muslim.uz
30.03.2018 й. Фолбинларга ишонманг
بسم الله الرحمن الرحيم
ФОЛБИНЛАРГА ИШОНМАНГ
Муҳтарам биродарлар! Жамиятимиздаги баъзи кишилар ружу қўйган, эътиқодга зид бўлган амал фол очтириш, фолбинлик билан шуғулланишдир. Динимизда фолбинларга ишонишдан қаттиқ қайтарилган ва буни ширкка тенглаштирилган. Чунки, фолбин ғайбни билишини даъво қилади, фолбинга борган эса, бунга ишонади ва оқибатда иккиси ҳам оғир гуноҳкор бўлади. Аллоҳ асрасин, ҳатто бу ҳолатда имондан чиқиши ҳам мумкин. Зеро, Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қилганлар:
عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أَنْزَلَ عَلَى مُحَمَّدٍ
(رواه الامام الترمذي)
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапига ишонса Муҳаммад с.а.в.га нозил бўлган нарсага кофир бўлибди” (Имом Термизий ривояти). Ғайбни билиш ва инсонларнинг тақдири борасидаги илмлар фақатгина Аллоҳ таолога хосдир. “Аъроф” сурасининг 188-оятида шундай дейилган:
قُلْ لَا أَمْلِكُ لِنَفْسِي نَفْعًا وَلَا ضَرًّا إِلَّا مَا شَاءَ اللَّهُ وَلَوْ كُنْتُ أَعْلَمُ الْغَيْبَ لَاسْتَكْثَرْتُ مِنَ الْخَيْرِ وَمَا مَسَّنِيَ السُّوءُ إِنْ أَنَا إِلَّا نَذِيرٌ وَبَشِيرٌ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ
яъни: “Айтинг: “Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман”, дейилган.
Мусулмон киши фолбинларнинг гапига ишониши, уни тасдиқлаши соф ислом ақидасига зид эканлигини билиб олмоғи лозим. Зеро, аҳли сунна вал жамоа ақидасини ёритиш борасида машҳур бўлган Имом Абу Жаъфар Ат-Таҳовийнинг “Ақидатут Таҳовия” китобида шундай жумлалар бор:
وَلَا نُصَدِّقُ كَاهِناً وَلَا عَرَّافاً وَلَا مَنْ يَدَّعِيْ شَيْئاً يُخَالِفُ الْكِتَابَ وَالسُّنَّةَ وَإِجْمَاعَ الْأُمَّةِ
яъни: “Фолбин ва топқирларнинг шунингдек, Қуръон, суннат ва ижмои умматга хилоф нарсани даъво қилгувчиларнинг гапини тасдиқламаймиз”. Бунга далил қуйидаги ҳадисдур:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ علَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْكُهَّانِ؟ فَقَالَ: لَيْسُوا بِشَيْءٍ فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّهُمْ يُحَدِّثُونَ أَحْيَاناً بِالشَّيْءِ يَكُونُ حَقًّا؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تِلْكَ الْكَلِمَةُ مِنَ الْحَقِّ يَخْطَفُهَا الْجِنِّيُّ فَيُقِرُّهَا فِي أُذُنِ وَلِيِّهِ، فَيُخْلِطُونَ فِيْهَا أَكْثَرَ مِنْ مِائَةِ كَذِبَةٍ
(رواه الامام البخاري)
яъни: Оиша р.а. ривоят қилиб айтадилар: Расулуллоҳ с.а.в.дан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот: “Улар ҳеч ким эмас”, дедилар. Ё Расулуллоҳ! Уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? – дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).
Муҳтарам азизлар! Пайғамбаримиз с.а.в.дан фолбинларга бориш ва уларга ишонишдан қайтаришга оид кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Қуйида шулардан баъзиларини келтирамиз. Расулуллоҳ с.а.в.нинг аёлларидан бири ривоят қиладилар:
مَنْ أَتَى عَرَّافاً فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلَاةٌ أَرْبَعِيْنَ يَوْماً
(رواه الامام مسلم)
яъни: Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапини тасдиқласа қирқ кунлик намози қабул бўлмайди” (Имом Муслим ривояти).
عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ الْحَكَمِ السَّلْمِيْ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي حَدِيْثُ عَهْدٍ بِجَاهِلِيَّةٍ، وَقَدْ جَاءَ اللهُ بِالْإِسْلاَمِ وَإِنَّ مِنَّا رِجَالاً يَأْتُونَ الْكُهَّانَ، قَالَ: فَلاَ تَأْتِهِمْ
(رواه الامام مسلم)
яъни: Муовия ибн ал-Ҳакам ас-Саламий р.а. ривоят қилиб айтадилар: Ё Расулуллоҳ! Мен жоҳилиятдан эндигина чиқдим. Аллоҳ таоло бизга ислом динини келтирди. Биздаги баъзи кишилар фолбинларнинг олдига борадилар, дедим. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Уларга айтинг, бормасинлар”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Маълумки, динимизда фолбинликни қораланишининг боиси, унинг жамият учун бир қанча моддий, маънавий, ахлоқий, эътиқодий зарарлари борли учундир. Зеро, фолбинлик орқали топилган мол ҳаром, фолбинга берилган пул исрофдир. Қуйидаги ҳадис бунга далил бўлади:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ لِأَبِي بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ غُلاَمٌ يُخَرِّجُ لَهُ الْخَرَاجَ فَكَانَ أَبُو بَكْرٍ يَأْكُلُ مِنْ خَرَاجِهِ فَجَاءَ يَوْمًا بِشَيْءٍ أَكَلَ مِنْهُ أَبُو بَكْرٍ فَقَالَ لَهُ الْغُلاَمُ: تَدْرِيْ مَا هَذَا؟ فَقَالَ أَبُو بَكْرٍ: وَمَا هُوَ؟ قَالَ: كُنْتُ تَكَهَّنْتُ لِإِنْسَانٍ فِي الْجَاهِلِيَّةِ وَمَا أُحْسِنُ الْكَهَانَةَ إِلَّا أَنِّي خَدَعْتُهُ فَلَقِيَنِي فَأَعْطَانِيْ بِذَلِكَ فَهَذَا الَّذِيْ أَكَلْتَ مِنْهُ قَالَتْ: فَأَدْخَلَ أَبُو بَكْرٍ يَدَهُ فَقَاءَ كُلَّ شَيْءٍ فِي بَطْنِهِ
(رواه الامام البخاري)
яъни: Оиша р.а. айтадилар: Абу Бакр р.а.нинг унга харож ишлаб берадиган қули бор эди. Абу Бакр унинг берган харожидан ер эдилар. Бир куни у бир нарса олиб келди ва Абу Бакр ундан едилар. Шунда қул: Буни нима эканлигини биласизми? – деди. Абу Бакр: Бу нима эди? – деб сўрадилар. Қул: Мен жоҳилият вақтида бир одамга фол очган эдим. Ўзим фолбинликни билмайман, аммо уни алдаган эдим. Ҳозир келиб менга ўшанинг ҳақини бериб кетди. Еганингиз ўшандан эди, деди. Шунда Абу бакр қўлини оғзига тиқиб, қорнидаги ҳамма нарсани қайт қилиб ташлади (Имом Бухорий ривояти).
Фолбинларнинг ёлғон маълумотларига ишониш натижасида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетаяпти, ака-ука, қуда-андалар ўртасига совуқлик тушаяпти. Жамиятдаги кишиларнинг бир-бирларидан бадгумон бўлиши каби нохуш ҳолатлар ҳам ана шу фолбинларнинг шум хабарлари натижасида вужудга келаяпти.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи инсофу тавфиқ бериб, бундай шариатимиз ман этган ишлардан йироқ бўлмоғимизга муяссар айласин. Омин!
Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида қазо намозига оид баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.
- Киши ухлаб қолиб ёки унитиб бирор намозни қазо қилиб қўйган бўлса, уйқудан уйғониши ёки эсига тушиши билан кечиктирмай уни ўқиб олиши лозим;
- Қазо намози ҳам худди вақтида ўқиладиган намоз каби азон ва иқомат айтиб ўқилади. Бир нечта қазо намозларни ўқимоқчи бўлган киши бошида азон ва иқомат айтиб, қолганларини иқоматни ўзи билан ўқиса ҳам бўлади;
- Қазо намозларнинг фақат фарзлари ва хуфтоннинг витри ўқилади, суннатлари қазо қилинмайди. Бугунги бомдод намозининг қазосини завол вақтигача ўқийдиган киши суннатини ҳам бирга қазо қилиб ўқийди, заволдан кейинга қолса фақат фарзи ўқилади;
- Қазо бўлган намозга қуйидагича ният қилинади: (Масалан, бомдод намозининг нияти) “Ният қилдим қазо бўлган бомдод намозининг фарзини ўқишни, юзимни қиблага қаратган ҳолда, холисан лиллоҳи таоло аллоҳу акбар”.
- Мусофирликда қазо бўлган намозни қазосини муқимликда бўлса ҳам қаср қилиб ўқийди. Муқимликда қазо бўлган намозларнинг қазосини мусофирликда бўлса ҳам тўлиқ қилиб ўқийди;
- Қазо намозларни куннинг уч маҳалида яъни, қуёш чиқаётган, қиёмга (тиккага) келган ва ботаётган вақтлардан бошқа барча вақтларда ўқиса бўлади.
Бир асрдан буён ўзбек матбуотида бонг урилаётган мавзу: Дабдабали тўйларга барҳам бера оламизми?
Яна ҳамманинг тилида – тўй, маърака. Телевизорни очсангиз ҳам, радионинг қулоғини бурсангиз ҳам, канали-ю, дастурининг, вақти-соатининг фарқи йўқ – гап тўй-ҳашамлар ҳақида. Газета-журналларни-ку қўяверинг. Эллик, олтмиш, ҳатто юз йил бурунги рукну мақолалар: “Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз!”
«Правда Востока» нашри билдиришича, бир муаммони юз йиллаб куйиб-пишиб муҳокама қиладиган ва ҳал қилмасдан, аждодлари авлодларига мудом мерос қолдириб кетадиган биз, ўзбеклар каби меҳрибон миллат борми жаҳонда.
Бағрикенглик, фидойилик бундан ортиқ бўлурми!
“Нажот” газетасининг биринчи жаҳон уруши айни авжига чиққан давр - 1917 йилнинг 27 апрель сонида чоп этилган мана бу сатрларни ўқинг: “Ҳозирғи қимматчилик ва озиқсизлик шул қадар қўрқинчилуқ даражага бордики, кўп оилалар, фақир ва бечоралар пулга ҳам озуқ тополмасдан, кўчаба-кўча саргардон бўлиб, неча кунларгача оч турмоққа мажбурият кўрурлар. Ҳозирда давом этуб турғон дахшатлиқ уруш, бу йилғи сувсизлиқ ва чогирдка балолари бу ҳолни минбаъд яна қўрқинчлироқ даражаға олиб борадирғонға ўхшаб кўринадур. Туркистон мусулмонларининг съезди мана шу ҳолни эътиборға олинмак, орамизда бўлуб турғон баъзи бидъат ва исрофот ишларини, чунончи, тўй, маърака, гап, базм, ялочи, қозоқлар орасидаги улоқ, пойга ва жаноза бўладурғон исрофотни билкуллия барҳам бермоқға қарор берди.
“Шўройи исломия”нинг 12 апрелда воқеъ умумий мажлисида Тошканднинг қозилари ва уламолари ҳам бу ишнинг аксарини шариатга хилоф топдилар ва ўз оралариндан бир комиссия сайлаб, тўй ва маъракаларини шул комиссияларға топшурдилар”.
Ушбу қарорга ўз даврининг маълум ва машҳур шахслари, олиму уламолари, жумладан, Мунаввар қори имзо чеккан.
Орадан юз йилдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин, бугунги, истиқлол замонининг газеталарини очсангиз яна – ўша гап, ўша рукн: “Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз!” Машваратларга қулоқ тутсангиз - ўша-ўша ёзғириш. Интернет сайтларга кирсангиз - ўша-ўша муҳокама. Ёқа ушлайсиз: “Бизга қарғиш текканми, нима бало! Муҳокама қилсак, ҳал этсак арзийдиган бошқа муаммоларимиз йўқми!..”
Тўй ва қўй - биз учун гўё тотли орзу, мангу мавзу. Эртакларимизни эсланг: “қирқ кечаю қирқ кундуз тўй бериб, тўйга келганларга бир бошдан қўй бериб, мурод-мақсадларига етибди...”
Тушов
2003 йилнинг баҳори эди. Донишмандларимиздан биридан сўрадим: устоз, эсимни таниганимдан бери радио ва телевидениедан бир хил даъват, панду насиҳатни эшитаман. Мажлисларда муҳокамаларига гувоҳ бўламан. Ҳатто бу ҳақида талай нуфузли ҳужжатлар, жумладан, 1998 йилнинг 28 октябрида фармони олий ҳам қабул қилинган. Муаммо – тўй-маъракаларимизни камтарроқ ўтказиш билан боғлиқ. Каттаю кичик - ҳамма маъқуллайди. Чапак чалади. Чақириқларга “лаббай!” деб жавоб беради. Лекин ҳеч кимнинг паст кетгиси йўқ. “Сендан мен камми” мусобақаси ҳамиша авжида. Наҳотки, биз шу даражада оми ва жоҳил одамлармизки, нафу зараримизнинг фарқига бормасак? Бу жаҳолатдан қутулишнинг бирор чораси борми?
Аллома оғир тин олди ва Владимир Маяковскийнинг шеърини эслади. Таржимаси аниқ ёдимда йўқ. Аммо маъноси тахминан шундай: осмонда юлдузлар порласа билинг, кимдир ундан манфаатдо-ор. Рус шоири айтмоқчики, бу дунёда ҳеч нарса ўз-ўзидан содир бўлмайди. Ҳатто кўкдаги юлдузлар ҳам кимлардир ихтиёр этса, шуъла сочади. Тўй-ҳашам дедингиз. Камтарлигу камсуқумлик дедингиз. Буларнинг барчаси – миллатимизга, халқимизга хос фазилатлар, одатлар, албатта. Лекин оилавий маросимларнинг мусобақага айланиб кетишидан манфаатдор одамлар ҳамиша бўлган. Масалан, ресторан-тўйхона хўжайини тўй-маъракада кўпроқ меҳмон иштирок этишидан манфаатдорми? Манфаатдор. Хонандаю созандалар, видеочи-ю сураткашлар, лимузинчилар, безакчилар, арақфурушлар, қандолатчилар, қассоблар... Юзлаб, минглаб одамлар шунинг ортидан пул топади. Тўй-маърака ким учундир оилавий маросим, қувонч, кимлар учундир – катта бизнес. Дабдаба-ю асъаса, исрофгарчиликлар – жамиятимиз оёғидаги тушов. Қанча маблағ, қанча вақт, қанча сайъ-ҳаракат зое...
Орадан 15 йил ўтди. “Тушов”нинг янги ва янги, хилма хил турлари кашф этилди. Ҳашаматли тўй-маъракалар кўпқаватли уйлару, пастқам ҳовлилардан, шаҳарлардан чиқиб, қишлоқларга оралади. Энди уйи ёки ҳовлисида, топса - стол-стул, топмаса - гилам, кўрпача тўшаб, тўй ўтказаётган одамни учратмайсиз, ҳисоб. Тупканнинг тагидаги қишлоққа борсангиз ҳам шоҳона кошонага кўзингиз тушади. Ресторан! Тонгдан шомгача одам аримайди. Гўё ҳамма бекор. 600-700 кишилик залга танга ташласангиз ерга тушмайди. Бундай саройларда тўй-ҳашам, маърака ўтказувчининг эса охири йўқ. Очередь!
Илоҳо, ниятига етсин! Буюрсин! Лекин кошонанинг атрофига бир қаранг: гувала уйлар, тупроғи тиззадан келадиган кўчалар, томи қийшайиб қолган мактаб, деразаларига шифер ёки тунка михлаб ташланган кутубхона...
Шаҳарларда... Эскорт. Кўчани тўлдириб кетаётган ваҳимали автомобиллар карвонини кўриб, ўзингизни дарҳол четга тортасиз: “Бирор нуфузли мамлакатнинг Президенти келган чамаси!”. Адашдингиз. Ҳали на дурустроқ касб-кори, на тушлигу йўл кирадан ортадиган даромади бўлмаган икки ёш – келин-куёв ўтаётир. Ота-онаси омон бўлсин! Ота-онасининг орзу-ҳаваси ушалсин!
Улуғлармиз айтадиларки, одамзод вақти-вақти билан соч-соқолини, тирноқларини қайчилаб, ўзини ойнага солиб турмаса, маймундан фарқи қолмайди.
Масаланинг жон жойи
Тобора далзарблик касб этаётган муаммога Юрт оғаси жамоатчилик эътиборини қаратишга мажбур бўлди. Тўй-хашамларни кибр-ҳаво, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, атрофда яшаётган одамларнинг аҳвол-руҳятини инобатга олмаслик каби иллатлардан ҳоли, камтарона ўтказиш лозимлигини неча бор таъкидлади. Ўтмишдан ва ўтаётган кунларимиздан мисоллар келтирди. Мажлисларда, одамлар билан расмий ва норасмий мулоқотларда бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларининг савияси ва таъсирчанлигини ошириш даркорлигини уқтиришдан чарчамади. Ҳокимлар, маҳаллалар фаолларини, кексаларни, ижодкор зиёлиларни бу борада мудом фаолроқ бўлишга чиқаради.
Бироқ фақат тарғиботу ташвиқот, амри маъруф, даъват билан мақсадга эришиш душворлиги энди аён. Негаки, муаммо жўндек кўрингани билан, илдизи чуқур, сумбати баланд.
Шавкат Мирзиёев кўҳна муаммони янгича ҳал қилиш йўлларини кўрсатиб берар экан, масаланинг жон жойидан олди: талабни эл-юрт назаридаги ибрат аҳлига - барча даражадаги раҳбар кадрларга қаратди. Талаб аниқ ва кескин қўйилди!
Давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишларидан бирида айтган гаплари акс этган аудиоёзув ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди: “Бош вазирдан бошлаб ҳокимгача, ижро органи раҳбарига тўй-маросимга бориши ман этилади. Чойхоналарнинг ёнида давлат машинаси турганини кўрган куним ишдан олиб ташлайман. Жиноий жавобгарликка тортаман. Тўй энг кўпи 150 кишига, ош 200 кишига бўлади. Бирорта раҳбар уйида туғилган кунини ҳам, тўйини ҳам, мендан бошлаб, нишонламайди”.
Президент алоҳида таъкидладики, исрофгарчилик ҳаддан ошаётган дабдабали тўйларни кўриб-кўрмасликка олиш – хиёнат: “Хиёнат қиляпмиз халқимизга. Тўйларни агар жойига қўйсак, коррупция бўлмайди, адолат пайдо бўлади. Ҳамма бир хил тўй қилади!”
Мабодо бирор дасти узун раҳбар, прокурорми, ҳокимми, солиқчими, чегарачими, бу меъёрни бузса-чи? Мажлисда рўй-рост айтилди: жазосини олади. Тўй-маъракаларни ўтказишнинг меъёрилари белгилаб берилади. Қарор чиқади. Сенат қарори.
Бу ўринда тўйларнинг коррупция ва адолатсизликларга сабаб бўлаётганига оид дашном ҳам беҳуда айтилгани йўқ. Огоҳлантириш: амалдор зоти, кўзингни оч! Мансабдорнинг оилавий маросимларида тушадиган тўёна осмон қадар бўлса, у мартабасидан кетгандан кейингиси - ер кабидир.
Таъкидланганидек, “ҳаммаси ўғрилик. Агар бунинг тагини суриштирсак, ўғрилик. Бу ҳам адолатсизликни тарғиб қилади. Ҳамма билиши керак!”
Аянчли ҳақиқат ҳам шунда - ҳамма билади!
Хом талаш
“Амалдорлар дабдабали тўйлардан қўрқиб қолди”. Бу - бир хоржилик ҳамкасбимизнинг кетма-кет келган баҳор айёмлари арафасида Тошкентда тўй-хашамлар нисбатан камайганини кўриб, чиқарган шошилинч хулосаси.
Давлатимиз раҳбарининг талабни бунчалик кескин ва қатъий қўйишини кутмаган салтанат саралари анчайин хушёр торгани рост. Хижолат чеккани ҳам. Бироқ уларни қўрқоқликда айблагандан кўра, хурсинганини таъкидлаган тўғрироқ бўлар эди.
Келинг, ўзингизни ўша раҳбар, дейлик, бирор туман ҳокимининг ўрнига қўйиб кўринг. Қўл остингизда каттадир-кичикдир юзлаб ташкилот, корхона, муассаса, уларда ишлайдиган минглаб раҳбар ходим бор. Ҳаммасини танийсиз. Бу рўйхатга “юқоридагилар” – вилоятдаги, пойтахтдаги, турли вазирлигу қўмиталардаги танишларингиз, қариндош-уруғларингизни қўшинг. Ҳаммасининг яхши-ёмон кунида ёнида бўлишга бурчлисиз. Тўй-маъракасига борсангиз, хурсанд бўлиши табиий: “Фалончи Фалончиевичнинг одамгарчилиги зўр. Шунча ишини ташлаб, бизни йўқлаб кепти!..” Қўл силтаб қўя қолсангиз-чи? Афтини буриштириши тайин: “Мени одам ўрнида кўрмади. Димоғига қурт тушган!..” Мансабдан кетган кунингиз, сизни кўрса, тескари угирилади. Бир умрлик хижолат.
“Ижро органи раҳбарига тўй-маросимга бориши ман этилади”, деган кўрсатма бизни ана шундай хижолатпазлик, катта ташвишдан қутқарди, - дейди туман ҳокимларидан бири. – Энди тўй-маркасига боролмасак, қариндош-уруғ, ёру биродар, таниш-билишларимиз биздан хафа бўлмайди. Раҳбарларни мудом ишдан чалғитадиган энг катта муаммолардан бири осонгина ҳал бўлди. Суюнсак, шукронасига қўчқор сўйиб, хом талаш қилсак, арзийди”.
Дабдабали тўйларни тақиқлаш шартми?
Шу йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Олий Мажлис Сенатининг қарори лойиҳаси эълон қилинди.
30 мартгача кучга киритиш режалаштирилган қарор ва унинг иловаси - низом лойиҳасини шу қисқа муддатда минглаб одамлар кўрди, ўқиди. Ўз фикр-мулоҳазалари билдирди.
Оилавий тадбирларни ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талабларда айтилишича, тўй-ҳашамлар соат 10:00 дан 23:00 гача, ош бериш маросимлари соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин бундай тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди. Тўйларда 150, ошда 200 нафаргача киши қатнашади. Дафн ва мотам маросимларида чекланмаган миқдорда фуқаролар иштирок этиши мумкин, ош бериш маросимлари бундан мустасно. Лицензияга эга бўлмаган жисмоний ва юридик шахсларга оилавий тадбирларда хизмат кўрсатиш таъқиқланади. Сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, оила бюджетини нотўғри режалаштириш ва бошқа носоғлом орзу-ҳавасларнинг салбий оқибатларини тушунтиришига эътибор янада кучайтиралади.
Қарор лойиҳасига билдирилган турфа фикрлардан: “Гап йўқ, - деб ёзади Аҳмаджон Орифжонов, - жуда қизиқарли ҳужжат. Айниқса, қайд этилган дабдабабозлик, исрофгарчилик каби иллатларнинг илдизлари давлат органларининг айрим вакилларига бориб тақалиши ҳисобга олинса, унинг аҳамияти янада ошади. Мен беш йил хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаганман. Ким қандай тўй қилишини яхши биламан. Авом пулини ҳуда-беҳуда сарфлай олмайди. Қўли калталик қилади. Аммо ҳурматли депутатларимиз, прокурорлар... Босар-тусарини билмай қолишади. Лекин биров уларнинг мушугини пишт демайди. Нега? Бу жамиятдаги адолатсизлик, аҳолининг табақаланиши, тенгсизликка бориб тақалади. Амалдорлар юз, икки юз минглаб доллар сарфлаб, энг қимматбаҳо нарсаларни харид қилишади. Қолганлар улардан ибрат олади. Қарзга ботади... Мусобақа давом этаверади”.
“Келин сепи ва сарпоси масалаларида ҳам муайян меъёрлар ишлаб чиқилса, яхши бўларди, - дейди Фарангиз исмли қиз. - Ётоқхона мебели, маиший техника, хоналарни тўлдириш, безаш... Осонми! Айниқса, биз – аллақачон бўйи етган уч опа-сингил каби отасидан гўдакликдан жудо бўлган қизлар учун. Ёлғиз онамиз бунча тавишни қандай кўтаради? Уддалайди? Ётоқхона гарнитурининг ўзи камида 4-5 миллион сўм турса. Бунга яна дераза пардалари, гилам, идиш-товоқни қўшинг. Ўн миллиондан ошади...”
Оилавий маросимлардаги дабдабаларни чеклашга оид Сенат қарори лойиҳасини ана шундай сабаблар ўлароқ кўпчилик қўллаб-қувватлаган. Қаршилар ҳам йўқ эмас: инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига зид, бозор иқтисодиёти тамойилларига тўғри келмайди, порахўрлик янада кучаяди, беҳуда иш...
Podrobno.uz сайти “Дабдабали тўйларни тақиқлаш шартми?” мавзуида ўтказган бевосита сўров бундай хавотирларни рад этди. Унда иштирок этган минглаб одамларнинг 61 фоизи “киборлар мусобақасини тақиқлаш шарт”, деб фикр билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Қозоғистон муфтийси Самарқандни зиёрат қилди
Жорий йилнинг 24 март куни диний идорада Ўзбекистон ва Қозоғистон муфтийлари ўртасида учрашув бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Учрашув давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмонлари идоралари ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланган эди.
Қозоғистон бош муфтийси Серикбай ҳожи Ораз бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом”, “Минор”, “Ислом ота” жоме масжидлари ва “Ҳилол-нашр” нашриётини ҳам зиёрат қилган эди.
Кеча, 25 март куни Қозоғистон муфтийси Серикбай ҳожи Ораз бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Самарқанд шаҳрида тезюрар поездда йўл олган қозоғистонлик меҳмонларни Самарқанд вилояти вакиллиги масъуллари кутиб олдилар.
Меҳмонлар зиёратни Имом Бухорий мажмуасини зиёратидан бошлашди. Куннинг иккинчи ярмида эса шаҳардаги бошқа зиёратгоҳларда бўлишди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Нафснинг етти даражаси
Нафс нима?
Инсонни имтиҳон қилиш учун яратилган нафс мусулмон бўлмаганларда аммора, мусулмонларда лаввома, ва мулҳима, ишончи камолга етгандан сўнг мутмаинна, Аллоҳдан рози бўлганда розия, Аллоҳ бандадан рози бўлганда марзия ва софия даражаларига юксалади.
Нафс – инсонга унинг камолга етишмоғи учун берилган восита. Агар нафс берилмаганида эди, инсон фариштага ўхшаб бир мақомда қолар, унда юксалиш ёки қуйига тушиш ҳодисалари бўлмас эди. Шу сабабдан Аллоҳ таоло Зарийат сурасининг 56-оятида:
وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ
“Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим”, деб хитоб қилган.
Ушбу ояти каримада фаришталар ва ҳайвонларнинг тилга олинмагани уларнинг имтиҳон этилмаслигини билдиради.
Энди нафснинг етти даражасини ўрганишга ҳаракат қилиб кўрамиз:
1. Нафси аммора: Нафси бу мақомда бўлган кимса Ҳақни инкор этади, ҳар доим ёмон ишларни қилишни режалаштириб юради. Нафси аммора – кофирлар ва мунофиқларнинг нафси. Аммора босқичи нафснинг зулматдаги босқичидирки, у босқич фақат тубан ахлоқ манбаидир. Юсуф сурасининг 53-оятида:
وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي إِنَّ النَّفْسَ لأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلاَّ مَا رَحِمَ رَبِّيَ إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ
“Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Раббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Раббим мағфиратли ва билгувчидир», деди”, дейилади.
Бу босқичда бўлган кимсаларда васваса бўлмайди, улар жаҳаннамдан қўрқмайди. Бу тоифа Аллоҳ таолодан бошқа ҳамма нарсадан қўрқади. Энг қаттиқ қўрқадигани ва нафратланадигани ўлимдир. Уларнинг севгилари ҳам нафслари учундир. 2. Нафси лавомма: Пушаймон бўлиб ўзини маломат қилган нафс демакдир. У нур ва зулмат юзма-юз бўлган нафсдирки, Қуръони каримда:
وَلَا أُقْسِمُ بِالنَّفْسِ اللَّوَّامَةِ
“Ва маломатчи нафс билан қасам” дейилган (Қиёмат, 2).
Нафси бу ҳолатда бўлган кишиларда оз бўлса-да, охиротда ҳисоб бериш ваҳимаси бор. Бундай одамлар гоҳ мусулмоннинг, гоҳ мункирнинг ишини қилиб юради. Бу – мусулмонларнинг катта гуноҳ қилганларининг нафси. Уларда ҳам ўлимдан қўрқиш кўп, ҳисоб беришдан қўрқиш туйғуси жуда оздир.
- Нафси мулҳима:Асрор (сирлар) мақоми бўлиб, нафси натиқа бу мақомда мулҳимадир. Қуръони каримда:
فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا
“Бас, у(нафс)га фужурини ва тақвосини билдирди”, дейилган (Шамс, 8).
Нафси бу мақомда бўлганлар солиҳлардир. Улар ўлимдан қўрқади, ҳисоб беришнинг оғирлигидан янада қаттиқроқ қўрқади. Улар ҳалол ва ҳаромга диққатли бўлган кишилардир.
- Нафси мутмаинна:Етуклик мақоми бўлиб, нафси натиқа бу мақомда мутмаиннадир. Бу мақомда банда нафсининг ҳою ҳавасларини жиловлаб олиб, уни сокинлаштирган бўлади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб:
يَا أَيَّتُهَا النَّفْسُ الْمُطْمَئِنَّةُ
“Эй хотиржам нафс!” дейди (Фажр, 27).
- Нафси розия:Вуслат (қовушмоқ) мақоми бўлиб, нафси натиқа бу мақомда розия номини олади. Қуръони каримда:
ارْجِعِي إِلَى رَبِّكِ رَاضِيَةً مَّرْضِيَّةً
“Раббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолингда қайт!” деб амр қилинади (Фажр, 28).
Бу мақомда ҳали Аллоҳ таоло нафсдан рози бўлгани йўқ, фақат нафс Аллоҳдан рози бўлгандир.
- Нафси марзия:Феълларнинг тажаллий этиш мақоми бўлиб, нафси натиқа бу мақомда марзия отини олади. Қуръони каримда:
يَا أَيَّتُهَا النَّفْسُ الْمُطْمَئِنَّةُ
ارْجِعِي إِلَى رَبِّكِ رَاضِيَةً مَّرْضِيَّةً
“Эй хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолингда қайт!” деб амр қилган (Фажр, 27-28).
Ана шу мақом бандалар етиша оладиган энг юксак мартаба, бу даражага етган қуллар фақат пайғамбарлик рутбасига ета олмайдилар, холос. Бу мақом илоҳий исм ва сифат нурларининг тажаллийси чақмоқ каби чақнаб ғойиб бўлиб турадиган мақомдир. Бу мартабада нафс Аллоҳ таолоданг рози, Аллоҳ таоло ҳам нафсдан розидир.
Бу мартабанинг буюкларига ўлим йўқлик эмас, вуслат, шаби аруз-никоҳ кечасидир.
- Нафси комила ёки софия:Бу нафс пайғамбарларнинг, улуғ авлиёларнинг ва хосларнинг нафси бўлиб, нафси натиқа бу мақомда софия номини олади. Бу мартабада бўлган буюкларнинг кўнглида Зоти илоҳийнинг нурлари чақмоқ каби чақнаб туради ва сўнмайди, ҳар дамда тажаллий этиб туради...
Қуръони каримда Аллоҳ таоло:
وَلَا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَى وَإِن تَدْعُ مُثْقَلَةٌ إِلَى حِمْلِهَا لَا يُحْمَلْ مِنْهُ شَيْءٌ وَلَوْ كَانَ ذَا قُرْبَى إِنَّمَا تُنذِرُ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُم بِالغَيْبِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَمَن تَزَكَّى فَإِنَّمَا يَتَزَكَّى لِنَفْسِهِ وَإِلَى اللَّهِ الْمَصِيرُ
“Ўзи юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтара олмас. Юки оғир жон ўз юкига (бошқани) чақирса-да, ундан ҳеч бир нарса кўтарилмас. Гарчи (чақирилган) қариндош бўлса ҳам. Сен фақат ғайбдаги Раббиларидан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этганларни огоҳлантирурсан. Ким покланса, Ўзи учун покланур. Қайтиш Аллоҳгадир. (Қиёмат кунида гуноҳи кўп жон уни енгиллатиш мақсадида энг яқин қариндошини ёрдамга чақирса ҳам, унинг гуноҳидан бирор нарса кўтарилмайди. Чунки яқин қариндошнинг ўзи юкини кўтара олмай хуноб бўлаётган бўлади. Кофир ҳам, мўмин ҳам фақат Аллоҳга қайтади. Бошқага эмас. Ана ўшанда Аллоҳ таоло ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади. Кофир ва осий жазосини, мўмин-мусулмон мукофотини олади)”, деб амр қилган (Фотир, 18).
Нафснинг тарбияси
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида айтиладики, Аллоҳ таоло нафсни яратганидан сўнг нафсдан:
– Мен кимман? – деб сўради.
– Мен кимман? – деб жавоб берди. Бу жавобни эшитган Аллоҳ таоло фаришталарга амр қилди, улар нафсга бир йил азоб бердилар. Нафс шундан кейин ҳам айни саволга айни жавобни берганидан кейин Аллоҳ таоло нафсни бир йил оч қўйди. Ундан сўнг нафсдан:
– Мен кимман? – деб сўраганда нафс:
– Сен Сендан бошқа илоҳ бўлмаган зотсан, – деб жавоб берди. Шундай қилиб, нафс очликка чидай олмаганидан Раббини таниди.
Буюк мутасаввуф имом Раббоний ҳазратлариги кўра, бу ерда айтилган очликдан мурод баъзи жоҳил мутасаввуфлар тушунтирганидек фақат емак-ичмоқдан қисиб қўйиш эмас, зотан, ҳинду ва буддавий роҳиблари ҳам узоқ муддат сувсиз ва очликка тоқат қила олади, Аммо улар бундан фақат нафсининг сафосига эриша олади, холос. Ҳазрати Имом “Мактубот”ида нафсни оч қўймоқ нима эканини қуйидагича тушунтиради: “Нафснинг истаганларини қилмаслик, истамаганларини қилиш, нафсни мағлуб этишнинг энг қулай йўли эса суннатга уйғун яшамоқ ва қалбни мосуводан (махлуқот севгисидан) пок тутмоқдир”.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Фредерик Старр: Америкада Шавкат Мирзиёев ҳақида китоб ёзилмоқда
Фото: UzReport.news
Евроосиё ва Россия бўйича америкалик эксперт Стивен Фредерик Старр Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар ҳамда Ўзбекистон президентининг тинчликпарвар ташаббуси ҳақидаги фикрлари билан бўлишди. UzReport'да америкалик таҳлилчи билан шу мавзудаги қизиқ интервью тақдим этилди.
Эксперт Афғонистондаги муаммолар фавқулодда оғир эканини тан олиш кераклигини қайд этди. "Бироқ фақат деразадан қараган билан иш битмайди, бу хавфли ва муваффақиятсиз. Олдинга қараш керак. Менинг фикримча, президентингиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси - Жанубга мурожаат - бугунги жаҳон саҳнидаги энг асосий қадамлардан биридир", - дейди у ва нима учун шундай эканига изоҳ беради.
- Сув. Сизнинг минтақангизда сув жуда муҳим аҳамиятга эга. Афғонистон ҳам сувга доир барча муҳокамаларда иштирок этиши зарур.
- Транспорт. Янги темир йўл йўналишингиз Афғонистон ҳукумати учун жуда муҳим, албатта.
Гап шундаки, Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишида муҳим роль ўйнай олади. Мозори Шарифни олайлик. Бугун бу жуда жонли шаҳар. Шаҳар бошқа мамлакатлар пойтахтлари билан тўғридан-тўғри алоқада. Бу мўъжиза. У ерда сизларни ўзига биродар ҳисобловчи истеъдодли ишбилармонлар бор. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун катта йўналишдир.
Мен Қозоғистонда жуда кўп афғонларнинг таълим олаётганини завқ билан кузатаман. Қирғизлар ҳали бу йўналишда ўз имкониятларини излашмоқда. Туркманларнинг улкан лойиҳаси ҳам муайян вақт ичида амалга ошади, яъни шу кунгача минтақадаги ҳар бир мамлакат "бир қўшиқни алоҳида куйлаган". Энди эса Ўзбекистоннинг ташаббуси билан "бу қўшиқни ҳар бирингиз алоҳида эмас, минтақа билан жўр бўлиб куйлаяпсиз". Бу катта "плюс"!
- Тез орада Тошкент Афғонистон муаммолари бўйича муҳокамалар майдони сифатида иштирок этади. Ўзбекистон президентининг ушбу ташаббусини қандай баҳолайсиз?
- Ижобий! Бу ҳамма учун фойдали. Бу ташаббус ижобий ва эҳтимол, амалий қадамларга олиб келиши шубҳасиз. Энг асосийси, бу коференцияни Марказий Осиёнинг ўзи тўплади. Ташаббус айнан сизнинг президентингиздан чиқиши фавқулодда муҳим аҳамиятга эга. Бу "Биз минтақавий муаммоларни ўзимиз ҳал қила оламиз", деган мазмундаги ташаббус. Катта ҳукуматларга ёрдам сўраб мурожаат қилишга ҳожат йўқ. Марказий Осиё ўз юзи, ўзининг истеъдодли кишилари, ўз тарихи ва қизиқишларига эга. Буларнинг бари ана шу конференцияда ўз аксини топишига ишонаман. Мен бу лойиҳага чуқур ҳурмат билан қарайман. Бу фақат Афғонистон учун эмас, бутун Марказий Осиё учун ҳам жуда зарур лойиҳа.
- Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун фақат афғонларнинг хоҳиши етарли эмас. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ўртасидаги консенсус қанчалик аҳамиятга эга?
- Бу алоҳида манфаатларнинг қўрқинчли қарама-қаршилигидир. Катта сиёсатдаги кўп нарсалар кўзга кўринмайди. Одамларга ўз ҳаёти билан яшашга имкон бериш керак. Ўйлайманки, вақти келиб улар ҳам Афғонистон ўз суверенитетига эга бўлиши яхши эканини тушуниб етишади. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳам жанубга мурожаат қилишнинг фақат бир йўлини эмас, бир неча йўналишини кўриб чиқиши керак.
- Афғонистондаги вазият нормаллашуви учун яна қандай ишлар амалга оширилиши керак деб ўйлайсиз?
- Фикримча, кўп мамлакатлардан, жумладан, бугунга қадар вазиятни кузатиб, ҳеч қандай фикр билдирмаган давлатларнинг фикрини ҳам ўрганиш керак. Масалан, Япония - иқтисодиёти жуда ривожланган мамлакат. Японлар анча камгап. Бироқ уларнинг шундай жараёнларда фаолроқ иштирок этиши мақсадга мувофиқ бўларди. Жанубий Корея ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ҳиндистон бу жараёнга қўшилган. Европаликлар ҳам фаоллашиши керак. Секин-асталик билан атрофдаги мамлакатлар билан ўзаро ҳамфикрлик юзага келиши керак. Бироқ ҳеч бир мамлакат назоратни қўлга олишга даъво қилиши керак эмас, ҳамма баравар ҳаракат қилиши керак.
Афғонистонда савдо-сотиқ, транспорт алоқалари - барчаси азалдан мавжуд бўлган. Афғонистон ёшлари орасида истеъдодлилари талайгина. Шундай экан, имкон қадар секин-аста илк қадамларни амалга ошириш керак. Ишончим комилки, Афғонистонда фаровонлик даврини кўришга муваффақ бўламиз. Бугундан кутаётганларимиз кўп. Натижалар нафақат Афғонистон учун, балки бутун Марказий Осиё давлатлари учун ижобий бўлади.
Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан ҳамкорлиги минтақа иқтисодиёти ва маданиятининг бир қисмига айланади. Бу шубҳасиз.
Мутлақо ишончим комилки, Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари ва ташаббуслари жаҳон саҳнида муҳим ва дадил қадамлар ҳисобланади. Биз ҳозир бу ҳақида китоб ёзяпмиз. У икки ойдан кейин нашрдан чиқади. Бу хорижий ўқувчилар учун жуда қизиқ китоб бўлади ва эҳтимол, сизларнинг ўқувчиларингиз учун ҳам. Нима учун биз бундай қиляпмиз? Биринчидан, янги президент қандай ислоҳотлар ўтказмоқда? Иккинчидан, савол билан юзланяпмиз, бу ислоҳотларнинг келажаги қандай? Бугунги жараёнларда ёш авлод вакиллари, билимли ёшлар фаол иштирок этишмоқда ва мана шу янги психология сезилмоқда. Минтақанинг янгича маданияти айнан улардан келиб чиқмоқда. Мен Тошкентдаги воқеаларни катта қизиқиш билан кузатяпман.
Манба: kun.uz
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.