Ўзбекистон янгиликлари

Эътибордан масрур кўнгиллар

 

Аввал Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент шаҳар ҳокимияти, "Аёллар маслаҳат марказ"и билан ҳамкорликда гапириш ва эшитиш қобилиятлари чекланган шахслар учун хайрия тадбири ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик. Кар-соқовлар жамиятининг аъзоси Моҳира Кубаева ушбу тадбир ҳақида ўзининг дил изҳорларини шундай баён қилди:
– Яратганга шукр, бугунги кунда ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолмаяпти, барча соҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқин кунларгача кар, соқовлар жамиятига аъзо ҳар бир инсонга эътиқод масаласида, соф Ислом динини ўрганиш борасида етарли билим олишга эътибор қаратилмагани ҳам сир эмас. Шунинг учун ҳам ўзи мусулмон бўлиб, миссионерликка кириб кетганлар сони кўпчиликни ташкил қилган эди. Отаси мусулмон ҳолида вафот этсада, масиҳийликда бўлган ўғли насронийларни қабристонига олиб бораман, деб қаршилик қилади. Қизлари черковга бораётганини билган ёлғиз она тўғри йўлга сололмай оилавий низолар келиб чиқади. Миссионерликни танлаганлар орасида оилавий низолар кўпайиб, кўпчилиги эса ачинарли ҳолдадир.
Миссионерликка кириб кетганларга Аллоҳнинг улуғлигини, Исо алайҳиссалом ҳам бир пайғамбар эканини, Ислом дини охирги илоҳий дин экани, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом сўнгги пайғамбар эканлари ҳақида тушунтирилса, улар “Бизга ислом дини ҳақида тушунтирадиган жойлар йўқ, ота-оналаримиз ҳам тушунтириб бера олмайди. Черковда эса масиҳийлик ҳақида тушунтирадиган сурдо таржимонлар бор. Бизларга махсус байрамлар, сайёҳатлар ташкиллаштиришади”, деб жавоб қайтаришарди.

 

 

 

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва жамияти ҳамкорлигида олиб борилаётган хайрли ишлар кар-соқов мусулмонлар қалбида ҳам ҳаётга ижобий ёндашиш, Ислом динини ўрганиш, намоз, рўза, закот ва ҳаж амалларини бажаришга иштиёқ ва ғайрат пайдо қилмоқда.
Бошқа динга кирганлар эса тавба қилишиб, исломга киришмоқда. Оилаларда, болалар тарбиясида, қариндош-уруғчиликда, эр-хотин муносабатларида ижобий томонга ўзгаришлар бўлиб, бир-бирига ҳурмат, меҳр-шафқат ҳисси пайдо бўлмоқда.

 

 

 

Бизга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар, эътибор ва меҳрдан кўнглимиз кўтарилиб, динимизга бўлган муҳаббатимиз яна ортиб боряпти. Неча йиллардан бери биз орзу қилган ниятларимизни амалга оширган, ҳар биримизга ҳидоят ва тавфиқ берган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин! Ушбу эзгу ишларимиз қиёматга қадар давомли бўлсин! Дуоларимиз ва ибодатларимизни Ўзи даргоҳида қабул қилсин! Мана шу каби хайрли тадбир ва зиёратларни ташкил этаётганларга алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Улар бизни ҳам шу юртда яшаётган бошқа мусулмонлар сингари ўзимизни мусулмонлик вазифаларимиз, дуо-ю ибодатларимиз, зиёратларимизни мукаммал бўлишида йўл-йўриқ, маслаҳат ва тавсияларини бериб келишмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, кўрсатилаётган эътибордан қалблар сурурга тўлиб, имонлар мустаҳкам бўлиб хайрли ишлар тепасида турган муҳтарам Президентимиз, барча мутасаддилар, диний идора раҳбариятининг ҳақига кўпдан-кўп дуолар қилинмоқда.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

2915 марта ўқилди

Янгиликлар

Top