muslim.uz

muslim.uz

 

ЎМИ матбуот хизмати

Мадинадаги асосий масжид –Масжиди набавийда пандемия сабабли олиб ташланган жойнамоз гиламлар қайта тўшала бошлади. Муҳаррам ойининг биринчи кунида, Икки муқаддас масжид ишлари бўйича ҳайъат раҳбари шайх Абдурраҳмон ас-Судайснинг буйруғи билан масжидга 7000 гилам келтирилади.

Барча гиламлар масжид ва унинг атрофига тўшалади. "Марва-тур" хабарига кўра, битта гиламда уч нафар намозхон ижтимоий масофани сақлаб, ибодат қилишлари мумкин. Диндорлар орасидаги масофа 1,5-2 метр бўлиши керак.

 

https://azon.uz

Пятница, 21 Август 2020 00:00

Эътироф

Юртимизда сўнги йилларда диний соҳадаги ислоҳотларни изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Ушбу фармон асосида диний соҳа бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди, Ҳадис илми мактаби, Халқаро ислом академияси ташкил этилиши шулар жумласидандир. Бундан ташқари 2019 йил 4 сентябда Юртбошимиз томнидан тасдиқланган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши ҳам юртимизда диний соҳа фаолиятини такомиллаштиришга давлат даражасида эътибор қаратилаётганини далилидир. Ушбу Қарорга мувофиқ жамиятда виждон эркинлиги кафолатлари ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича соҳа учун масъул органларнинг мустаҳкам ва доимий ҳамкорлигини назарда тутувчи янги тизим жорий этилди.

Дин соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади, вазифалари ва принципларини кенг жамоатчиликка тушунтириш, виждон эркинлиги кафолатлари бузилиши ҳолатларига нисбатан тезкор чоралар кўриш янги тизим доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан этиб белгиланди.

Шунингдек, қарор билан Дин ишлари бўйича қўмитанинг янгиланган асосий вазифалари белгиланди.

Қўмита виждон эркинлиги ва дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириши, диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш мақсадида барча давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларига бу борадаги фаолиятни амалга оширишда кўмаклашиши белгилаб қўйилди.

Диний соҳадаги ислоҳотлар бу билан якунланиб қолгани йўқ. Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси эълон қилинди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Албатта, ушбу Қонун лойиҳаси ҳар кимнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини, динга бўлган муносабатдан ташқари фуқаролар тенглигини, диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Қолаверса, ушбу янги таҳрирдаги Қонун лойиҳаси юртимизда миллатлараро ва турли диний конфессиялараро бағрикенгликни янада изчил ривожланишига хизмат қилади.

 

Шавкатжон Мадаминов

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 

билим юрти ўқитувчиси

Кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар бўлаяпти.

Янгитаҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ҳам анашундай ислоҳотларнинг давоми десак муболаға бўлмайди. Ушбу Қонун диний соҳадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш нуқтаи назаридан ўта аҳамиятга молик эди.

1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун жадал ривожланиб бораётган замон талабида ўзгариш бўлишини кутарди. Сабаби, бу тўғрисида кўп мурожаат ва таклифлар бериб келинишлиги барчага сир эмас.

Янги Қонун лойиҳа билан танишар эканмиз, ушбу Қонун айни муаммонинг ечимига сабаб бўлади деб ўйлаймиз. Аҳолимиз қанча кўпайса, ўсиши ривожланса, улардаги онг-шуур ўзгариб бориши, қонун тизимларини ўзгаришини ҳам тақозо этарди.

Ушбу Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасисайтининг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилгани айни муддао бўлди. Чунки, ўзгаришлар кўп миллатли аҳолимизни талаб-истаги бўлди, улар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлдилар.

Ушбу қонун лойиҳаси ҳақида гап кетганда, аввало, уни ишлаб чиқишда Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ўзига хос тарихи, маданий-тарихий анъана ва қадриятлари инобатга олинганини алоҳида қайд этиш ўринли.

Ушбу Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро меъёрлар ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олинганлиги диққатга сазовордир.

Янги Қонун лойиҳасидаги биргина диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 тадан 50 тагача қисқартирилганлиги айни муддао бўлди десак, муболаға бўлмайди. Чунки қайсидир динга мансуб диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишда 100 нафар шахсга мурожаат қилинар эди, ўзи мавжуд бўлмаган ташкилотга розилигини олиш лозим бўлар эди. Энди бу муаммо ўз-ўзидан аризачилар сонини камайтириш билан ечимини топиб олади Инша Аллоҳ.

Шунингдек, Қонунда диний соҳадаги қонун ҳужжатларида қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилиши, виждон эркинлигини таъминлашнинг ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари белгиланиши, виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилиши, ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида диний таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқи белгиланиши ва ҳоказоларни келтиришимиз мумкин.

Жамиятдаконфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни бузишга кўмаклашувчи миссионерлик ва прозелитизмнинг ҳар қандай кўринишларини чеклаш белгиланганлиги аҳолининг жипслигини таъминлашга қаратилган катта кафолат бўлади дея оламиз.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонун лойиҳаси юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг  ўзига хос хусусиятларини теранлаштиради, барқарорлаштиради дейишимиз жоиз бўлади.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

 

Эслатма! 2020 йилнинг 20 август куни – янги 1442 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2020 йилнинг 29 август, шанба кунига тўғри келади.

 

Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.

 

Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.

 

Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.

Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Видеолавҳалар

Top