Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев: Аҳолини уй-жой билан таъминлаш доимий эътиборимизда

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташрифи давомида бир қатор объектларда бўлиб, вилоят иқтисодини кўтариш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган қатор лойиҳалар билан танишмоқда. 

Кейинги манзил Жиззах шаҳари, Мустақиллик кўчасида барпо этилаётган кўп қаватли арзон уй-жойлар бўлди. 

Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан бапо этилаётган мазкур уй-жойлар аҳолининг кенг қатлами учун замонавий ва шинам уйлардан фойдаланиш даражасини тубдан ошириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилмоқда. Бундай замонавий уйлар юртимиз кўркига кўрк қўшиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, одамларда давлатга, эртанги кунга ишонч туйғусини янада мустаҳкамламоқда.

Қарорга мувофиқ, 2018-2020 йилларда шаҳарларда қарийб 43,5 минг квартира қурилиши режалаштирилган. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида уй-жойларнинг тарифидан келиб чиқиб, 10 фоиздан 40 фоизгача миқдоридаги сумма бошланғич бадал сифатида белгиланди. 

Жиззах шаҳрида қурилаётган мазкур уй-жойларни жорий йилнинг сентябрь ойида тўлиқ фойдаланишга топишириш кўзда тутилган. 7 қаватли, 420 хонадонга мўлжалланган уйлар 2 ва 3 хонали. 

Шаҳар кўркига кўрк қўшаётган 10 та бу уйлар эски, ҳеч бир шароити йўқ, пастқам уйларда яшаётган аҳолини босқичма-босқич замонавий уйлар билан таъминлаш имконини беради. 

Президентимиз янги қурилаётган уй-жойлар лойиҳалари билан танишди. 

Шу ерда Шавкат Мирзиёевга вилоятда олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шароф Рашидов туманидаги Учтепа шаҳарчасида кўп қаватли турар жой биноларининг жойлашув лойиҳаси, мазкур тумандаги “Тоқчилик” ҚФЙ ҳудудида барпо этилаётган замонавий 3-4 қаватли, 2-3 хонали арзон уй жойлар массиви лойиҳаларида аҳоли эҳтиёжи ҳисобга олинган бўлиб, қурилиш ишларини босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган. 

Бундан ташқари Жиззах шаҳридаги Ислом Каримов кўчаси бўйлаб қуриладиган инфратузилма объектлари, кўп-қаватли турар жойлар, Сайлжойи маҳалласи ҳудудидаги 37-сонли мактабгача таълим муассасаси биносини қайта таъмирлаш каби қатор истиқболли лойиҳалар тақдим қилинди. 

– Жиззах шаҳрида қурилиш ишлари авжига чиқмоқда. Шунинг учун бу ерда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш керак, – деди давлатимиз раҳбари. – Ана шунда қурилаётган биноларнинг нархи арзонга тушади. 

Президентимиз Жиззах вилоятининг ичимлик сув тизимини ривожлантириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича барча манбааларни ишга солиш бўйича мутассадиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

Жиззах вилояти кўп қаватли уй-жой фондини таъминлаш дастурига асосан 2017 йилда 345 та кўп қаватли уй-жой таъмирлаган. Бу ишларни амалга оширишда 11 та тижорат банки томонидан 16,3 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. 2018 йилда 409 та кўп қаватли уй-жой ва уларнинг атрофини ободонлаштириш кўзда тутилган. Ушбу мақсадларга 59,6 миллиард сўм маблағ жалб этилади. 

Шавкат Мирзиёев лойиҳалар билан батафсил танишди. Мутасаддиларга ажратиладиган маблағлар, қурилиш ишларини якунига етказииш муддатини назорат қилишни топширди. 

Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи давом этмоқда.  

 

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА
3881 марта ўқилди

Янгиликлар

Top