muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни SMIIC Бош ассамблеясининг 13-йиғилиши бошлангани ва унда Ўзбекистон делегацияси иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Йиғилишнинг кун тартибидаги масалалар анжуманда кўриб чиқилиб, бундан ташқари ташкилот бош котиби Эҳсон Овутнинг ҳисоботи, ташкилотнинг янги йил учун буюджетини тасдиқлаш, ташкилотга аъзо давлатларнинг буюджетдаги улушларини келишиб олиш, тугаб бораётган йилда амалга оширилган молиявий ишлар юзасидан ўтказилган аудиторлик текшируви натижаларини мувофиқлаштириш, SMIICни ИҲТ қошидаги ихтисослашган ташкилот эканлиги юзасидан унинг муайян мавқейини тайинлаш бўйича фикр алмашилди.

Кейинги Бош ассамблея йиғилишини ўтказиш вақти ва жойини белгилаб олиш масаласи ҳам анжумани кун тартибига киритилган эди. Йиғилишда Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби Доктор Абдуссалом ал-Аббод, Саудия Арабистони Тижорат ва инвестициялар вазири доктор Мажид ал-Қасабий ҳам иштирок этди.

Ўзбекистоннинг SMIICга аъзо бўлишининг аҳамияти ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистонда ҳалол стандартнинг жорий бўлиши унинг экспорт салоҳиятини янада ошишига сабаб бўлади. Чунки, ҳозирги вақтда ҳалол маҳсулотларга эътибор ва талаб ошмоқда. Биринчидан, ҳалол махсулотнинг хавфсизлиги, иккинчидан эса, ишончлилиги.

Ҳозирги кунда ҳалол маҳсулот ва ҳалол хизматга нафақат араб ва мусулмон мамлакатлари, балки Ғарб давлатларининг ҳам қизиқиши катта. Ҳалол стандартига жавоб бермаган маҳсулот ёки хизматга харидор ички бозорда топилса ҳам ташқи бозорда топиш қийин бўлади. Ўзбекистон ўзининг махсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқишида ҳалол стандартини кенг жорий этиши истиқболда жуда катта аҳамиятга эга.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳалол стандартини амалда татбиқ этиш бўйича кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда, бироқ ҳалол стандартига мосликни аниқловчи ваколатли ташкилотнинг йўқлиги бу ишларни бироз ортга сурмоқда. Ўзстандарт агентлиги Малайзия, Индонезия ва Жанубий Корея сингари мамлакатларнинг илмий тадқиқод муассасалари билан ушбу соҳани ривожлантириш йўлида ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида SMIIC ташкилотининг халқаро анжумани бўлиб ўтгани ҳақида маълумот берган эдик. Ушбу тадбирда Қозоғистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Қоғоғистоннинг Техник бошқариш ва метрология қўмитаси SMIIC директорлар кенгашининг тўлақонли аъзосига айланди. Ташкилотга аъзолик ўз навбатида SMIIC аъзолари бўлган мамлакатлар ўртасида маҳсулотлар экспортига имкон яратади.

SMIICнинг вазифаси IHAF халқаро маҳсулотларини ягона стандарт ва талаблар остида сертификатлаштириш тизимини йўлга қўйиш экани айтилган. Бунда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва халқаро форуми асосий воситачи ҳисобланади.

Иштирокчилар ISO стандартлаш тизими муқобили бўлган тизимни ишлаб чиқишни молиялаштириш стратегиясини келишиб олдилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Вторник, 06 Ноябрь 2018 00:00

Ҳадис илми мактаби муборак бўлсин

Ноябрь ойининг илк кунларида оммавий ахборот воситаларида юртимизда яна бир олий таълим муассасаси ташкил этилгани ҳақида хушхабарлар эълон қилинди.
Барчамиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини катта хурсандчилик ва шукроналик билан қарши олдик.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирда юртимизда фаолият олиб бораётган олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасаларида дарслар умумий йўналишда олиб борилади ва айнан ҳадис илмига хосланган таълим йўналишидаги илм даргоҳи сув ва ҳаводек зарур эди. Чунки, буюк муҳаддислар яшаб ўтган заминимизда ҳадис илми бўйича билимдон, боболар йўлини муносиб тарзда давом эттирадиган мутахассисларга бўлган эҳтиёж ҳар қадамда сезилиб келаётганди.
Юртимизда олиб борилаётган диний соҳадаги ислоҳотлар гултожларидан бири бўлган ушбу таълим даргоҳи айни эҳтиёжни қондирувчи, яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби муҳаддислар, ҳадис илми билимдонларини етиштириб чиқарувчи катта замин ва кенг имконият бўлмоқда.
Қарор матнлари бизга шуни маълум қиладики, мактаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида олий таълим берувчи нодавлат таълим муассасасидир. Битирувчиларга бериладиган давлат намунасидаги диплом бакалавр даражасини берувчи олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этилади.
Халқимиз учун Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, муҳаддис боболаримиз меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассислар тайёрланади. Имом Бухорий бобомиз давридаги каби ҳадисшунослик мактабини шакллантирилади ва ривожлантирилади.
Қарор матнларида келтирилган шу ва бошқа бандлар билан танишган киши Ҳадис мактабининг аҳамияти, моҳияти ва долзарблигига, юртимиз учун Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк бир неъмат эканлигига амин бўлиши муқаррардир.
Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий бобомиз мангу қўним топган муқаддас мажмуа ёнгинасида ташкил этилган Ҳадис илми мактаби ватандошларимизга муборак бўлсин деймиз.


Зайниддин Эшонқулов,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Бугун Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтаётган нуфузли халқаро анжуманнинг биринчи куни ўз ишини якунлади. Унда таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари долзарб мавзулардаги маърузалари билан иштирок этдилар.
Бутун дунё халқлари турли муаммоларга дуч келаётган ҳозирги мураккаб шароитда илоҳий динлар пешволари бир жойга жамланиб, ягона мақсад – йўлида ҳамкорлик қилишлари ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур анжуманда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан бир неча ўнлаб делегация вакиллари бир мажлисда жам бўлиб, муҳим масалаларни машварат қилишлари, албатта, ўзининг ижобий натижаларини беради, инша Аллоҳ.
Ушбу нуфузли анжуманда дастлабки нотиқлар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзладилар. У киши ўз нутқларида халқлар ўртасида ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзаро аҳилликка эришиш, турли ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш кераклиги, ҳар бир ишда одамлар манфаатини назарда тутиш зарурлиги борасида нутқ қилдилар.
Мазкур анжуман жуда мураккаб бир даврда, дунёда кескинлик ва қарама-қаршилик авж олган, умумжаҳон халқларини янада жипслашишга, бирдамликка ундайдиган таҳдидлар зўрайган бир паллада ўтказилаётгани унинг амалий аҳамиятини янада оширишини муфтий ҳазратлари алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, Ўзбекистонда олиб борилаётган дин соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида ҳам батафсил гапириб бердилар.
Анжуман иштирокчилари муфтий ҳазратларининг нутқларини диққат билан тинглаб, мазкур нутқдан таъсирланганликларини, ҳазратнинг айтган сўзлари уларда катта таассурот қолдирганини баён этдилар.
Анжуман ишини сайтимизда ёритишда муфтий ҳазратларига ҳамроҳ бўлиб кетган Диний идора бўлим мудири Рустам Жамилов ва масъул ходим Абдулҳаким Орипов яқиндан ёрдам бермоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби очилиши муносабати билан 2018-2019 ўқув йили учун қабул эълон қилади. Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасаси ҳисобланади. Мактабда ўқиш муддати 5 йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабда “Ҳадисшунослик” таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрланади.
Мактабга 2018/2019 ўқув йилида 10 та талаба қабул қилинади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари танлов асосида саралаб олинади.
Ҳадис мактабига қабул 2018 йилнинг 8 ноябридан 15 ноябригача абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинади.
Абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- Қабул ҳайъати раиси номига ариза;
- ўрта махсус ислом билим юртини тугатганлиги ҳақида ҳужжатнинг (диплом) асл нусхаси;
- 086-У-шаклидаги тиббий маълумотнома;
- паспорт нусхаси (асли кўрсатилади);
- 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
- яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома;
- ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақида ҳужжат (асли).

Ҳужжатлар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида қабул қилинади.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар кўчаси 18-берк кўчаси 47-уй. Мурожат учун телефон: (71) 227-42-37.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top