muslim.uz
Халқимизнинг ҳаётдан рози қилишдаги саъй-ҳаракатлар
Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида улкан ўзгаришлар, туб янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари шиддат билан давом этмоқда. Бу эса юртдошларимиз қалбида эзгу саъй-ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшишга интилиш, эртанги кунга катта ишонч билан қараш туйғусини янада мустаҳкамлаяпти.
Айтиш жоизки, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш йўлида муҳтарам Президентимиз жуда катта ислоҳотларни амалга оширяптилар. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоя ҳаётда ўз ифодасини топаётгани халқ манфаатлари таъминланишига хизмат қилмоқда.
Ана шу мақсад йўлида жамиятнинг барча соҳалари чуқур ислоҳ қилинаётир. Улардан бири халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш масаласидир. Диний соҳа ходимларининг замон талабларига жавоб берадиган даражада фаолият юритиши бугунги кунда жуда ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, имом-хатибларнинг ҳудудларда диний вазиятни соғломлаштириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлашдаги ўрни муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.
Самарқанд вилоятидаги масжидларда меҳнат қилаётган имом-хатибларнинг касб-маҳоратларини ошириш, юртимиздаги ислоҳотлардан хабардорлигини таъминлаш ва мана шундай амалга оширилаётган хайрли ишларни кенг халқ оммасига етказишда диний соҳа ходимларининг ролини оширишда қилинаётган ишларни қуйидаги лавҳа орқали кўришингиз мумкин бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ислом цивилизацияси маркази директори Мовароуннаҳр олимлари меросини сақлаш масалаларини кўтарди
13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида «Моддий ва номоддий меросни сақлаш» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Turon24 хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ушбу тадбирни ташкиллаштирди. Унда кўплаб тадқиқотчилар, санъатшунослар, музей соҳаси вакиллари, соҳа мутахассислари ўз-фикр мулоҳазаларини билдиришди.
Улар қаторида тадбирда сўзга чиққан Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров Мовароуннаҳр олимларининг жаҳон фанига қўшган ҳиссалари ҳақида батафсил гапириб берди, уларнинг меросини сақлаш ва ўрганиш масалаларини кўтарди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати
Қозоғистонда бешта қадимий масжид аниқланди
Манғистов вилояти бўйича амалга оширилган экспедицияси чоғида аввал минтақа ҳокимияти вакилларига номаълум бўлган қадимги диний иншоотлар топилди, деб хабар бермоқда «Хабар 24» телеканали.
Май ойидан ноябрь ойигача ўтказилган экспедиция чоғида тадқиқотчилар XIX—XX асрларда қурилган бешта масжид ва йигирмадан ортиқ эски қудуқларни аниқлашди.
Sputniknews.kz хабарига кўра, ҳар бир ерости масжидида меҳроб ва бошқа зарур шароитлар мавжудлиги аниқланган.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати
Саудия Арабистони делегациясига Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари тақдим этилди
Мамлакатимизга ташриф буюрган Саудия Арабистони Қироллиги Савдо-саноат палатаси кенгаши раиси Сами бин Абдуллоҳ ал-Убайдий бошчилигида делегация билан Ўзбекистон Республикаси Давлат туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи У.Қосимхўжаев учрашув ўтказди.
Давлат туризм қўмитаси матбуот хизматига кўра, учрашув давомида мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти тўғрисида роликлар намойиш этилди. Хусусан эркин иқтисодий ҳудудлар, туристик ҳудудлар ва зиёрат туризмини ривожлантириш имкониятлари ҳақида ахборотлар тақдим этилди.
Саудия томони Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва ҳамкорлик учун имкониятларни юқори баҳолашди.
– Саудия Арабистонининг 2030 йилгача белгиланган режалари мамлакатга инвестицияларни жалб қилиш билан бирга чет давлатларига сармояларни йўналтиришни ҳам ўз ичига олган, – деди Сами бин Абдуллоҳ ал-Убайдий. – Ўйлайманки, мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги учрашувлар, музокаралар Саудия Арабистонининг Ўзбекистонга инвестиция киритишини енгиллаштиришга хизмат қилади.
ЎзА билдиришича, Саудия Арабистони делегацияси таркибида озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, минерал ресурслар, қурилиш, электроника каби соҳаларда фаолият олиб борувчи 20 дан зиёд компания вакиллари ўрин олган. Саудия Арабистони Қироллиги Савдо-саноат палатаси вакиллари азим пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини, хусусан, "Ҳазрати Имом" мажмуасини зиёрат қилдилар. Меҳмонлар мажмуадаги тарихий обидалар, мақбаралар ва "Ҳазрати Усмон Мусҳафи" тарихи билан таншидилар.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
33 йилда ўрганилган илм
Буюк олим, тасаввуфнинг улуғ вакилларидан бири Шақиқ Балхий раҳимаҳуллоҳ билан унинг шогирди Ҳотамул Асом раҳимаҳуллоҳ ўртасида савол-жавоб тарзида ажойиб суҳбат бўлиб ўтган. Қуйида ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Менинг ёнимда неча йилдан бери юрибсан?
- Ўттиз уч йилдан бери.
- Шу муддат ичида мендан нималарни ўргандинг?
- Саккизта масала ўргандим.
- Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун. Умримнинг кўп қисми сен билан ўтди, аммо сен фақат саккизта масала ўргандингми?
- Устоз, ёлғон гапиришни ёқтирмайман, ҳа, шундай, ўша саккизтадан бошқа нарса ўрганмадим.
- Қани, ўша ўрганганларингни айтчи, эшитайчи.
- Биринчиси, мен одамларга назар солсам, ҳар бирлари бирор шахсни яхши кўришар, вафот этиб, қабрга боришганда эса ўша яхши кўрганларидан ажралишар экан. Шунинг учун мен ўзимнинг ҳасанотларимни яхши кўрдим. Қабрга кирганимда ҳам ўша ҳасанотларим мен билан бирга киради.
Иккинчиси, мен Аллоҳ таолонинг “Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир” (Назиат, 40-41-оятлар) деган оятига назар солдим ва нафсимни ҳавойи нарсаларни даф қилишга мажбур этдим. Охири у Аллоҳнинг тоатини қиладиган бўлди.
Учинчиси, қарасам, ҳар бир одам ўзи учун қадрли бўлган бирор нарсани ўзида сақлаб, эҳтиётлаб юрар экан. Кейин Аллоҳ таолонинг “Сизнинг ҳузурингиздаги нарса тугайдир. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса, боқийдир” (Наҳл, 96-оят) деган оятига назар солдим ва ҳар сафар қўлимга қадрли, қимматли нарса (пул, мол) тушса, уни Аллоҳ таолонинг йўлида ишлатиб, охиратимга захира қилиб қўявердим.
Тўртинчиси, инсонларга назар солдим ва уларнинг ҳар бирлари ўзининг моли, насаби, аждодлари билан мақтанишини кўрдим. Кейин Аллоҳ таолонинг “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир” (Ҳужурот, 13-оят) деган оятига аҳамият қаратдим ва Аллоҳ таолонинг наздида ҳурматли бўлиш учун тақвога қаттиқ эътибор бердим.
Бешинчиси, инсонларга назар солдим ва уларнинг бир-бирларига таъна қилишларини, бир-бирларини лаънатлашларини кўрдим. Буларнинг ҳаммаси ҳасад туфайли эканини тушундим. Кейин Аллоҳ таолонинг “Биз ҳаёти дунёда уларнинг ораларида маишатларини тақсимладик” (Зухруф, 32-оят) деган оятига назар солдим ва ҳасадни тарк этдим, одамлардан четландим. Билдимки, ризқ борасидаги тақсимот Аллоҳ таолонинг ҳузуридан экан.
Олтинчиси, инсонларга назар солдим ва уларнинг бир-бирларига душманлик қилишларини, бир-бирлари билан урушишларини кўрдим. Кейин Аллоҳ таолонинг “Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг” (Фотир, 6-оят) деган оятига аҳамият қаратдим ва одамларнинг душманчилигини тарк этиб, шайтоннинг ўзини душман тутиб, ундан эҳтиёт бўлдим.
Еттинчиси, инсонларга назар солдим ва уларнинг ризқ талабида ўзларини қийнаб, хор қилиб, ҳалол бўлмаган йўлларга ҳам кириб кетишларини кўрдим. Кейин Аллоҳ таолонинг “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир” (Ҳуд, 6-ояти) деган оятига назар солдим ва мен ҳам ўша ўрмалаганларнинг бири эканимни англаб етдим. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг менга юклаган нарсалари (ибодат) билан машғул бўлдим, У ўз зиммасига олган нарса (ризқ) учун ғам қилишни тарк этдим.
Саккизинчиси, инсонларга назар солдим ва уларнинг ўзларига ўхшаган махлуққа суянишларини кўрдим. Бири дала-ҳовлисига суянади, бошқаси тижоратига суянади, яна бири қўлидаги ҳунарига суянади, буниси эса танасининг соғломлигига суянади. Кейин Аллоҳ таолонинг “Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир” (Талоқ сураси, 3-оят) деган оятига назар солдим ва одамларга суяниш, таваккул қилишни тарк этиб, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, У зотга суянишга жидду-жаҳд қилдим, бас, Унинг Ўзи менга кифоядир.
- Аллоҳ сенинг илмингга, умрингга, ризқингга барака берсин!
Манбалар асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади