muslim.uz

muslim.uz

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз умматларига шундай набавий мерос қолдириб кетганларки, бу мерос инсониятнинг дунё ва охирати учун энг зарур ва фойдали ҳисобланади. Ана шундай мерослардан бири – бу, табобатга оид кўрсатмаларидир.

Пайғамбар алайҳиссаломдан табобатга оид бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Аллоҳ таоло яратган баъзи бир наботот ёки кўкатлар билан даволанишнинг фазилати ҳақида ҳадислар мавжуд. Пайғамбар алайҳиссаломнинг тиббий кўрсатмалари инсониятнинг саломатлигига боғлиқ бўлган бир қанча жиҳатларни қамраб олган. Масалан, касалликка даво ахтариш суннат эканлигидан бошлаб, Аллоҳ таоло ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг давосини яратганигача, шунингдек, касалликка чалинишнинг олдини олиш борасида ҳам алоҳида кўрсатмалар келган. Масалан бу ҳақда: “касалланган ҳайвонни соғлом ҳайвонларга қўшманг”, “вабо тарқаган ер ҳақида эшитсангиз у ерга кирманг, вабо тарқаган ерда бўлсангиз у ердан чиқманг”, деган мазмундаги ҳадислар ворид бўлган. Бу эса, каксалликни олдини олиш муҳим эканлигига Пайғамбар алайҳиссалом алоҳида аҳамият қаратганликларидан далолат қилади.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг табобатларида касалликни муолажа қилишда руҳий жиҳатга алоҳида аҳамият қаратиш ҳам муҳим саналади. Масалан, кўплаб ҳадисларида беморларни зиёрат қилишга тарғиб этар эканлар, зиёрат қилиш асносида беморга руҳий далда беришни таъкидлайдилар. Беморни зиёрат қилган киши беморга: “Ҳечқиси йўқ, Аллоҳ хоҳласа соғайиб кетасиз” деган мазмундаги сўзни айтиши, беморнинг руҳиятига қувват бўлиб, касалликни енгишига куч пайдо қилади.

Пайғамбар алайҳиссалом касалликни даволашда асалдан фойдаланишни алоҳида тавсия қилганлар. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг каломида асални: “Унда инсонлар учун шифо бордир”, деб марҳамат қилган. Бошқа бир ҳадисларида: “сизлар учун иккита нарсада шифо бор: Қуръон ва асал”, деб мараҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, Қуръони каримни Аллоҳ таоло “мўминлар учун шифодир”, деб таърифлаган. Шунингдек, ҳижома яъни, танадаги ифлос қонни чиқариб ташлаш ҳам бошдаги оғриқ ва бошқа касалликларга даво бўлишини айтганлар. Шу билан бирга қора седана уруғини истеъмол қилишнинг фойдаси бисёр эканлиги, у заҳарланишдан бошқа барча дардларга даво эканлигини баён қилганлар. Иситма чиққанда уни совуқ сув билан қайтариш ҳам фойда беришини айтиб: “иситма жаҳаннамнинг оташидандир, уни сув билан совутинглар”, деганлар.

Зайтун мевасини ейиш, ёғини ичиш ва суртишнинг ҳам соғлиқ учун кўплаб фойдаси ва баракаси бор эканлиги Пайғамбар алайҳиссаломнинг табобатлари жумласидандир. Шунингдек, Маккий сано, сирка, ҳурмо кабиларнинг саломатликда ўрни жуда кўп эканлиги қатор ҳадисларда баён этилган. Жумладан: “сирка бўлган хонадон фақирлик кўрмайди”, “ҳар тонгда еттитадан ҳурмо тановул қилган кишига ўша куни ҳеч қандай сеҳр ва ҳасад таъсир қилмайди”, деганлар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг табобатлари рўйхатидан “талбина” (атала) ҳам ўрин олган бўлиб, уни истеъмол қилиш кишидаги чарчоқ, ғам-ташвиш ва хафаликни кетказади.

 

ЎМИ Фатво бўлими мудири 

Ҳ.Ишматбеков

Олимлар эркак нутфаси тухумҳужайра билан бирлашиш учун сузиб бораётган йўлида тасодифий ҳаракат қилмаслигини, балки ўзи учун олдиндан чизиб берилган йўналиш бўйлаб ҳаракат қилишини, манзилга етиб олиб, тухумҳужайра ичига кириши учун махсус дастурга бўйсунишини кашф қилдилар.

Соҳа олимларининг айтишича, нутфанинг ҳаракати тасодифий тарзда юз бермас экан. Балки аёллардаги прогестерон гормони сперматозоидлар (нутфа)нинг фаол ҳаракатланишига ҳисса қўшиб, уларни тухумҳужайра сари ҳайдар экан. Сперматозоидларда эса бу гормонни сезиш ва унга бўйсуниш хусусияти бор экан.

Биласизми, қин ҳудудида ҳаракатланаётган эркак нутфасини хато йўлга эмас, тўғри йўлга бошлайдиган Буюк Куч бор.

Хўш, энди айтингчи, ақлсиз бир-икки томчи суюқлик ўз ҳаракатини оқилона тарзда йўлга қўйиши ўз-ўзидан тасодифий тарзда бўладими ёки уни тўғри йўналиш бўйича ҳаракатланишини Буюк Зот белгилаб қўйганми?!

Албатта, бу барча ишнинг тадбирини қилиб қўйган Аллоҳ таолонинг қудратидандир! У Зот Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 قَالَ رَبُّنَا الَّذِي أَعْطَى كُلَّ شَيْءٍ خَلْقَهُ ثُمَّ هَدَى

«У: «Бизнинг Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган зотдир», деди» (Тоҳо сураси, 50-оят).

 

 Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилоятига сафарлари давомида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти билан танишиб, устоз ва талабалар билан мулоқот қилдилар. Муфтий ҳазратлари талабаларнинг мутахассислик фанлари ҳисобланган “Ақида”, “Фиқҳ”, “Қуръони карим”, “Ҳадис” бўйича билимларини синовдан ўтказдилар. Айниқса, талабаларнинг Қуръони карим, ҳадиси шарифларни ҳифз қилиш қобилиятлари ва арабча матнларни мутолаа қилиш салоҳиятларига алоҳида аҳамият қаратдилар.
Ташриф доирасида барча мударрис ва талабалар билан муфтий ҳазратлари суҳбат ўтказиб, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, диний ва дунёвий илмларни мустаҳкам эгаллаш, келгусида халқимиз ва динимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидладилар. Айниқса бугунги кунда дин номидан жиноят қилаётган тоифаларга қарши курашиш учун ақида илмини пухта ўрганиш ва уларнинг нотўғри даъволарида раддия бериш қобилиятига эга бўлиш энг долзарб вазифалардан эканини алоҳида қайд этдилар.
Муфтий ҳазрат сўзларида давом этиб, ушбу билим даргоҳидаги меҳнат қилаётган мударрислардан ва таълим олаётган талабалардан хурсанд эканларини билдириб, уларнинг келажакда забардаст олиму уламолар бўлиб етишишларини Яратган Парвардигордан сўраб, дуою ҳайрлар қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳомийлигида 2018 йил апрель ойида туғма юрак хасталиги билан Тошкент кардиология марказида амалиёт қилиниб, ҳозирда билим юртининг 4-курсида таълим олаётган талаба Пармонов Бобошер билан учрашиб, унинг соғлиги ва ўқишлари бўйича суҳбатлашиб, келгусидаги ўқиш ва ишларида муваффақиятлар тиладилар.
Муфтий ҳазрат билим юртидаги талабалар ва устозлар учун яратилган шароитлар, ўқув хоналари, кутубхона ва ётоқхонадаги шароитлар билан танишиб чиқдилар.
Хоразм вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Среда, 28 Ноябрь 2018 00:00

Аёл ва истиғфор

Бир аёл ўз бошидан кечирганини шундай ҳикоя қилади: “Эрим вафот этди. Ўшанда мен ўттиз ёш эдим. Бешта фарзанд билан қолдим. Дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди. Йиғлайвериб кўзларим шишиб кетар, умидсизликка тушиб қолардим. Ғам-аламлар атрофимни ўраб олган эди. Фарзандларим ҳали кичик, бизни таъминлаб турадиган одам йўқ, эримдан қолган пулларни тежаб ишлатардим.

Бир куни хонамда ўтирганимда радиони ёқдим. “Қуръони Карим” номли эшиттириш берилаётган экан. Унда бир олим “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким истиғфорни кўп айтса, Аллоҳ унга ҳар қандай ғамдан чиқиш йўлини, ҳар қандай торликдан кенгликка ўтиш чорасини кўрсатиб қўяди” деганлар” деб мавъиза қилди. Ўшандан кейин истиғфорга астойдил берилдим. Болаларимга ҳам уни ўргатиб қўйиб, кўп айтишларини тайинладим.

Орадан олти ой ўтгач, уйимизга қадимий буюмларга пул берилиши ҳақида хабар келди. Биз ҳам шу лойиҳада иштирок этиб, ўзимиздаги эски буюмларни олиб борсак, уларни миллион жунайҳларга олиб қолишди. Катта ўғлим минтақадаги олийгоҳга ўқишга кирди. Қуръонни ёд олди. Кейинчалик иши ўнгланиб, одамларга кўмак берадиган инсонлардан бирига айланди. Шундай қилиб, уйимиз яхшиликларга тўлди. Тинч, хотиржам яшай бошладик. Аллоҳ таоло барча фарзандларимни ислоҳ қилди. Ҳаммалари яхши инсонлар бўлиб вояга етишди. Ўзимдан ғам, қайғу, изтироблар ариди. Ҳа, албатта, буларнинг барчаси истиғфорнинг ажойиботларидан эди”.

Ҳа, азизлар, кўплаб инсонлар истиғфорнинг фойдасидан бехабардирлар. У ғамларни аритувчи, машаққатларни кетказувчи, ризқнинг кенгайишига сабаб бўлувчи катта омиллардан биридир.

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Top