muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Шаржа халқаро китоб кўргазмасида Қуръони каримнинг нафис нусхаси тақдимоти ташриф буюрувчилар эътиборини тортди.

IQNA сайтининг “Khaleej Times” нашрига таяниб хабар беришича, бу нафис Қуръон китобининг 11-12-асрларга оид қўлёзма нусхаси бўлиб, машҳур эронлик хаттот Ибн Бавобнинг дурдона асари саналади.

Aсл қўлёзма Мюнхендаги Бавария давлат кутубхонасида сақланади. Бу даврда Қуръоннинг бу тури атиги ўн нусхада чоп этилган.
Мазкур нусха тадбирда намойиш этилган бу қимматбаҳо асарнинг аниқ ўлчами, услуби ва визуал жозибаси бўйича чоп этилган атиги 300 нусхадан биридир.
“Adeva Rare Collectibles” компанияси вакили Флориан Строллс бундай дейди: “Бу Қуръон ҳақиқий санъат асари бўлиб, зарҳал қоғозга курсив насх ёзувида ёзилган оятлардир”.

У қўшимча қилди: “Мазкур қўлёзма ақл бовар қилмайдиган даражада безатилган ва қўлёзма санъати оламида ўзига хос ўрин тутади. Ҳар бир суранинг сарлавҳалари кўк, оқ ва қизғиш жигарранг ёзувда чиройли тарзда ёзилган. Оятлар эса кўк, кумуш ва нафис атиргул нақшлари билан ажратилган. Ҳарфларнинг ўлчами математик тамойилларга асосланган бўлиб, масштаб бирлигида араб алифбосининг биринчи ҳарфи бўлган “Aлиф” ҳарфининг ўлчами қўлланилади.

Бир оз чапга қийшайган вертикал ҳарфлар ўйланган ҳолда жойлаштирилган ва Ибн Бавоб мактабидан фарқ қиладиган услубни кўрсатади”, – деди Строллс. Унинг қўшимча қилишича: “Биринчи саҳифанинг диққатга сазовор хусусияти бу икки сура номларининг ўзига хос тартибда жойлашувидир, бу эса Қуръони каримни ноёб санъат асари қилади”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 80 йиллиги

Бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташкил этилганига 80 йил тўлди. Шу давр мобайнида идора тизимида кўплаб уламолар, фидойилар фаолият юритишди. Ана шундай уламолардан бири Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларидир. У киши салкам 50 йил давомида диний соҳада меҳнат қилиб, “Қуръони карим маъноларининг тар­жима ва тафсири”, “Коран. Краткий комментарий”, “Ахлоқ-одобга доир ҳадислар”, “Минг бир ҳадис”, “Минг бир фатво”, “Ақоид матнлари”, “Гуноҳи кабиралар”, “Мусулмончиликдан илк сабоқлар”, “Маънавиятнинг етти хазинаси” каби йигирмага яқин китоб таълиф этди. Шунингдек, диний таълим муассасаларида кўплаб шогирдларга устозлик қилди.

Шайх Абдулазиз Мансур 1944 йили Олтиариқ туманида деҳқон оиласида туғилган. Отаси оддий деҳқон бўлса-да, уламоларга ихлос-муҳаббати кучли эди. Шу боисдан фарзандларининг илмли бўлишларига катта эътибор берди.

– Бугунги эришган ютуқларим, илмга бўлган муҳаббатим отамнинг дуолари сабаб, – дейди суҳбатда шайх ҳазратлари.

– Кишининг бир соҳани танлашига нимадир туртки бўлади. Сизнинг диний соҳага кириб келишингизга, араб, форс ва рус тилларини мукаммал эгаллашингизга нималар туртки бўлган?

– Дин ва адабиётга қизиқишим 5-синф­лик чоғимдан бошланган. Алишер Навоий­га бўлган қизиқиш форс, араб тилини ўр­ганишга ундади. 10-синфни битиргунча Навоийнинг кутубхонадаги барча асарларини ўқиб, форс тилини луғатлардан ўргангандим. Араб ва диний билимларни эса олтиариқлик Муҳаммадқосимхон қори, қўқонлик Асқар қори домла, риштонлик Мамажон махсум дом­ла, Марғилондаги Ҳа­кимжон қорилардан олдим.

1975 йили Тошкентдаги Олий маъҳадга ўқишга кириш мақсадида муфтий Зиёуд­динхон ибн Эшон Бобохон домланинг олдиларига келдим. У киши: “Нималарни ўқигансиз?” деб сўраб қолди. “Кофия”, “Шо­фия”, “Шарҳи Мулла Жомий”, “Тал­хисул-Мифтоҳ”, “Мухтасарул-маоний”, “Мақомоти Замахшарий”, “Ал-Ҳидоя”, “Мухтасарул-Виқоя”, “Саҳиҳи Бухорий”, “Тафсири Насафий” каби ўттизга яқин китобни санаётгандим, у киши: “Тўхтанг, шуларнинг ҳаммасини ўқидингизми?” дедилар. Сўнг­ра, “Сизни сиртдан ўқишга қабул қиламиз. Ҳам ўқиб, ҳам талабаларга дарс берасиз”, дедилар. Шу тарзда Тошкент ислом институтига сиртдан қабул қилиниб, Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида дарс бера бошладим. Бир йилдан сўнг Олий маъҳадга чақиришди. Кейинчалик идора тизимида турли лавозимларда муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохондан бошлаб то ҳозирги муфтийгача бирга ишлаш насиб этди.

– Ҳаётингиз саҳифаларида Қуръон­га бўлган қизиқишингиз, муҳабба­тингиз муҳим ўрин эгалласа керак, тўғрими?

– Ҳа, албатта. Қуръонга қизиқиш мактабда ўқувчилик чоғларимда бошланган. Афсуски, у пайтларда Қуръонни ўрга­тадиган инсонларни топиб бўлмас, билганлар ҳам турли тазйиқлардан қўрқиб, шогирдликка ҳеч кимни олмасди. Шундай бўлса-да, Қуръони каримни хатм қилиш насиб этди.

Устоз менинг қори бўлишга иштиёқимни кўриб, “Қори бўлганингиз яхши, лекин сиз илмга мойил йигитсиз. Илм иштиёқида бўлинг”, дея насиҳат қилди. Аллоҳ менга Қуръони каримни олдин ўзбек тилига, кейинрооқ рус тилига таржима қилишни, 50 йил дин йўлида хизмат қилишни насиб этди. Бу мен учун катта шараф.

– Сўнгги йилларда Исломга қарши турли фитналар кўпайиб, мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш ҳолатлари кузатиляпти. Бу иллатлардан қандай сақланиш мумкин?

– Мусулмонларга турли бўҳтонлар, асоссиз иғволар Исломнинг илк даврларидан бўлиб келган ва ҳозир ҳам давом этяпти. Интернет, ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши бу иллатларни янада ку­­чайтирди. .

Интернетдан тўғри йўлда фойдалансангиз, ундан яхши манба йўқ. Ўзим ҳам билмаганларимни ундан ўрганаман. Қанча-қанча бебаҳо, нодир асарлар бор. Уларни ўқиш керак, холос.

Афсус, бугун бу тармоқларда Ислом таълимотига зид фикрлар кўпайиб кетди. Айрим кимсалар халқимизни чалғитиш мақсадида диндан фойдаланмоқчи бўл­япти. Уларнинг гап-сўзига эътибор берсангиз, бошида яхши сўзлардан гап бошлайди. Вақт ўтиб фитналарга эргаштиради. Гоҳида бундайлар бизга ҳам ғойибона тош отиб қолади. Гапи бўлса, юзма-юз мулоқот қилсин, баҳсга киришсин. Аммо фақат орқадан тош отаверади. Аллоҳ буларга инсоф берсин. Бундайларнинг фитнасига учмаслик учун ўзимизнинг имом-хатиб, уламолар этагини маҳкам тутиш, юртимизда нашр этилаётган диний адабиётларни кўпроқ ўқиш лозим.

– Орамизда Ислом динини анча тор тушунадиганлар ҳам йўқ эмас. Аслида, Исломнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти қандай?

– Ислом – мукаммал нозил қилинган сўнгги дин. У инсон ҳаётидаги барча жабҳа­ларни қамраб олади. Шу боис барча масалаларга Исломда ечим бор. Унда ибодат ва дунё ишларини бирдек олиб бориш ҳар бир мўмин учун фарз қилинган.

Гоҳида дунёвий илм, диний илм деб ажратиш ҳолатлари кузатилади. Ислом эса инсонни илмга тарғиб қилади. Бу борада буюк мутафаккир боболаримизнинг йўллари бизга кўзгу. Улар Исломни мукаммал эгаллагач, дунё тамаддунига асос бўладиган асарлар ёзишди. Улар илмининг моҳиятида Ислом таълимоти борлиги барчага маълум. Орадан минг йиллар ўтса-да, бугун ҳам уларнинг бебаҳо мероси ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Буни ҳам чуқурроқ тафаккур қилиш лозим.

Қисқаси, динимиз кишини камолотга, икки дунё саодатига элтади. Шуни яхши англамоқ керак. Бирор ишда дунё ҳой-ҳавасларига берилиб, динни унутсак, қилаётган ишимизда хайр-барака бўлмайди. Ўша юмушни иймону ихлос билан бажарсак, у амалимиз ибодатга айланади.

Айниқса, бугунги ёшларимизга соф Ис­лом таълимотини пухта сингдиришимиз лозим. Шундагина юртимиздан яна буюк олиму уламолар етишиб чиқади, иншоаллоҳ.

– Бугун диний адабиётлар кўпайиб, халқимизнинг маърифий билими юксалишига хизмат қиляпти. Аммо имло масаласи китобларда айрим атама ва исмлар турлича ёзиляпти. Масалан, Хадича-Хадижа, Али-Алий, рамазон-рамадон, ақида-ақийда, розияллоҳу-разияллоҳу ва ҳоказо. Шу каби сўзларни ёзишда ўзбек тили меъёрларига амал қилиш керак, деб ўйлаймиз.

– Албатта, бу ўта нозик ва оғриқли масала. Чунки кейинги пайтда нашриётлар кўпайди. Ҳар бирининг ўзига яраша услуби, тартиб-қоидалари бор. Худди шундай китоб муаллифларида ҳам. Шуниси аниқки, ўз она тилини яхши билган одам хато ёзмайди. Баъзилар мана шу она тилини яхши билмаганлари учун юқоридаги каби тушунмовчиликлар учраяпти. Улар араб тилида қандай ёзилса, шу тўғри деб ўйлаяпти. Ваҳоланки, ҳар бир тилнинг имло қоидалари бор. Унга кўра, четдан бирор сўз ўзлашаётганда уни қандай бўлса шундай эмас, балки шу тилда сўзлашувчилар талаффузидан келиб чиқиб, енгилроқ варианти танланади ва имло луғатларига шу тарзда киритилади.

Битта мисол. Айримлар Қуръони каримдаги “карим” сўзини Аллоҳнинг исми деб ўйлаб, катта ҳарф билан ёзяпти. Аслида “карим” сўзи “карамли Қуръон”, “мукаррам Қуръон” деган маънода келади. Шу боис “карим” сўзи кичкина ёзилади.

– Жорий йил бошида Диний идора тизимида Фахрийлар кенгаши тузилди. Бугун кенгаш қандай ишларни амалга оширяпти. Қолаверса, ўзингиз ижодкор сифатида қандай асарлар устида ишлаяпсиз?

– Аллоҳга шукр, шу ёшда ҳам хайрли ишлар билан банд қилиб қўйди.

Идора тизимидаги Фахрий­лар кенга­ши раиси бўлдим. Муфтий ҳазратлари, ба­рака топсин, фахрийлар кенгашини ту­зиш ҳақидаги ташаббуси кўплаб нуроний имом-хатибларни қувонтирди. Шу кун­ларда кенгаш диний соҳада ишлаб на­фақага чиққан имом-хатиб ва уламолар ҳолидан хабар олиб, уларга ғамхўрлик кўрсатмоқда. Соғликларини тик­лашлари учун соғломлаштириш мас­кан­ларига юборяпти. Умра, ҳаж йўллан­маларини тақдим этяпти. Шу билан бирга, уларнинг тажриба ва билимларидан унумли фойдаланиш мақсадида соҳага доир турли тадбирларга жалб қилиняпти.

Айни дамда унчалик халққа таниш бўл­маган жиззахлик “Маҳзун” тахаллусли шоир ва олимнинг қўлёзма шеърларини эски ўзбек ёзувидан ҳозирги ёзувга ўгиряпман. Шу билан бирга, бир қанча диний китоб­ларни араб тилидан таржима қилиш билан бандман. Аллоҳ насиб этса, буларнинг барчасидан ўқувчиларни тез орада баҳраманд этиш ниятидамиз, иншоаллоҳ.

Бобур МУҲАММАД 
суҳбатлашди.

 

Понедельник, 06 Ноябрь 2023 00:00

Юзларида сажда излари бор

«Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофир­ларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва рози­лик тилаб руку ва сажда қилаётган ҳол­ларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир. Мана шу (сифатлар) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. Уларнинг Инжилдаги мисол­лари эса, худди шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб ўз новдасида тик турган, деҳқонларни ажаблантирадиган ўсимликка ўхшайди. (Бу) улар сабабли кофирлар жаҳлини чиқариш учундир. Аллоҳ улардан имон кел­тириб, солиҳ амалларни қилган зот­ларга мағфират ва улкан мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ сураси, 29-оят).

Айрим кишилар: «Муҳаммад соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам барча инсонлардан, ҳатто пай­ғамбарлардан ҳам афзал эканига шуб­ҳа йўқ. Лекин нима учун у зотнинг муборак исмлари Қуръони каримда бор-йўғи 4 ўрин­да зикр этилган? Ваҳоланки, олдинги пай­ғамбарларнинг кўпчилиги, мисол учун, Нуҳ алайҳиссалом 40 марта, Лут алайҳиссалом 27 марта, Солиҳ алайҳиссалом 9 марта, Иброҳим алайҳиссалом 69 марта, Мусо алайҳиссалом 136 марта, Исо алайҳиссалом 35 марта эсланган. Шу билан бирга, Кало­муллоҳда “Эй Нуҳ; эй Лут; эй Иб­роҳим; эй Мусо; эй Ҳорун; эй Ҳуд; эй Солиҳ” дея пай­ғамбарларга мурожаат қилинган. Ле­кин сўнгги Пайғамбаримизга “Эй Муҳаммад!” дея хитоб қилинмаган. Бунинг боиси нима?» дейишади.

 Давоми бор...

Понедельник, 06 Ноябрь 2023 00:00

Қабр роҳати ҳақида

Ҳар доим қабр азоби ҳақида сўзлашадию, қабр роҳати ҳақида сўзланмайди.
Қабр неъматлари:
1. Унга жаннат тўшакларидан тўшаб берилади.
2. Унга жаннат либосларидан кийдирилади.
3. Унга шамол, насими келиб туриши, хушбўй ҳидларидан ҳидлаши ва унга қараб кўзлари қувнаши учун жаннатдан бир эшик очиб берилади.
4. Қабри унга кенгайтириб берилади, унинг ҳиди хўшбўйлик ҳиди каби бўлади.
5. Унга Аллоҳнинг розилиги ва жаннатининг хушхабари бериб турилади. Шу сабабли ҳам у қабр соҳиби қиёмат келишига муштоқ бўлади.
Имом Аҳмад ва Абу Довудлар ривояти.
6. Жаҳаннамдаги ўрни кўрсатилиб, Аллоҳ таоло унга жаннатдаги ўрин билан алиштириб берилганини кўрсатилганидан кейинги унинг сурури
Имом Аҳмад ривояти.
7. Қабрда худди куёв боладек ухлаб ётади ва қабри нурлантириб қўйилади.
Имом Термизий ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доим Аллоҳ таолодан қабр азобидан паноҳ сўрар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида: «Аллоҳим! Сенинг ила қабр азобидан, дўзах азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ва Масийҳ Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман», дер эдилар.
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилган.

Инсон умри поёнига етиб қабрга дафн этилгач, унинг жони яна қайта жасадига киради. Бу масалада баъзи аҳли илмлар таваққуф қилиб қатъий қарорга кела олмаган бўлсаларда, лекин аксар уламоларга кўра бу ҳақиқатдир.

Понедельник, 06 Ноябрь 2023 00:00

Икки хил тоифадаги йигит

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй ёшлар жамоаси, шуни билингки, Аллоҳ таоло Ўзининг фазлини ато қилишда ҳеч кимни унутмайди.
«Тавба қилувчи ёш йигитдан кўра, Аллоҳ таолога маҳбуброқ нарса йўқ».
Кунларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга хитоб қилиб: «Аллоҳга қасамки, эй Муоз, албатта, мен сени яхши кўраман». Ундан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, агар бир йигит Аллоҳ таоло уни яхши кўришини ҳис қила олса, у ҳам осмонлару ернинг яратувчиси бўлган Аллоҳ таолони яхши кўриб қолади. Аллоҳга қасамки, банда учун бундан ортиқ мақом борми?
Аллоҳ таоло фаришталарга айтади: «Бандамни кўринглар, Мени деб шаҳватини тарк этди».
Айни гуллаган, шаҳвати қайнаб турган пайтида кўзини ҳаромдан тийиб, Аллоҳнинг байтига қатнаб, барча гуноҳ маъсиятлардан узоқ юриб, ҳаром нарсалардан ўзини тийиб, Аллоҳ таолодан қўрқиб юрган ёш йигит уйланиш масаласида ҳаддан ошган, аёллар билан айшу ишрат қилиб юрадиган, бир аёлга уйланса, кўп яшамай тезда ажрашиб кетадиган йигитлардек йўл тутмайди. Буни ақл ҳам кўтармайди.
Баъзи ҳадисларда: «Аллоҳ таоло хотини билан узоқ яшамайдиган, тез уйланиб, тез ажрашадиган эркакларни ва эри билан кўп яшамайдиган, тез эрга тегиб, тез ажрашадиган аёлларни лаънатласин» деган ривоят келади. Шунингдек, Аллоҳ таоло хотини билан узоқ яшамайдиган, тез уйланиб, тез ажрашадиган эркакларни ва эри билан кўп яшамайдиган, тез эрга тегиб, тез ажрашадиган аёлларни яхши кўрмаслиги ҳадисларда ворид бўлган. Баъзилар бу ҳадисларни заиф дейишган. Аллоҳдан қўрқадиган йигит эса покдомон бўлиб, унинг иффати, ҳаромдан кўзинин тийиши у учун шараф белгиси ҳисобланади.
Аллоҳ таоло тавба қилувчи, кўзини ҳаромдан сақловчи, пок йигит билан ҳаромга боқувчи, ёмон жойларда юрувчи, тонггача ухламай интернетда беҳуда нарсаларни томоша қилиб ўтирадиган ёки беҳаё фильмлар кўрадиган йигитга бир хил муомала қилиши ақлга тўғри келадими? Ушбу саволга ечим сифатида мана бу оятларни келтирамиз:

أَمْ حَسِبَ الَّذِينَ اجْتَرَحُوا السَّيِّئَاتِ أَن نَّجْعَلَهُمْ كَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَوَاءً مَّحْيَاهُمْ وَمَمَاتُهُمْ سَاءَ مَا يَحْكُمُونَ

«Наҳотки, ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини ўйласалар?! Қилаётган ҳукмлари нақадар ёмон!» (Жосия сураси, 21-оят).
أَفَمَن كَانَ مُؤْمِنًا كَمَن كَانَ فَاسِقًا لَّا يَسْتَوُونَ
«Ахир мўмин бўлган одам фосиқ бўлган одам каби бўлурми?! Тенг бўлмаслар» (Сажда сураси, 18-оят).

أَفَنَجْعَلُ الْمُسْلِمِينَ كَالْمُجْرِمِينَ

«Мусулмонларни жиноятчиларга ўхшатиб қўярмидик?!» (Қалам сураси, 35-оят).

مَا لَكُمْ كَيْفَ تَحْكُمُونَ

«Сизга нима бўлди?! Қандай ҳукм қилмоқдасиз?» (Қалам сураси, 36-оят).

ذَلِكَ جَزَيْنَاهُم بِمَا كَفَرُوا وَهَلْ نُجَازِي إِلَّا الْكَفُورَ

«Уларни ношукрлик қилганлари учун, ана шундай жазоладик. Биз фақат ўта ношукрларгагина жазо берурмиз». (Сабаъ сураси, 17-оят).

فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ

«Бас, ким зарра вазнича яхшилик қилса ҳам кўрадир» (Залзала сураси, 7-оят).

وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ

«Ва ким зарра вазнича ёмонлик қилса ҳам кўрадир» (Залзала сураси, 8-оят).
Аллоҳ таоло ёшларимизни ибодатда, ҳаромдан кўзни тийишда, фаҳшдан сақланишда, қалблари масжидга боғлиқ бўлишда ва иффатни сақлашларида барчамизга ибратли бандаларидан қилсин!
Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг видеосуҳбатларидан


Нозимжон Ҳошимжон таржимаси.
Маҳмуд Баҳром оққа кўчирди.

 

Страница 50 из 301
Top