Мақолалар

Бир-биридан ажралмас икки эгизак

Биласизми, бир-биридан ажралмайдиган икки эгизак бор. Бири бор жойда албатта иккинчиси ҳам бўлади. Улар – ота-онага яхшилик қилиш ва ҳаётдаги муваффақият!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу хонасидан чиқиб, онасининг ҳужраси олдидан ўтаётганда унинг эшиги олдида тўхтарди ва:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, онажон! – дерди.

Онаси жавобан: - Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, болагинам! – деб алик оларди.

-  Мени кичиклигимда тарбиялаганингиздек Аллоҳ сизга раҳм қилсин!

- Кексайганимда менга яхшилик қилганингдек Аллоҳ сенга раҳм айласин!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу буни ҳар куни уйга келганда қиларди.

Энди айтингчи, фарзандларимиз бизга Абу Ҳурайрадек муомалада бўлишяптими?

Шуни ёдда тутингки, бахт-саодат турлари қанча кўп бўлмасин, улар ичра энг гўзали она дуосидир! Кимки ота-онасига итоат этиб яшаса, уларнинг хизматида елиб югурса Аллоҳнинг ҳузуридаги бандалик даражалари кўтарилади ва ҳаётида муваффақиятларга ноил бўлади!

Буюк тобеийнлардан Ҳужр ибн Адий онасининг тўшагини қўли билан текислаб, юмшоқ ва текислигига ишонч ҳосил қилиш учун ўзи аввал ётиб кўрарди, кейин онасини унга ётқизарди.

Шу замонамизда бир йигит масжид совутгич (кондиционер)ларини созлаш билан шуғулланар экан. Ундан қанча маош олиши ҳақида сўрашганда, онаси уни масжиддаги иш учун маош олмасликка буюрганини ва шу сабаб масжиддан мутлақо маош олмаслигини айтибди.

Во ажабо! Фарзандининг онгига шундай принципларни сингдирган онага тасанно! Шунингдек, онасининг насиҳатини маҳкам тутиш ила унга ҳурмат кўрсатаётган мана бу йигитга ҳам офарин!

Энди бунинг мутлақо акси бўлган бир ҳикояни келтирамиз: Бир йигит отаси вафотидан кейин онасини қариялар уйига олиб борибди ва бир-бир хабар олиб турадиган бўлибди. Бир куни қариялар уйидан онаси ўлим ёқасида экани ҳақида хабар келибди. Онаси ҳаётни тарк этмасидан уни кўриб қолиш мақсадида дарҳол етиб борибди.

Онасидан сўрабди: Онажон, сиз учун нима қилишимни хоҳлайсиз?

Онаси: Вентелятор олиб беришингни истайман, чунки бу ерда вентилятор йўқ экан. Яна егулик сақлаш учун музлатгич ҳам олиб берсанг дегандим, неча кунлардан бери кечаси оч ҳолда ухлаяпман!

Ўғли бу гаплардан жуда ҳайрон қолиб дебди: Ахир нега бу нарсаларни энди сўраяпсиз? Нега менга аввалроқ хабар бермадингиз?

Онаси маъюс ҳолда: Ҳа, ўғлим… Менку иссиққа ҳам, очликка ҳам кўникиб кетдим. Лекин болаларинг қариганингда сени бу ерга олиб келишганда сен бу нарсаларга кўниколмайсан деб қўрқаман…

 Ота-онасига яхшилик қилмаётганлар ўзларини ўнглаб олсинлар! Шайх Тантовий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Онасининг яхшилигини унутган ёки онасига битта гап билан бўлса ҳам озор берадиган одамни кўрсангиз, унга алсо ишонманг, ишларингизни сира ҳам унга топширманг! Чунки сизлар унга қанча яхшилик қилманг онаси қилган яхшиликнинг ўндан бирига ҳам ета олмайсиз. Шундай экан, онасининг яхшилигини билмаган одам сизларнинг яхшилигингизни билармиди, қадрингизга етармиди?!”

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

1426 марта ўқилди

Мақолалар

Top