muslim.uz
Конституция ҳафталиги
Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан шу йил 3-7 декабрь кунлари Нукус шаҳридаги Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида маърифий тадбирлар жуда кўтаринки руҳда ўтказилди.
Билим юрти мудири Шамсиддин Бауатдинов талабалар ва мударрислар иштирокида бўлиб ўтган тадбирда қисқача кириш сўзи сўзлаб, Бош қомусимизнинг 26 йиллиги муносабати билан барчани табриклади.
Тадбирда ушбу тарихий сана миллий давлатчилигимиз асосларининг мустаҳкамланиши, ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг изчил ривожланиши, аҳоли турмуш даражасининг юксалиши, мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузи ортиши – буларнинг барчасида Асосий Қонунимизнинг аҳамияти юксак эканини кўрсатиши айтиб ўтилди.
6 декабрь куни билим юртида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни дарслардан сўнг гуруҳ раҳбарлари ва талабалар орасида “Тарбия соати”ни мунтазам ўтиш йўлга қўйилган. Конституция ҳафталиги давомида ушбу “Тарбия соати”да ҳам гуруҳ раҳбарлари томонидан асосий қомусимиз бўлган Конституциямизнинг бугунги кун турмушимизда тутган ўрни ва аҳамияти талабаларга тушунтирилди.
Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш каби улуғ туйғуларни ўзида мужассамлаштирган байрам тадбири 7 декабрь куни билим юрти мажлислар залида ўтказилди.
Тадбирда ИИВ ходими капитан О.Камалов, билим юрти ўқитувчилари ва талаба ёшлардан иборат жами 129 нафар киши иштирок этди. Билим юрти мудири Ш.Бауатдинов тадбирни очиб, йиғилиш иштирокчиларини байрам билан табриклади.
Тадбирда иштирок этган бир қатор соҳа вакиллари ўзлари томонидан тайёрлаб келинган видеороликлар, слайдларни тадбир иштирокчиларга ҳавола этди.
Талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан тегишли жавоблар олишди.
Адилбай Ережепов,
билим юрти маънавият ва маърифат
ишлари бўйича мудир ўринбосари
Жумадан жумагача
Ассалому алайкум! Бугун декабр ойининг еттинчи санаси, ҳафтанинг эса муборак жума куни.
Ҳафта давомидаги янгиликлар билан Жумадан жумагача рукни орқали ҳабардор бўлинг
"Вақф" фонди Сийрат мусобақаси ғолибларини тақдирлади
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат иймондандир» номли сийрат мусобақаси бўлиб ўтди. Унда институт талабалари ўзаро мусобақалашишди. Тадбир кўтаринки кайфият ва дуои хайрлар билан ўтди. Ушбу мусобақа якунларига кўра ғолиблар аниқланиб, "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан бир қатор совғалар тақдим этилди.
“Аёлни эъзозлаган дин” китоби нашрдан чиқди
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодировнинг исломда аёлнинг ўрни, унга қилинадиган ҳурмат ва эҳтиром ва аёлларга хос бошқа масалалар хусусида “Аёлни эъзозлаган дин” номли китоби нашрдан чиқди. Муаллиф рисолада мусулмон аёлларининг оила ва жамиятдаги ўрни, Ислом динида нозик хилқат вакилаларига бўлган эътибор ва эътирофни илмий далиллар, ҳаётий воқеъликлар орқали ўқувчига тушунарли тарзда ёритиб берган. Мазкур рисола яқин орада қорақалпоқ ва рус тилларида ҳам чоп этилиши режалаштирилган.
“Мурувват карвони” Жиззах вилоятида бўлди
1 декабрь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири Жиззах вилоятида ўтказилди. Хайрия тадбири доирасидаги 100 нафар кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, 20 нафар жисмоний имконияти чекланган шахсларга ногиронлик аравачалари берилди. Икки нафар ёрдамга мухтож оилаларнинг уйларини таъмирлаш ишларига маблағлар ажратилди. “Вақф” фонди хайру эҳсонларингизни ўз эгаларига етказишда очиқлик ва холисликни кафолатлайди. Маблағларни шаффофлик асосида ҳақдорларга етказилаётганини vaqf.uz сайти орқали кузатиб боринг!
БААдаги фестивалда Ўзбекистон ҳам иштирок этди
Бирлашган Араб Амирликларида ўтказиб келинаётган, мамлакат асосчиси Шайх Зайид номидаги Абу Даби маданий мерослар фестивалида илк бор Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда. Фестивал доирасидаги Ўзбекистон павильони улкан Регистон майдони шаклида қурилиб, ён атрофидаги ҳужраларда ҳунармандчилик, нақш ўймакорлиги, гиламдўзлик, сўзана тикиш санъати каби ўзбек миллий маданий мерослари экспозициялари ва амалий санъат яралишини намойиш қилувчи миниатюра асарлари ўрин эгаллайди. Таъкидлаш жоизки Ўзбекистон павильони фестивалдаги энг катта композициялардан бири бўлди.
Малайзия Ўзбекистонда ислом банкинги бўйича мутахассисларни тайёрлайди
Тошкент молия институти ва Малайзиянинг Binary бошқарув ва тадбиркорлик университети янгидан очилаётган ўзбек-малайзия факультетининг ўқув дастурини тасдиқлашди. Бошланғич босқичда Тошкент молия институти қошидаги ушбу факультетда 50 нафар магистрант молия ва банк иши бўйича қабул қилинади. Малайзия университети ижрочи раиси Жозеф Адайкаламнинг айтишича, келгусида факультет ўз фаолияти доирасини кенгайтириб, халқаро аудит ва ислом банкинги бўйича мутахассисларни ҳам тайёрлаши мумкин бўлади.
“Вақф: моҳияти ва ижтимоий аҳамияти” мавзусида видеосеминар ўтказилди
4 декабрь куни “Вақф: моҳияти ва ижтимоий аҳамияти” мавзусида диний соҳа ходимлари иштирокида видеосеминар ўтказилди. Семинарда “Вақф” тушунчаси, истилоҳий маънолари, вақф мулклари юзага келиши тарихи ва вақф мулкларининг шаръий ҳукмлари ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятини тарғиб этиш бўйича маърузалар тингланди. Семинар якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти, бугунги кунгача амалга оширилган хайрия ишлари, тадбирлар ва лойиҳаларнинг амалий ифодаси акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.
Маккада ногиронлиги бўлган кишилар учун махсус намозхона очилди
Масжиди Ҳаромнинг ишлар бош бошқармаси намозхоналардан бирини эшитиш қоблияти билан боғлиқ ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдо (ишорат) тилини биладиган таржимон билан ажратилганини маълум қилди. Бу ҳақда islom.uz нашри хабар беради. Хабарда айтилишича, жума намози, Фитр ва Қурбон байрамлари мавъизалари, ёмғир дуоси, дарслар ва Масжиди Ҳаромда айтиладиган ваъзларни сурдо таржима орқали уларга етказиш имконияти яратилган. Шунингдек, бу ерда кўзи ожизлар учун намозхонага олиб борадиган махсус оқ тутқичлар ҳам ўрнатилган. Улар учун Брайл ёзувидаги Қуръони каримлар ҳамда Мусҳафни тутиб турадиган махсус ускуна тайёрланган.
Унутманг муслим.уз жамоаси сизни комиллик сари етаклайди.
Биз сиз учун ижод қиламиз.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тоғларнинг вазифасини биласизми?
Тоғлар – табиатдаги энг гўзал нарсалардан биридир. Олимлар яқин-яқингача тоғларнинг вазифаси нима эканини билишмас эди. Илм-фан ривожланиб, тараққий этганидан сўнг тоғларнинг бир қанча вазифалари борлигини кашф этдилар. Қуръони Каримда тоғларнинг вазифалари очиқ-ойдин айтиб қўйилган.
Тоғлар ўзининг шакли ва ер остига чуқур кириб боргани сабабли ер қатламлари сурилиб кетишининг олдини олиб, қозиқ сифатида уларни ушлаб туради. Ернинг устки плиталари кесишган жойда тоғлар мавжуд бўлиб, икки плита бирлаштирилиб, устига тоғлар мих каби қоқиб қўйилган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
أَلَمْ نَجْعَلِ الْأَرْضَ مِهَاداً وَالْجِبَالَ أَوْتَاداً
“Ерни тўшаб қўймадикми? Ва тоғларни қозиқ (қилиб қўймадикми?)” (Наба сураси, 6-7-оятлар).
Тоғлар булутларнинг шаклланишига, шамолларнинг тўсилишига ўз ҳиссасини қўшади.
Қуръони Каримдаги мана бу оятга диққат билан назар солайлик:
خَلَقَ السَّمَاوَاتِ بِغَيْرِ عَمَدٍ تَرَوْنَهَا وَأَلْقَى فِي الْأَرْضِ رَوَاسِيَ أَن تَمِيدَ بِكُمْ وَبَثَّ فِيهَا مِن كُلِّ دَابَّةٍ وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ
“У, сиз кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз яратган, сизларни тебратмаслиги учун ер юзига оғир тоғларни ташлаган ва (ер)да ҳар турли жониворларни таратиб қўйган зотдир. Ва осмондан сув тушириб, у билан ун(ер юзи)да турли гўзал ва фойдали жуфтларни ўстириб қўйдик”. (Оятда “ўсимликларни ўстириб қўйдик”, дейилмасдан, “карамли (гўзал ва фойдали) жуфтларни ўстириб қўйдик”, деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга илм яқиндагина етди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ қодирдир.) (Луқмон сураси, 10-оят).
Тоғлар сувларнинг тоза, пок ҳолда сақланишига ҳам катта ҳисса қўшади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَجَعَلْنَا فِيهَا رَوَاسِيَ شَامِخَاتٍ وَأَسْقَيْنَاكُم مَّاء فُرَاتاً
“Ва Биз унда юкасак тоғлар қилдик ва сизларни зилол сув билан суғордик” (Мурсалот сураси, 27-оят).
Тоғлар ўз устида катта миқдордаги чучук сув захирасини қор ва муз кўринишида сақлайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَهُوَ الَّذِي مَدَّ الأَرْضَ وَجَعَلَ فِيهَا رَوَاسِيَ وَأَنْهَاراً
“У ерни чўзиб, унда баланд тоғлар ва анҳорлар қилган” (Раъд сураси, 3-оят).
Бизга маълумки, дунёдаги барча уммонлар ва денгизларнинг сувлари шўр бўлиб, тўғридан-тўғри ичишга яроқсиздир. Инсоният фақат дарё сувларини ичади. Оятдаги “анҳааро” сўзи ўзбекчага таржима қилинганда “дарёлар” деган маънони ифода қилади. Ушбу оятда тоғлардан дарёлар оқиб тушишига ва улар ичишга яроқли эканига ишора қилинмоқда.
Тоғлар бир неча минг йиллар давомида инсоният учун бошпана вазифасини ҳам ўтаган. Одамлар тоғлардаги ғорларда яшаб, ваҳший ҳайвонлар, совуқ ҳаво ва бошқа хатарлардан сақланишган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَجَعَلَ لَكُم مِّنَ الْجِبَالِ أَكْنَاناً
“Ва сизга тоғлардан бошпаналар... қилиб қўйди” (Наҳл сураси, 81-оят).
Тоғлар ўзидаги сув захираси ва ўзига хос ландшафти туфайли ер юзидаги ўсимлик дунёсининг мувозанатини бир маромда сақлашга ҳисса қўшади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَالأَرْضَ مَدَدْنَاهَا وَأَلْقَيْنَا فِيهَا رَوَاسِيَ وَأَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ شَيْءٍ مَّوْزُونٍ
“Биз ерни ёйиб, устига баланд тоғларни ташлаб қўйдик ва унда ўлчанган турли нарсаларни ўстириб қўйдик” (Ҳижр сураси, 19-оят).
Тоғлар ернинг барқарорлигига, силкиниб кетмаслигига ҳисса қўшади. Улар ўзига хос шакли туфайли водийларнинг вужудга келишига ҳам сабаб бўлади. Маълумки, водийлар дарёлар оқадиган жойларда вужудга келади. Тоғлар эса дарёларнинг пайдо бўлишига, тоғ ён бағирларига, пстликларга қараб оқишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَأَلْقَى فِي الأَرْضِ رَوَاسِيَ أَن تَمِيدَ بِكُمْ وَأَنْهَاراً وَسُبُلاً لَّعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ
“У зот ер сизларни тебратиб юбормаслиги учун унинг устига баланд тоғларни ташлаб қўйди. Анҳорлару йўлларни ҳам. Шоядки, тўғри йўл топсангиз” (Наҳл сураси, 15-оят).
Агар тоғлар бўлмаганда, текис йўлларнинг вужудга келишига имкон бўлмасди. Юз миллионлаб йиллар давомида Ер юзи рельефи шаклланиши тарихини ўқиган киши тоғлар, даралар, йўллар пайдо бўлишига сабаб бўлган тектоник силжишлар ҳамда плиталар тўқнашуви нақадар аҳамиятга эга эканини англаб етади. Ана шундай ҳодисалар натижасида тоғлар орасида текис йўллар, даралар юзага келиб, одамлар ўша йўллардан минг йиллардан бери қийинчиликсиз юриб ўтадилар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَجَعَلْنَا فِي الْأَرْضِ رَوَاسِيَ أَن تَمِيدَ بِهِمْ وَجَعَلْنَا فِيهَا فِجَاجاً سُبُلاً لَعَلَّهُمْ يَهْتَدُونَ
“Биз ерда уларни тебранмасликлари учун тоғлар қилдик ва шоядки тўғри йўл топсалар, деб унда даралар, йўллар қилдик” (Анбиё сураси, 31-оят).
Тоғларнинг ранги ҳақида ҳам тафаккур қилган одам уларнинг турли рангларда эканини фаҳмлайди. Ҳа, тоғлар хилма-хил рангда бўлиб, баъзилари қизил-қўнғир, баъзилари қора, айримлари эса оқ рангда бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ أَنزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجْنَا بِهِ ثَمَرَاتٍ مُّخْتَلِفاً أَلْوَانُهَا وَمِنَ الْجِبَالِ جُدَدٌ بِيضٌ وَحُمْرٌ مُّخْتَلِفٌ أَلْوَانُهَا وَغَرَابِيبُ سُودٌ
“Аллоҳнинг осмондан сув туширганини кўрмадингми? Бас, у ила турли ранглардаги меваларни ва тоғлардан ҳам йўл-йўл, оқ ҳамда қизилнинг турли рангларини ва қоп-қораларини чиқардик” (Фотир сураси, 27-оят).
Бундан ташқари тоғлар атрофнинг гўзаллигига гўзаллик қўшади. Улар ўз кўриниши билан Буюк Яратувчининг азаматига далолат қилади.
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло тоғларни Ернинг барқарорлиги, унда ҳаётнинг тинч, гўзал давом этиши, ўсимликларнинг мувозанати, ичимлик сувининг пок ҳолда сақланиши, инсоният ва барча жонзотлар қулай шароитларда яшаши учун яратиб қўйган. Бу ҳақиқат қуйидаги оятларда аниқ баён этилган:
وَالْأَرْضَ بَعْدَ ذَلِكَ دَحَاهَا أَخْرَجَ مِنْهَا مَاءهَا وَمَرْعَاهَا وَالْجِبَالَ أَرْسَاهَا مَتَاعاً لَّكُمْ وَلِأَنْعَامِكُمْ
“Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди. Ундан сувни, ўт-ўланларни чиқарди. Ва тоғларни собит қилди. Сизларга ва чорваларингизга манфаат бўлсин учун” (Назиат сураси, 30-33-оятлар).
Инсоният тоғларнинг вазифаси, тузилиши, уларда чучук сувнинг тўпланиши, ўсимликларнинг мувозанатига сабаб бўлиши ҳақида билиши у ёқда турсин, тоғлар ўзи нималиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмаган бир пайтда Қуръони Каримда тоғларнинг вазифалари ҳақида очиқ-ойдин айтиб қўйилгани Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи эканига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг ҳақ расули ва набийси эканликларига катта далилдир!
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Олий диний таълим муассасаси рўйхатдан ўтди
Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, шу йил 1 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Ҳадис илми мактаби олий диний таълим муассасаси шаклида ташкил этилди ва 5 декабрь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиб, 23-сонли гувоҳномага эга бўлди.
Ушбу олий диний таълим муассасасини Бош қомусимизнинг 26 йиллиги арафасида давлат рўйхатидан ўтказилишида ҳам ўзи хос рамзий маъно бор. Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши Конституциямизда ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган диний таълим олишга бўлган фуқароларимиз ҳуқуқларини амалга оширишлари учун яна бир катта имконият бўлди.
Гувоҳномани топшириш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Ҳадис илми мактаби улуғ алломаларимиз, муҳаддис аждодларимиз ишларини давом эттириш имкониятини тақдим этиши, бу даргоҳда таълим олган ёшларимиз келажакда малакали мутахассислар сифатида аждодларимизнинг давомчиси бўлишга ва динимизнинг эзгу таълимотларини одамлар онгу шуурига сингдиришга хизмат қилишларини алоҳида қайд этдилар.
Ҳадис илми мактаби фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаб, эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати