Мақолалар

Аёлига ота-онасини зиёрат қилиши учун рухсат бериш

Cавол: Хотиним онасини уйига ҳафта, ўн кунда боради. Қаршилик қилсам фойдаси бўлмаяпти. Қайнонамни чап қўли ва чап оёғи яхши ишламайди, онамга ёрдам керак, дейди. Лут алайҳиссаломнинг ҳам хотини кофир бўлган уйидаги сирни ўз қишлоқдошларига сотган деб эшитгандим. Ота-онам сабр қил дейди, сиз нима дейсиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Лут алайҳиссаломнинг кофир аёли билан муслима аёлни қиёслаш катта хато бўлади. Бунинг устига аёл оиладаги сирни сотиш учун эмас, бемор онасини зиёратига бораётган бўлса, масала бутунлай бошқа-бошқа.

Ота-онангизнинг гаплари тўғри. Оила масаласида сабр ва бағрикенглик билан иш кўриш лозим.

Фиқҳ китобларимизда зикр қилинишича, ота-она ўзи келиб турмуш қурган қизини зиёрат қила олмаса, унга вақти-вақти билан, урфга мувофиқ, ота-онасини зиёрат қилиши учун рухсат бериб туриш лозим.

Агар келиннинг ота ёки онаси узоқ муддат бемор бўлиб ётиб қолган ва қизининг хизматига муҳтож бўлса, хизмат қиладиган бошқа киши бўлмаса, уларга хизмат қилиш қизга вожиб бўлади. Ҳатто шу ҳолатда ота ёки она ғайридин бўлса ҳам уларнинг хизмати лозим бўлади, бу Қуръони каримда буюрилган: “Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят), оятидаги ота-онага яхшилик қилишдандир. Бу ҳолатда эр рози бўлмаса ҳам, ота-онанинг ҳаққи устунлик қилади (Раддул муҳтор китоби).

Ҳолат ҳақиқатан аёлингиз айтгани каби бўлса, ота-онасига хизмат қилишдан тўсмаслик керак. Яхши ният билан рухсат берсангиз, сизга ҳам савоб бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

1126 марта ўқилди

Мақолалар

Top