МУФТИЙ МИНБАРИ

Муфтий ҳазратлари: Рўзанинг мукофотини Аллоҳ беради, уни ҳеч ким камайтиролмайди

Бугун, 11 апрель куни пешин намозида Қўқон шаҳридаги “Дегрезлик” масжиди Муфтий ҳазратларининг ташрифларини эшитган минглаб намозхонлар ила ҳар қачонгидан-да файзга тўлди.

Дастлаб Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев сўз олиб, шу кунларда вилоятда катта хурсандчилик бўлаётгани, бунинг боиси соҳа раҳбарлари келганини айтиб, меҳмонларни ташриф билан қутладилар, сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларини минбарга таклиф қилди.

Муфтий ҳазратлари мавъизалари аввалида жомега йиғилган қўқонлик мўмин-мусулмонларни Рамазони шариф билан қутлаб, илиқ тилак ва дуолар қилдилар.

Муфтий ҳазратлари суҳбатлари асносида Ҳақ таолонинг неъматларига бурканган айни замонда шукрни зиёда қилишимиз лозимлиги, дуолар қилганимизда ўз ҳожатларимизни сўраганда, албатта, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраш лозимлигини уқтирдилар.

Маъруза давомида Муфтий ҳазратлари жамоатга айни кунларда юртимиздаги таниқли ва воиз уламолар, соҳа раҳбарлари ҳудудлардаги масжидларда бўлиб, мўмин-мусулмон халқимиз диний саводхонлигини оширилаётгани, юртимиз ва дунёдаги воқеа-ҳодисалардан хабардор қилинаётгани, мазкур ташрифдан ҳам айни мақсад кўзланганини айтиб ўтдилар.

Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари суҳбат асносида рўзанинг фазилат ва фойдалари ҳақида ҳам таъсирли ва мазмунли мавъиза қилиб, жумладан бундай дедилар:
“Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман. Рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳ ҳузурида мушку анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир», деган» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган). “Барча ибодатлар ўзи фақат Aллоҳ таоло учун бўлса, у ҳолда нега Aллоҳ таоло рўзани Ўзи учун хослади?” деган савол барчамизда пайдо бўлиши табиий. Келинг ушбу ҳадисни шарҳлаган муҳаддис уламоларимизга мурожаат қилсак.

Уламолар ушбу ҳадиси шариф устида фикр юритиб, қуйидаги сўзларни айтишади: Қиёмат куни мазлумлар золимдан қасос олиб, қилган зулми эвазига яхши амалларни тортиб олишлари мумкин. Чунки бошқа бир ҳадисда: «Киши қиёмат куни тоғлар каби яхшиликлар билан келади. Лекин уни сўккан, буни урган ёки яна бирининг молини еганлиги сабабли унинг яхшилигидан мазлумга олиб берилади. Ҳатто золимнинг яхшилиги тугаб, ҳеч нарса қолмагач, энди мазлумнинг гуноҳидан золимга юкланади ва золим (гуноҳи кўпайиб кетгач,) дўзахга ташланади», дейилган. Фақат рўза ундай эмас. Рўзани қиёмат куни ҳақдорларга улашиб берилмайди. Аллоҳ рўзани унинг эгаси учун шу даражада сақлаб қўяр эканки, унга ҳатто ҳақдорлар ҳам журъат қила олмас экан. Шунга биноан «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман», деган». Яъни Одам боласининг амаллари қасос сабабли талафот кўриб, ҳақдорлар тортиб олиши сабабли камайиши мумкин экан. Фақат рўзага дахл қила олмас экан.

Демак, рўзадан бошқа амалларнинг савоби қай миқдорда кўпайтириб берилиши аниқ айтилган. Бир амал учун савоб ўн мартадан то етти юз мартагача кўпайтирилиши мумкин. Аммо ундан ортиқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Рўза учун бериладиган савоб эса шу даражада кўп бўладики, уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, идрок ҳам қила олмайди. Рўзадорнинг амали бунчалар юқори баҳоланишининг сабаби шуки, у таоми ва шаҳватини фақат Аллоҳ таоло учун тарк қилиб, рўза тутганидир”.

Якунда Муфтий ҳазратлари Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги, элимиз фаровонлиги ва бахти-иқболи, муборак Рамазон ойи барокати, файзини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

1944 марта ўқилди
Мавзулар
Top