muslimuz

muslimuz

Ўғлим ҳуқуқшунослик факультетида талаба эди. Мен у билан жуда кўп тортишиб қолардим. Бирор бир кун уни койишдан, у билан гап талашишдан холи ўтмас эди. Охири тоқатим тоқ бўлиб ўз ўғлимни кўрганда безиллайдиган бўлиб қолдим. Унинг ҳам менга муносабати бундан ёмон бўлса, ёмон эдики, яхши эмасди. Ўғлим билан ўртамиздаги совуқчиликка сабаб бўлаётган нарса унинг дарсларига бепарволиги эди.

Бир куни кечаси хонасининг олдидан ўтаётиб эшигининг қия очиқ қолганига кўзим тушди. Ичкарига қарасам, ўғлим устини ёпмай ухлаб қолибди. Хонасига кирдим-да, устини ёпиб, эшик тарафга қараб юрдим. Эшик дастасини ушладим ҳамки, бирдан ўғлимни ўпиб қўйиш хаёлимга келди. Орқамга қайтиб ўғлимни ўпдим. Ҳа, пешонасидан ўпдим-да чиқиб кетдим.

Эрталаб ўғлимнинг кайфияти яхши, ўзини тутиши ҳам бошқача эди. Аввалги қовоқ уйиш, қўрс-қўполликлари бугун негадир йўқ эди. Менга салом бериб олдимга ўтирди. Бирга нонушта қилдик. Шундан кейин ўғлим кун сайин мен билан яхши муомала қиладиган ва дарсларини ўз вақтида бажарадиган бўлиб қолди. Хулқи гўзаллашди. Мен бу ҳолатдан ажабланиб эҳтимол Аллоҳ таоло бечора онасининг дуоларини ижобат қилган бўлса керак деб хулоса қилдим. Лекин бир куни бу катта ўзгаришнинг сирини онасидан эшитиб билдим.

Ўғлим онасига айтган гапларини қандай бўлса, шундайлигича айтиб бера қолай:

“Ўша кеча отам хонамга кирганларида ухламаган эдим. Шунчаки, улар билан гаплашмаслик учун ўзимни ухлаганга солиб ётгандим. Отам тепамга аста келиб, мени ухлаяпти деб ўйлаганлари учун уйғотиб юбормай дея оҳиста ҳаракатлар билан устимни ёпдилар. Кейин эшик томон йўналдилар. Хонамдан ташқарига йўналган қадам товушлари мени хотиржам қилди. Чунки ўша пайтда отамни кўришни ҳам, у киши билан гаплашишни ҳам хоҳламасдим. Улар ҳам ҳудди шундай мени ёмон кўрадилар деб ўйлардим. Лекин ўша кеча менинг ҳис-туйғуларимни тамоман ўзгартириб юборди. Отам орқага қайтиб пешонамдан ўпар экан, қалбимнинг туб-тубларидан бир нималар тўлқинланиб кетганини ҳис қилдим. Мен тушундимки, отам мени ёмон кўрмас эканлар, балки мен аҳмоқ у киши ҳақларида доимо нотўғри фикрда бўлган эканман. Мен ўша кечани хатоларимни англаб, йиғлаб ўтказдим. Йиғлар эканман, энди бундан буён яхши тарафга ўзгаришга, отамга нисбатан яхши муомалада бўлишга қарор бердим”.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Мўмин-мусулмонлар бир-бири билан кўришганда бир-бирига салом бериб, ўзаро тинчлик, омонлик тилайди, Ҳақ таолодан юртга тинчлик, ободлик сўраб дуои хайрлар, ҳар бир яхшилик устида тинчлик бўлсин дея, яхши ниятлар қилади. Бу, албатта, бежиз эмас.

Негаки ҳар бир инсон ҳаёти давомида эзгу мақсад, орзу-истакларига етиш учун ҳаракат қилади. Бунинг учун унга энг катта таянч – тинчлик муҳитидир. Осойишталик ҳукм сурган оила бардавом ва мустаҳкам, эл-юртнинг тинчлиги эса мамлакат тараққиёти, аҳоли турмуш фаровонлигига сабаб бўлади.

Аллоҳ асрасин, оила ва юрт нотинч бўлса, ҳаёт лаззатини тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳатто киши бирор луқмасини хотиржам ютолмайди.

Ислом динида тинчликни улуғлаш комил мўминликнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шартидир. Динимиз таълимотида масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор берилган.

Қуръон каримда марҳамат қилинади: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро сураси, 83-оят).

Юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида катта иш олиб борилмоқда. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, унинг давомийлигига ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.

Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадри­га етмайди. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Ушбу неъматлар қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради.

Динимизда тинчликка бўлган эътибор нечоғлик катта бўлиш билан бирга бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, ундан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан ҳис этади.

Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси осойишталикдир. Шу боис инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиши, балки унга ношукрлик қилиб футур етказишдан сақланиши лозим. Абу Хурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Бугунги таҳликали даврда инсоният учун тинчлик ва хотиржамлик сув ва ҳаводек зарур. Фарзандларимиз, ён-атрофдаги кишиларга ушбу неъматларнинг қадрига етиб, уни асраб- авайлаш зиммамиздаги бурчи эканини тушунтиришимиз лозим.

Қуръони каримда Иброҳим алайҳиссалом тилидан Ватанлари ҳақига бундай дуо қилган: “Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” (Бақара сураси, 126-оят). Ояти каримада Ҳақ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиб, умматларини улуғ неъматлар тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб-авайлаб ҳаёт кечиришга ундалмоқда. Иброҳим алайҳиссалом яшаган даврда Макка тинч шаҳарлардан бўлган. Шундай бўлсада, тинчлики доимо сўраб дуо қилиш муҳим эканига далолатдир.

Демак, ушбу буюк икки неъмат бардавом бўлиши учун инсондан шукр ва қадрлаш, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш динимизнинг энг долзарб талабидир. Айниқса, динимизни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган фирқа ва оқимларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини доимо ёдда тутмоқ лозим.

Қуръони каримда: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”, дея марҳамат қилинади (Моида сураси, 2-оят). Ояти каримада айтилганидек, эзгу ният йўлида ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчлик ва хотиржамликни барқарор бўлишига бош омил бўлади.

Башарият барча нарсаси: ақл-заковат, мол-дунё ва куч-қувватини сарфлашига ҳақли бўлган ушбу улуғ неъматлар бардавом бўлиши учун унинг сабабларини ҳам давомли бажарилиши лозим. Бунинг учун инсонлар, айниқса, ёш авлод, Ҳақ таолонинг тоатида бўлишга тарғиб қилиш, маъсият ишлардан қайтариш, неъматларни қадрлаш руҳида тарбиялаш лозим. Бу борада ҳар бир инсон ўзининг бурчи ва мажбуриятларини яхши билиши ва унга қатъий амал қилиши динимиз тавсиясидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Жаҳонда рўй бериб турган нотинчлик, киши дилини хуфтон қиладиган ҳолатда ғафлатда қолиш ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мамлакат, оила ва инсонларни ҳалокат ва фалокатга учратадиган энг ёмон мусибатлардан бу – бепарволик, ғафлат, лоқайдлик ва шунга оид ёмон ҳислатлардир. Бу кўзга кўринмайдиган иллат, касалликдир десак муболаға бўлмайди.

Ушбу ёмон иллатлардан барчамиз холос бўлишимиз лозим ва лобуддир. Зеро, динимиз бепарволик, ғафлат, лоқайдликлардан қатъий қайтариб, уни уламолар орқали муаолажа қилишга тарғиб этади.

Хулоса қиладиган бўлсак, тинчлик ва хотиржамлик амалий шукр талаб қиладиган неъматлардандир. Уни адо этиш барчанинг зиммасига фарз. Ёши улуғ инсонлар ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб кўпроқ дуо қилиши, ёшлар ўзининг ҳалол меҳнати, Ватанга ҳар жабҳада шараф билан хизмат қилишга астойдил бел боғлаш билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўламиз, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини бардавом, халқимиз ҳаётини фаравон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Кадрлар бўлими мудири

Вторник, 21 Ноябрь 2023 00:00

Менинг онам сенинг онангдан бой

Мактабда ўқувчи бир бой қизча камбағал дугонасига қарата дебди: Менинг онам янги машина сотиб олди, чунки у сенинг онангдан бой-да!

Онам ишдалик вақти бизга кўз-қулоқ бўлиши учун янги энага олиб келди, чунки онам сенинг онангдан бой-да!

Онам биз учун моҳир ошпаз ёллади, у бизга энг зўр таомларни тайёрлаб беради, чунки менинг онам сеникидан бой-да!

 Онам касал бўлганимизда қараш учун шифокор олиб келди, чунки онам сенинг онангдан бой-да!

Яна онам бизга янги мударрис ҳам олиб келди, у бизга дарсларимизни тайёрлашда ёрдам беради. Кўряпсанми, онам онангдан бой!

Камбағал қизалоқ унинг гапини шартта бўлиб, дебди: Онам ўз қўли билан бизга энг мазали таомларни пишириб беради, бизга ўзи ғамхўрлик қилади, касал бўлсак ўзи парваришлайди, дарс тайёрлашимизда ўзи бош-қош бўлади. Онамнинг меҳрга тўла қалби менга етарли!

Онам биз тўйганимизга ишонч ҳосил қилиш учун биздан ортган овқатларни ейди. Бизга юмшоқ нон бериб, ўзи қотган нон ейди. Бизга дори беради, ўзининг касаллигини эса яширади. Бизга янги кийимлар олиб беради, ўзи эса эскирган поябзалини таъмирлаб юради…

Кечирасан, дугонажон! Онам сенинг онангдан анча бой!

Шундай қилиб бу ақлли қизалоқ бой дугонасига умрбод унутмайдиган қилиб дарс бериб қўйибди…

Бир киши шундай ҳикоя қилади: Оилам даврасида ўтириб, уларга тақдимот маросимимда бўлган ноқулай вазият ҳақида айтиб бераётган эдим. "Тақдимотимни эндигина намойиш этаман деб турганимда устимга қаҳва тўкилиб кетса бўладими!", десам, ҳаммалари: "Эҳ, нима қилиб қўйдингиз?!" дейишди. Фақат онамгина мендан ташвишланиб: "Ўзингга ҳеч нарса қилмадими?" дедилар.

Ё Аллоҳ, барча оналарни ҳифзу-ҳимоянгда сақла! Уларни сира мусибатга дучор қилма!

Бу дунёда онадан бошқа сизга бутун меҳр-муҳаббатини, соғлиги-ю умрини бағишлаб, эвазига сиздан ҳеч нарса кутмайдиган инсон йўқ.

Онанинг бағри хотиржам бошингизни қойишингиз мумкин бўлган энг эмин жойдир!

Онангиз сизни чақирса, ака-укаларингиз ичидан айнан сизга хизмат айтса (иш буюрса), билингки, Аллоҳ сизни ибодатга чорлабди!

Бир дўстимнинг ёши кекса онаси бор, у нуқул бошқа болалари қолиб дўстимни мақтайверарди, дўстим унинг зиёратига келса ёки у билан гаплашса хурсанд бўлиб кетарди. Ҳолбуки, бошқа фарзандлари уни ҳурматини жуда жойига қўйишарди, яхши қарашарди, лекин негадир унинг қалби айнан шу ўғлига боғланган эди. Мен қизиқиб, дўстимдан бунинг сабаби ҳақида сўрадим. У айтдики: “Муаммо шундаки, ака-укаларим онамнинг ҳарактерини билишмайди, улар онам билан бирга ўтириб суҳбатлашишса, улар гаплашадиган мавзулар онамни зериктиради. Негаки, онам бошқа кексалар каби аёллар ҳақида, ким эрга тегди-ю, ким ажрашди, фалончи билан фукунчининг тўйи қачон бўлди, деганга ўхшаш мавзулар ҳақида гаплашишни яхши кўрадилар. Мен аслида бу каби мавзуларни бефойда деб ҳисоблайман, бироқ онамга у ҳақда қайта-қайта гапириш қизиқарли туюларди, шунинг учун ҳам мен шу мавзулар ҳақида улардан сўрасам, бошқа ака-укаларим бермаган қувончни мендан туярдилар. Онам билан бирга ўтирсам, шунақа мазвулар ҳақидаги ҳисларини қўзғатардим ва улар бундан шодланардилар. Ака-укаларим эса бунақа гап-сўзларни эшитиб ўтиришга тоқат қила олишмасди ва онамга қизиқ бўлмаган бошқа хабарлар ҳақида гапира кетишарди. Шу сабаб онам улар билан ўтириб зерикар, менинг суҳбатимдан эса қувонардилар”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

  

Кичкина қизим жуда ҳам қайсар эди. Табиати ҳам оғир. Кўчага чиққанимизда гапимга қулоқ солмас эди. Қизимнинг қўлини ушлайман десам, унамасди. Инжиқлиги ҳам майлику-я, қўлини ушлаб оламан десам, ёввойидек қочиб кетар эди. “Мен катта қизман, ҳеч ким қўлимдан ушламасин!” дерди.

Бир куни қизим иккаламиз кўчага чиқдик. Йўлда кетар эканмиз, қизимга бирор корҳол етишидан жуда ҳам қўрқар эдим. Чунки машиналар тезлик билан ҳаракат қиларди. Қизим эса доимгидек қўлидан ушлаб олишимга кўнмасди. Агар қизимга бирор нарса бўлса, бунда албатта ўзимни айблашим аниқ эди. Охири нима қилишимни билмай ўзимни машиналардан қўрқаётгандек қилиб кўрсата бошладим. Ўзимни йўлдан ўта олмаётгандек тутиб қизимдан қўлимни ушлаб йўлдан ўтишимга ёрдам беришини сўрадим. Шунда қизим хурсанд бўлиб қўлимдан тутди. Мени тинчлантирди. “Онажоним, қўрқманг, мен сизни йўлдан ўтказиб қўяман”, деди.

(Тарбияда болага дўқ-пўписа қилавермасдан боланинг ёшига яраша муомала қилиб, унинг тилини топа билиш керак. Таржимон).

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

Пятница, 17 Ноябрь 2023 00:00

Бир-биридан ажралмас икки эгизак

Биласизми, бир-биридан ажралмайдиган икки эгизак бор. Бири бор жойда албатта иккинчиси ҳам бўлади. Улар – ота-онага яхшилик қилиш ва ҳаётдаги муваффақият!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу хонасидан чиқиб, онасининг ҳужраси олдидан ўтаётганда унинг эшиги олдида тўхтарди ва:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, онажон! – дерди.

Онаси жавобан: - Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, болагинам! – деб алик оларди.

-  Мени кичиклигимда тарбиялаганингиздек Аллоҳ сизга раҳм қилсин!

- Кексайганимда менга яхшилик қилганингдек Аллоҳ сенга раҳм айласин!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу буни ҳар куни уйга келганда қиларди.

Энди айтингчи, фарзандларимиз бизга Абу Ҳурайрадек муомалада бўлишяптими?

Шуни ёдда тутингки, бахт-саодат турлари қанча кўп бўлмасин, улар ичра энг гўзали она дуосидир! Кимки ота-онасига итоат этиб яшаса, уларнинг хизматида елиб югурса Аллоҳнинг ҳузуридаги бандалик даражалари кўтарилади ва ҳаётида муваффақиятларга ноил бўлади!

Буюк тобеийнлардан Ҳужр ибн Адий онасининг тўшагини қўли билан текислаб, юмшоқ ва текислигига ишонч ҳосил қилиш учун ўзи аввал ётиб кўрарди, кейин онасини унга ётқизарди.

Шу замонамизда бир йигит масжид совутгич (кондиционер)ларини созлаш билан шуғулланар экан. Ундан қанча маош олиши ҳақида сўрашганда, онаси уни масжиддаги иш учун маош олмасликка буюрганини ва шу сабаб масжиддан мутлақо маош олмаслигини айтибди.

Во ажабо! Фарзандининг онгига шундай принципларни сингдирган онага тасанно! Шунингдек, онасининг насиҳатини маҳкам тутиш ила унга ҳурмат кўрсатаётган мана бу йигитга ҳам офарин!

Энди бунинг мутлақо акси бўлган бир ҳикояни келтирамиз: Бир йигит отаси вафотидан кейин онасини қариялар уйига олиб борибди ва бир-бир хабар олиб турадиган бўлибди. Бир куни қариялар уйидан онаси ўлим ёқасида экани ҳақида хабар келибди. Онаси ҳаётни тарк этмасидан уни кўриб қолиш мақсадида дарҳол етиб борибди.

Онасидан сўрабди: Онажон, сиз учун нима қилишимни хоҳлайсиз?

Онаси: Вентелятор олиб беришингни истайман, чунки бу ерда вентилятор йўқ экан. Яна егулик сақлаш учун музлатгич ҳам олиб берсанг дегандим, неча кунлардан бери кечаси оч ҳолда ухлаяпман!

Ўғли бу гаплардан жуда ҳайрон қолиб дебди: Ахир нега бу нарсаларни энди сўраяпсиз? Нега менга аввалроқ хабар бермадингиз?

Онаси маъюс ҳолда: Ҳа, ўғлим… Менку иссиққа ҳам, очликка ҳам кўникиб кетдим. Лекин болаларинг қариганингда сени бу ерга олиб келишганда сен бу нарсаларга кўниколмайсан деб қўрқаман…

 Ота-онасига яхшилик қилмаётганлар ўзларини ўнглаб олсинлар! Шайх Тантовий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Онасининг яхшилигини унутган ёки онасига битта гап билан бўлса ҳам озор берадиган одамни кўрсангиз, унга алсо ишонманг, ишларингизни сира ҳам унга топширманг! Чунки сизлар унга қанча яхшилик қилманг онаси қилган яхшиликнинг ўндан бирига ҳам ета олмайсиз. Шундай экан, онасининг яхшилигини билмаган одам сизларнинг яхшилигингизни билармиди, қадрингизга етармиди?!”

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Top