МУФТИЙ МИНБАРИ

Шу кунларда юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари пойтахтимиз масжидларига ташриф буюриб Пешин, Аср ва Хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, юртдошларимизга гўзал маънавий-маърифий суҳбатлар қилиб бермоқдалар. Бундай жонли мавъизалардан мамнун бўлган ҳамюртларимиз ўз миннатдорлигини ҳам билдирмоқда. 

Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳридаги Кўкча даҳасида жойлашган “Шайх Зайниддин” жоме масжидига ташриф буюриб, пешин намозидан сўнг жамоатга бугунги куннинг муҳим масалаларидан бири: “Ёшларни ижтимоий иллатлардан асраш – динимиз талаби!” мавзусида мавъиза қилиб бердилар.

Муфтий ҳазратлари фарзанд тарбиясида ота-она олдида турган мажбурият ҳақида сўз юритиб бундай дедилар:

– Бола-чақа бизга омонат берилган. Уларни комил инсон қилиб вояга етказиш гарданимиздаги вазифадир. Фарзанд тарбиясида ота-онадан талаб қилинадиган муҳим омил бу – тақвою ҳалолликдир. Имом Бухорийни Имом Бухорий қилган нарса ҳам оталарининг ҳалоллиги ва оналарининг тақвосидир. Нега бугун юртимиздан Имом Бухорий, Термизийлар, Ибн Синолар чиқмаяпти? Демак, болаларимизга берадиган луқмамизга эътибор беришимиз лозим. Ҳалол бўлсак, фарзандимиз харомдан қочса, бировни ҳақидан, порадан, ўғирликдан ҳазар қилса, ана ўша бола жамият кутган буюк инсон бўлиб етишади. Уларни Аллоҳга, Қуръонга, Ватанга муҳаббатли қилиб тарбияласак, қалбига бошқа муҳаббат кира олмайди, – деди муфтий Нуриддин домла ҳазратлари.

Муфтий ҳазратлари суҳбатлари давомида ёшларни турли ижтимоий иллатлардан асраш, уларни тўғри йўналтириш ҳақида маъруза қилиб, ёшлар орасида вақтдан унумли фойдаланиш хусусида алоҳида тўхталдилар.

– Инсон умри – унинг энг қимматли бойлигидир. Унинг бир сониясини ҳам узайтира олмаймиз. Аммо бугун ёшлар орасида у қадрсиз бўлиб қолди. Кунини беҳуда ишларга сарфлаб, исроф қилаётганлар етарлича. Ҳаёт нима учун берилганини англаб етмаяптилар Умрини нималарга сарфлаётганини ҳисоб қилмаяптилар. Ёшлик ғанимат, бу даврда барча амалларни илм бўладими, касбкорми, ибодатми ҳаммасини мукаммал қилиш мумкин. Шундай экан, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиб, хайрли ишларга сарфлаши керак. Бўлмаса афсусланиб қолиши ҳеч гап эмас.

Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Улар у жойда: “Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин – бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!” – деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!...” (Фотир сураси 37-оят).

Расул алайҳиссалом ҳам ёшлик кишининг камолот касб этадиган, кўп ютуқларга эришадиган вақти эканига таъкидлаб шундай дейдилар: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, касалликдан олдин саломатликни, камбағалликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг!” (Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган).

Демак, ёшларимиз ҳаётининг баҳори бўлган даврни турли бекорчи ўйин-кулгу, орзу-ҳавсалар, гуноҳ ишлар билан эмас, илм, касбкор билан ибодат ва савобли ишлар билан ўтказиши лозим, – дедилар муфтий ҳазратлари ўз сўзида.

Шунингдек, муфтий Нуриддин домла суҳбатлари давомида ёшлар орасида қимор ва турли ўйинларга берилиш, маънавий бузуқлик, шафқатсизлик, каби иллатлар кўпайиб бораётгани ҳақида сўз юритиб, интернетдан тўғри фойдаланиш ҳақида ҳам фикр билдирдилар.

– Бугун нима саволимиз бўлса, илмли кишилардан эмас, интернетдан излаймиз. Унинг жавоби тўғрими, нотўғрими ангамаймиз. Кейин эса турли тушунмовчиликлар гирдобида қоламиз. Бир ўйлаб кўринг, бир кунда неча соатлаб интернетда ўтирамиз. Ота-онамизга, яқинларимизга ҳам шунча вақт ажратяпмизми? Фарзандимизга бирор илм ўргатяпмизми? Бир кунда бир маҳал ота-онамизга вақт ажартиб улардан ҳол-аҳвол сўраб қўйсак қанча хурсанд бўлади. Шу ҳақда ҳам мулоҳаза қилайлик, – дедилар муфтий ҳазратлари.

Суҳбат якунида Нуриддин домла ҳазратлари юртимиз ривожи, ёшларимиз келажаги ва жамоат ҳақига хайрли дуолар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

muslim.uz

1738 марта ўқилди
Top