muslim.uz
Алвидо Қуръон ойи - Рамазон
Яратган Роббимизга шукрларимиз бўлсинки, мана Қуръон ойи бўлган Рамозон ойи ўз поёнига етиб бормоқда. Бу муборак ойда қўлларимиздан келганича эзгу савоб ишларга интилдик ва Аллоҳ тақдир қилганича муяссар бўлдик. Ана шундай гўзал амаллардан бири Қуръони карим тиловатидир. Ким Қуръони карим тиловатини кўпайтирган бўлса, улар учун қиёмат кунидаги шафоат муборак бўлсин, барокатли бўлсин деймиз!!! Чунки улар рўза ва Қуръон орасини жамлаган бўладилар. Зотан Қуръон ва рўза қиёмат куни мўмин кишини шафоат қилишади. У кун камчилик ва нуқсонга йўл қўйган банда учун ҳасрат ва надомат кунидир. Жидди-жаҳд ва қўл шимарган кишилар учун эса саодат ва шафоат кунидир.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الصِّيَامُ وَالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، يَقُولُ الصِّيَامُ : أَيْ رَبِّ، مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ، فَشَفِّعْنِي فِيهِ، وَيَقُولُ الْقُرْآنُ : مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ، فَشَفِّعْنِي فِيهِ. قَالَ : فَيُشَفَّعَانِ). أخرجه أحمد بسند صحيح
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза ва Қуръон қиёмат кунида бандани шафоат қилишади. Рўза айтади: Эй, Раббим! Мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тийдим, мени унга шафоатчи қилгин. Қуръон айтади: Мен уни кечаси уйқудан тийдим, мени унга шафоатчи қилгин. Шунда уларни шафотчи қилишади”, дедилар. (Бу ҳадисни имом Аҳмад (роҳматуллоҳи алайҳ) саҳиҳ санад билан ривоят қилган).
Яна бошқа ривоятда:
عن أبي أمامه - رضي الله عنه - قال: سمعت رسول الله - صلى الله عليه وسلم - يقول: (اقرؤوا القرآن فإنه يأتي يوم القيامة شفيعاً لأصحابه، اقرؤوا الزهراوين: البقرة وسورة آل عمران، فإنهما تأتيان يوم القيامة كأنهما غمامتان أو كأنهما غيايتان أو كأنهما فرقان من طير صواف تحاجان عن أصحابهما، اقرؤوا سورة البقرة فإن أخذها بركة، وتركها حسرة، ولا يستطيعها البطلة)، والبطلة هم الشياطين والسحرة. رواه مسلم.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қуръонни қироат қилинглар, чунки у қиёмат кунида ўз соҳибини шафоат қилиш учун келади. Қуръондан Заҳровайн- (яъни) Бақара ва Оли Имрон сураларини қироат қилинглар, чунки улар қиёмат кунида худди иккита соя соладиган булут ёки ўз соҳибини ҳимоя қиладиган бир тўп қушлар каби келадилар. Бақара сурасини қироат қилинглар, чунки уни олиш барака ва уни тарк этиш ҳасратдир. Унга батала – (яъни шайтонлар ва сеҳргарлар)нинг кучи етмайди”, деганларини эшитдим, деди (Имом Муслим ривояти).
Зеро, биз рўза ойида энг яхши фойда оладиган нарса Қуръон қироати ва у ҳақда тадаббур қилиш ҳисобланади. Шундай экан Қуръонга бепарво бўлмайлик! Зеро, бошимизга Рамозон ойи келди, бу эса биз учун Аллоҳ таолонинг китобига қайтиш фурсатидир. Қандай қилиб шафоатга бепарво бўлган кишидан яхшилик умид қилиш мумкин.
Эй, рўзадор ва ибодатда қоим бўлувчи азизлар! Балки сизу биз ўтказаётган бу Рамозон ойи мусулмон уммати Аллоҳ таолонинг улуғ китобига ишончли қайтиш заруратини эслаётган кунлар бўлса не ажаб! Аллоҳ таоло бу ойни Қуръон нозил қилиш ила шарафи қилди. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 185-оятида:
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَان... البقرة-185.
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”, дея марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло Ўзининг азиз китобини инсоният эргашиши ва уни мустаҳкам тутиши учун нозил қилган. Чунки у қувват ва азизлик манбаи, хотиржамлик ва мартаба асосидир. Унда ҳидоят ва нур бўлиб, ким унга ҳақиқий иймон келтирса, ишонса ва тўғри ихлос қилса, Аллоҳ таоло уни ҳидоятга бошлайди, унга Ўз фазлидан ато қилади ва унга барча яхшиликларда кўмак беради. Ким халқлар орасида мартаба, шараф ва эсланишни истаса, ўзига Қуръонни лозим тутсин! Бу борада Аллоҳ таоло Зухруф сурасининг 44-оятида:
وَإِنَّهُ لَذِكْرٌ لَكَ وَلِقَوْمِكَ وَسَوْفَ تُسْأَلُونَ
Албатта, у (Қуръон) Сиз учун ҳам, қавмингиз (умматингиз) учун ҳам шарафдир ва яқинда (қиёматда ҳаммангиз) сўралурсиз”, деб марҳамат қилади.
Шунингдек, У зот Анбиё сурасининг 10-оятида:
نْزَلْنَا إِلَيْكُمْ كِتَابًا فِيهِ ذِكْرُكُمْ أَفَلَا تَعْقِلُونَ
Дарҳақиқат, сизларга Китоб (Қуръон) нозил қилдик. Унда сизларнинг зикрингиз бордир. (Буни) англамайсизми?!”, деган. Яъни унда ким ер юзида халифа (Аллоҳ таолонинг ердаги ўринбосари) бўлиш, хотиржам яшаш ва душманларга ғолиб бўлишни хоҳласа, ўзига Қуръонни лозим тутади, уни тиловат қилади, тадаббур қилади ва унга қўлидан келганча амал қилади. Чунки унинг ҳукмлари дунё ва охиратда мартабадир. Бу қандай улуғ икромдир!
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам ва ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Қуръонни қийналиб ўқиган киши учун икки ажр бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Иймоннинг нури тоатлар билан зиёда бўлганидек, гуноҳлар сабаб камаяди. Иймон нурининг зиёда бўлишида энг афзал сабаб Қуръон карим тиловатидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Анфол сурасининг 2-оятида:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آَيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ
Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган”, деган.
Шу билан биргаликда, Қуръон қалб касалликларининг энг самарали давосидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Юнус сурасининг 57-оятида:
“ يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
“Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди”, деб марҳамат қилган.
Албатта, Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан берилган мавъизадир. Дунёда Қуръон оятларидан ҳам балоғатлироқ ваъз борми, ўзи? Қуръонда Аллоҳ таоло томон юриш йўл-йўриқлари очиқ-ойдин кўрсатиб берилган. Кимда-ким, Аллоҳ таоло томон ишончли ва тўғри йўлдан юришни истаса, ўзига Қуръонни лозим тутади. Бу борада Аллоҳ таоло Таквир сурасининг 27-28-оятларида:
“ لِمَنْ شَاءَ مِنْكُمْ أَنْ يَسْتَقِيمَ,إِنْ هُوَ إِلَّا ذِكْرٌ لِلْعَالَمِينَ
У (Қуръон), ҳақиқатан, бутун олам (халқи) учун эслатмадир. Орангиздаги тўғри йўлда бўлишни хоҳлаган кишилар учун (албатта)”, деган.
Қуръони карим унинг йўлидан юрувчилар учун шак-зулумат йўлларидан ҳақ-ҳидоят йўлини ажратиб берувчи, нурафшон йўлдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Моида сурасининг 15-16-оятларида:
يَا أَهْلَ الْكِتَابِ قَدْ جَاءَكُمْ رَسُولُنَا يُبَيِّنُ لَكُمْ كَثِيرًا مِمَّا كُنْتُمْ تُخْفُونَ مِنَ الْكِتَابِ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ قَدْ جَاءَكُمْ مِنَ اللَّهِ نُورٌ وَكِتَابٌ مُبِينٌ
Эй, аҳли китоблар! Сизларга расулимиз (Муҳаммад) келиб, Китобдаги кўпгина сиз яширган (оятлар)ни сизларга баён қилмоқда ва (хатоларингизнинг) аксариятини афв этмоқда. Аллоҳдан сизларга Нур ва равшан Китоб келдики,
يَهْدِي بِهِ اللَّهُ مَنِ اتَّبَعَ رِضْوَانَهُ سُبُلَ السَّلَامِ وَيُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ بِإِذْنِهِ وَيَهْدِيهِمْ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ
у билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур, деб марҳамат қилган.
Шунингдек, банданинг Аллоҳ таоло томон йўл топиши Аъроф сурасининг 203-оятида:
هَذَا بَصَائِرُ مِنْ رَبِّكُمْ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُون
َ “Бу (Қуръон) иймон келтирадиган қавм учун Раббингиздан кўрсатмалар, ҳидоят ва раҳмат (манбаи)дир”, деб баён этилган.
Кимда-ким, Қуръон йўлидан юрса, сироти мустақимни лозим топган бўлади, бу борада Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 174-оятида:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَكُمْ بُرْهَانٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكُمْ نُورًا مُبِينًا
“Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ҳужжат (Пайғамбар ва мўъжизалар) келди. Сизларга яна равшан нур (Қуръон)ни ҳам нозил этдик”, деб марҳамат қилган.
Албатта, Қуръон улуғ неъматдир. Аллоҳ таоло Анкабут сурасининг 51-оятида:
أَوَلَمْ يَكْفِهِمْ أَنَّا أَنْزَلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ يُتْلَى عَلَيْهِمْ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَرَحْمَةً وَذِكْرَى لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ
“Ахир, уларга тиловат қилинаётган (шу) Китобни Биз Сизга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?! Албатта, бу (Китоб)да имон келтирадиган қавм учун раҳмат (мўъжиза) ва эслатма бордир”, деган.
Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу айтади: “Ким имкони борича, Аллоҳ таолога яқинлашмоқчи бўлса, албатта, У зотга ҳаргиз Ўз каломичалик бошқа бирор нарса билан яқинлаштира олмайди”.
Қуръон карим энг афзал ваъз ва энг буюк эслатмадир. Бу нарсалар ким учун ўзи? Аллоҳ таоло Аъло сурасининг 10-оятида:
سَيَذَّكَّرُ مَنْ يَخْشَى
“(Аллоҳдан) қўрқадиган киши эслатма олар”, деган. Яна, Аллоҳ таоло Ҳуд сурасининг 103-оятида:
إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِمَنْ خَافَ عَذَابَ الْآَخِرَةِ ذَلِكَ يَوْمٌ مَجْمُوعٌ لَهُ النَّاسُ وَذَلِكَ يَوْمٌ مَشْهُودٌ
“Албатта, бунда охират азобидан кўрққанлар учун ибрат бордир. Бу кун одамлар тўпланадиган ва ҳозир бўлинадиган кундир”, деган. Қўрқадиганлар Қуръондан манфааат олиб, у сабаб хавф ва қўрқинчи зиёда бўладиган кишилардир.
Аллоҳ таолонинг Қуръон учун хос танлаб олган, уни чуқур биладиган ва унинг ҳукм ва кўрсатмаларига тўлиқ амал қиладиган Қуръон аҳли бўлган бандалари бор. Аллоҳ таоло сиз-бизни ўшандай зотлардан қилсин!
Аллоҳ таоло шоҳидки, унга Қуръон карим муҳаббати кирмаган бирор банданинг қалби йўқки, унинг ортидан уни ҳаётга татбиқ қилиш жараёни кечмаган бўлса. Агар инсон қалбига унинг муҳаббати кирар экан, у бу билан қаттиқ таъсирланади. Инсоннинг саодатли ва ҳақиқий иймонли эканининг аломати ҳам Қуръонни севиш, уни эшитиш, тиловат қилишни ёқтириш, у билан ҳаёт кечириш ва яшаш демакдир. Қуръон билан салафи-солиҳларимиз бахтли бўлишган, зафар қучишган ва мукаррамликка эришишган. Аллоҳ таоло уларга иймон ҳаловатини шундай татитган эдики, натижада улар Қуръондан зикр, шукр, тўғри сўз, асосли иш каби жараёнларда фойдаланиб, пок, ёқимли ва розий ҳаёт кечиришган. Буларнинг ҳаммаси улар Қуръон билан бирга бўлишганида рўёбга чиққан.
Кимда-ким Қуръон билан бирга бўлса, Аллоҳ таоло ўша банда билан бирга бўлади. Кимда-ким Қуръон билан бирга яшаса, Аллоҳ таоло унинг қалбини Қуръон билан тирилтириб қўяди. Инсон қалбини Қуръони каримчалик бошқа бирор нарса жонлантира олмайди. Инсон қалбини Роҳманнинг каломидан бошқа бирор нарса нурофшон ва чароғон қила олмайди. Агар қалблар Қуръон билан бахтни ҳис қилмаса, ундан ўзга яна нима билан роҳатланиши мумкин?! Агар қалблар Қуръон билан ҳидоятланмаса, ундан бошқа яна нималар билан ҳидоятланиши мумкин?! Бу борада Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 185-оятида;
فَبِأَيِّ حَدِيثٍ بَعْدَهُ يُؤْمِنُونَ
“Ундан (Қуръон инкоридан) кейин (яна) қайси гапга ишонар ҳам эдилар?!”, деб марҳамат қилган.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Жасия сурасининг 6-оятида:
فَبِأَيِّ حَدِيثٍ بَعْدَ اللَّه وَآَيَاتِهِ يُؤْمِنُونَ
“Бас, улар (Макка кофирлари) Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб, қайси сўзга иймон келтирмоқдалар ўзи?!”, деган.
Бу ўзи “қайси сўз”?, бу улуғ оят бўлган, етук ҳидоят бўлган ва Аллоҳ таоло томонидан улуғ мукофот сифатида берилган ҳидоят асоси бўлган Қуръони каримдир.
Бу ўзи “қандай ҳидоят”?, бу-ким у билан бирга яшаса, саодат лаззатини топадиган, барокотли, ёқимли ҳаёт кечирадиган ва уни ҳаётда татбиқ этилган ва тиловатини ёдда сақлаб келинган Қуръони каримдир.
Қуръон ўқувчи киши қалб қоралиги нималигини билмайди. Кечаларни Қуръон қироати билан қойим қилиш қалбни мулойим қилади. Аввалида қалбда озгина қоралик бўлиши мумкин, лекин озгина фурсатдан кейин эса инсон қалби юмшайди. Қуръон бор қалбда қоралик қолмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 23-оятида;
اللَّهُ نَزَّلَ أَحْسَنَ الْحَدِيثِ كِتَابًا مُتَشَابِهًا مَثَانِيَ تَقْشَعِرُّ مِنْهُ جُلُودُ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ ثُمَّ تَلِينُ جُلُودُهُمْ وَقُلُوبُهُمْ إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ ذَلِكَ هُدَى اللَّهِ يَهْدِي بِهِ مَنْ يَشَاءُ
“Аллоҳ гўзал Сўзни (оятлари балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ҳукмлари) такрор-такрор келувчи бир Китоб (Қуръон) қилиб нозил қилдики, ундан (ўқилганда) Парвардигоридан қўрқадиган зотларнинг терилари (баданлари) титраб кетар, сўнгра терилари ва диллари Аллоҳнинг зикрига юмшар (мойил бўлур)”, деб марҳамат қилган. Агар сиз Қуръон билан яшасангиз ва ҳаёт ўтказсангиз, ёқимли ҳаётни қўлга киритасиз!
Аллоҳим бизни Қуръонни ҳақиқий улуғлайдиган, муташобиҳларига иймон келтирадиган, ҳукмларига амал қиладиган, у ҳалол деганини ҳалол, ҳаром деганини ҳаром дейдиган аҳли Қуръонлардан қилсин!
Аллоҳ таоло Исро сурасининг 9-оятида;
إِنَّ هَذَا الْقُرْآَنَ يَهْدِي لِلَّتِي هِيَ أَقْوَمُ وَيُبَشِّرُ الْمُؤْمِنِينَ الَّذِينَ يَعْمَلُونَ الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ أَجْرًا كَبِيرًا
“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур”, деб марҳамат қилган.
Хулоса ўринида бизнинг табаррук Юртимиз аҳли Аллоҳнинг каломига жуда муҳаббатли халқ ҳисобланади. Мана бир ой мобайнида тунлари бедор бўлиб таровеҳ намозларида Қуръони каримни тилавотларини тингладик, ҳузур қилдик. Бу олган малакамиз келаси Рамазонгача қувват ва дарс бўлишида Аллоҳ ҳимматларимизни баланд қилсин. Эшитган ва ўқиган Қуръонларимиз ўтганларимизга нур, ҳаётларимизга сурур ва Ватанимизга барака бўлишини ҳам насиб этсин. Яратган барчаларимизни келаси Рамазон ойига соғу саломат етказсин. Бундай муборак кунларни кўпига шоҳид қилсин!
Жалолиддин Ҳамроқулов
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири
Рамазоннинг oхирги куни
Бизларни Ўзига ибодат қиладиганлардан қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ҳаётнинг барча жабҳаларида бизларга намуна бўлган ислом минорасини кўтарган зот Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.
Рамазон ойининг охирги кунларини ўтказмоқдамиз Рамазон кундузлари рўза тутиб, тунларда қоим, бедор бўлганлардан Аллоҳ таоло рози бўладиган ойдир. Жаннат эшиклари очилиб, шайтонлар занжирбанд қилинадиган ойдир. Бу ой аввали раҳмат, ўртаси мағфират ҳамда охири дўзахдан қутулиш бўлган улуғ ойдир. Бу ой ҳар тунда дўзахга кириши вожиб бўлган кимсаларнинг юз минги озод бўладиган буюк ойдир. Бу ой рўзадорларнинг нафаси Аллоҳ таоло ҳузурида мискдан-да xушбўй бўладиган муборак ойдир. Бу ой Аллоҳ таоло ва гуноҳкорлар ўтасида алоқа тикланиб гуноҳлар кечириладиган ойдир. Аллоҳ таоло бандаларидан ҳар бир солиҳ амалдан кейин истиғфор айтишини талаб қилади. Бу борада Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“…Дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи зотдир” (Наср, 3).
“…Аллоҳдан мағфират сўрангиз. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Бақара, 199).
Ҳа азизлар, Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи зотдир. Моҳи шариф Рамазон ойининг охирги куну тунларида барча нарсани билувчи, оламлар Раббисига боғланиб, истиғфор ва тавба қилиш билан машғул бўлишимиз лозим. Шояд Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечириб, бизларни янги туғилган чақалоқ каби гуноҳлардан пок қилса.
Қуръони каримда ўтган пайғамбарларнинг қавмларига айтган қуйидаги сўзлари келтирилади:
Нуҳ (алайҳиссалом):
“Бас, дедимки: «Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур” (Нуҳ, 10-12).
Ҳуд (алайҳиссалом):
“(Аллоҳ буюрадики), Раббингиздан мағфират (кечирим) сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур ва ҳар бир фазлли (карамли, сахий) кишига Ўз фазлини ато этур…” (Ҳуд, 3).
Сулаймон (алайҳиссаолом):
«Эй, Раббим! Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган бир мулк (ҳукмронлик) ато этгин! Сенинг Ўзинггина Ваҳҳоб (барча яхшиликларни ато этувчи)дирсан»” (Сод, 35).
Иброҳим (алайҳиссалом) умрларининг охирида:
“У жазо куни (қиёматда) менинг хатоларимни мағфират этишини умид қилурман”, деганлар (Шуаро, 82).
Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом) ва аёллари Ҳавво онамиз гуноҳ қилиб қўйганларида айтган сўзларини Қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Иккиси айтдилар: «Эй, Раббимиз! Биз ўзимизга (ўзимиз) зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз»” (Аъроф, 23).
Аллоҳ таоло истиғфор сўровчиларга шундай ваъда беради:
“Уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас” (Анфол, 33).
Аллоҳ таоло барча инсонларга шудай нидо қилади:
“(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир” (Зумар, 53).
Бу оят Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) таъбири билан айтганда, кофирлар учун ҳам, мўминлар учун ҳам баробар даъватдир. Зеро, куфр ва ширкдан шу дунёда тавба қилиб имон келтирган кишининг тавбаси ва имони қабул қилиниши аниқ. Шунингдек, мўмин бўла туриб, дарёнинг кўпигидек кўп гуноҳ қилган кимсанинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло ўз фазли билан кечиб юбориши мумкин экани ҳам оят ва ҳадислардан маълумдир (Шайх Абдулазиз Мансур).
Аллоҳ таоло гуноҳ қилиб қўйиб истиғфор айтиб, тавба қилган бандаларини мадҳ этиб шундай дейди:
“Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир. Айнан уларнинг мукофотлари – Парвардигорларидан мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари бўлиб, ўша жойда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!” (Оли имрон, 135-136).
Аллоҳ таолонинг раҳмати улуғлиги ва мағфирати чексиз экани ҳамда чин қалбдан қилинган дуоларни қабул қилиши ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
“У имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни (дуоларини) ижобат қилур ва уларга Ўз фазлидан зиёдалик ато қилур. Кофирлар учун эса қаттиқ азоб бордир” (Шуро, 25).
“Аллоҳга тавба қилиб, Ундан кечирим сўрамайдиларми?! (Ахир,) Аллоҳ кечиримли ва раҳмли зот-ку?!” (Моида, 74).
“Кимда-ким бирор ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан кечирим сўраса, Аллоҳнинг (қанчалик) кечирувчан ва раҳмли эканини идрок этади” (Нисо, 110).
Биз Рамазонда тавба қилмасак, қачон тавба қиламиз? Аллоҳ таолога Рамазонда қайтмасак, қачон қайтамиз? Ўз нафсимизни Рамазонда ҳисоб-китоб қилмасак, қачон ҳисоб қиламиз? Аллоҳ таоло қудсий ҳадисда: “Эй бандаларим, сизлар туну кун гуноҳ қилсаларинг ҳам Мен барча гуноҳларни кечирувчиман. Мағфират сўранг, мағфират қиламан”, деди.
Бугун истиғфор айтиладиган, гуноҳлардан фориғ бўлинадиган, Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлинадиган, дўзаҳдан озод бўлинадиган ойининг охирги кунидир. Бу фурсатни ғанимат билиб, тўлиқ фойдаланайлик. Ушбу тунда ўзимизни дўзаҳдан қутқарайлик, намозни, тавба ва истиғфорни кўпайтирайлик, яхшиликларга шошилайлик. Ким катта гуноҳ қилган бўлса, шу кунда афв қилинади. Ким ёмонлик қилган бўлса, бугун кечирилади. Келинглар, бугун Раббимиздан мағфират қилишини сўрайлик, илтижо қилайлик. Ким бу кундан фойдаланмаса пушаймон ва кўп надомат қилади.
Аллоҳ таоло бизларга дунё ва охиратда саодатни насиб қилсин. Умрнинг ҳар сониясини ғанимат биладиганлардан қилсин. Алвидо эй Рамазон. Алвидо эй таровеҳ, Алвидо эй раҳмат ойи.
Баҳриддин ПАРПИЕВ
Бу кунларда “йўл”га чиқиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди
Бугун, 13 июнь. Рамазоннинг 28 куни. Ҳамма саҳарлик қилиб, шодиёна руҳда тонг оттирди. Аммо Раббимиз бугун тонгда Ўзбекистон халқига, илм аҳлларига бошига оғир жудолик солганини кўпчилик ишга бораётиб йўлда эшитди. Машҳур воиз, нуктадон навоийшунос, етук муҳаррир, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 60 ёшида вафот этди...
Ҳозиргина кўзда ёш билан устознинг жанозасидан қайтдик. Минор масжиди фаолият бошлаганидан бери бунчалик кўп одамни кўрмаган бўлса керак. Ҳар жума шу ерга Анвар қорининг маърузасини тинглагани келиб, у кишининг маърузасидан тўлқинланиб кўзига ёш олган одамлар бугун унинг ўзининг тобутининг тепасида туриб кўз ёши қилдик.
Яҳудийлик, насронийлик ва Ислом динини қиёслаб ўрганган ҳинд олими – оти шу онда эсимга келмай қолди. “Мусулмонлар ўлим Аллоҳнинг ҳузурига бориш дейди. Унда улардан бири вафот этса нега йиғлайди?” деб ҳайрон бўлади. Бунинг жавоби оддий: мусулмонлар Анвар қоридек ажойиб воизидан, олимидан айрилгани боис ўзларининг ҳолига йиғлайди.
Бинобарин, биз бугунги айрилиқни мусибат деб эмас, жудолик деб атаганимизнинг сабаби ҳам шундадир.
Жалолиддин Румий ҳазратлари ўлимни висол кечаси деб таърифлаган. Бутун ҳаётини дини Исломга бағишлаган, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида Ислом маърифатини тарқатган, не-не адашган юртдошларимизни тўғри йўлга солиб қўйган, ана шу ишлари йўлида бир неча йил бурун қуролли ҳужумга ҳам учраган Анвар қори аканинг вафоти ана ўша ҳужум асоратидан бўлгани боис у кишининг мақоми ҳам шаҳид бўлди. Боз устига устоз рамазони шарифда жон таслим қилдики, бунинг ҳам ўзига хос фазилати бордир. Ана шундай гўзал хислатлар билан Парвардигоримизнинг ҳузурига йўл олган қори акамизга ўлим, ҳақиқатан, висол оқшоми бўлади, деган умиддамиз.
Жаноза намозини ўқишдан олдин қисқагина маъруза қилган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, жумладан, бундай дедилар: “Рамазон ойининг гуноҳлар кечириладиган даҳасида, Лайлатул Қадр кечалари ўтказилгандан кейин Аллоҳнинг ҳузурига бориш жамики мўмин-мусулмонларнинг орзусидир. Бундай кунлар кимларга насиб этади, кимларга насиб этмайди. Анвар қори акамиз узоқ вақт қаттиқ хасталикдан азият чекиб ётдилар. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг севган бандасига шундай дард бериб, ўша дардни унинг жамики гуноҳларига кафорат қилади. Раббимиз муҳтарам қори акамизни ана шу дард билан поклаб, Ўзининг ҳузурига гуноҳлари тўкилган ҳолда чорлади”.
Анвар қори Турсуновнинг ихлосмандлари қалбидан жой олган амри маъруфлари унинг ҳаққига абадий дуолар ёғилишига сабаб бўлади, иншоаллоҳ! Меҳрибон Парвардигоримиз устозни Ўз раҳматига олсин!
Дамин ЖУМАҚУЛ
Кўзи ожизлар билан суҳбат ташкил этилди
Бугунги кунда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳатлар жараёнида аҳолининг ҳеч бир қатлами эътибордан қолмаслигига имкон қадар ҳаракат қилинмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан турли даражадаги ногиронлиги бўлган кишилар билан ишлаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг диний соҳага доир билимларини ошириш мақсадида учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Жорий йилнинг 7 июнь куни Тошкент шаҳар Кўзи ожизлар жамияти аъзолари билан диний-маърифий ва ижтимоий масалалар ҳақида суҳбат ташкил қилинди.
Суҳбатда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Хусниддин Абдураҳманов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси Мунира Абубакирова, Тошкент шаҳар ҳокимияти вакили Дилбар Аҳмедова ва Тошкент шаҳри отинойилари иштирок этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Хусниддин Абдураҳманов Рамазон ойи билан барча иштирокчиларни табриклаб, бу ойнинг фазилати ҳақида маъруза қилди. Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов ҳозирги олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди. Шундан сўнг Кўзи ожизлар жамиятининг бир нечта аъзолари ишсизлик, уй-жой масалалари борасида саволлар билан мурожаат қилишди. Саволларга Шуҳрат Турдиқулов жавоб бериб, ижобий ҳал қилиниши ҳақида сўзладилар. Баъзи жамият аъзоларининг коммунал тўловлардан қийналаётганликлари ҳақида ёзма мурожаат қилишди. бу масала Чилонзор тумани бош имом-хатиби Хусниддин Абдураҳманов томонидан ҳал қилинди. Жамиятнинг ёши катта аёл ва эркакларидан ташқари, ёшларда ҳам илм олиш ва Қуръонга бўлган муҳаббатлари ҳақида сўзлаб беришди. ЎМИ мутахассиси Мунира Абубакирова яқин кунларда Кўзи ожизлар жамияти аъзолари учун Қуръон курслари очилиши ҳақида маълумот берди. Иштирокчилар ўтказилаётган тадбирдан хурсандликларини, бундай учрашувлар тез-тез бўлишини таклиф қилдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
13 июнда Тошкент шаҳрида хатмоналар якунланади
Бугун 13 июнь санасида Тошкент шаҳрининг қуйидаги масжидларида Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:
1. “Катта қозиробод” жоме масжиди.
(Чилонзор тумани, Катта Қозиробод маҳалласи, Чилонзор кўчаси, 82а-уй. Мўлжал: "Бунёдкор" стадиони.)
Масжид имом-хатиби: Юнусов Абдуқаҳҳор
Қорилар: Мирзаев Шамсиддинхон Мухаммадулло ўғли, Нурмухаммедов Алишер Ражаб ўғли
2. “Фирдавс” жоме масжиди.
(Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Боғкўча маҳалласи 21а-уй. Тел.: +998 71 242 25 08, +93 539-72-33)
Масжид имом-хатиби: Сатторов Бахтиёр
Қорилар: Рахмонберди Абдулазиз Рустамжон ўғли
3. “Маҳкамбой ҳожи ота” жоме масжиди.
(Манзил: Учтепа тумани, Оқшом кўча, 25А-уй. Тел. :+998 71 228-63-35, +98 367-59-60)
Масжид имом-хатиби: Зокиров Ҳабибуллоҳ
Қорилар: Мирзақулов Ғайрат Шербаевич, Саипов Баходир Юлдашевич, Йўлдошев Муҳаммадамин Шуҳрат ўғли.
4. “Нўғойқўрғон” жоме масжиди.
(Сирғали тумани, Нўғойқўрғон маҳалласи, Султонхўжанов кўчаси 34-уй. Тел: +998 71 215 84 70, +90 946-68-71)
Масжид имом-хатиби: Қултоев Ёрқинбек
Қорилар: Уралов Мансур Уролович, Муртазаев Аҳлиддин Абдумажид ўғли
5. “Омина” жоме масжиди.
(Манзил: Юнусобод тумани, Обод маҳалласи, Ўртасарой кўчаси 30 уй. Тел.: +90 374-28-07)
Масжид имом-хатиби: Ҳамидов Маъруфхўжа
Қорилар: Обиджонов Машҳурбек, Шодиев Юсуф
6. “Қатортол” масжиди.
(Манзил: Чилонзор тумани, 2-Қатортол маҳалласи, Машраб 1-тор кўчаси, 2а-уй. Тел. : +998 93 509-17-27)
Масжид имом-хатиби: Алимов Аброр
Қорилар: Алимов Аброр Афзалжонович
7. “Иброҳимбой ва Орифжонбой” масжиди.
(Олмазор тумани, «Гузар боши» маҳалласи, Ҳуррият кўчаси 23-уй. Тел. : +90 935-56-38, +97 711-12-48)
Масжид имом-хатиби: Холмурзаев Элмурод
Қорилар: Жўрабоев Икромжон Абдуллажон ўғли, Холиқов Мансур Қўчқоралиевич, Турғунбоев Абдулло Бахтиёр ўғли
8. “Салом” масжиди.
(Манзил: Олмазор тумани, Зарқайнар кўча 74-уй. Тел: +998 98 570 12 22)
Масжид имом-хатиби: Камолов Музаффар
Қорилар: Азимов Дилмурод Неъматович, Аминов Муҳаммадисмоил Раҳматуллоҳ ўғли, Давлатов Ҳикматуллоҳ Нормўминович, Худойбердиев Фаррух Аманкелдиевич.
Хатми Қуръон савоблари таниқли олим, марҳум устоз Анвар қори Турсуновга бағишланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.