muslim.uz
Муфтий ҳазрат Францияга жўнаб кетди
Бугун, 9 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро мусулмонлар форумида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.
Халқаро мусулмонлар форуми ҳар йили дунёнинг етакчи мамлакатлари пойтахтларида кўп йиллардан буён ўтказиб келинади. 2014 йил Россия Федерациясининг Москва шаҳрида, 2015 йил Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида, 2016 йил Франциянинг Париж шаҳрида, 2017 йил Финляндиянинг Хельсинки шаҳрида Халқаро мусулмонлар форумининг йиғилишлари ўтказилган
Ушбу йирик тадбир Халқаро мусулмонлар форуми котибияти, Россия мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлар кенгаши, Москва Ислом институти, Финляндия мусулмон ташкилотлари тармоғи ва Бутунжаҳон мазҳабларни яқинлаштириш форуми томонидан ташкил этилди. Шунингдек, Буюк Британия мусулмонлар кенгаши, Италиянинг динлараро ва маданиятлараро таълим фонди томонидан қўллаб-қувватланган.
Мазкур халқаро нуфузли тадбирда муҳокама қилинган масалалар сайтимиз орқали ёритиб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистонлик зиёратчиларга байрам дастурхони ёзилди
Маълумки жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб мунтазам равишда юртдошларимиз Умра ибодатини адо этмоқдалар. Куни кеча 8 декабрь куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги зиёратчиларимиз жойлашган “Абраж ал Кисва” меҳмонхонасида “Ал Ҳидоя” ширкати томонидан Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан юртдошларимизга байрам дастурхони ёзилди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Муҳаммад Акмалхон Шокиров иштирок этиб, зиёратчиларни байрам билан муборакбод этди. Конститутциямизда белгиланган ҳуқуқий нормалар, хусусан виждон эркинлиги кафолати сабаб Ҳаж ва Умра тадбирлари йилдан-йилга такомиллашиб бораётганлигини билдирди. Ўзбекистонлик зиёратчиларга алоҳида ҳурмат кўрсатиб, маросимни ташкил этган “Ал Ҳидоя” ширкатига юртдошларимиз номидан ўз миннатдорчилигини изҳор этди.
Ширкат мутасадди ходими Абдулбоқий Асқарали ватандошларимизни байрам билан қутлаб, Ўзбекистон ширкатнинг асосий ҳамкорларидан саналиши, доимо намуна кўрсатиб келаётган ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатишидан мамнун эканлигини айтиб ўтди. Таъкидлаш лозим, Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш бўйича мазкур ширкат Ўзбекистон билан кўп йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келади.
Бир оз бўлсада ватанларидан йироқда бўлиб турган зиёратчилар учун кўрсатилган кичик бир эътибор бу албатта ўзбек халқи, миллати учун юксак ҳурмат ифодасидир.
Макка
ишчи гуруҳи аъзолари
Адолат – миллат равнақи кафолати
Давлат тараққиёти, жамият равнақи, инсонлар осойишталигини таъминловчи энг муҳим омил бу – адолатдир. Кишилик тарихига назар солсангиз, гуллаб-яшнаган тамаддунларда адолат тамойилига амал қилингани ва ўша тамаддунларнинг инқирозга юз тута бошлашларининг сабаби ҳам адолатсизлик бошланганидан сўнг юз берганига гувоҳ бўласиз.
Алишер Навоий ҳазратлари адолат борасидаги ўз қарашларини ҳадиси шарифлар билан далиллаб, бир соатлик адолат бутун борлиқдаги мавжудотнинг нафл ибодатидан афзал эканини охирзамон пайғамбари номидан келтиради:
Ҳадисида ҳам бу башоратдурур,
Ки адл аҳли сори ишоратдурур.
Ки адл ичра ўтганча бир соате
Эрур беҳки жинну башар тоати.
Яна бир мутафаккир Ҳусайн воиз Кошифий “Ахлоқи муҳсиний” асарида адолат ва адолатлиликни қуйидагича таърифлайди: “Адолатнинг маъноси халқнинг ҳуқуқий тенглигини таъминлашдир. Адл шундай зийнатдирки, у мамлакатга оройиш беради; бир қуёшки, унинг нури билан зулмат ёруғликка айланади. Ҳақ (пок ва олий) бандаларини адолатга буюриб, “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз”. (Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) қилинган ривоятда у киши: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», дейдилар. Аллоҳ буюрган адолат - мутлақ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Ҳамма учун ўлчов бир. «Эҳсон» яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда унинг эшиги кенг очилган.
«Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишликдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади. «Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади. «Зулмкорлик» эса, ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир. Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.) (Наҳл.90), деган.
Адолат зулм кўрганларнинг додига етиб, аҳволларига шафқат назари билан қараш демакдир. Эҳсон эса ғусса тиғидан мажруҳ бўлганларнинг жароҳатига роҳат малҳамини суриш демакдир...”
Шариатимизда афв этишга кўп даъват қилинган. Негаки, афв Аллоҳ таолонинг меҳрибонликларидан бири. Агар Раббимиз отамиз Одам алайҳиссалом билан онамиз Ҳаввони афв этгани сабабидан бугун биз бормиз: биримиз узр сўраб, бошқамиз қовоқ солганча таманно қилиб турармидик.
Парвардигоримиз ояти каримада: “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14), деб таълим беради.
Ушбу ояти каримадан англашиладики, агар биз бизга моддий-маънавий зарар етказган кимсани афв этсак, Аллоҳ таоло уни ўша гуноҳи учун кечирар экан. Ва яна унинг гуноҳидан ўтганимиз учун бизнинг гуноҳимиздан ҳам ўтар экан.
Аёнки, бехосдан бирор номақбул ишга қўл уриб қўйган одам ўша қилмишининг гуноҳ эканини қалбан ҳис қилиб, ўша ишидан пушаймон бўлса-ю, унга яна бир имконият берилса, у давлат ва жамиятга кўп фойда етказади. Бунга унинг пушаймони куч беради.
Бинобарин, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас, сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ - содиқ дўст каби бўлиб қолур” (Фуссилат, 34), деб марҳамат қилган.
Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: “Кейинги икки йилда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича ҳам муҳим чоралар кўрилди. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли тугатилди, судлар томонидан 590 нафар шахс оқланди. Ваҳоланки, бу рақам 2016 йилда – эътибор беринг – бор-йўғи 28 тани, 2017 йилда эса 263 тани ташкил этган эди.
Шунингдек, 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди, 2 минг 449 нафар шахс эса суд залидан озод қилинди.
Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди.
Инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Бунинг натижасида жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 993 нафар фуқаро, жумладан, 456 нафар йигит-қиз ҳамда 113 нафар аёллар Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги билан жазодан озод қилинди.
Шунингдек, жазони ўтаётган 3 минг 333 нафар, жумладан, фаолияти ман этилган ташкилотларга кириб қолган 646 нафар маҳкум афв этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.
Конституция куни муносабати билан муҳтарам Президентимиз махсус Фармонни имзолади. Унга кўра, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган ва айни пайтда озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 136 нафар шахс афв этилди.
Бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди”.
Ушбу сўзлардан судларнинг мустақил ҳокимият сифатидаги мавқеини тиклаб бораётгани ва бунинг самараси ҳозирданоқ яққол кўзга ташланаётгани – адолат мезони устувор бўлаётганини кўрсатмоқда.
Аллоҳ таоло айтади: “...(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зулм қилгувчиларни севмас” (Шўро, 40).
Қадим давлатчилигимиз тарихида ҳам авф этишга оид ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, “Тузуклар”да: “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим...”
Соҳибқирон бобомизнинг бу иши Қуръони карим кўрсатмасига ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига мувофиқ бўлган. Ояти каримада: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят) деб марҳамат қилинган.
Ривоят қилишларича, бир аъробий Расулуллоҳга етиб олиб, хирқаларидан қаттиқ тортган, ҳатто хирқа ҳошияси бўйинларида из қолдирган. Кейин: “Эй Муҳаммад, Аллоҳнинг молларидан менга ҳам бер”, деб қўпол муомала қилганида ҳам Расулуллоҳ унинг муомаласидан кулиб қўйдилар. Ва унга бирор нарса бериб юборишни буюрдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг кечиримлилик ҳақида оятига мувофиқ иш тутгани боис ўша аъробийга ўхшаганлар у зотнинг содиқ умматларидан бўлиб изларини кўзларига сурдилар. Амир Темур ояту ҳадисга бўйсунгани туфайли душманлар тавба тазарру қилиб ҳузурига келдилар. Қарангки, кечиримлилик инсонни қанчалик улуғлаб қўяр экан.
Президентимиз ҳар доим адашиб диний оқимларга кириб қолганлар ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар содир қилиб суднинг қора курсисига ўтириб қолганларнинг айбини яхшилаб ўрганиб, агар улар қилмишларидан пушаймон бўлсалар, уларни кечириш чорасини кўриш тўғрисида гапирганида, “улар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз”, деб жон куйдириб гапиради. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”, деб марҳамат қилганлар.
Афв этишнинг нақадар қадрли ва савобли иш экани динимизда жуда кўп таъкидланади. Бу борада Ислом дунёсининг бутун оламга машҳур олиму фақиҳлари, саркардаю пешволари кўп ибратли ишларни бажарганлар ва ғоятда фойдали насиҳатлар қилганлар.
“Ҳайратул аброр”да ҳикоя қилинишича, сахий бир подшоҳнинг қули бор экан, базм вақтида фалокат босиб, оёғи чалишиб, подшоҳнинг бошига иссиқ таомни тўкиб юборибди. Аъёнлар: “Подшоҳ энди уни ўлдиради, гуноҳига лойиқ жазо шу!” дейишибди. Шоҳ эса қулнинг аҳволини кўриб, уни озод қилиб юборибди. Бунга ҳайрон бўлган вазири: “Эй сахийликда беғараз шоҳ, унга тиғдан бошқа нарса лойиқ эмас эди-ку?” дебди. Шоҳ кулимсираб: “Хижолатнинг ўзи уни ўлдириб бўлди. Ҳеч ким ўлган ўликни қайтадан ўлдирмаган, бошига жазо тиғини тортмаган...”
Жадид бобомиз Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси, давлат ва ҳукуматларнинг узун яшамоғи адолатга боғлиқдир”, деб ёзганида қанчалар ҳақ гапни айтган эди. Унинг ўша фикрининг исботи бугун кўз ўнгимизда намоён бўлиб турибди – мамлакатимиз кундан-кун чирой очиб, одамларимизнинг ижтимоий аҳволи яхшиланиб, энг муҳими, халқда давлатга бўлган ишонч туйғуси мустаҳкамланиб бормоқда.
Дамин Жумақул
Ҳақиқат қиёсда билинади
Доимо эзгулик пайида юрган, бировларга эзгуликни соғиниб яшаган халқмиз. Муболағали бўлса-да, бир майизни қирққа бўлиб баҳам кўрганмиз. Шу боис Аллоҳ таоло ниятимизга яраша толеимизни баланд қилди: мамлакатимизни буюк неъмат – ҳурлик эпкинидан баҳраманд қилди. Мустақиллик туфайли эътиқод эркинлигига, диний қадриятларимиз – намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатларни эмин-эркин адо этишга муяссар бўлдик.
Ҳақиқат қиёсда билинади, деган гап бор. Қуйида собиқ тузум давридаги диний вазият ва истиқлол йилларидаги ҳолатни таққослашга ҳаракат қилдик.
Ўтмиш |
|
Бугун |
Собиқ тузум даврида бутун СССР бўйича 24 киши, Ўзбекистондан бор-йўғи 6 киши ҳажга борган. |
|
Ҳар йили 7200 нафар Ўзбекистон фуқароси эмин-экин, барча шароитлар муҳайё қилинган шароитда ҳаж ибодатини адо этмоқда. Бу йилдан умра квотаси бекор қилинди. |
Қуръони карим саноқли оилалардагина бўлган. |
|
Ҳар бир оилада нафақат Қуръони карим, айни пайтда, бу муқаддас китобнинг тафсирлари, таржималари, шарҳлари, изоҳларини хоҳлаган оилада топиш мумкин. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан 2018 йили мамлакатимизда илк марта Қуръони карим мусобақаси оммавий шаклда уюшқоқлик билан ўтказилди. |
Ўзбекистонда бор-йўғи 84 та жоме масжид бўлган. |
|
Истиқлол шарофати билан юртимизда икки мингдан зиёд масжид фаолият юритмоқда. |
Икки ҳайит – Рамазон ва Қурбон байрами, таровиҳ намозлари яширинча ўқилган. |
|
Рамазон ва Қурбон ҳайитлари юртимизда расмий дам олиш куни деб эълон қилинди. Барча ўзбекистонликлар ушбу саналарни катта тантана қилишади. Таровиҳ намозларини баралла адо этилмоқда. |
Диний адабиётларни санасангиз, ҳатто битта қўлингизнинг бармоқлари ортиб қолар эди. Бор-йўғи битта журнал ва битта газета чоп этилар эди. |
|
Динимизнинг барча йўналишлари: Қуръон, тафсир, ҳадис, сийрат, фиқҳ, ақида, ахлоқ, тарбия, муомала, фароиз, тарих китоблари мунтазам чоп этиляпти. Даврий нашрлар: журналлар, газеталар босилмоқда. Деярли барча марказий масжидларнинг веб-сайтлари ишлаб турибди. |
ЎзССР Конституциясининг фақат 2-бўлим, 6-боб, 50-моддасида виждон эркинлиги кўрсатилган, лекин у қоғозда қолиб кетган эди. |
|
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-бўлим, V боб, 18- модда, 2-бўлим, VII боб, 31-модда, 3-бўлим, XIIIбоб, 57-модда, 3-бўлим XIIIбоб, 61-моддалари ҳамда«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунларда эътиқод ва виждон эркинлиги кафолатланган. |
Шаҳар ва қишлоқларда, аҳоли гавжум жойларда худосизликни тарғиб этувчи шиорлар илиб ташланган эди. |
|
Ояти карималар, ҳадиси шарифлар бугун шаҳару қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшиб, юртдошларимизни, айниқса, ёшларни буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишга чорламоқда. |
274 миллион нуфусга эга СССРда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига қарашли битта Тошкентдаги Ислом институти ва битта Бухородаги мадраса бўлган. |
|
Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ва 9 та ўрта махсус ислом билим юрти фаолият юритмоқда.
|
Буюк аждодларимизнинг табаррук қадамжолари хароба ҳолга келиб қолган, мадраса ва масжидлар ўқ-дорилар, қурол-аслаҳалар сақланадиган омборхонага айлантирилган эди. |
|
Ҳар бир аждодимиз мангу қўним топган масканлар ободонлаштирилиб, зиёратгоҳга айлантирилди. |
Бундай кетма-кетликни яна узоқ давом эттириш мумкин. Аллоҳ таборака ва таоло неъматларини янада зиёда айласин.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, барча соҳаларда жуда ачинарли аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон қисқа давр мобайнида асрларга татигулик бундай натижаларга, муваффақиятларга ниманинг ҳисобидан эришди?
Халқимиз – донишманд, меҳнаткаш. Буюк элга Аллоҳ таоло улуғ инсонларни раҳбар қилди. Уларнинг атрофида жипслашиб, Бош Қомусимизда белгиланган меъёрларга оғишмай амал қилишимиз натижасида дориламон кунларга етиб келдик. Бунинг учун Яратганга қанча шукр қилсак – кам.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Президент халқ кўнглидаги гапларни айтди
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Байрам Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди.
Президент Шавкат Мирзиёев халқимизни ушбу қутлуғ айём билан муборакбод этиб, сиёсий-ҳуқуқий ҳаётимиздаги ўзгаришлар ҳақида маъруза қилди.
Бош қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш - барчамизнинг шарафли бурчимиз эканини алоҳида таъкидлади.
Конституциямизнинг 2-моддасида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул экани белгилаб қўйилган.
Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз раҳбари бўлган илк кунларданоқ мазкур конституциявий принцип давлат сиёсатининг асосига айланди. Президентимиз халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилишни олий мақсад, мезон қилиб қўйди. Ташкилотлар “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида ишлайдиган бўлди.
Инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида кейинги икки йилда суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам катта ўзгаришлар қилинди. Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди. Фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилди. Суд-тергов фаолиятида очиқлик ва қонунийликни таъминлаш, оворагарчилик ва ортиқча сарф-харажатга йўл қўймаслик мақсадида тизимга ахборот технологиялари жорий этилди.
Давлатимиз раҳбари Конституциянинг бош мақсади – халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш борасида қилинган ва қилинажак ишларга ҳам эътибор қаратди. Жамоатчилик ва халқаро экспертлар фикрлари асосида Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилингани, унга мувофиқ солиқ ставкалари пасайтирилиши, баъзи бадал ва тўловлар бекор қилиниши, тадбиркорликни ривожлантириш ва иш ўринлари яратиш рағбатлантирилишини таъкидлади.
Тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инвесторлар учун кенг шароитлар яратиш, айниқса, инфляция даражасини пасайтириш бўйича олдиндаги муҳим вазифаларни кўрсатиб ўтди.
“Агар биз юртимизда барқарор иқтисодиёт қурмоқчи бўлсак, дунёдаги ривожланган мамлакатлар каби бой ва фаровон яшамоқчи бўлсак, юзаки эмас, балки қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт. Ягона йўлимиз шу. Бу – Асосий қонунимиз талаби. Бошқа йўл йўқ. Биз бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз ва улар албатта ўзининг ижобий натижасини беради” деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз ўз маърузасида фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ёшларни ўқитиш ва касбга тайёрлаш, иш ва уй-жойлар билан таъминлаш, пенсионерларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар бўйича ҳам муҳим чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилди.
Яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этиш зарурлигини таъкидлади. Ёшларнинг илмга интилишини кучайтириш, тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, хорижий мамлакатлар билан турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бундан буён ҳам ислоҳотлар марказида бўлишини қайд этди.
«Чунки билимли авлод – буюк келажакнинг, тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса – тараққиётнинг кафолатидир!” деди давлатимиз раҳбари.
Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан ва санъат намояндалари, хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Байрамдаги концерт дастури илк бор тўлиқ жонли ижрода ўтказилди. Унда халқимиз ҳаётидаги ўзгаришлар, мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик ва қўшни давлатлар билан дўстлик сиёсати намоён бўлди.
Манба: https://president.uz