muslim.uz
Шайх Юсуф ал Қарзовий ўрнига янги раҳбар тайинланди
Истанбулда Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг янги раҳбари танланди. Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўз ишини якунлади. Ушбу йиғилишда ташкилотнинг узоқ йиллар давомида раҳбари сифатида фаолият юритиб келган раҳбари шайх Юсуф ал Қарзовий истеъфога чиққанлигини эълон қилди.
Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг ушбу анжумани ташкилот тарихидаги энг кўп аъзо иштирок этгани бўлди. Тадбирда 1030 нафар уламолар ва 50 та исломий ташкилотлар иштирок этган.
Бугун, 8 ноябрь куни Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг янги раҳбари сифатида марокашлик уламо Аҳмад ар Рисуний сайланган. Уни сайлаш учун кенгашнинг 93 фоиз аъзоси овоз берган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Президент қарорига асосан тиббиёт ходимларининг маошлари оширилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорда, давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 2018 йил 1 декабрдан — 1,2 баравар ва 2019 йил 1 апрелдан — 1,15 баравар босқичма-босқич оширилиши кўзда тутилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда халқаро тажрибани ўрганиш асосида 2019 йил 1 июлгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича қуйидагиларга йўналтирилган таклифларни киритади:
давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг лавозимига ва малакасига, кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг мураккаблик ва жавобгарлик даражаси, шунингдек, даволаш-профилактика муассасалари ихтисослигига қараб базавий лавозим маошларини жорий этиш;
тиббиёт ходимлари фаолиятини ва меҳнати унумдорлигини баҳолашнинг замонавий усулларини, шу жумладан, даволанган беморлар электрон статистикасини босқичма-босқич татбиқ этиш ва беморлар ўртасида онлайн сўровлар ўтказиш орқали жорий этиш;
тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш, улар бажарадиган ишлар сифати, эришиладиган натижалар ва кўрсатилган тиббий хизматларга жамоатчилик томонидан берилган баҳоларга қараб уларга ҳақ тўланишини таъминлаш;
тиббиёт муассасалари раҳбарларига алоҳида ўрнак кўрсатган врачларга Тиббиёт ташкилотларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тариф ставкасининг 100 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгилаш ҳуқуқини бериш.
Маълумот учун, 11 ноябрь куни Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари куни нишонланади.
Ўзбекистонлик зиёратчилар Умра зиёратида
Юртимиз мустақилликка эришгач, диний қадриятлар тикланди. Соф Ислом динига бўлган муносабат, қарашлар ҳам асл ҳолига қайтди. Муқаддас динимизнинг улуғ ибодатлари бўлган Ҳаж ва Умра ибодатларини фуқароларимиз томонидан адо этиш борасида ҳам йилдан йилга ислоҳатлар амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жорий йилдан эътиборан юртимиздан муборак Умра ибодатларини адо этиш учун борадиган фуқароларимизнинг сони борасидаги чекловлар олиб ташланганлиги, Умра ибодатига борувчилар энди аввалгидек фақат йилнинг баҳор фаслида ёки Рамазон ойидагина эмас, балки бутун йил давомида Умра ибодатларига боришлари мумкин бўлди.
Авваллари муборак сафарга борувчиларга бундай қулай шароитлар бўлмаган. Муборак сафарга бориш учун йиллар давомида навбатда турилган. Саудия Арабистони меҳмонхоналаридаги шароитлар, автобусларда зиёратчиларни ташиш, қўйинки Муқаддас зиёратни амалга ошириш учун юртдошларимиз жуда катта қийинчиликларга дуч келар эди.
Хозирда эса, юртимиздан Умра сафарига борган юртдошларимиз Мадинаи Мунаввара шаҳрида беш юлдузли “Pullman Zamzam Madina Hotel” меҳмонхонаси ва Маккаи Мукаррама шаҳрида 4 юлдузли “Al Kiswah Hotel Towers” меҳмонхоналарида истиқомат қилмоқдалар. Зиёратчиларимизга тажрибали ишчи гуруҳи, малакали шифокорлар ҳамда юртимиздан борган моҳир ошпазлар ҳам хизмат кўрсатмоқдалар.
Улар томонидан зиёратчилар учун швед столи шаклида лаззатли овқатлар тайёрланмоқда.
Аввалари зиёратчилар ўзлари учун ажратилган соатни кутиб туришар, ошхоналарда навбат кутиб овқат олишар, шу билан бирга анча қийинчиликларга дуч келган эдилар.
Ушбу меҳмонхоналар икки Ҳарамга ҳам жуда яқин жойда жойлашган бўлиб,. Зиёратчиларни Ҳарами шарифга олиб бориш учун куну-тун давомида энг сўнги русумдаги микроавтобуслар ташкил қилинганлиги ўз навбатида юртимиздан борган зиёратчиларни беш вақт намозларини Ҳарами шарифда ўқишлари учун имкон беради дегани.
Бундан эса зиёратчиларнинг кўнгиллари тўлаётганлигини ҳам кўришимиз мумкин.
Макка шаҳри меҳмонхонасида зиёратчиларимиз икки кишилик хоналарда истиқомат қилишмоқда. Авваллари эса меҳмонхоналардан тўрт кишиликдан бошланиб, ўн икки кишилик хоналарда ҳам истиқомат қилишган. Меҳмонхоналарда қатъий равишда эркаклар алоҳида, аёллар эса алоҳида хоналарда истиқомат қилишган. Бу эса жуда катта қийинчилик туғдирарди. Хозирда эса зиёратчиларимиз меҳмонхоналарда маҳрами билан, яъни эр-хотин ёки она-бола бўлса битта хонада ётишлари учун шароитлар муҳайё қилинган. Бу эса ўз навбатида отаси ёки онаси билан бирга келган зиёратчиларимиз ота-оналарининг хизматларида бўлишиб, уларнинг дуоларини олишга мушарраф бўлмоқдалар. Бу эса неча йиллардан бери амалга ошмай келаётган ишлардан бири эди.
Муборак Умра зиёратига борган юрдошларимиз Маккаи Мукаррама шаҳридаги меҳмонхонага келганларида уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ этувчи турли ҳил нашидалар билан кутиб олинаётганлиги, уларнинг пойига гуллар сепилаётганлиги, уларга юксак эътибор ва эҳтиром кўрсатилаётганлигидан беҳад киши кўзига ёш келади. Маккаи Мукаррама шаҳридаги меҳмонхонада зиёратчиларимизга кўрсатилган юксак эътибордан зиёратчиларимизнинг кўзларидан ёш келмоқда.
Аслида ҳам мана шундоқ бўлиши ҳам керак эдида. Зеро Аллоҳ таъолонинг байтини зиёратига борган одам Аллоҳнинг меҳмони бўлади. Аллоҳнинг меҳмонларига эса шундай иззат ва ҳурмат кўрсатилиши керак.
Мадинаи Мунавварада юртдошларимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Равзаи мутоҳҳараларида зиёрат ва ибодатларда бўлмоқда. Шунингдек, улар Мадинаи Мунавварада Қубо ва Қиблатайн масжидлари, Ухуд тоғи зиёратларида ҳам бўлишмоқда.
Ушбу муқаддас жойларда зиёратчилар Ислом дини тарихидаги ибратли воқеаларни эшитиб, дуои-хайрларда ҳам жам бўлмоқдалар.
Маккаи Мукаррамада эса, оппоқ эҳромлар ила муборак Умра амалларини бажариб, муқаддас Каъбаи Муаззамада ибодатларда қоим бўлмоқдалар.
Бу муқаддас жойда Раҳмат тоғи (Арофот), Нур тоғидаги Ҳиро ғори, Савр тоғидаги ғор ва динимиз тарихидаги диққатга сазовор бўлган масканларни ҳам зиёрат қилмоқдалар.
Юртимиздан борган зиёратчиларимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиромдан жуда мамнун эканлигини уларнинг кўзларидан кўриш мумкин.
Улар доимо ибодатларида, дуоларида Юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган бундай ислоҳатлар, кўлга киритилаётган ютуқлар, халқнинг ғамини ҳамма нарсадан устун қўйиши оқибатида муборак зиёратларнинг яхши шароитларда ташкил қилинаётганлигидан хурсанд бўлиб, дуои-хайрлар қилмоқдалар.
Аллоҳ таъоло юртимиздан борган барча юртдошларимизнинг ибодатларини Ўзи даргоҳида қабул айласин. Юртбошимизни тинч ва саломат қилсин. Доимо халқ дардига малҳам бўлиб, юрт равнақига равнақ қўшиб юришликнинг Аллоҳни ўзи нисиби рўзи айласин.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Вақф” фонди Сафобек аканинг уйи қурилишига ёрдам берди
Аввал Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Мискин” маҳалла фуқаролар йиғини Магазий Мавзук кўчаси 99-А уйда яшовчи Бекходжаев Сафобекнинг шу йил 30 октябрь куни “Вақф” хайрия жамоат фондига қилган мурожаати асосида Фонд томонидан Сафобек аканинг ёниб кетган уйи бориб ўрганилган эди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан уйни таъмирлашга кўмаклашиш мақсадида, 6 ноябрь куни қурилиш материаллари етказиб берилди. Фонд томонидан Сафобек аканинг уйини таъмирлаш ишларига кўмаклашиш ишлари давом этмоқда.
Шу ўринда тузатиш мақсадида айтиш керакки, аввал хабар қилинган “Мискин” маҳалла фуқаролар йиғини Магазий Мавзук кўчаси 99-уйда яшовчи Бекходжаев Солихбек акага эмас, балки уларнинг укалари бўлмиш Магазий Мавзук кўчаси 99-А уйда яшовчи Бекходжаев Сафобек акага моддий ёрдам бериш ишлари амалга оширилаётганини маълум қиламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Олий маъҳадда отинойилар учун малака ошириш курси ташкил этилди
Бугунги кунда диний соҳа вакилларининг аҳоли ўртасида фаоллигини, фуқароларнинг диний-маърифий соҳадаги билимларини ошириш борасида ўрни беқиёсдир. Давлатимиз раҳбари турли учрашувларда диний соҳа вакиллари бўлган имом хатиблар ва отинойиларнинг жамиятда фаол бўлишга чақирдилар. Диний соҳа вакилларининг замон билан ҳамнафас бўлишлари, доимий равишда илмларини бойитиб боришлари, инсон психологиясини яхши тушуниши улар учун ташкил этилаётган малака ошириш дарсларига боғлиқдир.
Бугун, 8 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институтида диний соҳа вакиллари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг билимларини ошириб бориш мақсадида, Тошкент вилоятида фаолият юритаётган отинойилар учун қисқа муддатли малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди.
Ўқув машғулотларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Халқаро ислом академияси ва Тошкент ислом институтидан жалб қилинган уламолар ва профессор-ўқитувчилар олиб бормоқдалар.
Отинойилар “Қуръон тафсири”, “Оилавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиниши”, “Исломда аёллар ҳуқуқи”, “Аёлларга хос фиқҳий масалалар”, “Исломда никоҳ ва талоқ масалалари”, “Хатоба илми” ва “Отинойилар масъулияти ва вазифалари” ва бошқа мавзулардаги маърузаларни тингладилар.
Машғулотлар маъруза, тренинг, муҳокама ва савол-жавоб тарзида ўтказилиб, отинойилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил маълумот олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати