muslim.uz
Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотига аъзо бўлди
Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотининг (ХМТ) 173-аъзоси бўлди. 27 ноябрда Женевадаги навбатдаги йиғилишида ХМТ Кенгаши Ўзбекистоннинг аъзолик аризасини қўллаб-қувватлаган.
Ўзбекистон томонидан йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Баҳодир Низомов қатнашган.
Ўзбекистон Марказий Осиёда бу ташкилотга энг охирги қўшилган давлат бўлди. Ўзбекистоннинг ташкилот фаолиятида тўлақонли аъзо сифатида қатнашиш имконияти кўриб чиқилаётгани апрель ойида Ўзбекистонга келган ХМТ делегациясига маълум қилинган эди.
ХМТ вазифасига миграция масалаларини ҳал қилишда кўмаклашиш, ушбу соҳадаги xалқаро ҳамкорликни ривожлантириш киради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев БМТ собиқ Бош котибини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ Бош котиби, бугунги кунда Яшил тараққиёт глобал институти ассамблеяси ва Халқаро олимпия қўмитасининг Этика бўйича комиссиясига раҳбарлик қилаётган Пан Ги Мунни қабул қилди.
Пан Ги Мун Нукусда бўлиб ўтган Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш масалалари ҳамда бу жараёнда корейс диаспорасининг ролига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизга келди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, унинг тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, жумладан, замонавий глобал таҳдид ва хатарларга қарши курашишда жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришишдаги катта хизматларини алоҳида таъкидлади.
Пан Ги Муннинг халқаро ҳамжамият эътиборини Орол фожиасининг салбий оқибатларини бартараф этиш масалаларига қаратишга қўшган шахсий ҳиссаси юксак баҳоланди.
БМТ Бош котиби лавозимида у Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларининг Оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилаш борасидаги ташаббус ва таклифларини фаол қўллаб-қувватлади.
Учрашувда Орол денгизи минтақасида устувор лойиҳаларни амалга оширишда халқаро институтлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган кўп сонли корейс диаспорасининг халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Пан Ги Мун давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларига тўла мос бўлган 2021 йилгача Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларни юксак баҳолади.
Ўзбекистоннинг Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини ривожлантириш, инфратузилмани такомиллаштиришга хизмат қилаётган 2018-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури доирасида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.
Давлатимиз раҳбарининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст жамғармасини ва Оролбўйи халқаро инновация марказини ташкил этишга оид таклифлари тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Пан Ги Мун бундан буён ҳам Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга фаол кўмаклашишга, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишда самарали ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Истиғфор самараси
Бир киши уйида бўлиб ўтган воқеани шундай ҳикоя қилади:
“Ҳар сафар аёлимга қўполлик қилганимда ёки иккимизнинг ўртамизда келишмовчилик, муаммо келиб чиқса, ғазабим босилиши учун уйдан ташқарига чиқишга ҳаракат қиламан. Аллоҳга қасамки, уйимнинг эшигидан узоқлашмасимдан турибоқ қалбимда ортга қайтиб, аёлимдан узр сўраб, бир-биримизни рози қилишга кучли истак пайдо бўлади. Бир куни мана шу ҳолатни аёлимга айтиб бердим. Шунда у: “Нега шундай бўлишини биласизми?” деб сўради. “Нега?” дедим. У: “Хонадан чиқишингиз биланоқ истиғфорга киришаман. Тўхтамай истиғфор айтавераман. Бироз вақт ўтиб сиз қайтиб келасиз, кейин бир-биримизни рози қилишга киришиб кетамиз” деб жавоб берди.
Ҳа, азизлар, бу бежизга эмас. Бу истиғфорнинг натижасидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَمَا كَانَ اللّهُ مُعَذِّبَهُمْ وَهُمْ يَسْتَغْفِرُونَ
“Модомики улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас” (Анфол сураси, 33-оят).
“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Росулуллоҳ (с.а.в) нинг кўзлари намланган ҳолатлар (5-қисм)
Фоторепортаж: Академия фаолияти билан танишув
Тошкент вилояти жоме масжидларида меҳнат қилаётган имом-хатиблар ва отинойилар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ушбу академиянинг мақсад-вазифалари, таркибий тузилиши ва тингловчилар учун ташкил этилган шарт-шароитлар ҳақида мутахассислар томонидан диний соҳа ходимларига батафсил маълумотлар берилди.
Қуйида танишув жараёнларидан фотосуратлар ҳавола этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати