muslim.uz
Матбуот хизмати: Ўзбекистон муфтийси умматнинг биринчи галдаги вазифаси нима эканини айтди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Парижда бўлиб ўтган XIV Халқаро мусулмон форумидаги чиқишида мусулмон умматининг биринчи навбатдаги вазифаси нима эканини айтди. Бу ҳақда Россия мусулмонлари кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда.
Муфтий ҳазратнинг фикрига кўра, ҳозирда мўмин-мусулмонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши, ўзаро мулоқотни таъминлаш каби глобаллашувнинг ижобий самаралари билан бирга, ёвуз кучлар томонидан ёшларни манфур мақсадларда ишлатиш учун ахборот кураши давом этмоқда.
Ўзбекистон муфтийси ўз чиқишида ёшлар тарбияси мусулмон умматининг биринчи галдаги вазифаси эканини таъкидлаган ҳолда, ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қилишга катта урғу берди.
Форум доирасида Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги нишонланиши муносабати билан Усмонхон Алимов ҳазратлари нақшбандия тариқати асосчиси ўз шогирдларига мерос сифатида қолдирган ва ўзи ҳам амал қилган муҳим тамойилларни ёдга солди. Нақшбандия тариқатининг “дил баёр, даст бакор” таълимоти “қалбинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин” деган маънони англатишини атрофлича изоҳлади. Бу мусулмон одамнинг жамиятнинг фаол аъзоси бўлиши билан бирга, қалби Аллоҳнинг ёдидан бир зум ҳам холи бўлмаслигини ушбу таълимотда ифода этилганини муфтий ҳазратлари алоҳида қайд этдилар, – дейилади Россия мусулмонлари кенгаши матбуот хизмати хабарида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Одамларнинг энг кечиримлиси жазолашга қодир бўла туриб кечириб юборганидир”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Агар маош қилинган ишга қараб берилганда эди, эшак олтин кароват устида ухлаган бўларди.
Анис Мансур
*****
Киши ўзига инфоқ қилишдан ҳам ожиз бўлганда кароматини йўқотади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Темир ишлатилмаса занглайди. Сув ҳаракатланмаса айнийди. Худди шунингдек фикр юритилмаса ақлда ҳам мана шундай ҳолат юз беради.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Сен нафақат гапирган гапингга, балки гапиришинг керак бўлган ўринда гапирмаганинг учун ҳам жавоб берасан.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Модомики бир қалбда узоқ турмоқчи бўлмасанг, у қалбнинг эшикларини таққиллатма.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Одамларнинг энг кечиримлиси жазолашга қодир бўла туриб кечириб юборганидир.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Киши фақирлиги, шаклининг ҳунуклиги учун айбланмайди. Лекин тилининг заҳарлиги, ахлоқининг ёмонлиги учун айбланади.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Икки одамга ўзингни оқлаб ўтирма:
- Сени яхши танийдиган дўстингга;
- Сенинг хато қилишингни пойлаб турган душманингга.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Ташқи кўринишларини гўзал қилиш учун пул сарфлайдилар. Аммо текин бўлса-да, ахлоқларини гўзаллаштиришга уринмайдилар.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Баъзиларнинг исми битта бўлса-да, юзи мингта бўлади.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Ҳеч кимни сўкма, ҳақорат қилма! Аллоҳ таоло уни ўша айбдан поклаб, сенинг ўзингни ўша айбга мубтало қилиб қўймасин!
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Ҳаёт менга бирорта одам кўрмайдиган бурчакка бориб йиғлашни, кейин юзимдаги ёшларимни артиб, одамларнинг олдига табассум қилиб чиқишимни ўргатди.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Донишманддан “Оқил инсон ким?” деб сўралди. Шунда у “Оқил инсон – қачон гапиришни, қандай гапиришни ва кимга гапиришни биладиган кишидир” деб жавоб берди.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Сокин денгизда моҳир денгизчилар шаклланмайди. Мусаффо об-ҳавода моҳир учувчилар шаклланмайди. Худди шунга ўхшаб машаққатсиз ҳаётда кучли шахслар шаклланиши қийин.
“Ҳикмат дурдоналари”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Мисрда Ислом динига бағишланган йирик анжуман ташкил этилди
Ал Азҳар мажмуаси Олимлар кенгаши ва Кенгаш қошидаги Ислом тадқиқотлари форуми ташаббуси билан "Ислом фанларида янгиликлар ва динлар бирлиги" мавзусидаги анжуман ташкил этилди. Бу ҳақда Alahram портали хабар берди.
2019 йилнинг апрел-май ойларида ташкил этиладиган конференция Ал Азҳар шайхи Аҳмад Тоййиб раҳнамолигида ўтказилиши маълум қилинган. Анжуманда бутун дунёдан мусулмон уламолар ташриф буюриши айтилган.
Анжуман доирасида диндаги янгиликлар, диннинг бирлиги масалалари муҳокама қилиниши, шу юзасидан иштирокчилар ўртасида стратегия ишлаб чиқилиши айтилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Денгизда жойлашган масжид ҳақида эшитганмисиз?
"Жаҳон масжидлари" туркумида бериб борилаётган мақолаларимиз орқали Muslim.uz мухлисларига турли хорижий мамлакатларда қурилган ва бугунги кунда ушбу мамлакатда Исломнинг рамзи бўлиб келаётган масжидлар ҳақида маълумот бермоқдамиз.
Навбатдаги сув устида қурилган масжид бўлиб, ушбу масжид Малайзияда жойлашган. Кота Кинабалу шаҳрида жойлашган масжид Жанубий Хитой денгизи бўйидаги Ликас қўлтиғида жойлашган. Ушбу масжид расман 2000 йил йил 2 февралда очилган. Унинг ўзига хос жиҳати унинг сувда жойлашганидир. Бир қарашда масжид сувда сузиб турганга ўхшайди.
Маҳаллий аҳоли ўз тилида ушбу масжидни "Сузувчи кема" деб аташи ҳам бежизга эмас. Масжидга истовчилар сайёҳ сифатида киришлари мумкин, бироқ намоз ибодати вақтида эса масжид эшиклари сайёҳлар учун ёпилади. Масжидда бир вақтнинг ўзида 12 минг киши намоз ўқиши мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати