muslim.uz
Аллоҳ қалбимизга ва амалимизга қарайди
Замонавий технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бутунжаҳон ўргимчак тўри деб аталадиган Интернетнинг имкониятлари, тараққиётнинг тезлигига тезлик, кучига куч бағишламоқда. Ҳозирги вақтда ана шу буюк ихтиронинг имкониятларидан баҳраманд бўлмаган инсон кам қолган. Бироқ башариятга фойда келтириши кўзланган ушбу воситадан ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш, одамларни тўғри йўлдан адаштириш мақсадида фойдаланувчилар ҳам йўқ эмас. Интернетдан нимани ахтарсангиз, топасиз. Фақат топилган нарса тўғри, ишончли ва энг муҳими зарарсиз эканини билиш учун онг ва тафаккур керак.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ва масжидларнинг расмий диний-маърифий сайтлари, фейсбук ва телеграм каналлари, шунингдек, uz. доменидаги расмий исломий сайтлар фаолият олиб бормоқда. Улардан барча шаръий масалаларга асосли жавоб топиш мумкин.
Аллоҳ таоло бандалари ичида энг лойиқларини пайғамбар этиб сайлади ва ўша пайғамбарларга Жаброил алайҳиссалом воситасида дин ҳукмларини ўргатди. Сўнгра пайғамбарлар бу ҳукмларни одамларга етказдилар.
Одамлар зиммасидаги амаллар саккиз қисмга бўлинади: Биринчиси – фарз. Иккинчиси – вожиб. Учинчиси – суннат. Тўртинчиси – мустаҳаб. Бешинчиси – мубоҳ. Олтинчиси – ҳаром. Еттинчиси – макруҳ. Саккизинчиси – мустакраҳ.
Ушбу саккиз амалнинг баъзиларини бажариш шарт, баъзиларини бажармаслик шарт. Айримларини эса қилиш-қилмаслик ихтиёрий. Баъзи кишилар ана шу амаллар қолиб, баъзи бир “фалоний”, “пистоний” номли мутаассибларнинг гапларига ишониб, чалғиб юрибдилар. Ундан кўра ҳалол ва ҳаромни фарқлаб, поклик (таҳорат, ғусл ва ҳ.к.) қандай бўлиши, Аллоҳ таоло ёқтирадиган намоз, рўза, закот, ҳаж, ростгўйлик, омонатни адо қилиш, ота-онага яхшилик кўрсатиш, силаи раҳм қилиш, аҳдга вафо, Аллоҳ таолонинг динига ихлос, У Зотнинг неъматига шукр қилиш, қазосига рози бўлиш ҳақида қайғуриш афзал эмасми? Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурига қандай борамиз. Фалончи ундай деди, пистончи бундай деди каби миш-миш ва уйдирмалар зарардан бошқа нарса эмас-ку. Бинобарин, ҳадисларда шундай ривоят қилинади: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ҳам, мол-давлатингизга ҳам қарамайди, балки қалбингизга ва амалларингизга қарайди” (Имом Муслим ривояти).
Шу ўринда ўзларига “фалоний”, “пистоний” деб ном қўйиб олган мутаассиб гуруҳларга тегишли интернет сайтларини фарқлаб олиш ҳамда бундан огоҳ бўлиш мақсадида, уларга тааллуқли бўлган саҳифаларнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагича:
- улар саҳифаларида ва гуруҳларида фақат ўзларини тўғри йўлда юрувчилар деб даъво қилиб, ўзларига эргашмаганларни кофир санашади;
- иймон келтирмаганларни ёки ғайридинларни душман деб эълон қилишади;
- ўзларининг тўдабошиларидан бошқа олимларни қоралаб, уларни ҳақоратлашади;
- давлат ҳокимиятига нисбатдан норозилик кайфиятини уйғотиш ва мавжуд камчиликларни бўрттириб кўрсатиш орқали одамларни ваҳимага солишади;
- халқ билан гўёки яқинлигини билдириш мақсадида ўзларини уларнинг қийинчилик ва ташвишларига “шерик” қилиб кўрсатишади, аслида эса уларнинг диний туйғуларидан устамонлик билан фойдаланишади;
- ихтилоф чиқарадиган масалаларни ўз саҳифалари орқали ёритиб, одамларга ўз қарашлари тўғрилигига ишонч ҳосил қилишга уринишади.
Хўш, бундай фитна ва хатолардан эмин бўлиш учун нима қилиш керак?
Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини, У зот ҳамма нарсадан воқиф эканини доим ҳис қилиб туриш;
Интернетга муайян вақтларда, аниқ мақсад билан кириш;
ўзи айтаётган, эшитаётган, нақл қилаётган ва ўқиётган нарсалар ҳақида ишончли илмга эга бўлиш лозим. (Чунки интернет шундай маконки, унда тўғри келган одам сохта исм остида тўғри келган нарсани ёзиши мумкин);
бирор воқеадан хабардор бўлса, ақл тарозисига солиб кўриш лозим. Чунки Нисо сурасининг 83-ояти тафсирида бундай дейилади: “Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳамма ёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан мусулмонларга фойда борми, зарар борми ўйлаб ўтирмайдилар. Мазкур хабарни тарқатиш мусулмонлар учун яхшими ёки тарқатмаслик яхшими – ўйлаб кўрмайдилар. Оқибатда душманлар «совуқ уруш» (қуролсиз уруш) деб номланган қабоҳатни ишга солиб, турли-туман ёлғонларни тўқиб чиқарадилар. Мусулмонлар ичида ғулғула, келишмовчилик тарқатадилар. Руҳий, маънавий қувватларини синдирадилар. Агар мусулмонлар ўз динларига амал қилсалар, бундай лақмалик, нодонлик қилмас эдилар. Эшитган гапларини дарҳол ёймас эдилар. Чунки Ислом ҳукми бўйича, эшитган гапини тарқатавериш мумкин эмас” (“Тафсири ҳилол“ иккинчи нашр 1- жуз 587-бет. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Бўлар-бўлмас гаплар билан умримизни бесамар ўтказмайлик! Аллоҳ таолога тақво қилайлик! Тақво қилишнинг фазилатлари ва фойдалари жуда ҳам бисёрдир, Қуръони каримда уларнинг бир қанчалари зикр этиб ўтилган. Жумладан: “Эй, имон келтирганлар! Агар Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун (ҳақ билан ноҳақликни) ажрим этувчи (ёрдам)ни берур ва гуноҳларингиздан ўтиб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улкан фазл соҳибидир (Анфол сураси, 29-оят).
Тақводор бандага ҳар қандай танг ҳолатдан чиқиш йўллари осон қилиб қўйилади, унга ризқ эшиклари ҳам кенг очилади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
Тақво туфайли осмонлару ердан баракотлар ёғилиб, халқлар фаровон ҳаёт кечиришларига муяссар бўладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят).
Бу оятда жуда катта марҳамат бор. Аллоҳ таоло бандаларидан жуда кўп ва оғир нарсани талаб қилмади. Имон келтириб, ширк ва гуноҳлардан ўзларини тийсалар, бас. Шу ишлари эвазига еру осмондан баракот ато этаман, деб ваъда қилмоқда. Бу шарт ва мукофот ваъдаси то қиёматгача дунёга келиб кетувчи барча бандаларга тегишлидир.
Фотиҳа сурасидага: “Ийяка наъбуду” лафзи “фақат Сенинг айтганингни қиламиз”, маъносини англатади. Бу эса банданинг Аллоҳ таолога берган улкан ваъдасидир.
Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ваъданинг устидан чиқадиганлардан қилсин.
Азамат УСМОНОВ,
Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Саккиз амал
Саҳобалардан розияллоҳу анҳум бири айтган экан: “Ким саккиз нарсадан ожиз бўлса, ўрнини тўлдириш учун унга саккиз нарса вожиб бўлади:
- Ким кечаси намоз ўқишни ният қилса-ю, ухлаб қолса, кундузи гуноҳ қилмасин. Чунки гуноҳдан сақланишнинг ажри таҳажжуд намозининг ажрига тенг.
- Ким нафл рўза тутишни хоҳласа-ю, тутолмаса, тилини сақласин. Тилни беҳуда сўзлардан сақлаш нафл рўза тутганнинг ажрига ноил этади.
- Ким уламолар фазлига етишишни хоҳласа, тафакккур қилсин. Тафаккур қилувчининг даражаси олимларга бериладиган даражага тенг.
- Ким душман билан урушиш савобини умид қилса-ю, уйида ўтириб қолса, шайтонга қарши уруш қилсин. Шайтонга қарши курашишнинг ажри душманга қарши курашишнинг ажрига тенг.
- Ким садақа беришни хоҳласа-ю, бунга қурби этмаса, одамларга эшитган нарсасидан таълим берсин. Эшитган яхши нарсаларини бошқаларга етказиш ҳам садақадир.
- Ким ҳаж ибодатини адо этишга қодир бўлмаса, жума намозидан қолмасин. Зеро, жума мискинларнинг ҳажидир.
- Ким обидларнинг фазлига етишишни хоҳласа, одамлар орасини ислоҳ қилсин, уларнинг орасига душманлик ва адоват уруғини экмасин. Аразлашиб қолганларни яраштириш ва одамлар орасида гап ташимаслик тинмай ибодат қилувчи кишининг ажрига тенг.
- Ким фазилатли кишиларнинг фазилатини хоҳласа, ўзи рози бўлган нарсасини биродарига ҳам раво кўрсин. Камтар ва хокисор бўлиш, ўзгаларга ҳам яхшиликни раво кўриш Аллоҳ фазилат берган кишиларнинг фазилатига тенг.
Хулоса шуки, Аллоҳ таоло бандаларига беҳад меҳрибонлиги сабабидан, ажр ва мукофотлардан бебаҳра қолишга имкон қолдирмади. Кимда-ким ушбу имкониятлардан фойдаланиб, жаннатни вожиб қила олмас экан, бунинг учун фақат ўз нафсини маломат қилсин.
Ёрбек ИСЛОМОВ,
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби
Тунисда Халқаро Қуръон мусобақаси ўтказилди
Жорий йил 8 декабрдан 13 декабрга қадар Тунис давлатида Халқаро Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Tunis Press нашри хабар берди.
16-Халқаро Қуръон мусобақаси Туниснинг Карфаген шаҳрида 8 декабр куни бошланган. Жорий йилда ўтказилган мусобақада 22 мамлакатдан келган 31 нафар қорилар ғолиб чиқиш учун курашишлари айтилган.
Тунис дин ишлари вазири Аҳмад Азум мусоақанинг очилиш маросимида иштирок этган ҳамда нутқ сўзлаган.
Мусобақада иштирокчилар Қуръонни ёд олиш, тафсир ва тартил йўналишларида ўзаро куч синашишган.
Маълумот учун, Тунис Шимолий Африка минтақасида жойлашган мамлакат бўлиб, Ислом дини ушбу мамлакатда расмий давлат дини ҳисобланади. Аҳолининг қарийб 99 фоизини мусулмонлар ташкил этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муфтий ҳазрат Абу Муин Насафий зиёратгоҳига ташриф буюрди
Куни кеча, 13 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги “Абу Муин Насафий” ҳазратларининг мангу қўним топган мақбараларига ташриф буюриб, зиёратгоҳда олиб борилаётган қурилиш ва ободончилик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Маълумки, шу йилнинг январь ойида муҳтарам Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифлари чоғида Абу Муин Насафий мақбарасини обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, бу масканда кутубхона ташкил этиш, буюк олим асарларини таржима қилиб, халққа етказиш бўйича тавсиялар берган эдилар. Шунга мувофиқ бу ерда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, ақида илми бўйича мактаб, кутубхона ҳам қурилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Абу Муин Насафий асарлари бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятли экани, уларни нашр қилиб, мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эдилар. Мана шу топшириққа биноан аллома Абу Муин Насафийнинг бугунги кунда ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлган “Табсиратул адилла” ва бошқа бир қатор асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, халқимизга туҳфа этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати