muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистонликлар жорий йилнинг 29 ноябрь - 2 декабрь кунлари Истанбулда бўлиб ўтган IV Бутунжаҳон "Ҳалол саммити" танловида ғолибликни қўлга киритишди.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган мусулмон давлатлар ўртасидаги пазандачилик чемпионатида Ўзбекистон жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси хабар берди.

Моҳир ошпазлар ҳалол таом тайёрлаш бўйича куч синашишди. Ўзбекистон шарафини Халқаро ўзбек пазандачилиги санъати маркази уста-ошпази Аҳмад Ҳамдамов ва ушбу марказ битирувчиси Нодир Тоҳиржонов ҳимоя қилишди. Танлов якунида улар тайёрлаган таомлар биринчи ўринга сазовор деб топилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2018 йил 1 февралдан "Ҳалол" озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича умумий қўлланма - Oz DSt 3286:2018 жорий этилган эди.

"Ҳалол" стандартларида маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва маркалаш жараёнлари Ислом қоидаларига мувофиқ бўлиши талаб этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркиянинг туризм пойтахти бўлган Анталиянинг рамзи бўлган, саккизинчи асрга тегишли, Йивли минораси ЮНEСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда World Bulletin нашри хабар берди.

Олтита қўббали масжид Кичик Осиёдаги кўп қаватли масжидларнинг энг қадимги намунаси ҳисобланади.

Вакиллар бошқармаси фонди қадимий минорани ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритиш учун 2016 йилдан буён ҳаракат қилмоқда.

Йивли минораси шаҳарнинг логотипи ва Анталяспор футбол жамоаси рамзи сифатида ҳам ишлатилади.

Маълумот учун, ушбу миноранинг узунлиги 38 метр, у 1220-1237 йиллар орасида ҳукмронлик қилган Салжуқийлар султони Оловуддин Кайқубоднинг буйруғи билан қурилган. Минора Йивли минораси масжиднинг бир қисми ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Нигериянинг Эдо штати Гомбе туманида жорий йилнинг 28 декабридан 2019 йилнинг 5 январига қадар Қуръони карим ҳофизлари мусобақаси ташкил этилади. Бу ҳақда International Quran News Agency нашри хабар берди.

Мусобақа ташкилотчиси Шайх Иброҳим Ояркуанинг айтишича мусобақада 104 нафар иштирокчи қатнашади. Улардан 60 нафари 6 категория бўйича саралаб олинади. Энг юқори балл тўплаган 10 нафар қорилар Эдо штати номидан Нигерия миллий Қуръон мусобақасида иштирок этишлари қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аллома Абу Муъин Насафийнинг ислом фалсафасига бағишланган “Табсиратул-адилла фи илмил-калом” (“Калом илмидаги далиллар кўзгуси”), “Ат-тамҳид ли қавоидит-тавҳид фий илмил-калом” (“Калом илмидаги тавҳид қоидалар учун ягона китоб”), “Баҳрул-калом” (“Калом денгизи”) асарлари Мисрнинг Ал-Азҳар университетида дарслик сифатида ўқитилмоқда. Бу ҳақда 5 декабрь куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган “Илму зиёси кўзларга тўтиё бўлган аллома” номли илмий анжуманда маълум қилинди.

"Турон24" нашрининг ёзишича, Насафийнинг асарларидан бугун жаҳондаги 100 дан зиёд олий ўқув юртларида фойдаланилмоқда.

“Ҳақиқат қиличи” номи билан машҳур алломанинг “Баҳрул-калом” ва “Табсиратул-адилла фи илмил-калом” китобларида эзгу туйғуни тилга чиқариш эмас, қалбдан ўтказиш иймоннинг белгиси экани уқтирилади, – деди Республика маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Эргаш Даминов. – Аммо айрим ақидапарастлик йўналишидаги тарафкашлар тилдаги ҳам, дилдаги ҳам ёлғон экани, инсоннинг эътиқодда қанчалик собитлиги фақат амалида кўринишини ёқлайди, амалдан бошқасини рад этади. Айнан мана шундай қарашлар ҳозир кўпгина давлатларда қонли низоларга сабаб бўлаяпти".

“Насафийнинг бизгача етиб келган уч асари моҳиятан тўғри йўлга даъват, нотўғри йўлдан қайтаришга қаратилган, – деди профессор Муҳаммаджон Қуронов. – Унинг “Ат-тамҳид ли қавоидит-тавҳид фий илмил-калом” китобида “Илмдаги қашшоқлик куфрга яқиндир” деб ёзилган. Янги асрда динда адашишларга олиб келаётган сабаб ҳам шу – илмдан узоқлашган одам куфрга яқин бўлади. Бугун расмий гапларнинг даври ўтди. Ўзини зиёлиман деб санаган ҳар бир киши Насафийдан уч ҳикматни ёддан билиши керак”.

1027 йили Қарши (Насаф)да туғилиб, 1114 йили Самарқандда вафот этган Абу Муъин Муҳаммад ан-Насафийнинг 15 та асар ёзгани фанга маълум. Шулардан учтаси сақланиб қолган.

Мазкур қўлёзмалар ҳозир Дубай, Дамашқ, Искандария кутубхоналарида сақланмоқда. Ушбу уч манба дунё олимлари томонидан таржима қилиниб, 200 дан ортиқ давлатда, жумладан, 1886 йили Бағдодда, 1908 йили Қоҳирада нашр этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дубайда Carrefour номли халқаро супермаркетлар тармоғининг сувда сузувчи илк дўкони ўз иш фаолиятини бошлади. Форс кўрфази қирғоқларига яқин сувларда сузувчи дўкон кема бошқарувчилари, спортчилар, ҳамда дам олувчи сайёҳларга мўлжаллангани айтилган.

Ушбу кема дўкон Jumeirah Public beach, Kite Beach и Al Sufouh Beach сингари пляжлар ҳудудида харидорларга хизмат кўрсатади, ушбу сузувчи супермаркет харидорларга етказиб бериш хизматини ҳам амалга ошириши қайд этилган. Дўконда 300 турдан ортиқ маҳсулотлар бўлиб, унда тиббиёт воситалари ва косметика ҳам сотилиши йўлга қўйилган.

Кема дўкон ҳафтада олти кун соат 10:00дан 18:00га қадар ишлайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top