muslim.uz
Вақфнинг мурувват карвони Ўзбекистон бўйлаб
Нишонга урилган гаплар: “Намоздаги хушуънинг калити намоздан ташқарида зикрни кўпайтиришдир!”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Аёлнинг фитрати
Аёл Қуръон ўқиётган эди. Эри эса унинг тиловатини тинглаб ўтирганди. Аёл “Сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга, иккита, учта, тўрттадан уйланаверингиз” оятига етганда овозини пасайтирди. Буни кўрган эри табассум қилди. Ҳа, аёлнинг фитрати шунақа!
*****
Ҳаром ҳаромлигича қолади, гарчи ҳамма уни қилаётган бўлса ҳам. Ҳеч қачон ҳалол ишдан тўхтамагин, гарчи уни бир ўзинг қилаётган бўлсанг ҳам.
*****
Дуо ҳеч қачон қуруқ кетмайди:
ё ижобат бўлади;
ё у сабабли бир ёмонлик қайтарилади;
ёки охиратга захира ажр бўлади.
*****
Аллоҳнинг зикри билан тили нам бўлган банда, дили банд бўлган банда зинҳор ва зинҳор ёмонликка қўл урмайди!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ
*****
Одам боласи талаффуз қилиши мумкин бўлган энг яхши сўз “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасидир. Банда шуни доим айтиб юриши керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ
*****
Тавбанинг шартлари:
- Гуноҳдан тўхташ.
- Надомат қилиш.
- Гуноҳга асло қайтмаслик.
- Ҳақларни эгаларига қайтариш.
- Умрининг охиригача бошқаларни ҳам гуноҳдан қайтариш.
*****
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ яхши кўришимиз учун у зотни кўпроқ танишимиз шартдир! Бунинг учун сийрат китобларини ўқиб, ҳаётларини ўрганайлик!
*****
Намоздаги хушуънинг калити намоздан ташқарида зикрни кўпайтиришдир!
*****
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу момақалдироқнинг овозини эшитдилар ва қаттиқ йиғладилар. Ҳамроҳларидан бири: “Сизни нима йиғлатди, эй Умар?” деб сўради. Шунда у зот: “Бу раҳматининг овози. Азобининг овози қандай экан?!” деб жавоб бердилар.
*****
Инсонлардан айбларингга бардош беришларини талаб қилганингдан кўра ўша айбларингни ислоҳ қилишинг яхшидир.
Иброҳим Аккос
*****
Бола онасидан: “Ичи тўла пули бор сумкангизни ходимингиз ёнида қолдирасизми?” деб сўради.
Она: “Асло уни ходимимга ишониб қолдирмайман” деди.
Шунда бола: “Унда қандай қилиб мени ўша ходимингиз ёнида қолдирасиз?” деди.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Қаерда бўлсанг ҳам, агар юзингни Роббинг тарафга бурмасанг (намоз ўқимасанг), ҳақиқий хотиржамлик ва чинакам саодатни ҳаргиз топа олмайсан. Бас, шундай экан, Аллоҳга яқинлаш, бахтли бўласан.
*****
Кимнинг гуноҳлари кўп бўлса, одамларга сув улашсин. Аллоҳ таоло чанқаган бир итга сув берган бандасининг гуноҳларини кечирган. Энди мўмин одамга сув берган киши ҳақида нима деб ўйлайсан?!
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Самарқандлик имомлар фаолиятидан
5 ноябрь куни Самарқанд вилояти имом-хатиблари томонидан бир қатор маънавий-маърифий ишлар амалга оширилди. Жумладан: Тошкент ахборот техналогиялари университети Самарқанд филиали профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар билан “Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини кенг тарғиб қилиш” мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Ёқубжон Мансуров иштирок этди.
***
Душанба Самарқанд вилояти имом-хатиблари томонидан таълим муассасалари билан ишлаш куни сифатида белгилангани муносабати билан имомларимиз жойларда таълим муассасаларига чиқиб ўқитувчилар, талаба-ёшлар билан маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказдилар.
Тадбирларда илм олишнинг аҳамияти, устозга, ота-онага ҳурмат, юртнинг эртаси учун дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, етук инсон бўлиб етишишга интилиш бўйича насиҳатлар қилинди. Ўттизга яқин таълим муассасаларида мана шу каби учрашувлар ўтказилди.
***
Самарқанд туманида 2018 йилги ҳаж мавсумига бориб қайтган ҳожи ота ва ҳожи оналар билан учрашув ташкил этилди. Тадбирда ҳожиларимиз томонидан махсус ҳисобдан чиқарилган фуқаролар, жазони ўташ муассасаларидаги шахсларнинг оила аъзолари, ижтимоий оғир ҳолдаги оилаларга қилинган ташриф, маънавий-руҳий кўмаклар, бартараф этилган муаммолар хусусида суҳбатлашилди.
***
Вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Н.Темирова бошчилигида Самарқанд шаҳри отинойилари билан учрашув бўлиб ўтди. Давра суҳбатида маҳалла фуқаролар йиғинлари, умумтаълим мактаблари, “Оила” марказлари, “Никоҳ” уйларида, аҳоли хонадонларида бўлиб ўтган йиғинлар, тадбирлар, якка тартибдаги суҳбатлар, қайнона-келин муносабатлари, тўйларни тежамкор ўтказиш, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш, фарзанд тарбияси каби мавзуларда суҳбатлар ўтказилди.
***
Пастдарғом тумани “Жағалбойли” жоме масжиди имом-хатиби Ибрагимов Элбек томонидан ҳомийларни жалб этган ҳолда масжид атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи 7 та кам таъминланган оилага озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Олмаотада "Вақф" номли ошхона очилди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида "Вақф" деб номланувчи бепул ошхона ўз иш фаолиятини бошлади. Ушбу ошхонада ҳар ҳафта беш кун давомида муҳтожлар учун уч маҳал таом тарқатилади. Бу ҳақда Мuftyat.kz сайти хабар берди.
Ушбу ошхона Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Серикбай ҳожи Ўраз, Олмаота марказий масжиди ва саҳий кишилар кўмагида очилган.
Масжид яқинида жойлашган ошхонани ташкил этишдан мақсад масжидга келаётган камбағал кишилар, бева оналар ва етимлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжини қондириш, уларга умид бериш экани айтилган.
Ошхона ҳафтада беш кун ишлаши ва ҳар куни 100-120 кишига уч маҳал овқат тарқатилиши маълум қилинган. Меҳмонларга таомлар талон ёрдамида тарқатилиши ва бунда ҳар ким кунига иккинчи марта ушбу ошхонага келиши ва таомланиши мумкинлиги қайд этилган. Ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган тадбиркорлар эса ўзларининг номлари айтилишини истамаганлар.
ЎМИ Матбуот хизмати
БАА ИҲТ учрашувида ҳалол озиқ-овқат моделини намойиш этди
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ўтказилган Исломий давлатлар стандартлар ва метрология институти Бош ассамблеясининг ўн учинчи мажлиси ўтказилди.
БААнинг Стандартлаштириш ва метрология агентлиги (ESMA) бош директори Абдулла Абдулқодир ал Маени бошчилигидаги делегацияси икки кунлик анжуманда иштирок этди.
БАА ҳалол брендларни ривожжлантириш тарафдори экани, Ҳалол маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб беришда ҳамкорлик қилиши мумкинлиги таъкидланди. Ал Маени ESMA ташкилоти Ҳалол там ва Ҳалол миллий белгисини бериш соҳасида экспертизалар ўказади. Ушбу ташкилот минтақа ва бутун дунёда бу соҳада етакчига айланаётгани айтиб ўтилди.
ЎМИ Матбуот хизмати