассир йигит қўлидаги «Бизда инсонийлик баҳосини ҳисоблайдиган аппарат йўқ!» деб ёзилган қоғозни мижозга узатди-да, ундан пул олмади. 

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Ҳаж ва Умра мавсумида нафақат соғлом кишилар, балки балки ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам ибодатларини адо этишлари учун шароитлар яратилмоқда.

Макка ва Мадина шаҳарларига ногиронлиги бўлган кишиларга ёрдам кўрсатиш мақсадида, уларнинг ибодатларни қийинчиликсиз адо этишларини таъминлаш мақсадида Брайл ёзувидаги Қуръони карим нусхалари ва ногиронлиги бўлган шахслар учун электр ёрдамида ҳаракатланувчи ногиронлик аравалари олиб келинди.

Arab News нашри берган маълумотларга кўра, Маккадаги Катта Масжиднинг биринчи қавати ногиронлиги бўлган шахслар кириши учун мослаштирилди.

Масжидларда Қуръон ўқишда кўмак берувчи гапирувчи ручкалар тарқатилган. Брайл ёзувидаги Мусҳафлар ҳам масжидлар кутубхоналари жойлаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 17 Декабрь 2018 00:00

Солиҳларнинг жамоат намози

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.

Умар розияллоҳу анҳу

Кунларнинг бирида Умар розияллоҳу анҳу хурмозорга чиқди. Қайтиб келганида одамлар аср намозини ўқиб бўлишганини кўрди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун (Албатта, биз Аллоҳникимиз ва биз Унга қайтгувчимиз). Гувоҳ бўлинглар, хурмозорим мискинларга садақа”, дедилар. 

Убайдуллоҳ ибн Умар раҳимаҳуллоҳ

Убайдуллоҳ ибн Умар айтади: “Хуфтон намозини доимо жамоат билан бирга ўқир эдим. Бир куни уйимга меҳмон келди. Меҳмон билан овора бўлиб, жамоат намозини ўтказиб юбордим. Шунда шаҳардаги барча масжидларни айланиб чиқдим. Афсуски, масжидларда намоз ўқиб бўлинган эди. Уйга қайтиб, хуфтон намозини йигирма етти марта ўқидим.

Ўша куни туш кўрдим. Отлиқлар билан бирга эканман. Бироқ отим дўстларимнинг отига ҳеч ета олмас эди. Шунда улардан бири менга қараб: “Отингни қийнама, ҳаргиз бизга ета олмайсан”, деди. “Нима учун?” деб сўрадим. “Чунки биз хуфтонни жамоат билан ўқидик, сен эса ёлғиз ўзинг ўқидинг”, деб жавоб берди”. 

Саъид ибн Мусаййаб раҳимаҳуллоҳ

Тобеинларниг саййиди Саъид ибн Мусаййаб раҳимаҳуллоҳ: “Эллик йил давомида бирор марта жамоат намозини тарк этмадим”, деган. 

Ҳотами Асом раҳимаҳуллоҳ

Ҳотами Асом айтади: “Бир марта жамоат намозини ўтказиб юбордим. Шунда Абу Исҳоқдан бошқа ҳеч ким менга таъзия билдирмади. Агар фарзандим вафот этганида ўн мингдан ортиқ инсон таъзия изҳор қилган бўларди. Наҳотки, дунё мусибати дин мусибатидан оғирроқ бўлса” (Мукошафатул Қулуб). 

Сулаймон Мақдисий раҳимаҳуллоҳ

Сулаймон Мақдисий раҳимаҳуллоҳ деди: “Умрим бўйи икки маротаба жамоат намозига улгурмадим. Шунда ўзим ёлғиз ўқидим. Аммо шу икки марта ўқиган намозимни гўё ўқимагандек бўлдим” (Зайл табақот ал-Ҳанбалия). 

Саид ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ

Муҳаммад ибн Муборак Сурий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Саид ибн Абдулазиз бир куни жамоат намозини ўтказиб юборди. Шунда узоқ вақт ҳўнграб йиғлади” (Тазкиратул Ҳуффоз). 

Ибн Самма раҳимаҳуллоҳ

Ибн Самма раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Қирқ йил бирор марта ҳам жамоат намозини тарк этмадим. Фақат онам вафот этган куни жамоатга бироз кеч қолдим” (Сияр аълам ан-нубало). 

Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ

Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ: “Иқомат айтилмасидан олдин жамоатга келиш намозга бўлган ҳурмат белгисидир”, деди. 

Солиҳ

Бир солиҳ кишидан: “Нега ҳамиша азон айтилмасдан масжидга келасиз?” деб сўрашди.

Солиҳ: “Азон ғофилларни уйғотиш учундир. Мен ғофиллардан бўлмасликка ҳаракат қиламан”, деб жавоб берди.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Понедельник, 17 Декабрь 2018 00:00

Устознинг қарғиши отанинг қарғишидекми?

ЎМИ Матбут хизмати

 

Понедельник, 17 Декабрь 2018 00:00

Мадридда Ислом маданияти маркази очилди

Испания Қироллигининг пойтахти бўлган Мадрид шаҳрида Ислом маданияти ва диний бағрикенглик маркази ўз фаолиятини бошлади. Ушбу маросимда Испания олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва мамлакатда фаолият олиб бораётган дипломатик ваколатхона раҳбарлари иштирок этган.

iqna агентлигининг маълумотига кўра, Бирлашган Араб Амирликларининг Диний бағрикенглик вазири Шайх Наҳян бин Муборак ҳам Марказнинг очилиш маросимида иштирок этган. Ушбу шахс тадбирда нутқ сўзлаб, бу лойиҳа жаҳонда турли дин вакиллари ўртасида ҳамжиҳатлик ни таъминлашни мақсад қилганини қайд этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top