muslimuz

muslimuz

Айни кунларда халқимиз эътиборига Аллоҳ таолонинг Ер юзидаги уйлари бўлган масжидларда мўмин-мусулмон киши ўзини қандай тутишига оид кўплаб фойдали маълумотларни ўз ичига олган “Масжид одоблари” номли китоб тақдим этилди.

Мазкур мўъжазгина китобда Ер юзидаги илк масжид, зиёрат учун бориладиган уч масжид, Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавий фазилатларига доир қизиқарли маълумотларнинг ҳам берилиши унинг ўқишлилигини янада оширади.

Шу билан бирга, унда масжидга оид бугунги кунда муҳим бўлган саволларга соҳа мутахассисларини мухтасар ва аниқ жавоблари билан ҳам танишишингиз мумкин.

Ушбу китобда мавзуга доирасидаги ҳикматлар ҳам берилган. Унда Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳикматда бундай дейилади: “Агарда менга масжид ва жаннат икковидан бирини танлаш ихтиёри берилса, масжидни танлаган бўлардим. Чунки масжид Аллоҳнинг ҳаққидир, жаннат эса нафснинг насибасидир”.

Музаффар домла Камолов қаламига мансуб рисолага Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўз боши ёзиб хайрли дуо берганлар.

Аллоҳ таоло ушбу китобни халқимизга муборак ва манфаатли қилсин, холис Ўзининг розилиги учун қилинган амаллар қаторида қабул этсин. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Яқинда “Масжид ал-Ҳаром” маъмурияти ногиронлар аравачаси фойдаланувчиларининг “Масжид ал-Ҳаром”га киришини таъминлаш учун махсус рангли йўналишларни белгилаб, уларнинг ҳаракатланишини осонлаштириш чораларини кўрди.

  “ИҚНA” сайти маълумотларига кўра, рангли аравачалар учун мўлжалланган йўллар Макка чеккасидаги Ғазо ҳудудидан бошланиб, “Масжид ал-Ҳаром” нинг шимолий ҳовлиларига етиб боради.

  Шу тариқа, ногиронлар аравачасидагилар ҳаж амалларини бажариш учун “Масжидул-Ҳаром”га бемалол ва хотиржамлик билан киришлари мумкин.

 Макка зиёрат йўлига туташган ва “Масжид ал-Ҳаром” нинг шимолий йўналиши бўйлаб жойлашган бу рангли йўллар ногиронлар аравачаси фойдаланувчиларини “Масжид ал-Ҳаром” га йўналтириш учун ерда махсус белгилар билан белгиланган. Қайтиш йўллари, шунингдек, ушбу гуруҳ учун “Масжид ал-Ҳаром” га кириш ва чиқишни осонлаштириш учун чизиқлар ва стрелкалар билан белгиланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Огоҳлик – давр талаби

 Барча орзу-ҳавасларимиз, интилишларимиз, ният ва мақсадларимизнинг рўёбга чиқиши тинчлик-хотиржамликка боғлиқ. Тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурган юртда тараққиёт, ривожланиш бўлади. Болалар бемалол ўқишга, катталар бамайлихотир ишга бориб келадилар.

Лекин, афсуски, бугун дунёнинг ҳамма жойида тинчлик ҳукмрон дея олмаймиз. Ҳатто баъзан чет эл хабарларини ўқишга юрак дош бермайди. “У ерда қўпорувчилик содир бўлибди”, “Фалон-фалон давлатлар хавф остида” каби нохуш хабарлар кишини ташвишга солади.

Яқинда Москва шаҳридаги “Крокус сити ҳолл”да содир бўлган мудҳиш воқеа бутун дунёни ларзага келтирди. Оммавий ахборот воситалари 150 га бегуноҳ одамнинг террорчилик қурбонига айланганини ёзди. 

Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ ва қатъий қоралайди. Аллоҳ таоло ояти каримада: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир», деб марҳамат қилади (Моида сураси, 32-оят).

Ҳадиси шарифда: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Ислом кишиларни тинчлик ва барқарорликка, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликка даъват этади. Бироқ ундан ғаразли мақсадларни амалга ошириш йўлида фойдаланиш ҳоллари ҳам авж олиб бораётганини афсус билан қайд этиш лозим.

Бу жараённинг энг хатарли жиҳати баъзи тоифаларнинг дин ниқоби остида динга сиёсий сиёсий тус бериб, ҳокимиятга интилиш, диндан одамлар орасига нифоқ солиш, қўпорувчилик ишларини амалга ошириш ва ғаразли манфаатларни рўёбга чиқаришда фойдаланишга уринишларда намоён бўлмоқда.

Бугунги кунда терроризм, диний экстремизм бутун дунёга хавф солаётган, инсониятнинг тинч ва осуда яшаши учун тўсқинлик қилаётган жиддий муаммолардан биридир. Айни пайтда сайёрамиздаги ҳеч бир мамлакат, ҳеч бир халқ унинг офатларидан ҳимояланмаган, десак асло муболаға бўлмайди.

Ҳозирда Афғонистон, Сурия, Яман, Покистон, Фаластин, Ироқ ва Африканинг бир қанча мамлакатларида содир этилаётган хунрезликлар, ўша юртларда истиқомат қилаётган инсонлар, айниқса, мурғак болаларнинг бошига тушаётган ғам-андуҳлар барча-барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.

Экстремизм ҳар қандай бошқача фикрлашни инкор этади, ўзининг мафкуравий ва диний қарашларини қўпол равишда мажбурлаб қабул эттиришга ҳаракат қилади. Экстремистлар ўз тарафдорларидан уларнинг ҳар бир буйруқларини сўзсиз бажаришни, уларга кўр-кўрона ишонишни талаб қиладилар.

Очиқдан очиқ экстремистик руҳдаги қарашларнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан ўта зарарли ва хавфли эканлиги шундаки, у диний бағрикенгликка зид ҳолда турли динга эътиқод қилувчи халқлар ўртасида муросасизлик ва адоват уруғни сепишга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, бу каби ғаразли кимсалар ўз манфаати йўлида эндигина ҳаётни таниётган ёшларни тўғри йўлдан адаштириб, уларнинг маънавиятига зарба беришга ҳаракат қиладилар.

Шундай экан шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги глобаллашув жараёнида эртанги кунимизнинг эгалари бўлган ёшларимизнинг маънавий иммунитети ҳар қачонгиданда юксакроқ бўлишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Дунёнинг айрим ҳудудларида содир бўлаётган хунрезликлар масаланинг нечоғлик жиддийлигидан далолатдир.

Шукрки, бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Униб-ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай фаровон кунларимизнинг қадрига етишга, тинчликни кўз қорачиғидай асраб-авайлашга ўргатишимиз зарур.

 

Мансур ЎРОЛОВ,

Тошкент шаҳридаги “Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби

Вторник, 23 Апрель 2024 00:00

Суррогат оналик жоизми?

Cавол: Синглимнинг 9 йилдан бери фарзанди йук, 3 марта ЭКО килди, лекин бўлмади. Ҳозир соғлиғи ҳам жойида эмас. Синглимнинг 2 тайёр эмбриони музлатилган, клиникада турибди. Мен опаси суррогат она бўлиб, синглимга боласини туғиб берсам бўладими? Пул ишлаб олиш ва бошка ғайр мақсад учун эмас, синглимга куйинганим учун шу йўлни танламоқчиман. Лекин Исломда мумкин бўлса агар.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

“Суррогат” сўзи лотинчадан олинган сўз бўлиб – “бошқасининг ўрнига қўйилган” деган маънони билдиради. Ҳозирда бизда кенг тарқалаётган “суррогат она” деган ибора ҳам ҳомиладор бўлиб, фарзанд туғишда онанинг ўрнига фойдаланилган аёл назарда тутилади. Бунда эрнинг спермаси ва хотинининг тухумҳужайрасидан бўлган эмбрионни ривожлантириш учун бошқа аёлнинг бачадонига ўтказилади. Кўпинча суррогат оналик пул эвазига, баъзан кўнгилли тарзда ҳам амалга оширилади.

Ушбу амалиёт шариатимизнинг умумий қоидаларига кўра ҳаром саналади. Бунда уни пул эвазига бажариладими ёки кўнгилли тарздами фарқи йўқ. Чунки ушбу амалиётда эркак билан бачадони ижарага олинган аёлнинг ўртасида никоҳ бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни васф қилиб бундай марҳамат қилган:

“Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Кимки шундан ўзгани истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар” (Муъминун сураси, 5-7 оятлар).

Агар никоҳ бўлган тақдирда (масалан, ўша аёл эркакнинг иккинчи хотини бўлса) ҳам мазкур амалиёт ҳалол бўлмайди. Чунки бу насабларни чалкашишига олиб келади.

Шу ва бундан бошқа омилларни ҳисобга олиб, замонамизнинг барча уламолари, кўплаб фатво уюшмалари суррогат оналикни ҳаром эканига фатво берганлар. Жумладан, Ислом Олами уюшмаси қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси 1402 ҳижрий (1982 милодий) йил ўтказилган йиғилишида ушбу амалиётни ҳаром деб қарор қабул қилган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

 

Вторник, 23 Апрель 2024 00:00

Таъзия муддати уч кун

 Бу динда ҳаргиз қийинчилик йўқ

 Дафн кунидан бошлаб узоғи билан уч кунга қадар аза (мотам) тутишга шариатимиз рухсат беради. “Фатавои Оламгирия”да (1671 бет) бундай дейилган:

“Шу уч кун мобайнида маййит чиққан хонадонда овқат қилинмайди. Таъзия билдиришга келган одамларга дастурхон солинмайди, зиёфат берилмайди. Мусибат етган хонадон аҳли қайғули бир ҳолда турганда улар учун меҳмонларга қараш, уларга ош-нон тортиш мусибат устига мусибатдир”.

Баъзи ҳудудларда ҳар пайшанба ёки якшанба куни, 7, 40, 52, 100, йили каби маросимларда жонлиқ сўйилиши, пул ва матолар тарқатилиши катта харажатлар эвазига ўтказилади. Узоқ вақт хаста боққан оила, қарздор ва айниқса балоғатга етмаган фарзандлари бўлган муҳтож оилалар учун бундай маросимларни ўтказиш мусибат устига мусибатдир.

Кир ювди, қорёғди, лайлак келди, ток, мош, қовоқ, ширгуруч, туршак, қовун ва гул каби одатлар аёллар иштирокида йиғи-сиғи билан ўтказиладиган маросимлардир. Бу маросимлар хурофий одатлар бўлиб, аёлларнинг дод солиб йиғлашлари маййитга заррача фойда етказмайди, балки уни Аллоҳ олдида ҳижолатга қўяди.

Афсуски шариатимизда келтирилмаган мана шундай маросимларни ўтказаман деб, қарзга ботиб, тушкунликка тушиб қолганлар ҳам учрамоқда.

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим етакчи мутахассиси.

Страница 1 из 183

Мақолалар

Top