muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 10 Декабрь 2018 00:00

Жаннатга кирувчи ўн ҳайвон

Қуръони каримда махлуқотлар ичида энг мукаррами ва мукаммали инсон экани баён этилади (Исро сураси, 70-оят, Тин сураси, 4-оят). Барча нозу неъматлар инсон учун. Шу боис Аллоҳ таоло бани башарни онгли қилиб яратди.

Онг фақат инсонга хос, десак янглишамиз. Айрим жониворлар борки, уларнинг номи Қуръони каримда ҳамда ҳадиси шарифларда зикр этилган. Ҳатто уларнинг жаннатга кириши айтилган.

Абдураҳмон Жомий жаннатга кирадиган ўнта ҳайвондан бири “Ғор эгалари”нинг “Қитмир” деган итига атаб ёзган шеърида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Агар ғор эгаларининг ити жаннатга кирса, мен ҳам киришим керак. У Ғор эгаларининг ити бўлса, мен Сизнинг саҳобаларингизнинг итиман”, дейди.

Жаннатга кирувчи ўн ҳайвон:

1. Ғор эгаларининг ити.

2. Юнус балиғи (Юнус алайҳиссаломни ютган балиқ).

3. Исмоил алайҳиссалом ўрнига қурбонлик қилинган қўчқор.

4. Солиҳ алайҳиссаломнинг туяси.

5. Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳўкизи.

6. Узайр алайҳиссаломнинг улови (эшаги).

7. Сулаймон алайҳиссаломнинг чумолиси.

8. Сулаймон алайҳиссаломнинг Билқисга юборган ҳудҳуди.

9. Мусо алайҳиссаломнинг сигири.

10. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяси.

 

Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

Понедельник, 10 Декабрь 2018 00:00

Мадҳия – миллий ғуруримиз

Давлат рамзлари мамлакат суверенитетини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистоннинг Давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, ҳар биримизга фахру ифтихор бағишлайди. Улар маънавиятнинг энг муҳим тимсолларидир. Шу боис мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида халқимизнинг маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб ҳизмат қилмоқда. Мадҳияда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғуллар тараннум этилган.

Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар нарсадан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз, айниқса, ёш авлоднинг ёдда тутиши мақсадга мувофиқдир. 

 

Одилжон Нарзуллаев,

Зангиота туманидаги «Имоми Аъзам» масжиди имом-хатиби

Аввал, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро мусулмонлар форумида иштирок этиш учун жўнаб кетганлари ҳақида маълумот берган эдик.

Муфтий ҳазратлари Тошкент – Москва – Париж йўналиши орқали Парижга етиб келдилар. Муфтий ҳазратни Париж шаҳри аэропортида Россия мусулмонлари диний идораси вакиллари ҳамда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев бошчилигидаги элчихонамиз ходимлари кутиб олди.

Куни кеча, 9 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Франция давлатига ташрифлари доирасида Париж шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Муфтий ҳазратларига Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев томонидан олиб борилаётган кенг кўламли фаолият тўғрисида маълумотлар тақдим этди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатлар янада кенг кўлам касб этмоқда. Ҳамкорлик алоқаларининг ривожланганини Франция Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилда ушбу мамлакатга расмий ташрифи, икки томонлама муносабатларнинг юқори даражага кўтарилганидан далолат беради. Ушбу учрашувлар натижаси ўлароқ, кўплаб ҳамкорликлар юзасидан шартномалар ва келишувлар имзоланган эди.

Франция сафари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

*****

Яхши кўришимиз хатоларни кўришдан кўзларимизни “кўр” қилиб қўяди. Ёмон кўриш эса ҳақиқатларни кўришдан кўзларимизни “кўр” қилиб қўяди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Умрим ўтгани сайин одамларнинг гапларига эътиборим камайиб бориб, (айтадиган гапларига нечоғли) амал қилишларини кўриш билан кифояландим.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Қолоқликнинг энг муҳим сабабларидан бири – бирор вазифани ўша ишнинг мутахассиси бўлмаган кишига топширишдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ичи кир одам (жамиятда) пок инсонларнинг борлигини ҳазм қила олмайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бахил кимса очликдан вафот этса, унинг фарзандлари меъда сустлиги (овқатни ҳазм қила олмаслик) касаллигидан ўладилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳар қандай муносабатнинг бошида ҳиссиётлар, охирида эса ахлоқ кўринади.

Нажиб Маҳфуз

*****

Ақлнинг қуввати ҳақиқатни кўтаришига қараб ўлчанади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Орзу тузга ўхшайди. Туз ўзи қоринни тўйдирмайди, лекин таомга маза киритади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Оқил одам фикрлари ҳақида гапиради. Закий одам амаллари ҳақида гапиради. Аҳмоқ эса еган таомлари ҳақида гапиради.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Сенинг ёнингда юрадиган баъзи шахслар аслида сенга эмас, ўзларининг сендаги эҳтиёжларига мухлисдирлар. Ишлари битиши билан ихлослари ҳам ўзгаради.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Гоҳ-гоҳида ҳаммадан узоқлашиб, бирорта одам тополмайдиган жойга кетиб, ёлғиз бўлишни истаб қоламиз.

Шамс Табризий раҳимаҳуллоҳ

*****

Ўғлинг сенинг иккинчи имкониятингдир. Йўқотганларингни у билан тўлдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Модомики тирик экансан, нафсинг билан курашишни тўхтатма!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Фарзандларни бино қилиш (тарбия қилиш) уларга бино қуришдан муҳимроқдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

 

Қозон шаҳрида Россия Ислом институтининг 20 йиллиги доирасида исломий фанлар ва араб тили бўйича XI Бутунроссия олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда «Ислом қонунлари», «Ислом асослари» ва «Араб тили» фанлари бўйича энг кучлилар аниқланди.

Азон интернет нашрининг хабар беришича, олимпиадада Татаристон, Бошқирдистон, Доғистон, Чеченистон, Мордовия ва Россиянинг бошқа ҳудудларининг диний таълим муассасаларидан келган толиби илмлар иштирок этишди. Олимпиада толибларнинг араб тилида сўзлашиш ва ёзишдаги билиш даражасини аниқлаш ҳамда Қуръони Каримни тўғри ва чиройли ўқиш бўйича ўтказилди.

Жорий йилнинг 7 декабрь куни олимпиада ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтган. Ғолиблар қуйидаги номинациялар бўйича тақдирланди:

Араб тили
1. Салимов Муҳаммад (Доғистон Ислом университети)
2. Малаков Шамиль (Россия Ислом университети, Грозний)
3. Шарапов Эльдар (Россия Ислом институти, Қозон)

Ислом асослари
1. Омаргажиев Исмаил (Имом Ашъари номли Ислом университети)
2. Мисехожиев Баудин (Россия Ислом университети, Грозний)
3. Нуриддинов Муҳаммад (Муҳаммад Ариф номли Ислом университети)

Ислом қонунлари
1. Зубаиров Саид-Афанди (Доғистон Ислом университети)
2. Сабуров Зурибек (Қозон инновация университети)
3. Алиев Расул (Имом Ашъари номли Ислом университети)

Ислом қонунлари (мадраса)
1. Муҳаммадов Муҳаммад (Муҳаммад Ариф номли мадраса)
2. Вадзижев Исраил (Ингушетия Ислом коллежи)
3. Салимов Шоҳимардон (Марям Султонова номли мадраса)

Қозон шаҳри ҳокимлигининг махсус совғаси
1. Загаев Али (Чеченистон Республикаси)
2. Мусаев Фарҳад (Доғистон Республикаси)
3. Шураев Аскар (Қабардин – Болқор Республикаси)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top